Қайднома

Қидирув

Хуш келгин, ОЧЛ-2017!

Хуш келгин, ОЧЛ-2017!

  31.01.2017 00:16
  0
  2220
Хуш келгин, ОЧЛ-2017!

Бугун расман янги мавсум бошланади. Уни «Насаф» очиб беради - ОЧЛ-2017 саралаши доирасидаги ўйин билан. Рақиб - «Ал-Ҳидд» биз учун анча бегона. Ҳарқалай, Баҳрайн клублари билан кўп тўқнаш келмаганмиз. Аммо Баҳрайн чемпионати унча кучли эмаслиги ва учрашув «Бунёдкор» стадионида ўтказилишини инобатга олсак, қаршиликларда кейинги раундга чиқиш имконияти кўпроқ, шубҳасиз. Аммо нимагадир ишониш учун аввало, асос керак. Хўш, биздаги асос нима?

ҲОЗИРГИ «НАСАФ»

Айни пайтдаги «Насаф» аввалги ҳолатидан анча фарқланади. Агарда ўтган мавсумлар жамоани Артур Геворкянсиз тасаввур қилолмаган бўлсак, энди туркманистонлик футболчисиз ҳам Қарши клубида ҳаёт давом этишини тушуниб етдик. Геворкян ўрнига бир йўла 3 нафар легионер таклиф этилганди - Драган Черан, Огнен Красич ва Игорь Голбан. Улар аввалги мавсум жамоа­га нечоғли мос келишларини исботлаб улгурдилар. Черан ва Голбан янгисини ҳам қаршиликлар сафида бошлашади. Бироқ шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, ҳозирги «Насаф» аввалгидан фарқли ўлароқ, легионерлар эмас, балки маҳаллий футболчиларга кўпроқ таянмоқда. Боз устига, асосан ёш иқтидорларга. Ҳа, клубда авлодлар алмашинуви давом этяпти. Ўтган йили таркибда бир қатор истеъдодлар кўзга ташланишди - Азиз Ғаниев, Шароф Муҳиддинов ва Бобир Абдухолиқов... Одил Ҳамробековни таниганимизга эса анча бўлди. Шунингдек, янги мавсумда Ислом Кенжабоевнинг кашфиётга айланиши кутилмоқда. Яхшигина тезлик ва техникага эга бу йигитни эслаб қолинг.

КЕТГАНЛАР

Ўз ўрнида, жамоа бир қатор етакчилар билан хайрлашганини ҳам айтиш лозим. Бу йилдан эътиборан, «Насаф»да трансфер сиёсати ўзгарди. Клуб йиллар давомида битта таркибни сақлаб туриши билан танилганди. Бироқ энди вазият бошқача. Аввалги мавсумнинг давралар оралиғида Артур Геворкян жамоадан кетганди. Чемпионат якунига етгач эса, Шуҳрат Муҳаммадиев ва Азамат Алланиёзов ҳам «Насаф» билан хайр­лашишди. Муҳими, мураббийлар штаби йўқотишлар ўрнини қоплаганини бемалол айтиш мумкин. Яъни номлари зикр этилган легионерлар ва ёш иқтидорлар кетганлар ўрнини билдирмасликлари лозим. Умуман, «Насаф»да тенг кучли 2та таркиб шакллантирилмоқда. Жамоа учун Шуҳрат Муҳаммадиевнинг «Локомотив»га кетгани анча оғриқлидир, қайсидир маънода. Ҳар ҳолда, бундай савиядаги футболчи ўрнини дарҳол босиш қийин масала. Аммо клуб  ушбу йўқотиш ўрнини тўлдириб улгурди. Яъни «Бунёдкор» шарафини ҳимоя қилиб келган Акмал Шораҳмедов энди фаолиятини «Насаф»да давом эттиради.

ШОРАҲМЕДОВ

Акмал вақтида Ўзбекистон миллий жамоасида етарлича ўйнаган ва катта тажриба тўплаган ҳимоячи ҳисобланади. У 30 ёшни қоралаб қўйган бўлса-да, ўтган мавсум таассуротларига таяниб айтсак, аввалги маҳоратини ҳали йўқотган эмас. Аксинча, йил ўтгани сари кучлироқ ўйин намойиш этяпти. Масалан, аввалги мавсум унинг универсаллик хислатини ҳам кашф этдик. Мавсум «Бунёдкор» учун осон кечмади ва куз ойларига келиб, чап қанот ҳимоясида муаммолар юзага келди. Сергей Лушан барчасини бартараф этиш учун Шораҳмедовни ўнг қанотдан чап томонга ўтказди. Ҳимоячи эса ишончни тўлиқ оқлади - мутлақо янги позицияда талаб даражасида тўп сурди. Бу Акмалнинг айтар сўзлари ҳали кўплигидан далолат. Энди ҳимоячи нималарга қодирлигини «Насаф»да исботласа, ажабмас. Оддий айтганда, «Насаф» кетган футболчи ўрнига ундан кам бўлмаган ўйинчини олди. Шундай экан, бўлғуси учрашувда қаршиликлар таркиб масаласида муаммога дуч келмасалар керак. Муҳими, айни таркибга яраша, ўйин услуби шакллантирилса, бас. Шунда «Насаф» фақат саралаш эмас, гуруҳ босқичида ҳам рақибларига бош оғриғи бўлиши мумкин.

«АЛ-ҲИДД»

Рақибга келсак, бу жамоа ҳақида маълумот беришдан олдин «Насаф»нинг собиқ ҳимоячиси Шоҳруҳ Гадоев фикрига эътибор қаратиш маъқул. Зеро, у маълум муддат Баҳрайн­нинг «Ал-Муҳаррақ» клубида тўп сурди ва «Ал-Ҳидд»ни ҳам билади. «Бу клуб мамлакатнинг амалдаги чемпиони, - дейди Шоҳруҳ Гадоев. - Аввало, «Ал-Ҳидд»нинг қанот ярим ҳимоясини эътироф этиш мумкин. Ушбу позицияда кучли футболчиларга эга эди. Жамоада савияли легионерлар ҳам тўп суришарди. Нигериялик Эфидайо Омасуи ва Уче Агбо қатори БАА вакили Муҳаммад ал Румайҳий ҳам ўйнарди. У анча кучли ҳужумчи ва аввалги мавсум тўпурар бўлганди. Шунингдек, «Ал-Ҳидд» бош мураббийини ҳам алоҳида кўрсатишим жоиз. У халқаро мусобақаларда катта тажриба тўплаган. Дейлик, вақтида ОФК кубогида ғалаба қозонган». Гадоевнинг фикрлари ўлароқ, «Ал-Ҳидд» ҳақида маълум тасаввур туғилди, албатта. Бироқ унинг «Ал-Муҳаррақ» билан хайрлашганига анча бўлди ва шу муддат давомида жамоа таркибида баъзи ўзгаришлар юз берган. Ҳозирда «Ҳидд» таркибида нигериялик футболчилар бор - Эфидайо Омасуи ва Уче Агбо қаторига Окарандут Орок ҳам қўшилган. Осиёлик легионерга ажратилган квота эса иорданиялик Муҳаммад ал Довуд билан тўлдирилган. Шунингдек, «Ал-Ҳидд» ихтиёрида Баҳрайн термасига номзод футболчилар ҳам йўқ эмас. Дейлик, дарвозабон Аббос Аҳмад ва ҳужумчи Абдулваҳоб ал Маълуд. Тўғри, амалдаги чемпион жорий мавсум ўзига сира ўхшамаяпти. Клуб Баҳрайн чемпионатида 9-турдан сўнг атиги 7-ўринда бормоқда. Демак, «Ал-Ҳидд» нисбатан кучсизлангандек...

КИМ КУЧЛИ?

Албатта, ўйин олдидан истаганча фикр билдириш мумкин, аммо «Насаф»нинг рақибга нисбатан анча кучли кўринаётганини бемалол айта оламиз, барибир. Бунинг бир қатор сабаблари бор. Биринчидан, «Насаф» халқаро учрашувлар масаласида катта тажрибага эга. Дейлик, ОЧЛ-2016даги иштироки клубнинг халқаро аренада анча дадиллашганини кўрсатиб берди. Ҳа, қаршиликлар гуруҳда 4-ўринни банд этдилар, аммо «Ал-Айн», «Ал-Жаиш» ва «Ал-Аҳли»дек  бой клублар билан тенгма-тенг ўйнашди. Хусусан, яхшигина бюджетга эга «Ал- Аҳли»нинг Қаршидан мағлубият билан қайтгани «Насаф»нинг тажрибаси ошганидан далолатдир.

Албатта, «Ал-Ҳидд»нинг ҳам ўзига яраша устун томонлари бор. Айни вақт Баҳрайнда кубок ўйинлари давом этмоқда ва рақиб расмий ўйинларда майдонга тушган. «Насаф» эса «ўртоқлик»лар билан банд бўлди. Тушунарлики, расмий баҳслар аҳамияти катта ва «Ҳидд»да жисмоний тайёргарлик масаласида ортиқча муаммо бўлмаслиги мумкин. Жамоа декабрь ойи­да 4та расмий ўйинда майдонга тушди. Тўғри, ички биринчилик дои­расида ҳар 2та учрашувни бой берган бўлса-да, кубок баҳсларида устун келди.

ЎЙИН ОЛДИДАН

Хўш, «Бунёдкор»да бўлиб ўтадиган ўйинда бизни нималар кутиб турибди? Энг аввало, таъкидлаш жоиз, ке­йинги раунд масаласи битта баҳсда ҳал қилинади. Хуллас, ҳаммасига бугуннинг ўзида аниқлик киритилади. «Насаф» учрашувда ташаббусни ўз қўлида ушлаб туриш ва имкон қадар кўпроқ ҳужум ташкил этишга уриниши турган гап. «Ал-Ҳидд» аксинча, ҳимояга эътибор қаратиб, қарши ҳужумлардан фойдаланишга ҳаракат қилса керак. Истардикки, «Насаф» мавсумни ажойиб ғалаба билан бошласин...

Умар БЕК



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz