Қайднома

Қидирув

Йеличич осиёлик легионер ўрнини номига тўлдирмайди

Йеличич осиёлик легионер ўрнини номига тўлдирмайди

  01.02.2017 04:20
  0
  1237
Йеличич осиёлик легионер ўрнини номига тўлдирмайди

Тошкентнинг «Локомотив» клуби кеча Анталия шаҳрида ҳисоб бўйича иккинчи хориж йиғинини бошлади. Ўзбекистон чемпиони шу орқали ОЧЛ-2017 гуруҳ босқичига тайёргарлик кўради. Йиғин доирасида камида 4та ўртоқлик учрашуви ташкиллаш режалаштирилган. Рақиблар орасида Россия, Сербия каби мамлакатлар олий лигаси клублари борлиги айтилмоқда. Шунингдек, яна бир хорижлик футболчининг кўрикдан ўтиши кутиляпти. У осиёлик легионерга ажратилган жойни тўлдириши мумкин. Биз сафар олдидан «Локомотив» устози Мирко Йеличичдан эксклюзив интервью олдик. Шуни айтиш керакки, австралиялик мутахассис 2016 йил якунларига кўра, «ИнтерФутбол» томонидан энг яхши мураббий сифатида эътироф этилганди. Хуллас, суҳбатдошимизга аввалига газетамизнинг махсус совринини топширдик, кейин асосий масалага ўтдик.

- Мирко, аввало, сизни газетамиз ўқувчилари номидан 2016 йилнинг энг яхши мураббийи, деб топилганингиз билан табриклаймиз.    

- Раҳмат. Албатта, бундай эътироф ўзим ва жамоамга қўшимча масъулият юклайди. Олдимизда жуда мураккаб кечиши кутилаётган мавсум турибди. Зеро, чемпион бўлишдан кўра, унвонни ҳимоя қилиш қийин. Бу гап бежиз айтилмаган.

- Келинг, суҳбатимизни аввалги мавсум якунлари хусусида бошласак. Чемпионат жамоангиз учун нечоғли оғир кечди?

- Якундаги очколар тафовутига қараб ҳам, бу саволга муносиб жавоб олишимиз мумкин. Дарҳақиқатан, мавсум енгил ўтгани йўқ. Ахир клубимиз бир йўла 3та мусобақада иштирок этди. Боз устига, уларнинг барчасида олдимизга фақат олий мақсад ва вазифалар қўйилганди. Бу ҳолат масъулиятни ошириш баробарида вазиятни мураккаблаштирди. Дейлик, дам олиш учун умуман фурсат бўлмади. Ҳар 4 кунда ўйин ўтказишимизга тўғри келди. Табиийки, футболчилар катта жисмоний куч сарфлашди. Қайсидир паллаларда чарчоқ аломатлари ҳам сезилди. Айниқса, ОЧЛ чорак финали доирасида «Ал-Айн»га қарши кечган баҳсларда ҳорғинлик яққол кўзга ташланди. Шунга қарамай, йил якунида «олтин дубль» қайд этдик. Қувонарлиси, «Локомотив» ўз тарихида илк марта Ўзбекистон чемпиони бўлди. Қолаверса, мамлакат кубоги ҳам қўлга киритилди. Шу ютуқлар ўлароқ, барча чарчоқлар беихтиёр тарқаб кетди, гўё. Аввалги мавсумга умумий таъриф берсам, барчаси шахсан менга маъқул келди. Биринчи галда, медаллар учун курашадиган клублар сони ортганини айтиш керак. Камида 5-6та жамоа кучли учликка киришга ҳаракат қилдики, бу қувонарли ҳолат. Шунингдек, аутсайдерлар ўртасидаги кураш ҳам қизғин тус олди. 

- Чемпионат якунланишига 2та тур қолганида, асосий таъқибчи - «Бун­ёдкор» ўз майдонида «Навбаҳор» билан дуранг ўйнади. Бу қайсидир маънода сизлар учун кутилмаган совға бўлди.

- Биласизми, чемпионат финишида кўплаб жамоалар очкога сув ва ҳаводек эҳтиёж сезишади ва кутилмаган натижалар кўпроқ учрайди. Бу биргина Ўзбекистон эмас, балки Европанинг кучли чемпионатларида ҳам кузатиладиган ҳолат. «Бунёдкор» худди шундай қисматга дуч келди. Ҳа, бундай натижани кутмаган ва чемпионлик тақдири сўнгги турда ҳал этилишини ўйлагандик. Хуллас, омад ҳам қўл келганини тан оламан. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам, сўнгги дақиқаларгача курашдик ва меҳнатларимиз самарасини якунда кўрдик.

- Ўтган мавсумни чемпион сифатида бошлаган «Пахтакор» эса 5-ўрин билан кифояланди. Жамоа­нинг бундай омадсиз иштироки сизни ҳайратлантирмадими?

- «Пахтакор» қандай ҳолатда бўлмасин, кучли жамоаларга қарши шиддатли кураш тақдим этади, барибир. Бунга бизга қарши ўйинлари тасдиқ. Лекин «Пахтакор»да сезиларли пасайиш кузатилди. Бунақаси ҳар қандай жамоа қисматида бор. Билишимча, ўйинларининг ўхшамаганида етарли сабаблар бор эди. Биринчи навбатда, бир гуруҳ етакчи футболчилар жамоадан кетишди. Иккинчидан, «Пахтакор»га жароҳатлар ҳам панд берди. Дейлик, Жамшид Искандеров ва Шерзод Каримов анча вақт сафдан четда қолишди. Зеро, иккиси ҳам асосий таркибда муҳим ўрин тутарди. Хуллас, мавсум кашфиётларидан бирига айланган Жалолиддин Машарипов олдинги чизиқда ёлғизланиб қолди. Шунга қарамай, «Пахтакор» биз учун асосий рақиб мақомида қолаверди. Зеро, клуб шу ҳолатида ҳам сифатли ўйин намойиш этди. Умуман, 5-6 йилдан буён «Пахтакор»нинг таркибида катта ўзгаришлар кузатилмаяпти. Яъни футболчилар ўзаро тушуниб ҳаракат қилишади. Кейин тан олиш жоиз, «Пахтакор» ғоят аҳил жамоа.

- Мавсум давомида «Локомо­тив»да ҳам пасайиш ҳолатлари сезилди. Бу фақат чарчоқ аломатлари билан боғлиқмиди ёки бошқа сабаблари ҳам бор?

- Кутилмаган натижалар «Барселона» ва «Реал»дек грандларни ҳам четлаб ўтмайди. Бунга кўплаб мисолларни келтиришим мумкин. Бизда ҳам худди шундай ҳолат кузатилди. Дейлик, «Нефтчи» билан ўйинда кутилмаганда очко йўқотдик. Олдиндан бирор нарса дейиш қийин. Чунки мавсумга тайёргарлик жараёнида маълум бир жамоани кўзламаймиз. Аксинча, бутун чемпионат масофасини ўйлаган ҳолда, шуғулланамиз. Шу боис, футболдаги баъзи кутилмаган натижалардан катта фожиа ясамайман. Айниқса, сўнгги пайтлар «сюрприз» ҳисоблар футболнинг ажралмас қисмига айланиб қолди.

- «Локомотив» вакилларидан таш­қари, мавсум кашфиётига айланган 3 нафар футболчини айта оласизми?

- Бундайлар кўп. Масалан, «Бунёдкор»даги Шомуродов ва Бульят, «Пахтакор»даги Шерзод Каримовни алоҳида кўрсатишим мумкин. Шерзод жароҳатга йўлиқишидан олдин ғоят ёрқин таассурот қолдираётганди. Лекин сафдан чиқиб, муҳим паллада жамоасига ёрдам беролмади. «Насаф»дан ҳам  2-3 нафар футболчини элит рўйхатга қўшиш мумкин. Умуман, бу клуб таркибида ҳар йили янги истеъдодлар қўзга ташланишмоқда.

- Шундайлардан бири - Шуҳрат Муҳаммадиев «Локомотив» сафига қўшилди...

- Бу йигитнинг хатти-ҳаракатлари шахсан менга маъқул келди. Унинг ўз устида астойдил ишлашини қадрлайман. Биласиз, футбол тобора тезлашиб боряпти. Майдонда тезкор фикрлайдиган, тезроқ қарор чиқарадиган футболчиларга талаб ошмоқда. Кўрасиз, яна 5-10 йилдан кейин футбол умуман бошқача кўринишга келади. Яъни жисмонан кучли футболчилар кўпроқ муваффақият қозонадилар. Шуҳратда шундай хислатлар мужассам. Хуллас, у жисмонан бақувват ва ҳужумга қўшилишда тез фикрлайди.

- Фаолиятингиз давомида асосан жисмоний тайёргарликка масъул бўлиб келгансиз. Шундан келиб чиқиб айтингчи, «Локомотив» футболчиларининг бугунги жисмоний ҳолати талаб даражасидами?

- Ҳа, 25 йилдан буён шу йўналишда ишлаяпман. Нафақат футбол, балки бошқа  спорт турларида ҳам жисмоний тайёргарлик биринчи ўринда туради. Ўзи бир нарсага ҳайрон қоламан. ФИФА ва ОФК томонидан жисмоний тайёргарликка қаратилган 1, нари борса, 2 ҳафталик ўқув-курслари ташкил этилади. Ваҳоланки, жисмоний тайёргарлик қандайдир ҳафталарни ўзи ичига олмайди. Очиқ айтаман, Ўзбекистон клубларида жисмоний тайёргарликка тўлақонли эътибор қаратилмайди. Қаратилган тақдирда ҳам, жараён охиригача олиб борилмайди. Бевосита «Локо» футболчиларига келсак, ҳали 100 фоиз тайёр эмасмиз. Олдинда Туркия йиғини бор. Бўлажак машғулотларда ҳам айнан жисмоний тайёргарликка катта урғу берамиз. БААдаги илк ўқув-машғулотларда бор эътибор жисмоний ҳолатга қаратилганди. Шу боис, 2тагина ўртоқлик учрашуви билан чекландик.

- Шу ўринда «Зенит»га қарши кечган ўйинга алоҳида тўхталсангиз...

- Аслида футболчилар 2та баҳсда ҳам ижобий таассурот уйғотишди. Мураббий сифатида бу ўйинлардан кўзлаган мақсадим жамоавий ўйинни янада шакллантириш эди. Чунки таркибимизга янги футболчилар қўшилишган. Биласиз, «Зенит»га ортиқча таъриф бериш шарт эмас - Европанинг кўзга кўринган жамоаси. Аммо бошқа томондан, Мирча Луческу ҳам натижани биринчи ўринга қўймаганди. Дейлик, рақибда ҳам, бизда ҳам кўплаб футболчилар алмаштирилди. Қолаверса, турли тактикаларни амалда синаб кўрдик. Умумий олганда, икки ўйиндан ҳам кўнглим тўлди.

- Туркия йиғини доирасида ўтказиладиган ўртоқлик учрашувлари учун спарринг-рақиблар танландими?

- Анталияда 4та ўртоқлик учрашувида майдонга тушишни режалаштирганмиз. Россия ва Сербия жамоа­лари билан ўйнашимиз эҳтимоли катта.

- Мавсумлар оралиғида жамоа 6 нафар футболчи билан хайрлашди. Бу «Локо» учун катта йўқотиш эмасми?

- Албатта, йўқотиш кўлами кенг. Айниқса, чемпион жамоа асосий таркибнинг шунча вакилидан айрилса, йўқотиш янада катта кўринади. Сервер Жепаров, Темурхўжа Абдухолиқов ва Санжар Шоаҳмедов жамоамизда муҳим ўрин тутишгани барчага маълум. Бошқа томондан, футболчиларни мажбуран олиб қолишдан маъно йўқ. Уларнинг ҳам ўз режалари бор. Шу сабаб, келишган ҳолда, яхшиликча хайрлашдик. Албатта, уларга келгуси фаолиятларида омад тилайман.

- Янги футболчилар кетганлар ўрнини боса олишадими?

- Бу масалада 100 фоиз ишонч билан гапиришга ҳали эрта. Янги йигитлар секин-аста услубимизга мослашяптилар. Лекин вақт керак. Ҳали ўрганадиган жиҳатлари етарли. Муҳими, жисмоний тайёргарликлари ёмон эмас.

- Жамоангиз Ўзбекистон чемпиони сифатида ОЧЛда курашни гуруҳ босқичидан бошлайди. Хўш, рақиблар ўрганиляптими, бу борада умумий фикрингиз қандай?

- Тушунарлики, гуруҳимиз анча мураккаб. ОЧЛда кучсиз рақибнинг ўзи йўқ. Ҳар бир иштирокчи ўз олдига катта вазифаларни қўйган. Бош­қа томондан қараганда, араб жамоалари бир-бирига ўхшаш. Яъни улар асосан легионерлар ҳисобига кучли. Эътибор берганмисиз, араб мамлакатлари чемпионатларида деярли ҳар йили чемпион ўзгаради. Бу нима билан боғлиқ? Легионерлар битта жамоада муқим ўйнашмайди. Қайси жамоа кўпроқ пул таклиф қилса, унинг сафига ўтиб кетаверишади. Биздаги ҳолат эса бошқача. Хусусан, легионерларга кўп пул беролмаймиз. Шу сабаб, ОЧЛ даражасидаги ўйинчиларни таклиф этишда қийналамиз. Оддий айтганда, салоҳияти бор футболчиларни сафимизга қўшиб олиш билан кифояланамиз.

- Олдинроқ австралиялик футболчининг жамоага қўлишиши ҳақида гап-сўзлар тарқалганди. Унинг тақдирига ойдинлик киритилдими?

- Митрович БААдаги йиғинимизда иштирок этди. Ўйинларда ҳам синаб кўрдик. Лекин маҳаллий футболчилардан кучли эмаслиги яққол кўзга ташланди. Шу сабаб, асли сербиялик бўлган футболчига жавоб бердик.

- «Локомотив»да осиёлик легио­нер ўрни ҳамон бўш турибди. Хорижликлар лимитидан тўлиқ фойдаланиш ниятингиз борми?

- Агар талабимизга жавоб берадиган футболчи топсак, бажонидил уни сафга қўшамиз. Лекин бу ўринни номигагина тўлдиришни сира хоҳламайман.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz