Қайднома

Қидирув

Воситачи улуши

Воситачи улуши

  30.01.2017 06:38
  0
  936
Воситачи улуши

Футбол агентлари Қандай ишлашади? Айни пайт жаҳон футболини воситачилар - агентларсиз тасаввур қилиш қийин. Умуман, агентлик энг сердаромад касблардан бири саналади. Қаранг, эндиликда йилнинг энг яхши футбол агенти учун ҳам алоҳида соврин бор. Хусусан, «тиғи ўткир» Мино Райола яқинда Global Soccer Awards лауреатига айланди. Шу муносабат билан агентлик ишига боғлиқ айрим қизиқарли маълумот-фактларни эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдик. Улар Football Leaks консорциуми таркибига кирувчи Mediapart портали (Франция) томонидан тақдим этилди. Айтиш жоиз, ушбу портал охирги вақтларда футбол оламининг молиявий ишлари юзасидан бераётган мақолалари  билан ажралиб турибди.

ҚОЙИЛ РАЙОЛА

Златан Ибрагимович ва Поль Погба каби юлдузлар ишини устамонлик билан олиб бораётган Мино Райола чиндан ҳам, профессионал даражадаги «кашфиёт»ларга мойил. Диққат қилинг, у аввалги ёз Генрих Мхитарянни Дортмунд «Борусия»сидан «Манчестер Юнайтед»га кўчиб ўтишини таъминлади ва  42 миллион евролик трансфердан нақ 20 фоиз улуш олди. Лекин бу ҳаммаси эмас. Чунончи, ушбу келишувнинг ғалати томонлари жуда кўп. Биринчидан, агентлик хизмати учун ундирилган улуш фоизи ҳаддан ортиқ баланд. Иккинчидан, Райолага теккан ҳақ футболчининг мукофот пули эмас, айнан трансфер суммасидан олинган. Энди мазкур операциянинг энг ғалати томонига келдик - бу ўзига хос суғурта. Аниқроқ айтсак, мабодо икки клуб ўзаро келишолмаганида ҳам, Райола  «Боруссия»дан пул оларди, барибир. Негаки, ўртада шундай шартлашув бор эди. Хуллас, агент билан тузилган шартномада қайд этилган алоҳида бир бандга мувофиқ, агар футболчининг ўзи бирор харидор таклифини қабул қилсаю, клуб бунга рози бўлмаса, унда Райолага белгиланган суммадан 10 фоиз тўланарди. Бошқача ифода этсак, бордию, «Боруссия» Англия клубининг 40 миллионли таклифини рад этганида, ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, Райолага 4 миллион евро санаб берарди. Ютуғи кафолатланган лотерея чиптаси шу бўлса керак-да...

ОДДИЙ ФОРМУЛА - ОИЛАВИЙ БИЗНЕС

Даниялик Серен Лербюнинг уддабуролигига ҳам қойил қолмасдан илож йўқ. У шунчаки, ўз хотини билан оилавий бизнесни йўлга қўйган. Яъни келишув чоғи ўзи битта клуб, хотини эса иккинчи томон манфаатларини ҳимоя қилган. Голландиялик Уэсли Снейдернинг трансфери бунга ёрқин мисол. Вақтида «Аякс» «Бавария» «Монако» ва ПСВклублари шарафини муносиб ҳимоя қилган бу ярим ҳимоячи 2013 йили «Галатасарай» сафига қўшилганди. Ўшанда Лербю голланд футболчиси номидан иш юритган бўлса, унинг хотини Туркия клуби томонида турган. Хуллас, музокаралар жараёнида эр ва хотин бош ролни ўйнашган. Шу тариқа оила бюджетига икки тарафдан ҳам комиссион ҳақ тушган. Оддий айтганда, бир ўқ билан икки қуённи овлаш намунаси.

ИМЗО ЭВАЗИГА ЖАРАҚ-ЖАРАҚ ПУЛ

Яна бир агент Лоран Гютсмют эса Францияда ишлаш учун талаб этиладиган махсус лицензияга эга бўлмаган ҳамкасбларига доимо ёрдам қўлини чўзишга тайёр туради. Хусусан, узоқ Жанубий Америкадан келганларга. Лораннинг ўзи Франция паспортига эга ва аргентиналик Хавьер Пасторенинг «Пари Сен-Жермен» клубига трансферида катта «иш» бажарган. Катта «иши» шуки, у аргентиналик ва парижликлар ўртасидаги шартномага воситачи сифатида имзо чекди - тамом. Кейин бразилиялик Тьяго Сильва билан шартнома муддатини узайтиришда ҳам худди шу ролни ўз зиммасига олди. Муҳими, Гютсмют биринчи ҳолатда ўз «дастхати» эвазига 10 минг, иккинчисида эса нақ 45 минг еврони қуртдай санаб олди.

АППЛЕБАУМ БАҲОСИ

Леверкузеннинг «Байер» клуби раҳбарияти навбатдаги келишувлардан сўнг агентларга алоҳида мурожаат қилди: «Илтимос, тўлов ҳужжатларида у ёки бу хизматингиз айнан қанча туришини кўрсатиб ўтсанглар». Шунда 2015 йилнинг август ойида Хавьер Эрнандес, яъни Чичаритонинг «Манчестер Юнайтед»дан ўтишида воситачилик қилган мексикалик агентЭдуардо Апплебаум барчаси эринмай, батафсил баён этиб, кўрсатилган хизмат турларини яхлит рўйхатда тақдим қилди: «Жами 11 кунлик иш, 9 марта телефон орқали сўзлашув, 2та e-mail- хабар, футболчи ва клуб вакиллари билан 7 марта учрашув». Энг диққатни тортадиган томони олиҳиммат жаноб Апплебаум шунча «югур-югур» учун «атиги»  1,5 миллион еврогина ҳақ олган. Хуллас, бечора «Байер» унинг бир кунлик иши учун нақ 136363 евро тўлаган. Эҳ, бунақа даромадни ҳаттоки, энг сара футболчилар ҳам ақлга сиғдиролмасалар керак.

«СЭ» - Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz