Қайднома

Қидирув

Ўтмишга мактуб

Ўтмишга мактуб

  28.01.2017 06:22
  0
  1287
Ўтмишга мактуб

Акробатика санъатининг энг нафис намуналарини яшил майдонга кўчириш орқали миллионлаб мухлисларни мафтункор футбол шайдосига айлантирган Роналдиньо мемуар жанрида ҳам янгилик яратди. Яъни, бразилиялик афсонавий ҳужумчи ўзининг автобиографик асарини ўз болалигига йўлланган мактуб кўринишида баён этди.

8 ёшли азизим Роналдиньо!

Эртага сен одатдагидек футболдан уйга қайтасан. Негадир бу сафар ўйингда кўпчилик - амакиларинг оила яқинлари, сен танимайдиган айрим кишилар тўпланишган. Аввалига сен қандайдир тантанадан кеч қолибман шекилли, балки улар акам Робертонинг 18 ёшини нишонлашаётгандир, деб ўйлайсан. Одатда ойинг сени доимо табассум ва ҳазил билан қарши олади. Бу сафар у негадир йиғламоқда. Шу пайт кўзинг сен томон келаётган Робертога тушади. Аканг қўлингдан тутганча сени ювиниш хонасига етаклаб, сен тушунмайдиган хабарни етказади: «Фалокат юз берди. Отамиз энди йўқ. У ҳалок бўлди». Бу гапларнинг мазмуни сенгача етиб бормайди. Акам нима деяпти? Отам қачон қайтади? Ҳалок бўлди, дегани нима?

Отам сени майдонда қалб амри билан тўп суришга ундаган, эркин ўйнашингни доимо рағбатлантириб турган. Сенинг маҳоратингга бошқалардан кўра кўпроқ ишонарди. Бир йил аввал Роберто «Гремио» сафида майдонга туша бошлаганида, у мухлисларга қарата шундай деганди: «Албатта, Робертога гап йўқ. Лекин унинг қандай ажойиб укаси ҳам бор эканини кўряпсизми?!»

Отам чинакам қаҳрамон эди. У футболни шунчалик қаттиқ севардики, кемасозлик заводидаги ишларидан ташқари дам олиш кунларида «Гремио» стадионида соқчилик қиларди. Нима учун энди уни ҳеч қачон кўрмайсан? Робертонинг куйиб-ёнишларини сен тушуна олмайсан. Жудоликнинг зил-замбил юкини бирданига ҳис қилмайсан, бир неча йиллардан сўнг отамнинг ер юзидан ғойиб бўлганлигини тушунасан. Мен бир нарсани ҳеч қачон унутмаслигингни истайман: қачонки, тўп сенинг оёқларинг остида экан, отам ҳам доим ёнингда!

Тўп сураётган пайтингда сен эркин қушсан, бахтиёрсан. Худди ёқимли оҳанглар оғушида мазза қилаётгандек. Ана шу туйғу қувончингни бошқалар билан баҳам кўришга ундайди. Бахтингга, Роберто бор. Гарчи у сендан 10 ёшга каттароқ ва «Гремио»да ўйнаётган бўлсада, доимо ёрдамга шай. У - нафақат ака, балки ота ҳамдир! Боз устига, Роберто сен учун намуна. Доимо аканг­га ўхшашга, у каби тўп суришга интиласан. Роберто билан биргаликда асосий таркиб ўйинчилари даврасида юрасан. Ҳатто, ухлаб ётганингда «кумир»инг ёнида бўласан. Наркотик моддалар, босқинчилар ва турли жиноий гуруҳлар макони бўлган Порту-Алегрида ҳаёт кечириш жуда хавфли. Сен кўча ёки хиёбонда тўп сурар экансан, ўзингни хатардан холидек ҳис этасан. Чунки ёнингда Бомбомдек садоқатли қўриқчинг бор. Бомбом - хонаки кўппак. Сенинг дриблинг ва трюкларингда энг яқин ёрдамчи. Эҳтимол, машҳур «Эластико» финтининг дастлабки жабр­ланувчиси ҳам у бўлар.

Орадан йиллар ўтиб, сен Европада тўп сура бошлаганингда у ердаги ҳимоячилар дуэти сенга Бомбомни эслатади. Болалигинг турли воқеаларга бой. 13 ёшдаёқ эл оғзига тушасан. Тўп билан намойиш этаётган техник маҳоратинг қизғин мунозараларга сабаб бўлади. Сен учун футбол доимо эрмак мақомида қолаверади. Фақат 1994 йил 14 ёшга чиққанингда унинг шунчаки ўйин эмаслигини ҳис эта бошлайсан. Мазкур йилнинг 17 июли ҳар бир бразилияликнинг хотирасига абадий муҳрланган. Сен «Гремио» ёшлари таркибида Белу Оризонтига йўл оласан. ЖЧ финали эса ТВ орқали намойиш этилади: Бразилия Италияга қарши тўп суради. Ҳа, ўша оқшом Конариньо 24 йил ичида илк марта ҳал қилувчи баҳсда майдонга тушади. Бутун мамлакат финални томоша қилиш мақсадида тўхтаб қолгандек туюлади. Белу Оризонти яшил ва сариқ рангга бурканади, шаҳарнинг турли бурчакларида аҳоли финални томоша қилиш билан банд. Сен ҳам жамоадошларинг қатори бор эътиборингни ўйинга қаратасан. Ҳакамнинг финал ҳуштаги 0:0 ҳисобини тасдиқлайди. Демак, пенальтилар серияси. Италия дастлабки зарбадан фойдалана олмайди. Лекин Бразилия ҳам омадсизлик билан жавоб қайтаради. Италия ҳисобни очади. Ромарио тўпга яқинлашади. У чап бурчакни нишонга олади, тўп устунга тегиб, кейин дарвозадан жой олади. Италия мувозанатни тиклагач, стадионда сукунат сақланди. Ке­йин... Бранко Бразилияни одинга олиб чиқади..., Таффарель сэйвни амалга оширади..., Дунга ҳам хатога йўл қўймайди...

Бразилияликлар хотирасидан бир умрга жой олган воқеа юз беради: Роберто Баджо ҳал қилувчи зарбани амалга оширишда хатога йўл қўяди. Бразилия - жаҳон чемпиони!

Таърифлашга тил ожиз байрам шодиёналарида сенда бор куч-қувватингни футболга бағишлаш истаги туғилади. Ниҳоят, футбол бразилияликлар учун шунчаки ўйин эмаслигини тўлиқ ҳис этасан. «Мен Бразилия шарафини ҳимоя қиламан!», - деган фикрга борасан. Аммо сенинг майдондаги ҳаракатларингдан хабардор бўлган кишилар бунга асло ишонишмайди. Мураббийлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади - улар ким бўлишидан қатъий назар, майдонда «артистлик» қилишни тақиқлаб қўйишади. Анашу тақиқни сен ижобий қабул қилиб, уларнинг ноҳақ эканликларини исботлаш учун янада тиришқоқлик билан машқ қиласан. Декер, Марадона ва Роналдо каби афсунгарларнинг қандай тўп сурганларини эсла. Ва албатта, отамнинг ўгитларини бир лаҳзага бўлсада, унутма: «Тўп билан оддий ва самимий муносабатда бўл. қувонч ва иштиёқ билан ўйна. Ҳаракатларингда ҳисоб-китобга ўрин йўқ. Ижодкорона ҳаракатларинг ҳисоб-китобдан устун келсин, бир қарорга келгунингча оёқларинг ишни бажаришга улгурсин».

Зафарли мундиалдан сўнг бир ой ўтгач, «Гремио» сени чақириб, Бразилия ёшлар (U-17) терма жамоасига таклиф қилишаётганини айтади.

Терма жамоанинг Терезополисдаги базасида кўрган-кечирганинг бир умр хотирангда қолади. Пеле, Зико, Бебетонинг портретлари, Ромарио, Роналдо ва Ривалдо оёғи теккан хоналар, улар фойдаланган буюмлар... Уйқуга ётар экансан, бир ўй сенга тинчлик бермайди: «Балки менинг кумирим айнан шу хонада, шу кроватда дам олгандир?».

Огоҳлантириб қўяй - 1995-2003 йиллар оралиғида таътилга ҳам вақт бўлмайди, машаққатли тер тўкишдан бошқа ҳеч нарсани кўрмайсан.

Бунинг ўрнига бир вақтлари отанг қўриқлаган автомобиль сақлаш жойи орқали «Гремио» ечиниш хонасига йўл оласан, аканг тўп сурган жамоа шарафини ҳимоя қилишга киришасан, бунданда бахтли ҳаёт йўқ, деган фикрга келасан. Бироқ асосий воқеалар ҳали олдинда эканлигини билмайсан. Бир йил ўтгач, миллий терма жамоада илк марта майдонга тушасан. Бунга қадар ажойиб бир воқеа содир бўлади: Сен Гаучо чемпионатининг финалида «Интернасьонал»га қарши тўп сурганинг боис, терма жамоа ихтиёрига бир кун кечикиб келасан. Мураббийлар сендан хафа бўлишмайди. Чунки «Интернасьонал» сафида ЖЧ-94 ғолибининг сардори Дунга тўп суради, сен эса айнан шу афсонавий ҳимоячини алдаб ўтиб, ғалаба тўпини дарвозага йўллайсан. Шу тариқа тилларда достон бўласан. Бу муваффақият зиммангга улкан масъулият юклайди, мухлислар сендан янада мафтункор, сермазмун ўйин­лар кута бошлашади. Ягона маслаҳатим шуки, ўз йўлингдан воз кечма. Доимо эркин ижод қилишда давом эт. Чарчасанг, мусиқа тингла, у сенга куч-қувват бахш этади.

Терма жамоадаги фаолиятинг ҳаётингни ўзгартириб юборади. Европага йўл олиш истаги туғилади, ахир «кумир»­ларинг шундай қилишган-да. 2001 йили «ПСЖ» сафидан ўрин оласан. қишлоқдаги ёғоч кулбада ўсиб-улғайган болакайга Европа ҳаётини тасвирлаб беришнинг иложи йўқ. Уни ўзинг аввал Парижда, кейин Барселона ва Миланда яшаш орқали тушуниб етасан. Аксарият журналистлар ўйин услубингни тушунишмайди: «Нима учун бу йигит доимо кулиб туради?». Ҳа, улар табассумнинг сиридан бехабарлар. Сен учун футбол хурсандчилик экани, мухлисларга қувонч улашиш ниятидалигингни билишмайди. Демак, жиддийликка ўрин йўқ! Муҳими - ижод, ҳисоб-китоб эмас! Ўзлигингни сақлаш орқали жаҳон чемпиони бўласан, ЕЧЛ, Ла-лига ва «А» серияда ғолиб чиқасан. Ўзлигинг сенга «Олтин тўп»ни ҳадя этади. Барча соврин ва унвонлардан кўра, «Барселона» услубини тубдан ўзгартириб юборганинг билан кўпроқ фахрланасан. Сен Каталонияда пайдо бўлган даврда «Реал» испан футболининг танҳо қироли эди. Ана шу ҳукмронликка чек қўясан. Натижада жамоани тарк этиш пайтида минглаб болакайларда «Барса»дек ўйнаш орзуси туғилган бўлади. Мени диққат билан тингла: «Каталонияда муҳим бир юмушни бажариш сенинг зиммангда. Ёшлар жамоасида худди сен каби 10-рақам остида тўп сурадиган сен каби миттигина болакай пайдо бўлади. Унинг ўйинини кузата туриб, келажакда буюк футболчига айланишига амин бўласан. Болакай бошқалардан яққол ажралиб туради. Уни Лео Месси деб аташади». Мураббийлардан уни асосий таркибга жалб этишни сўрайсан. Лео жамоага ўтгач, унга ягона маслаҳатингни бер: «Доимо лабларингда табассум бўлсин. Эркин ҳаракат қил, тўп оддий муносабатда бўл».

Сен кетгач, услубинг Месси туфайли «Барса»да қолади. Ҳаётда кўплаб қувончли ва нохуш воқеаларга дуч келасан. Лекин шуни ёддан чиқармагин-ки, уларнинг барчасига футбол туфайли эришдинг. қачондир сенинг услубингга шубҳа билан қараганлар табассуминг сабабини сўрайдилар. Чунки сен мағлубиятни ҳам кулиб қарши оласан. Оиланг ночор бўлгани сабабли, сенда отанг билан юрган пайтларнинг видеотасмаси йўқ. Уни қайта-қайта кўриш имкониятига эга эмассан. Эсдалик бўлиб қолган буюмлар орасида бир бебаҳо сурат бор. Унда отанг билан тўп сураётган лавҳа акс эттирилган. Юзингда табассум, чунки сен бахтлисан - ахир тўп сенда-да! Отанг ҳам кулмоқда. У бахтиёр фарзандидан мамнун. Вақти келиб, беҳисоб бойликка, кучли босим ва танқидлар бўронига кўмилиб қоласан. Бундай мураккаб вазиятда ўзлигингни авайлаб-асра. Отанг айтганидек, тўп суришда давом эт! Тўпни ардоқла!

Football.ua - Содиқ СОБИР тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz