Қайднома

Қидирув

"Бухоро": Агамуродовга хусуматимиз йўқ...

"Бухоро": Агамуродовга хусуматимиз йўқ...

  01.02.2017 20:14
  0
  578

«Бухоро» футбол клуби ўтган йилги миллий футбол мавсумининг сенсацияларидан бири бўлди — бир йил аввал базўр Олий Лигада жон сақлаб қолган жамоа 2016 йил давомида Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун кураш олиб борди (лекин йўлланмани қўлга кирита олгани йўқ).

Жамоа бундай муваффақиятга ўз-ўзидан эришгани йўқ — 2016 йилги мавсум олдидан клубга бир қатор таниқли футболчилар жалб этилди, бундан аввалроқ, 2015 йилнинг иккинчи даврасида клуб мураббийлар штабида бунгача «Пахтакор», «Локомотив», «Динамо», «Шўртан» клубларида ишлаган туркманистонлик мутахассис — Тачмурод Агамуродов иш бошлаган эди.

23 январь куни нафақат Тачмурод Агамуродов, балки клубнинг бутун мураббийлар штаби истеъфога чиқарилди. Бу вақтгача жамоа етакчисига айланиб улгурган бир қатор футболчилар клубни тарк этиб улгурган эди. Бу хабарлар «Бухоро»даги «футбол эртаги» якунига етди, деган таассурот уйғотмай қўймасди.

Айни вақтда, ижтимоий тармоқлар жараён билан боғлиқ бошқа бир тасодифий ҳолатга ҳам эътибор қаратган — Бухоронинг янги ҳокими 2008 йили Самарқанд вилоятига раҳбар бўлиб келгач, ўша вақтда «Динамо»да ишлаётган Агамуродов бир ойдан сўнг истеъфо берган; бу сафар шу ҳолат Бухорода такрорланди.

«Бухоро» раҳбарияти клуб атрофида пайдо бўлаётган «асоссиз гап-сўзлар»нинг олдини олиш мақсадида, «Дарё» интернет-нашрига мурожаат йўллади. Унда Агамуродов ҳам аъзоси бўлган мураббийлар штабининг истеъфога чиқарилиши сабаблари, шунингдек, клубнинг янги ривожланиш стратегияси ҳақида сўз боради.

Аксарият мухлисларда чемпионатда 4-ўринни эгаллаган жамоа мураббийлар штаби нега ишдан четлатилди, деган савол туғилиши мумкин.

Биринчидан, ҳар қандай мутахассис ишга қабул қилинганда унинг олдига маълум талаблар қўйилади. Мутахассис ҳам мавжуд талабларни амалга ошириш учун ўз шартларини ўртага ташлайди.

2016 йилги мавсум аввалида жамоа мураббийлар штаби олдига Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилди. Бу борада жамоага барча шароитлар яратиб берилди. Мураббийлар талабига асосан юлдуз футболчилар таркибга жалб этилди. Аммо натижа-чи?! Мавсум якунига кўра жамоа ОЧЛ йўлланмасини қўлга кирита олмади. Мазкур ҳолатнинг ўзиёқ мураббийлар штаби раҳбариятнинг талабини қондира олмаганлиги ҳамда истеъфога лойиқлигини кўрсатади.

Иккинчидан, 2016 йилги мавсумдаги «Бухоро» футбол клуби бюджети Олий Лигада фаолият юритаётган клублар ўртасида 2-ўринни эгаллаган. Аммо турнир жадвалидаги якуний поғона — 4-ўрин.

Бу ҳолат клуб раҳбарияти томонидан пулларни беҳуда совуриш, керак бўлса, талон-торож қилиш сифатида баҳоланди.

«Бухоро» ПФК мурожаатидан

«Бухоро» раҳбариятининг қайд этишича, клуб ўз ривожланиш стратегиясини қайта кўриб чиққан ва энди асосий эътибор ёшларга қаратилади.

Эндиликда фақатгина катта маблағ, баланд маош эвазига жамоадан жамоага кўчиб юрувчи «юлдуз» ўйинчилар билан натижага эришиб бўлмаслигини англаган клуб раҳбарияти ўз ривожланиш стратегиясини ўзгартириб, маҳаллий ёшлар эвазига босқичма-босқич тараққиёт йўлини танлади.

Жамоада бухоролик футболчилар орасида ким мунтазам ўйин амалиётига эга бўлди? Фақатгина Шавкат Саломов ва қисман Жасур Ҳасанов. Суҳроб Неъматов захирадан майдонга тушди; Бобир Амонов, Жамолиддин Убайдуллаев, Нозим Умуров сингари футболчилар эса, бир-икки ўйинни айтмаса, захира ўриндиғини «иситди». Жамоага ўринбосарлар таркибидан ҳеч ким жалб этилмади.

Негаки, асосий эътибор фақатгина «ёлланма» футболчилар эвазига натижага эришишга қаратилиб, ёшлар билан ишлаш унутилди. Оқибатда эса жамоа келажаги хавф остида қолди. Шу боис айни пайтда вилоятдаги айрим мухлислар жамоанинг кейинги йилдаги иштирокидан хавотир олмоқда. Агар клуб мураббийлар штаби ўз вақтида ёшлар билан ишлашга ҳам эътибор қаратганида, бугун мазкур хавотирларга ўрин қолмасди.

Шу боис, айни пайтда вилоятда футболни маҳаллий ёшлар ҳисобига кучайтиришга эътибор қаратилди. Маблағ ҳам ана шу мақсадга йўналтирилди. Табиийки, бундай вазиятда катта маошга ўрганган футболчилар ўз хоҳишига кўра жамоани тарк этади.

«Бухоро» ПФК мурожаатидан

Клуб мурожаатида алоҳида қайд этилишича, Тачмурод Агамуродовнинг истеъфоси билан вилоятга янги ҳоким тайинлануви ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқ.

Хулоса қилиб айтганда, Тачмурод Агамуродовнинг истеъфоси вилоят ҳокими шахсий муносабати билан эмас, балки соҳада тартиб ўрнатиш мақсадида амалга оширилди. Истеъфонинг асосий сабаби — аввало белгиланган натижага эришилмаганлиги, қолаверса, жамоа ўйинини бир марталик таркиб ҳисобига тузиб, унинг келажагига эътибор қаратилмаганлигида. Бу ҳолатдан эса раҳбарият қониқмасдан, уни истеъфога чиқарди.

«Бухоро» ПФК мурожаатидан

Аввалроқ «Бухоро» футбол клубига Бухоро футболи тарбияланувчиси Улуғбек Бақоев бош мураббий этиб тайинлангани ҳақида хабар берилган эди. Унга Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Вадим Абрамов маълум муддат ёрдам беради.

Манба: daryo.uz



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz