Қайднома

Қидирув

Оқ йўл сизга, «қалдирғочлар»!

Оқ йўл сизга, «қалдирғочлар»!

  01.02.2017 06:27
  0
  940
Оқ йўл сизга, «қалдирғочлар»!

Маълумки, «Бунёдкор» 7 февраль куни ОЧЛ-2017 гуруҳ босқичи йўлланмаси учун «плей-офф» ўйинида Қатарнинг «Ал-Жаиш» клубига қарши сафар учрашувини ўтказади. Айни сабаб туфайли «қалдирғочлар» кеча БААнинг Абу-Даби шаҳрига жўнаб кетишди. Амирликлар пойтахтида кечадиган бир ҳафталик ўқув-машғулотлар йиғинидан сўнг Сергей Лушан жамоаси Доха шаҳрига йўл олади. Мазкур «плей-офф» биттагина ўйиндан иборат бўлгани учун беллашувга қизиқиш жуда юқори, десак асло янглишмаймиз.

Табиийки, бундай муҳим ўйинлар арафасида энг аввало, жамоа аъзоларининг руҳий тайёргарлигига эътибор қаратиш зарур. Шу боис, сафар олдидан «Бунёдкор» стадиони тантаналар залида махсус тадбир ўтказилди.

Маросим асосан икки қисмдан иборат бўлди ва унинг биринчи қисмида «Бунёдкор» клуби раҳбарияти, ҳомийлар сўзга чиқиб, мавсум якунлари ҳамда янги йил учун мўлжалланган режаларга тўхталиб ўтишди. Шундан сўнг «Бунёдкор» жамоасининг асосий таркибига ўтган мавсумда қўлга киритилган кумуш медаллар тантанали равишда тақдим этилди. Таъкидлаш лозим, футболчиларга медалларни Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори Фарҳод Магометовнинг шахсан ўзи топширди.

- Фурсатдан фойдаланиб, «Бунёдкор» клубига ОЧЛнинг «плей-офф» ўйинида омад ёр бўлишини тилайман. Гуруҳ босқичидаги жамоаларимиз қанча кўп бўлса, бу биз учун шунча яхши. Ўтган йили жамоа кумуш медалларни қўлга киритганди. Ана шу «кумуш»ни янги мавсумда «олтин»га айлантиришингизни тилайман. Шунингдек, Ёшлар лигасида чемпион бўлган жамоангизни ҳам табриклайман. Бу жамоа таркибидаги истеъдодли футболчилар нафақат «Бунёдкор»нинг, балки ўзбек футболининг ҳам эртаси ва келажагидир, - деди ПФЛ директори.    

Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг беш карра чемпионлари (2008, 2009, 2010, 2011, 2013) ўз ҳисобларига учинчи (2007, 2012, 2016) кумуш медалларни қўшиб қўйишди. Эслатиб ўтиш жоиз, «Бунёдкор» ўтган мавсум олий лигада 30 учрашувнинг 18тасида ғалаба, 9тасида дуранг ва 3тасида мағлубият қайд этди. Умумий ҳисобда 63 очко жамғарилди. «Бун­ёдкор» либосида майдонга тушган энг ёш футболчи Достонбек Ҳамдамов (24.07.1996), аксинча, ёши энг улуғ футболчи Виктор Карпенко (07.09.1977) бўлди. Жамоанинг ўртача ёши роппа-роса 25 ёшни ташкил этди. Бу эса «Бунёдкор» жамоасида асосий эътибор ёшларга қаратилишининг яна бир тасдиғидир. Шунингдек, ортда қолган чемпионатда «Бунёдкор» ўз дарвозасидан энг кам гол ўтказган жамоа сифатида тарихда қолди. Жами 30та учрашувда қалдирғочлар ўз дарвозаларидан 13та гол ўтказиб юборишди: уйда 5, сафарда 8та. Эътиборлиси, олий лигадаги 30та учрашувнинг 20тасида рақиблар «Бунёдкор» дарвозасига йўл топа олмадилар.

Тадбир давомида Ёшлар лигасида қаторасига иккинчи йил ҳам Ўзбекистон чемпиони бўлган «Бунёдкор» ўринбосарларига олтин медаллар топширилди. Чунончи, Ҳикмат Эргашев шогирдлари чемпионат якунланишига 4 тур қолган пайтдаёқ муддатидан аввал чемпионликни нақд қилишганди.

Маросимнинг иккинчи қисмида мавсумлар оралиғида «Бунёдкор» сафига келиб қўшилган янги футболчилар жамоатчиликка расман таништирилди. Таъкидлаш лозим, «қалдирғочлар» янги мавсум арафасида 4 нафар янги футболчини қўшиб олишди. Яъни «Қизилқум»нинг собиқ футболчиси Нодирхон Камолов, ўтган йили «Бухоро» шарафини ҳимоя қилган Алишер Саноев ва Вадим Чемиртан «Бунёдкор» аъзосига айланишди. Шунингдек, ҳозирча ягона легионер бўлиб турган сербиялик Душан Мичич ҳам 2017 йилги мавсумни «Бунёдкор» сафида бошлаши маълум қилинди. Футболчилар оммага таништирилгач, клуб бош директори Бахтиёр Бобоев анъанага кўра, янги футболчиларга ўз либосларини топширди. Унга кўра, Нодирхон Камоловга 23, Алишер Саноевга 16, Вадим Чемиртанга 11, Душан Мичичга 7-рақамли футболкалар топширилди.

Эътиборга молик жиҳати шундаки, тадбир чоғида «Интерфутбол» газетаси томонидан ўтказилган сўровнинг «Энг кўп эътироф этилган футболчи» номинациясида ғолиб бўлган «Бунёд­кор»нинг ҳужумкор ярим ҳимоячиси Элдор Шомуродовга ҳам алоҳида мукофот тантанали равишда топширилди. Ўтган мавсумда «Бун­ёдкор» тўпурари бўлган, мавсум кашфиётларидан бири сифатида эътироф этилган Элдор рақиблар дарвозасини 10 маротаба аниқ ишғол қилди.

- Бу мукофотни «Бунёдкор» учун берилган соврин сифатида қабул қиламан. Жамоадошларимнинг ёрдамисиз мен бундай муваффақиятга эриша олмасдим. Фурсатдан фойдаланиб, «ИнтерФутбол» газетаси ходимлари ва ўқувчиларига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Барчанинг ишончини оқлашга астойдил ҳаракат қиламан, - деди Э.Шомуродов.

Камолиддин АЛИМОВ



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz