Қайднома

Қидирув

Маркетинг намунаси

Маркетинг намунаси

  26.01.2017 06:23
  0
  958
Маркетинг намунаси

«Пахтакор» стадиони томон Анҳор бўйлаб юриб борсангиз, чап томонда чоққина дўконга кўзингиз тушади. Клуб рангларига бурканган дўконни кўрганингиз ҳамоно у ердан нималар харид қилиш мумкинлигини тушуниб етасиз. Замонавий футболда бошқа соҳалар билан бирга маркетинг ҳам ривожланиб бормоқда ва ўзини ҳурмат қиладиган ҳар қандай клуб, албатта, ўз дўконига эга бўлади. «Пахтакор»нинг мана шундай клублар сирасига киришини айнан шу ерда ҳис қилишингиз мумкин.

Юртимизда ўзини профессионал ҳисоблайдиган клублар талайгина. Олий лиганинг ўзида 16та. Аммо ҳамманинг ҳам ўз дўкони йўқ. Борлари эса харидор учун қулай ерда жойлашмаган. Албатта, вақти келиб бу борада ҳаммаси жойига тушади, олий лига тугул биринчи лига клубларида ҳам мухлислар учун барча қулайликлар яратилади, дўконлар очилади. Бироқ «Пахтакор» ҳозирданоқ шундай натижага эриша олган жамоадир. Ахир бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас-да. «Пахтакор» - юртимизда энг бой тарихга эга клуб. Шундай экан, барча жабҳада бошқаларга ўрнак бўлиши керак эмасми?

Биз Европадаги кучли бешлик ўйинларини кузатиб боришни хуш кўрамиз. Англия, Испания ёки Италия чемпионати трансляцияларини томоша қиларканмиз, айниқса, мухлислар эгнида ўз суюкли футболчиларининг либосини кўриб, ҳавас қиламиз. Ҳа, «Барселона» ўйинига келаётган ишқибознинг эгнида, албатта, Месси, Суарес ёки Неймарнинг футболкаси бўлади. Мадридлик ҳақиқий фанат эса Роналду, Бэйл ёки Бенземанинг либосисиз стадионга келмайди. Яқинда «Реал» иштирокидаги ўйинлардан бирида томоша қилдик. Жануби-Шарқий Осиё давлатларидан келгани кўриниб турган мухлис Марселонинг номи битилган футболкани олдини орқага қилиб кийиб олибди. Шундай кўкси устида «Марсело» ёзуви турибди. Ишқибозлик бўлса, шунчалик бўлар. Тўп ҳар сафар бразилиялик футболчига тушганида, режиссерлар бирровга ўша мухлисни кўрсатиб ўтишарди. Бояқиш шодликдан ўзини йўқотиб қўяёзди. Мадридга сафар бир умрга ёдда қолган бўлса керак.

Бизни хурсанд қилгани, ўзбекистонлик мухлислар ҳам энди «Пахтакор» клуби дўконидан ўзлари ёқтирган футболчилар номи ёзилган либосларни бемалол сотиб олишлари мумкин. Албатта, бу ерда рақобатчи жамоалар либоси сотилмайди. Зеро, бу маркетинг жиҳатидан тўғри бўлмас эди. Бироқ «Пахтакор» ўйинчиларидан ташқари Ўзбекистон миллий терма жамоаси экипировкаларини ҳам бемалол харид қилишингиз мумкин. Сардор Рашидовнинг либоси керакми? Муаммо йўқ. Одил Аҳмедовнинг футболкаси-ку, энг харидоргир либослардан ҳисобланади.

Шунингдек, фарзандингиз ёхуд жиянингизга форма олиб беришни истасангиз ҳам, албатта, «Пахтакор» дўконига ташриф буюринг. Бу ердан ўзингиз истаган ўлчамдаги либосларни бемалол топа оласиз. Ҳар қандай инсон учун фарзандининг қувончини кўришдан ёқимлиси бўлмаса керак. Ишонинг, Сардор Рашидов ёки Одил Аҳмедовнинг футболкасини эгнида кўрган болакайнинг қувончига етадиганини топиш қийин. Бунисини фақат ўз кўзи билан кўрган одамгина ҳис қила олади.

«Пахтакор» клуби маркетинг жиҳатидан амалга оширган ташаббуснинг яна бир афзал томони шундаки, дўконда нафақат футболка, балки ўзингиз истаган ҳар қандай атрибутни топишингиз мумкин. Шарф дейсизми, кепка ёхуд гетра - ҳаммасидан бор. Шунингдек, клуб рамзи туширилган свитер, спортивка, бутса ва бошқа кийим-кечаклар ҳам савдода ҳозир қилиб қўйилган. Хуллас, бу ерга келган мухлис ўзи хоҳлаган нарсани топа олади.

Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Ўзбекнинг нимаси кўп - қувончли кунлари, шодиёнаси. Биз байрам кайфиятини хуш кўрадиган халқмиз. Тўй-томоша, туғилган кун-у бошқа айёмларни яқинларимиз билан нишонлаймиз. Ўша яқинингиз футбол ишқибозими, демак ҳадя ҳам шунга яраша бўлиши лозим. «Пахтакор» дўконидан эса сизга мос келадиган ҳар қандай совға топилади. Клуб рамзи туширилган сувенирлар, футболчилар сурати билан безатилган кружка ва атрибутлар харидингизга мунтазир бўлиб турибди. Сиздан талаб қилинадигани - шунчаки, дўконга келиб, ўзингизга ёққан нарсани танлаш. Хушмуомала сотувчилар, албатта, талабингизга мос келадиган совғани топиб беришади.

Осиё футболи ҳақида ҳар қанча гапирмайлик, барибир, дунё футболи эталони Европа ҳисобланади. Истаймизми ёки йўқ, ўзбекистонлик мухлис маҳаллий жамоалар билан бир қаторда Европа клубларидан қайсидир бирига ишқибозлик қилади. Дўконда бундай ишқибозлар талаби ҳам инобатга олинган. Бу ердан Испания, Италия ва Англиянинг етакчи клублари либослари ва атрибутларини ҳам харид қилишингиз мумкин.

Хуллас, минг гапиргандан кўра, бир марта кўрган яхши, дейишади. Шундай экан, йўлингиз тушиб «Пахтакор» стадиони атрофларига келиб қолсангиз, албатта, анҳор бўйидаги дўконга ҳам кириб ўтинг. Жуда бўлмаганда профессионал футбол клуби маркетинг борасида қандай ишлаши лозимлигини кўриб кетасиз...

------------------------------------------------------------------------

P.S.: мақола реклама ҳуқуқлари асосида тайёрланди.

Умар БЕК



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz