Қайднома

Қидирув

Ким кимга қарши?

Ким кимга қарши?

  27.01.2017 06:20
  0
  1652
Ким кимга қарши?

Футбол бўйича Англия чемпионатининг 2016|2017 йиллар мавсуми одатдагидан кўра қизиқарлироқ кечишига ким шубҳа қилганди?! Бизнингча, ҳеч ким. Чиндан ҳам, АПЛга Гвардиола ва Конте каби етук мутахассисларнинг келиши совринлар учун курашни янада кучайтириши аниқ эди. Боз устига, Клопп, Моуриньо ва Почеттинодек мураббийлар ҳам Англиядаги фаолиятларини давом эттиришмоқда. Табиийки, шундай машҳур шахслар бир жойга йиғилгач, ўйинлар янада жонланиб, «тактикалар жанги» авж олиши турган гап.

Лекин кимлардир бу фикрга қўшилмай, қуйидаги сўзларни айтиши мумкин: «Айни кунда АПЛда мураббийлар рақобати эмас, Антонио Контенинг яққол устунлигини кўряпмиз. Биргина Клопп қолган ҳамкасбларидан фарқли равишда, италиялик мутахассисга имкон қадар қаршилик кўрсатишга уринмоқда. Гвардиола ва Моуриньо эса умуман, ишончни оқлай олишмаяпти».

Дарҳақиқат, турнир жадвалининг ҳозирги ҳолатига қараб, бу ерда совринлар учун қизғин кураш бораётганига ишониш қийин. Ёки мавжуд вазиятдан шундай хулоса чиқариш мумкин: Конте - дунёнинг энг кучли мураббийи, қолганлар эса шунчаки, «физрук». Чунончи, у 13 ўйиндан иборат ғалабали серия қайд этди.

Хуллас, «Челси» ишонч билан чемпионатда етакчилик қилмоқда ва Контеда мавсумни муваффақиятли якунлаш учун ҳамма имкониятлар бор. Аммо шу ўринда бир омилни инобатга олиш керакки, «аристократлар»нинг пешқадамлигига, барқа-рор натижаларга эришилаётганига сабаб фақат Контенинг маҳорати эмас. Гап шундаки, италиялик мураббийнинг «Челси»си Гвардиола ва Моуриньо жамоасидан кўра яхшироқ шароитда. Бу билан ҳисоблашмасликнинг иложи йўқ. Ҳа, тан олиш керак, Моуриньо ҳар доим ўйинларнинг тиғизлигидан, шогирдлари тикланишга улгурмаётганидан нолийди. Ҳатто Гвардиола ҳам айни пайтда тақвим «шаҳарликлар» учун ўта тартибсизлигидан шикоят қилишни бошлади. Клопп ва Конте эса камроқ гапириб, кўпроқ ишлашни маъқул кўришмоқда.

Лекин чиндан ҳам, «Манчестер Сити» ва «Манчестер Юнайтед» клублари ҳозиргача бошқалардан кўпроқ ўйин ўтказишган. АПЛда пешқадамлик қилаётган «Челси» ҳамда «Ливерпуль» эса юқоридаги олти жамоа ичида энг кам майдонга тушишган. Тасодифми? Бизнингча, бундай эмас.

Эҳтимол, кимгадир 6-7 ўйинлик фарқ унчалик даҳшатли туюлмас?! Лекин бу - хато фикр. Энди мулоҳазамизни исботлашга уринамиз: мисол учун, қайси жамоа нисбатан кўпроқ расмий учрашув ўтказса, футболчиларда жароҳат олиш, дисквалификацияга учраш хавфи шунчалик кучаяди. Ўз навбатида, қанчалик кўп майдонга тушсангиз, тикланиш жараёни, жисмоний тайёргарлик ва тактик таҳлиллар учун шунчалик кам вақтингиз қолади. Айниқса, сиз бош-қараётган жамоа еврокубокларда иштирок этаётган бўлса, парвозлар учун ортиқча вақт йўқотганингиз етмагандек, футболчиларда чарчоқ аломатлари ҳам кўпроқ сезила бошлайди. Бу эса табиийки, жамоанинг натижаларига таъсир ўтказади. Унутманг, футболни одамлар ўйнашади, роботлар эмас. Дунё тан олган мутахассислар тақвимдан нолишяптими, демак, улар нима ҳақда гапиришаётганини яхши билишади. Ё сиз бу фикрга қў-шилмайсизми?

Шубҳасиз, тиғиз жадвал - кўнгилсиз натижаларни оқлаш учун баҳона бўла олмайди. Лекин ОАВ сизга мунтазам босим ўтказиб, йўқотилган ҳар бир очко учун муфассал изоҳ талаб қилса-чи? Бу ҳолатда ҳар қандай мураббий вақт масаласини бош муаммо қилиб кўрсатиши аниқ.

Қолаверса, ОАВ Конте ва Клоппга унчалик эътибор қаратмайди. Чунки уларда «тирноқ остидан кир қидирадиган» рақиблар (замонавий тилда «хейтерлар»)лардан кўра, беғараз мухлислар ва бетараф ишқибозлар сони кўпроқ. Гвардиола ва Моуриньода эса аксинча, «хейтерлар» сони керагидан ортиқ топилади ва шунинг учун ҳам матбуот, энг аввало, шу икки мутахассисга босим ўтказади. Нега? Бунинг сабаби оддий: негаки, айнан улар XXI асрнинг энг кучли ва таниқли мураббийлари, ҳозирча. «Энг яхши»ларда эса шубҳасиз, «хейтерлар» ҳам кўп бўлади. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ахир журналистлар таниқлилар ҳақида қанчалик кўп шов-шувли мақола тайёрлашса, шунчалик тез танилишади-да.

Муаммонинг яна бир қизиқ томони шундаки, кишилар онгли тарзда Гвардиолага нисбатан мантиқсиз ҳукм чиқаришади. Дейлик, «Сити» ўзидан кучсиз саналган ҳар қандай клубга қарши ўйинда очко йўқотса, дарров интернетда АПЛдаги исталган «буюк аутсайдер жамоа» Гвардиолага «жанг» тақдим этишга қодирлиги, Пепни туманли ўлкада қийинчиликлар кутиб тургани ҳақида изоҳлар кенг тарқалади.

Бироқ худди ўша «буюк жамоа» негадир Конте шогирдларига қарши ҳеч нарса қила олмайди ва шу боисдан «Челси» лигада кетма-кет 13та ғалабага эришяпти. Энди айтинг-чи, бундай мантиқсизликни, Моуриньо ва Гвардиола манзилига йўлланаётган камситишларни яна қаерда учратиш мумкин?

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, мавсум якунида ким чемпион бўлишини ҳозирча ҳеч ким билмайди. Чунки навбатдаги турларда ҳар қандай вазиятлар рўй бериши мумкин. Лекин рақиб жамоаларнинг шароитларини ҳисобга олсак, «Ливерпуль» ва «Челси»да олтин медалларга эга чиқиш имконияти кўпроқ. Зеро улар оптимал шарт-шароитларга эгалар. Келгуси мавсумда эса Англия Лига кубоги ва АПЛ мусобақаларига ЕЧЛ баҳслари ҳам қўшилади. Бу ҳолатда эса табиийки, муаммолар ҳозиргидан кўра анча кўпаяди.

Sports.ru - И.РАҲИМОВ тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz