Қайднома

Қидирув

Зоҳир Пиримов: «Олмалиқ»да 9йил ўйнадим, кетиш аламли, албатта…»

Зоҳир Пиримов: «Олмалиқ»да 9йил ўйнадим, кетиш аламли, албатта…»

  27.01.2017 03:34
  0
  1555
Зоҳир Пиримов: «Олмалиқ»да 9йил ўйнадим, кетиш аламли, албатта…»

Аввалги мавсум ўзига ўхшамаган «Олмалиқ» айни пайт Туркиянинг Анталия шаҳрида йиғин олиб боряпти. Биласиз, жамоа бир неча йиллик устози Игорь Шквирин билан хайрлашди. Тажрибали мутахассис ортидан бир қатор футболчилар ҳам «Олмалиқ»дан кетишди. Улар орасида асосий таркиб вакиллари ҳам бор. Шундайлардан бири - Зоҳир Пиримов. Шартномаси муддати  якунланган ярим ҳимоячи нақ 9 йил давомида «Олмалиқ» шарафини ҳимоя қилганди. Зоҳир ҳозирда «Шўртан»да кўрикдан ўтяпти. У бундан аввал маълум муддат «Навбаҳор» машғулотларида ҳам иштирок этганди. Биз якшанба куни Пиримов билан боғланиб, унинг фаолиятидаги кескин ўзгариш сабабига қизиқдик.

- Зоҳир, кутилмаганда, «Олмалиқ»дан кетишга қарор қилдингиз. Бунинг асосий сабабини айта оласизми?

- Ҳаммаси оддий. Биринчи галда, мураббийлар штабидаги ўзгаришни айтишим мумкин. Яъни Игорь Шквирин ишдан бўшатилгач, негадир жамоада қолишни истамадим. Яъни менда ҳам  кетиш истаги туғилди.

- Бир неча йиллик қадрдон жамоангиз билан хайрлашиш осон бўлмагандир...

- Ҳа, бу жуда оғир ва аламли. Ахир «Олмалиқ» шарафини 9 йил ҳимоя қилдим.

- Ўзи шартномангиз муддати тугаганмиди?

- Ҳа. Тўғрироғи, ўртадаги келишув 31 декабрь куни ўз кучини йўқотди. Лекин шартномам тугамасидан олдин бошқа жамоага ўтишимни маълум қилгандим.

- Нима, янги бош мураббий Виктор Кумиков билан гаплашиб кўрмадингизми?

- Йўқ. Кумиковни «Машъал» ва «Насаф»даги иши орқали яхши биламан. Унинг қандай услубни хуш кўришидан ҳам хабарим бор. Хуллас, янги мураббий қўллайдиган ўйин услубига мос тушмаслигимни тезда англадим...

- Сизнингча, «Олмалиқ» ривожига яхшигина меҳнати сингган Игорь Шквиринга нисбатан ноҳақлик қилинмадими?

- Шахсий фикрим: шунча йил меҳнат қилган, жамоани деярли нолдан юқорига кўтарган мураббийни сал бошқача кузатиш керак эди. Ҳарқалай, бу тарзда хайрлашишларини сира ўйламагандим.

- Дарҳақиқат, Игорь Анатольевич билан узоқ вақт бирга ишладингиз. Унинг ўйин услуби ва фалсафаси хусусида нима дея оласиз?

- Шквирин футболчиларда ўз кучига ишонч ҳиссини уйғотадиган мураббийлар сирасидан. Шунингдек, футболчилик даври ҳужумда ўйнагани учунми, ҳужумкорликни хуш кўради.

- Умуман, ўтган мавсум «Олмалиқ» учун омадсиз кечди. Бунинг сабабларини ҳамма ўзича тахмин ва таҳлил қиляпти. Хўш, сиз қандай фикрдасиз?

- Ҳа, аввалги мавсумда ишимиз сира юришмади. Тўғри, биринчи даврада унча ёмон ўйин кўрсатмадик. Лекин жамоада молиявий муаммолар юзага келгач, бу натижаларга салбий таъсир қилди. Натижада иккинчи давра баҳс­ларида ҳаддан ортиқ кўп очко йўқотдик.

- Айтингчи, «Олмалиқ»даги 9 йиллик фаолиятингизни қандай эслайсиз? Ижобий таассуротлар кўпми ёки салбийси?

- Албатта, ижобий хотиралар етарли. Шаҳар, мухлислар... Муҳими,  жамоада ички муҳит аъло даражада эди. Шу боис, «Олмалиқ»да шунча ўйнаганимдан сира афсусланмайман.

- Вақтида номдор клублардан яхшигина таклифлар олганингизга қарамай, «Олмалиқ»дан кетишни истамагансиз. Ҳозир шуларни ўйласангиз, қандайдир ачиниш ҳиссини сезмайсизми?

- Ҳа, манфаатли чорловлар бўлгани рост. Лекин ўтган ишларни ўйлаб, афсусланишдан маъно йўқ. Машҳур футболчилардан бири шундай деганди: «Агар ўз устингда ишлашдан тўхтамасанг, 35 ёшингда ҳам гранд клубларда ўйнашинг мумкин». Ўйлашимча, мен учун ҳаммаси олдинда.

-  Аввалига «Навбаҳор» машғулотларида иштирок этдингизу, яқинда «Шўртан» йиғинига қўшилдингиз...

- Аслида Наманган жамоасида қолишим мумкин эди. Бироқ оилавий шароит бунга халақит берди. Мана, айни пайт «Шўртан» футболчилари билан бирга шуғулланяпман. Бу ерга Ғузор клуби  мураббийлари таклифига биноан келдим.

- Эндиги режалар қандай? «Шўртан»да қолиш имкониятингиз эҳтимоли каттами?

- Ҳозирча «Шўртан» ихтиёридаман. Лекин биласиз, футболда барчаси бир кунда ўзгариб кетиши ҳеч гап эмас.

- Нима, бошқа таклифлар ҳам борми?

- Чорловлар етарли. Дейлик, олий лиганинг 4-5та клубидан таклиф олганман.

- «Олмалиқ»да футбол мактаби фаолияти қандай йўлга ўйилган?

- Очиғи, у яхши ишламаяпти. Шу сабабли, Игорь Анатольевич селекция ишларига аралашиб, ёш ва истеъдодли футболчиларни ўзи  топиб келарди. Дейлик, маҳаллий йигитлардан деярли ҳеч ким кўзга ташланмади.

- Зоҳир, якунда бироз ортга қайтамиз: футбол орқали олган биринчи маошингиз миқдорини эслай оласизми ва уни нимага сарфлагансиз?

- Илк марта «Қизилқум» жамоасида маош олгандим - чамаси 60-70 минг сўм. Уни тўлиғича отамга берганман. Яъни оила бюджетига ҳисса қўшганман. Айтишим жоиз, футболни танлашимга айнан отам туртки берганлар. У киши чинакам мухлис. Болалигимда бирга футбол кўргани стадионга борардик. Аниқроқ айтсам, Самарқанд «Динамо»си ўйин­ларини қолдирмасдик. Менда айнан ўша пайт футболга нисбатан кучли қизиқиш шаклланган.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz