Қайднома

Қидирув

Майдонда мулоқот машъаласи порласин

Майдонда мулоқот машъаласи порласин

  31.01.2017 04:31
  0
  898
Майдонда мулоқот машъаласи порласин

Бугун «аждарлар» янги мавсум алангасини ёқишади. Қиш қўйнида мухлислар соғинган футбол машъаласи порлайди. Бугун бежиз аланга ва машъаладан сўз очмадик. Зеро, мухлис қалбида ҳамиша футбол алангаси ёниб туради. У ҳеч қачон ўчмайди. Мухлис қайсидир жамоа, мураббий ёки ўйинчидан ўпкалаши мумкин, лекин футболдан аразламайди, юз ўгирмайди зинҳор. Ахир футбол унинг осуда оқшомини ёритади, ҳаяжонга тўлдиради, қиш изғиринини нари суради...

Хориж футболи янги мавсумда юртимизга илк бора «Ал-Ҳидд» тимсолида расмий ташриф буюрмоқда. Ишончимиз комил, «Насаф» Баҳрайн клубини енгишга тайёр. Рўзиқул Бердиев шогирдларининг ўқув-машғулот йиғинлари доирасида ўтказилган назорат учрашувларидаги натижалари мухлисларни қувонтирди. Майли, «ўртоқлик» бўлсада, «Насаф»нинг ғалабалари барчамизга хуш ёқди, барибир. Майдонда тўп сурган футболчи учун аввало, ўйиннинг мақоми эмас, балки ундаги ғалаба муҳим. Нима деб ўйлайсиз, Самвел Бабаян шогирдларининг даниялик ёшлардан мағлубиятга учрашлари, Грузия термаси билан дуранг қайд этишлари мухлисларда алангали ёрқин таассурот уйғотдими? Алангали таассурот қаёқда? Ҳар икки ўйин натижасию, терма жамоамизнинг янги мавсумга тайёргарлик жараёнида кўзга ташланаётган ғалати номувофиқлик мухлислар кўнглини беш баттар музлатиб юборди. Агар мухлис қалбида юқорида таъкидланган футболга муҳаббат алангаси порламаганида, бу музликнинг эриши қийин кечарди. Ҳаттоки, ўйин­чиларнинг ўзлари ҳам бу пойинтар-сойинтар йиғин ва 2та ўйиндан қониқмаган бўлсалар керак. Ҳар ҳолда, бизнинг тасаввуримиз шундай. Албатта, бош мураббийнинг фикри бошқача. У одатдагидек, йиғин натижасини ўз қараши билан баҳоламоқда, изоҳламоқда. Матбуот эса унинг баҳолари ва изоҳларини ёритиш билан овора. Мавжуд воқелик юзасидан аниқ-тиниқ мулоҳаза юритишда бировда ҳад, бошқада имкон йўқ. Натижада минбарда айтилиши зарур бўлган гаплар кўча-кўйда урчимоқда, холос.

Тўғри, мухлисларнинг муносабатисиз футбол ўзига ўхшамайди. Мухлис борки,  кўнглидагини изҳор этиб, яйрайди. Дейлик, дўстим Шарифбой «Ошна, «Барса» номидаги машина бузилиб қолганми? «Бетис»га «беш» кетдим. «Реал»нинг «ука»си ҳам чакки эмас!» - демаса кўнглидаги ғубор аримайди. Шу боис ҳам,  мухлислар билан мулоқотга доимо алоҳида вақт ажратамиз. Уларнинг ранг-баранг мулоҳазалари бизни қолипга тушиб қолишдан сақлайди. Афсуски, мулоҳазалар оловида ҳўлу қуруқ баравар ёнмоқда. Жиддий тарзда муҳокама қилишга муносиб қарашлар гоҳо олди-қочди гап-сўзлар оқимига кўмилиб кетмоқда. Назаримизда, бунинг битта асосий сабаби бор: Самвел Бабаян ўзи учун алоҳида футбол оламини яратишга уринмоқда ва фақат шу олам қонуниятларига суянмоқда. Аксарият мухлислар эса ундан фарқли ўлароқ, ўзгачароқ фикр юритадилар. Қайсидир ишқибоз бош мураббийнинг футбол фалсафасига нисбатан шунчаки, қўл силтаса, бошқаси унга астойдил босим ўтказишга уринади.

Хуллас, мухлислар гарчанд миллий жамоамизни севишсада, мураббийга нисбатан яқинлик сезишмаяпти. Бошқача айтганда, мухлислар бош мураббийдан ҳам, жамоа ўйинларидан ҳам рози эмаслар. Ваҳоланки, мураббий ўзини ҳақ эканлигига ишонади. Аввал ҳам шундай эди, ҳамон ўша вазият ўзгармади. Қоп-қоп ваъдалардан оғзи куйган мухлис эса, ивитилган «қатиқ»ни ичишни истамаяпти. Умуман, миллий жамоамиз мураббийлар штаби ва футболчилардан қуйидаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади: бугун мухлислар армияси турли ваъдалар қуршовида яна бир имконият бой берилишидан хавотирда, навбатдаги узр-маъзурни тинглашдан ташвишда. У ўзининг қалбига узоқ-узоқ қулоқ солмоқда ва ичкаридан «Хавотирланма! ЖЧ-2018 йўлланмаси, албатта, қўлга киритилади!» қабилида қатъий ишонч сўзларини эшитмай, эшитолмай қийналмоқда. Бундан 2 йил муқаддам олимпия термаси олдига Рио-2016 хусусида қатъий вазифалар белгиланганида, мухлис қалби шодликка тўлганди. Таассуфки, ўша вазифалар бажарилмади. Ачинарлиси, нима сабабдан бажарилмагани суриштирилмади. Мухлис хавотирининг сабаби шу. Мураббийларнинг хатолари зукко мухлисларга жуда яхши маълум. Мухлислар назарида аввал йўл қўйилган хатолар ҳали-ҳамон такрорланмоқда, ҳали-ҳамон уларни бартараф этиш йўллари қидирилмоқда.

Хўш, 2 йил давомида тузатилмаган хатолар 2 ой ичида бартараф этилиши мумкинми? Олдинроқ бу саволга «бе, бу хомхаёл!» деб жавоб қайтариларди. Ҳозир вазият бош­қача. Дунё тез ўзгармоқда. Энди «Тошбақа учадими?» деган саволга «Йўқ!» дея дангал жавоб берадиганлар анча кам. Янгиликлар залворидан довдираган одам беихтиёр «Билмадим. Балки қайсидир тури учар!» деб жавоб қайтариши ҳам ҳеч гап эмас. Шу маънода «Миллий жамоамиз ўйин услуби кейинги 2 ой ичида мутлақо ўзгариб кетади ва футболчиларимиз рақибларни довдиратиб қўйишади!» қабилидаги хулосани рад этишдан ожизмиз. Қандай йўл билан ўзгариши эса барчамизга қоронғу. Буни Бабаян билади. Балки билмас...

Кўриниб турибдики, мулоҳаза жараёнида маром йўқ, мувозанат йўқ. Келинг, футбол муҳитимиз шундай иккиланиш ичра яшаётганини эътироф этайлик. Очиқ-ошкора тан олайлик, ўзимизни алдамайлик. Президент Шавкат Мирзиёев Хоразмга сафари чоғи «Халққа рост сўзлайлик! Халқни алдамайлик. Шунда ўзаро ишонч мустаҳкамланади ва мақсадга тезроқ эришамиз», деган мазмундаги ёниқ ва ёруғ сўзларни айтди. Бу сўзлар сизу-бизга нақадар яқин. Яна қайта такрорлаймиз, футболимиз ҳам шу каби таъсирчан мулоқотга муҳтож. «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да мухлисларни тинглаш ва уларнинг манфаатлари хусусида қай­ғуриш - энг муҳим вазифалардан бири. Мухлисларни ўзига яқин тутган мураббий бошқа ҳамкасбларига нисбатан ғалаба манзилига тезроқ боради. Гарчи «Реал» Испания кубоги учун курашдан четда қолган бўлсада, Мадрид клуби мухлислари Зиданни яхши кўришади, барибир. Чунки Зизу зимдан иш тутмайди. Ҳар доим мухлисларга бор гапни сўзлайди. Қаранг, «Ливерпул»нинг шунча депсинишидан кейин ҳам, мухлислар Клоппни қўллашмоқда. Улар билишади ва ишонишадики, Клопп кучли мураббий ва ўз сўзини айтишга қодир. Самвел Бабаянга нисбатан ҳам шундай муносабат шакллланса, қандай яхши! Яхши бўлсин! Биз бу хусусда яна бир бора ёзиб, ўзимиз ҳис қилган миссияни бажардик. Қолган барчаси вақт ҳукмига ҳавола. Ҳозирги нақд вазифамиз эса, «Насаф»ни қўллаб-қувватлашдан иборат. «Аждарлар» ёқажак мулоқот ва ғалаба машъаласи мухлислар қалбини ёритсин!

Муҳаммад Вали



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz