Қайднома

Қидирув

Бекор қилиш бунча осон-а?!

Бекор қилиш бунча осон-а?!

  01.02.2017 16:12
  0
  1856
Бекор қилиш бунча осон-а?!

Ўзбекистон миллий жамоасининг яна бир ўйини қолдирилди. Йўқ, қолдирилмади, бекор қилинди. Ҳар бир нарсани ўз номи билан аташ керак. Қолдирилган ўйин кейинроқ, яъни бошқа муддатда бўлиб ўтади. Арма-нистон термаси билан учрашув эса энди ўтказилмаса керак. Аммо биз бундан кўп ҳайратланганимиз, «шок»ка тушганимиз йўқ. Нега? Чунки ўрганиб қолганмиз. Бош жамоамиз ўйинлари аввал ҳам бекор қилинган, ҳозир ҳам шу ҳолат давом этмоқда.

Арманистон термаси нима бўлибди, биз анча кучлироқ жамоалар билан ўртоқлик ўйинлари бекор қилинганини кўрганмиз. Ўз вақтида Туркия ва Экваториал Гвинея термаларига қарши ҳам ўйнай олмаганмиз. У ёғини сўрасангиз, бундай жамоалар кўп топилади. Уларнинг орасида ҳаттоки, Қирғизистон термаси ҳам бор. Шу вақтга қадар бизга рад жавобини бера олмайдиган биттагина жамоани кўрдик, у ҳам бўлса - Иордания. Айтишларича, бекор қилинган ўйинларни йиғиб чиқиб, ФИФА рейтинги тузилса, Ўзбекистон миллий жамоаси биринчи ўринни оларкан. Афсуски, бу борада ҳеч қандай статистик тадқиқот ишлари олиб борилмаган.

Аммо таъкидлаш жоиз, барибир, Туркия ва Экваториал Гвинеяга қарши баҳсларнинг қолдирилиши биз учун анча катта йўқотиш. Бу билан Арманистон термасини камситиш фикридан йироқмиз. Гарчи ушбу жамоанинг савияси Туркия ва Экваториал Гвинеяникидан пастроқ турса-да, гап буткул бошқа томонда. Бизга энг алам қиладигани, ўша учрашувлар Тошкентда ўтказилиши лозим эди. Мухлислар туркларнинг ўйинини бевосита стадионда томоша қилишга интиқ бўлиб тургандилар. Шунингдек, Африка вакили билан баҳс ҳам пойтахтимизда ўтиши ва Ўзбекистон миллий жамоасининг асл кучини белгилаб бериши лозим эди. Бироқ яна ўша Терма жамоалар маркази туфайли учрашувлар ўтказилмай қолди.

Хуллас, биз аллақачон бундай «бекор қилишлар»га кўникиб бўлганмиз. Шунчаки, Арманистон терма жамоаси ҳам ўшалар қаторига қўшилди, холос. Бўлар иш бўлди, бундан фожиа ясамаймиз. Ўйин 3000 километр узоқда ўтказилгач, бирор мухлис бориб томоша қилишининг иложи йўқ экан, ачинмай қўяверамиз. Трансляция ҳақида-ку, умуман индамаган маъқул. Қисқаси, ўйин бекор қилинди нима-ю, ўтказилди нима, барибир эмасми?

Терма жамоалар маркази ташкил топибдики, ҳар доим диққатимиз марказида. Афсуски, бу эътиборга ижобий эмас, балки кўпроқ салбий жиҳатлар сабаб бўлаётгани ҳам айни ҳақиқат. Шу вақтга қадар ТЖМни кўпчилик танқид қилди, аммо кимдир раҳмат айтганини эслай олмаймиз. Айниқса, мана шу ўртоқлик ўйинлари бекор қилинишидан кўпчилик зада. Ҳар сафар қайсидир учрашув ўтказилмай қолгач, кўпдан-кўп танқидлар янграйди. Аммо бунинг натижасида қайсидир муаммо ҳал бўлиб қолганини кўрмадик. Терма жамоалар маркази ташкил топибдики, ўша гап, ўша сўз.

Ўз-ўзидан савол туғилади - бундай ташкилотдан бизга нима наф? Марказ ташкил этилганда унинг олдига вазифа ва мақсад сифатида юртимизнинг барча ёшдаги термалари тайёргарлиги учун шароитлар яратиб бериш қўйилганди. Аммо кўриб турибмизки, кўзланган мақсадга эришилмади. Ўзбекистон миллий жамоаси жаҳон чемпионатига чиқа олмади, Марказ иши эса ҳар доим танқидларга сабаб бўлди. Шу вақтга қадар Тошкентга жаҳоннинг кўзга кўринган бирорта термаси келмади. Ваҳоланки, ЎФФ раҳбарияти бош жамоамиз тайёргарлиги учун ҳар қандай маблағни етказиб беришга тайёрлигини бир неча бор таъкидлаганига қарамай, ўртоқлик ўйинлари кетма-кет бекор қилинмоқда.

Модомики, шундай экан, балки терма жамоалар марказида жиддий ўзгаришлар қилиш вақти келгандир? Ахир ўртада миллий жамоамиз тақдири ётибди. Термамиз жаҳон чемпионатида кучли рақибларга қарши тўп суриб, шу тариқа юртимиз довруғини оламга ёйиши, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти олдидаги нуфузини янада оширишга хизмат қилиши даркор. Зарур шарт-шароитлар яратилган, фақат ушбу имкониятлардан унумли фойдаланилса бўлгани. Бунинг учун, энг аввало, режага киритилган учрашувлар, айниқса, Тошкентда ўтиши белгиланган баҳсларнинг ўтказилишини таъминлаш даркор. Хуллас, «бекор қилиш»га барҳам берилиши шарт.

ЎЗБЕКИСТОН ТЕРМАСИНИНГ ОХИРГИ ВАҚТЛАРДА БЕКОР ҚИЛИНГАН ЎЙИНЛАРИ

Сана

Рақиб

2013 йил 14 август

Туркия

2016 йил 9 февраль

Молдова

2016 йил 2 июнь

Қирғизистон

2016 йил 2 июнь

Экваториал Гвинея

2016 йил 13 июль

«Яблонец» (Чехия)

2017 йил 12 февраль

Арманистон

АБДУЛЛОҲ



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz