Қайднома

Қидирув

8та жамоа ичига кириш шарти

8та жамоа ичига кириш шарти

  25.01.2017 06:24
  0
  1513
8та жамоа ичига кириш шарти

ФИФА ўз йўлидан қайтмай, 2026 йилги жаҳон чемпионатидан эътиборан турнир иштирокчилари сони оширилишини расман эълон қилди. Демак, ўша мусобақага 48та жамоа боради. Ҳозирги режага асосан, улар 16та гуруҳга бўлинади - 3тадан жамоа. Гуруҳларда 1-2-ўринларни эгаллаган термалар эса 1|16 финал раундига ўтиб, курашни давом эттиришади. Айтганча, аввалроқ гуруҳ босқичидаги ўйинларда дуранг қайд этилса, пенальтилар сериясига мурожаат этилиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқалганди. Лекин бу аниқ эмас. Аниғи шуки,  ўйинлар сони 64тадан 80тага кўпаяди. Айни пайт ЖЧ-2026 йўлланмаларининг қандай тақсимланиши ҳақида якуний қарор қабул қилинмаган. Бу масала ФИФА Конгрессининг кейинги йиғилиши, яъни 9 май куни Баҳрайнда муҳокамага қўйилади. Аммо хориж матбуоти тахминига кўра, тақсимот қуйидагича кўриниш олади: УЕФА (Европа) - 16та ўрин, АФК (Африка) - 9та ўрин, ОФК (Осиё|Австралия) - 8та ўрин, КОНМЕБОЛ (Жанубий Америка) - 6,5та ўрин, КОНКАКАФ (Шимолий ва Марказий Америка) - 6,5та ўрин, ОкФК (Океания) - 1та ўрин ва мезбон - 1та ўрин. Умуман, ЖЧ-2026 мезбонлик ҳуқуқи учун Канада, Мексика, АҚШ, Колумбия, Австралия|Янги Зеландия, Марокаш, Қозоғистон, Озарбайжон ва Туркия мамлакатлари даъвогар ҳисобланмоқда. Мезбон давлат номи 2020 йилнинг май ойида эълон қилинади. Шунингдек, Хитой ва Ҳиндистоннинг қўшма аризаси хусусида ҳам гап бор, аммо бу маълумот ҳали расман тасдиқланмади. Биласиз, 2022 йилги ЖЧ Қатар, яъни Осиё ҳудудида ташкиллаштирилади. Шуни инобатга олсак, 4 йилдан кейинги турнир яна «сариқ қитъа»га топширилиши эҳтимоли анча паст.

Осиё шундай катта ҳудудки...

Бугун ОФКга насиб этадиган 8та (айрим манбаларда 8,5та бўлиши таъкидланяпти) ўрин учун қитъамизда саралаш баҳслари қандай шаклда ташкил этилиши мумкинлиги хусусида ва Ўзбекистон термасининг ундаги иштироки бўйича ўз тахминларимизни баён этамиз. Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоиз, айни пайт ОФК таркибида жами 47та футбол ассоциацияси бор. Улардан биргина Шимолий Мариана ороллари ҳозирча ФИФА аъзолигига қабул қилинмаган. Ваҳоланки, бу давлат жамоаси АҚШ Олимпия қўмитаси тизимига киритилган.

Осиё қитъасига жаҳон чемпионати мезбонлик ҳуқуқи фақатгина XXI асрга келиб, шунда ҳам, Жанубий Корея|Япония жуфтлигига берилганди. Қитъамиздаги навбатдаги мундиал эса 2022 йили ўтказилиши барчага маълум. Тан олайлик, бу 44 579 000 киломерт|квадратга чўзилган (бунга Австралия қўшилмаган) ва 4 164 252 000  киши истиқомат қиладиган шундай улкан ҳудуд учун жуда оз. Боз устига, ҳудуди бўйича Осиёга кирувчи Қозоғистон, Исроил ва Кипр каби айрим мамлакатлар бугун УЕФАнинг тўлақонли аъзоси. Майли, мавзудан чалғимайликда, ОФКга бериладиган квоталар тақдири қай тариқа ҳал этилиши мумкинлигини кўриб чиқайлик.

Саралаш қандай бошланади?

ЖЧ-2026 саралаши стартига қадар ОФК таркибида нечта терма жамоа бўлиши ҳақида 100 фоиз ишонч билан гапириш ноўрин. Ҳар ҳолда, мустақил давлатлар сони у қадар ошмаса керак. Лекин Осиё футболи олий ташкилоти Фижи ва Янги Зеландия (Океания) ёки Қозоғистон (ҳозир УЕФА аъзоси) каби мамлакатларни ўз таркибига қўшиб олиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Шундай улкан ҳудудда жаҳон чемпионати саралашини ташкил этиш ва уни бир текисда олиб бориш ОФК учун катта муаммо эканлигини айтсак, кўпчилик бунга қўшилмас, балки. Чунончи, Осиёдаги терма жамоалар савияси ўртасида ҳали-ҳамон осмон ва ерчалик фарқ бор. Ҳаттоки, айрим мамлакатларда футбол биринчи рақамли спорт тури ҳам саналмайди. Дейлик, Покистон, Ҳиндистон ва Бангладешда крикет оммавийлик масаласида футболдан анча олдинда.

1-вариант. 46та жамоа 8та гуруҳга бўлинган ҳолда (ҳар бирида 5та ёки 6та) икки даврали тизимда кураш олиб бориши мумкин. Бунда гуруҳ ғолиби ҳар бир жамоанинг 8-10та ўйини натижасига кўра, аниқланади. Якунда фақат гуруҳ ғолибигина мундиал йўлланмасини қўлга киритади. Энди ОФК аъзоларини  шартли равишда 8та гуруҳга бўлиб чиқамиз:

«A» гуруҳи - Япония, КХДР, Фаластин, Мальдив, Хитой Тайпейи

«B» гуруҳи - Жанубий Корея, Ливан, Таиланд, Бангладеш, Бутан

«C» гуруҳи - Эрон, Баҳрайн, Тожикистон, Малайзия, Яман, Камбоджа

«D» гуруҳи: Ўзбекистон, Ироқ, Уммон, Сингапур, Ҳиндистон, Мўғулистон

«E» гуруҳи - БАА, Қувайт, Қирғизистон, Гуам, Шри-Ланка, Бруней

«F» гуруҳи - Қатар, Саудия Арабистони, Гонконг, Афғонистон, Туркманистон, Макао

«G» гуруҳи - Австралия, Сурия, Индонезия, Филиппин, Лаос, Покистон

«H» гуруҳи - Хитой, Иордания, Вьетнам, Мьянма, Шарқий Тимор, Непал

Бир қарашда, бундай форматдаги курашда қитъа футболи грандларига анча осон бўлади. Ҳарқалай, кўпчилик шундай ўйлаши тайин. Аммо эътиборга олиш керакки, Таиланд, Гонконг, Ливан термалари каби ўртамиёналар яна 7-8 йилдан сўнг талаб даражасида кучайиб, исталган жамоага қарши муносиб рақобат тақдим этишлари мумкин. Ироқ, Қувайт ва Иордания каби жамоалар эса  бундай гуруҳларда бемалол 1-ўринга даъвогарлик қилишлари ҳеч гап эмас. Энди шу формулада жамоаларнинг сафар ўйинларига боришлари ва кейинги тур ўйинига қайтишлари ҳолатини кўриб чиқамиз. Ахир халқимизда «Йўл азоби -  гўр азоби» деган пурмаъно мақол бор. Мисол учун, Тошкент ва Сингапур орасидаги масофа 5639 километрга тенг. Оддий айтганда, у ерга бориш учун самолётда 7 соату 8 дақиқа учиш талаб этилади. Кейин Сингапурдан Уммон пойтахти - Маскатга училадиган бўлса, бу 5507 километр масофа ёхуд 6 соату 58 дақиқалик парвоз демакдир. Хуллас, жами 11146 километр масофани босиб ўтиш  учун 14 соату 6 дақиқа кетади! Бунга ўхшаш ҳолатлар чамаси 6 кун ичида кетма-кет 2та ўйинни сафарда ўтказишимизга тўғри келса кузатилади. Шундан ҳам, Осиё жамоаларининг осмонда парвоз қилишнинг ўзига катта куч ва вақт сарфлашларини англаш мумкин.

2-вариант. 46та жамоа рейтингдаги мавқесига асосан икки гуруҳга ажратилади. Яъни худди ЖЧ-2018 саралашидаги тизим каби. Лекин саралаш босқичлари сони 3та бўлади, холос. Биринчи раундда қитъанинг аутсайдер жамоалари (12та) 6та жуфтликда ўзаро кураш олиб боришади ва ғолиблар кейинги босқичга ўтишади. Тўғрироғи, 6та ғолиб қолган 34та жамоа қаторига  қўшилади. Хуллас, биринчи раунддан сўнг 40та жамоа қолади ва улар ҳам қуръа асосида жуфтликларга ажратилади. Шу тариқа «уй-сафар» тизимидаги ўйинлар орқали 20та кучли жамоа сараланади. Якуний, учинчи раундда эса 5та жамоага эга 4та гуруҳ шакллантирилади  ва икки даврали тизимда кураш давом эттирилади. Хуллас, шу ҳолатда гуруҳ ғолибини аниқлаш учун жамоалар 8 мартадан майдонга тушишади. Тушунарлики, финал босқичига савияли, мусобақаларни ташкил этишда профессионал талабларга амал қилувчи  20та жамоа йўл олади. Айни пайт Африкада худди шунга ўхшаш уч босқичли саралаш тимизи қўлланиляпти. Бизнингча, айнан шу вариант қитъамизда футболни янги даражага кўтариш учун энг мақбул йўл саналса керак.

Жамоаларнинг босқичма-бос-қич йўли (тахмин)

Биринчи босқич жуфтликлари (шартли): Ҳиндистон - Мўғулистон, Бутан - Макао, Яман - Бруней, Камбоджа - Шри-Ланка, Хитой Тайпейи - Покистон, Шарқий Тимор - Непал

Иккинчи босқич жуфтликлари (шартли):Эрон - Ҳиндистон, Япония - Лаос, Жанубий Корея - Афғо-нистон, Ўзбекистон - Малайзия, БАА - Хитой Тайпейи, Қатар -  Индонезия, Уммон - Сингапур, Иордания - Камбоджа, Хитой - Туркманистон, Авс-тралия - Бангладеш, Саудия Арабистони - Гуам, Баҳрайн - Бутан, Ироқ -  Мьянма, Фаластин - Сурия, Ливан - Яман, Қувайт - Шарқий Тимор, Филиппин - Қирғизистон, Мальдив - Таиланд, Вьетнам - КХДР, Тожикистон - Гонконг

Учинчи босқич гуруҳлари (шартли)

«A» гуруҳи - Эрон, Австралия, Уммон, Хитой, Қувайт

«B» гуруҳи - Япония, БАА, Иордания, Сурия, Таиланд

«C» гуруҳи - Ж.Корея, Қатар, Ироқ, Ливан, Қирғизистон

«D» гуруҳи - Ўзбекистон, Саудия Арабистони, Баҳрайн, КХДР, Гонконг

Ҳар бир гуруҳда дастлабки 2та поғонани эгаллаган жамоалар жаҳон чемпионатига йўл олишади. Бордию, яна 0,5та йўлланма масаласи туғилса, унда энг яхши кўрсаткичга эга 2та 3-ўрин соҳиби ўртасида «плей-офф» ўйинлари ташкиллаш мумкин. Ўзингиз эътибор беринг, бундай ҳолатда кўпчилик ўйлаганидек, жаҳон чемпионатига чиқишимиз осонлашадими? Йўқ, албатта. Лекин факт шуки, 8та ўрин қитъамиз учун - катта ютуқ. Зеро, Япония, Жанубий Корея ва Австралия термалари каби мундиалнинг доимий иштирокчилари ёнига янги, мақсадлари улкан жамоалар қўшилишади.

Хулоса ўрнида

Умуман, Ўзбекистон термасида ЖЧнинг доимий иштирокчисига айланиш имконияти пайдо бўляпти - худди ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги кичик мундиаллардаги каби. Ваҳоланки бу турнирларда 48та эмас, 24тагина жамоа иштирок этади. Лекин унутмаслик керак, нафақат бизнинг жамоа, балки Иордания, БАА ва Саудия Арабистони, борингки, КХДР каби термалар ҳам худди шундай имконият ҳосил қилишади. Ўз навбатида, Осиёнинг ЖЧлардаги доимий вакиллари - Япония, Австралия, Жанубий Корея ва Эрон терма жамоаларининг буёғига бирор муаммога учрашлари мушкул. Яъни улар ўзларини океандаги кит каби ҳис қилишлари ҳеч гап эмас. Шу маънода айтсак, ОФКга берилажак 8та (ёки 8,5та) йўлламанинг тенг ярми кимларга насиб этиши тайиндай. Лекин қолган жамоалардаги ўсиш динамикасини ҳам эътиборга олиш керак. Бордию, етакчилар ўз мавқеларини сақлаб қолган тақдирда ҳам, бошқа терма жамоаларга 4та йўлланма қоляпти. Футболимизнинг айни ҳолати ва грандлар кучини ўзаро таққосласак, жамоамизнинг кучли тўртталикка кириши анча мушкул масала. Шуни назарда тутсак, ЖЧ-2026 йўлида дастлабки 8таликдан жой олишни кўзласак ҳам бўлаверади. Демакки, ҳозирги мавқемизни зинҳор ва зинҳор пасайтирмаслигимиз лозим. Чунончи, ЖЧга чиқиш учун ҳақиқий имконият туғилгач, дейлик, Саудия Арабистонида иш қизигандан қизийди. Араблар шундоқ ҳам рақобатбардош чемпионатга эгалар. Мисол учун, чамаси 6та клуб мунтазам равишда терма жамоани муносиб футболчилар билан таъминлайди. БААда эса Қатардан фарқли равишда,  терма жамоага номзодларни маҳаллий футболчилар қаторидан изламоқдалар ва бу борада анча-мунча ишлар бажарилди. Осиё кубоги-2015даги 3-ўрин қилинган машаққатли меҳнатнинг илк самарасидир. Энди БАА футболи шу йўлдаги изланишларни янада кучайтирса керак. Қатарга келсак, у ерда янги цикл учун ҳам хорижлик ёш легионерларга фуқаролик бериш давом этиши мумкин. Чунки олдинда ЖЧ-2022 турибди. Қатарликларда ЖЧ-2026да мезбонлик шукуҳини давом эттириш режаси борлиги табиий, албатта. Хитойликларнинг ҳам шу йўлдан бориб, терма жамоага катта маблағ эвазига легоинерлар чорламасликларига ҳеч қандай кафолат йўқ. Қолаверса, Чин юрти чемпионатида амалга оширилаётган ҳозирги ишлар кейинги 10 йил ичида миллий жамоани Осиёда кучли саккизталик орасига кўтариш учун етиб ортса керак.

Демоқчимизки, топ-8га кириш имконияти туфайли бўшашиб қолмаслигимиз  керак. Зеро, Ироқ ва Иордания термалари ҳам отни қамчилашлари турган гап. Ҳа, йўлланмалар сонининг ошиши сабаб, футболга муносабат ўзгариши аниқ. Чунки терма жамоамиз гарчи ҳамон ЖЧга чиқолмаган бўлса-да, сўнгги циклларда «плей-офф»га етиб борди. Яъни эндиликда гранд термалар ҳам миллий жамоамиз билан жиддий ҳисоблашишга мажбурлар. Улар керак бўлса, ўйин кунигаю, ҳакамгача эътибор беришяпти. Хуллас, шу даражани ушлаб қолиш  ва янада олдинга интилиш учун биздан ишларга янгича ёндашиш талаб этилади. Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керак, ЖЧ-2018 саралаши бошланишидан олдин Ўзбекистон терма жамоаси ОФК рейтингида 4-ўринда эди (Австралия - 10-ўрин, Таиланд - 23-ўрин, Сурия - 25-ўрин).

Тушунарлики, энди олтилик эмас, саккизликка кирган терма жамоа ҳам ЖЧга чиқади ва бу борада рақобат ошиши табиий. Яна Таиланд, Сурия ва Уммон каби жамоаларга ҳам ҳурмат билан қараш керак. Шунча гапга охирида асосий қўшимча: аслида мундиал йўлланмаси учун охиригача чинакамига курашсак, ҳеч қандай ислоҳотлар ҳам, бошқаларнинг хатосини кутиш ҳам, арифметик ҳисоб-китоблар ҳам керак бўлмайди.

Фаррухжон Файзиев



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz