Қайднома

Қидирув

Ўттиз иккилик

Ўттиз иккилик

  02.02.2017 04:29
  0
  707
Ўттиз иккилик

Жаҳон чемпионатида иштирок этадиган жамоалар сони оширилди. Бу энди амалга ошиб бўлган факт. Қандайдир воқеалар бўлиб кетиб, ФИФА раҳбарияти яна ўзгармаса, 2026 йилги жаҳон чемпонатида 48та жамоа иштирок этиши лозим. Ҳозир бу яхшими ёки ёмон, кўп бош қотирмоқчи эмасмиз. Ҳаммаси ФИФА раҳбариятининг виждонига ҳавола. Ташкилот президенти Жанни Инфантинонинг айтишича, Европа чемпионатида иштирокчилар сони оширилгандан сўнг мусобақа қизиқарлироқ ўта бошлаган экан. Бу гапни шунчаки маълумот ўрнида келтириб ўтдик. У қай даражада мантиққа тўғри келишига баҳо бериш эса, ўзингизга ҳавола. Бизнинг айтмоқчи бўлганларимиз бошқа.

ЖЧ иштирокчилари сони оширилиши бир қатор ўртамиёна термалар, хусусан, Ўзбекистонга ҳам қўл келиши шубҳасиз. Қарор кучга киргач, биз ҳам катта эҳтимол билан мундиалда иштирок этамиз. Бу яхши, албатта. Аммо Ўзбекистон терма жамоаси обрў-эътиборини сақлаб қолишни истайдиган бўлса, бир ишни амалга ошириши шарт. Яъни, 2026 йилги жаҳон чемпионатига қадар бирорта мундиалда иштирок этиш. Масалан, ЖЧ-2018да!

Ишқибозликда катта тажрибага эга инсонлар яхши билишади, жаҳон чемпионатида иштирок этадиган жамоалар сони илгари ҳам бир неча бор оширилган. 1982 йилга қадар мундиалда фақат 16та сараланган жамоа иштирок этарди. Айнан ўша йили иштирокчилар сони 24тага оширилди. Бу ҳолат ўз навбатида, кўплаб норозиликларга сабаб бўлди. Чунки қўшимча ўринлар асосан Осиё, Африка ва Шимолий Америкага берилган эди. Табиийки, бундай вақтда: «Осиёдан учта жамоа иштирок этишининг нима кераги бор?», «Африка термалари мундиалга нима бера олади?» ёки «Шимолий Америкадан Мексиканинг ўзи қатнашса ҳам етарди», қабилидаги гап-сўзлар кўпайиши турган гап. Албатта, бундай эътирозларда жон бор. Чунки янги жамоалар савия жиҳатидан мундиалга мос келиши учун вақт керак эди.

Шундан сўнг жаҳон чемпионати иштирокчилари сонини ошириш учун яна 16 йил вақт керак бўлди. 1998 йилги мундиалда энди 24 эмас, 32та терма жамоа қатнашди. Францияда ўтган мусобақани кўпчилик яхши эсласа керак. Мезбонлар ғолиб чиққан ва Зайниддин Зидан порлаган ўша чемпионатдаги шиддат ва эҳтирос ҳали узоқ вақт ёддан чиқарилмайди. Бироқ шу билан бирга Аргентина ва Ямайка терма жамоалари ўртасида кечган баҳсни ҳам унутишимиз учун анча вақт керак бўлади.

Ўша учрашув қўшиққа айланиб кетгани ҳам мусобақанинг савияси анча тушганини билдириши муқаррар. «ЧАЙФ» рок-гуруҳи ижросидаги таронани эслаш учун ашаддий мухлис бўлиш ҳам шарт эмас. «Аргентина - Ямайка - 5:0», дея бошланадиган қўшиқни ўзингиз ҳам ҳиргойи қилиб кўрган бўлсангиз керак. Дарҳақиқат, бу қадар йирик ҳисобда якунланадиган ўйинлар жаҳон чемпионатига керакмиди? Бу саволнинг жавобини ФИФА мутасаддилари ҳам билишмаса керак. Ёки билишни исташмайди...

Мана энди, орадан йигирма йил ўтиб, ФИФА жаҳон чемпионати иштирокчилари сонини яна оширишга қарор қилди. Бу сафарги ўзгаришлар кўлам жиҳатидан аввалгилардан анча йирик кўриниш касб этган. 1982 ва 1998 йилларда 8тадан жамоа мундиалчилар сафига қўшилган бўлса, 2026 йилги жаҳон чемпионатида бир йўла 48та жамоа иштирок этиши лозим. 48та! Энди ФИФАга нисбатан норозиликлар қай даражада ортишини тасаввур қилиб олаверинг. Шу билан бирга, мундиал савияси тушишини ҳам. Хўш, Ўзбекистон термасига фақат иштирокчилар сони оширилгани учунгина жаҳон чемпионатига чиққан жамоа сифатида қарашларини хоҳлармидингиз? Яшанг, биз ҳам истамаймиз.

Ўзбекистон терма жамоаси олдида бундай тамғадан қутулиб қолишнинг ягона йўли бор - қарор кучга киргунга қадар мундиалда қатнашиш. Яъни, 48, 47 ва ҳатто, 33-жамоа сифатида эмас, балки дунёнинг энг кучли 32 жамоаси қаторида жаҳон чемпионатида ўйнаш лозим. Ўшанда бизга ҳам Ямайкага қарагандек қарамасликлари мумкин. Агар мундиалда иштирок этиш тажрибасига эга бўлмаган ҳолда ЖЧ-2026га борадиган бўлсак, нималар бўлиб кетишини тасаввур қила оласизми? Шунинг учун ҳам кейин афсусланмаслик учун ҳозирдан ҳаракат қилиш лозим.

Зеро, бунинг учун бизда етарлича шароит бор. Фақат ҳамма гап ўша шароитдан натижа ундира олишда. Мана шуниси энг қийини эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ саралашларида ҳар доим охирги босқичга қадар етиб келган. Аммо сўнгги қадамни ташлаш учун мудом нимадир етишмай қолаверган. Масалан, ўтган сафар биттагина гол етмай қолган эди. Умид қиламизки, бу сафар ўша битта ортиб қолади. Нима бўлган тақдирда ҳам, олдимизда турган мана шу икки мундиал - ЖЧ-2018 ва ЖЧ-2022га чиқишимиз шарт. Биз мана шу иккита мундиалда «кучли ўттиз иккилик»ка кира олсаккина, ЖЧ-2026га бошни баланд кўтариб боришимиз мумкин. Акс ҳолда, нималар бўлишини ўйлашга ҳам қўрқади киши. 2026 йилги жаҳон чемпионатидан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида ҳам қўшиқ ёзилмасин, деймиз-да...

АБДУЛЛОҲ



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz