«Уч жамоа биринчилигида «Севилья» 2-ўринда эканидан беҳад мамнунман!»- шогирдларининг янги йилдаги илк ғалабасидан руҳланган Хорхе Сампаоли ўз хурсандчилигини шундай таърифлаганди. Ҳа, олти ойлик фаолияти давомида у «Барселона»дек гранддан ўзиб кета олди. Диего Симеонедек тажрибали касбдошидан уч марта устун келиш учун ажойиб замин яратди - аввалига «Универсидад де Чили» тахти учун кечган рақобатда Хорхе Диегодан устун келган, куздаги ўзаро баҳс ҳам унинг жамоаси фойдасига ҳал бўлганди. Чилилик мутахассиснинг ҳозирда «еттинчи осмон»да парвоз қилаётганини тасаввур қилиш қийин эмас - 15 январь оқшомига қадар «Реал» унинг қаршисида енгилмас қоядек виқор билан турганди. Бироқ Хорхе бу мағрур грандни чемпионатдаги илк мағлубиятини тан олишга мажбур этди! Мазкур ғалаба(2:1)дан сўнг «Севилья» пешқадамга деярли етиб олди. ЕЧЛнинг «плей-офф» босқичида уни «Лестер» кутиб турибди. Жамоа «тулкилар» тўсиғидан ўтиши шарт ва бунга қодир. Демак, Сампаолининг Андалусия лойиҳаси аъло даражада амалга ошмоқда.
«Авваллари менга Марсело Бьелса ёқарди. Ўзим банкда ишлаётган бўлсамда, Бьелсанинг уч ва тўртинчи дивизионлардаги ўйинлари, ҳатто машғулотларини ҳам ўтказиб юбормасликка ҳаракат қилардим. Бунинг учун ишдан жавоб олишимга тўғри келарди. Кейинчалик, Хосеп Гвардиоланинг айрим жиҳатларини ўзлаштирдим».
Чили футболида тер тўкиб юрган паллаларда «янги Бьелса», «Бьелсанинг шогирди» каби атамалар Хорхе Сампаолининг жонига тегиб улгурганди. Тўғри, ажойиб терма жамоани шакллантирган бу икки мутахассис ўртасида қандайдир телепатик ришталар бўлганлигини Хорхе яширмайди. У ҳам худди Марсело каби футбол олдида барча нарсалардан воз кечади. Ҳатто, оила ва моддий манфаатлар ҳам иккинчи даражали. «Универсидад де Чили»ни қабул қилган пайтида у шартномадаги яп-янги седан ва ҳашаматли қасрдан воз кечиб, эскирган автомобиль ва оддий хонадонни маъқул кўрганди.
Мураббийликнинг дастлабки йўлларида бўлиб ўтган воқеани ҳозир ҳам кулиб эслайди. 1996 йилда Сампаоли камтарин «Бельграно де Арекито»га устозлик қилган, беллашувлардан бирида қизиққонлиги учун ҳакам уни ўйиндан четлатганди. Шунда Хорхе трибуна ортидаги дарахтга чиққан ҳолда шогирдларига кўрсатмалар берганди. Ана шу камёб воқеа Сампаоли фаолиятида муҳим аҳамият касб этди - дарахт устидаги мураббий сурати газетада чоп этилгач, «Ньюэллз Олд Бойз» президенти Эдуардо Хесе Лопес Хорхедан хабардор бўлди ва собиқ банк ходимини ўз жамоасига таклиф этди.
Қизиғи шундаки, Бьелса ва Сампаоли ҳеч қачон ҳамкорликда ишлаш имкониятига эга бўлишмаган. Марсело «Ньюэллз»нинг асосий таркибини бошқарганида, Хорхе ёшлар жамоасида бўлди, Бьелса ёш иқтидорларни излаб, провинцияларни кезганида, у футболсиз қандай ҳаёт кечириш мумкинлиги ҳақида бош қотираётганди. Лекин шунга қарамасдан, Сампаоли Бьелсанинг услубини мерос қилиб олди. Уни такомиллаштирди. Чиндан ҳам, телепатия!
«Биз худди Гвардиола каби тўп ёрдамида ҳимояланишга интилдик. Яъни, икки футбол фалсафаси - bielsisto ва guardiolistoни уйғунлаштирдик». Дарҳақиқат, Хорхе Сампаоли ўз фалсафасини йил сайин такомиллаштириб борди. Аргентинада қайсидир таниқли мутахассис томонидан яратилган услуб унинг номи билан юритилиши одат тусига кирган. Сампаолининг «Универсидад»даги илк муаллифлик лойиҳаси 90 фоизга bielsistoдан иборат бўлиб, Хорхе унга қисман ўзгаришлар киритиш билан чекланганди. Чили терма жамоаси эса унинг раҳбарлигида умуман ўзгача услубга эга бўлди. Жамоа ўйин давомида рақибнинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда услубини ўзгартира оларди. Йохан Круиф ғояларига содиқ қолган Хорхе доимо жамоа марказий ҳимоячиларининг сони рақибнинг марказий ҳужумчиларидан биттага кўпроқ бўлишини таъминлади. ЖЧ-2014да мураббий 4-3-1-2, 4-3-3 ва 3-4-1-2 схемаларидан фойдаланди. Шунингдек, у 3-4-3 ва 5-3-2 услубига ҳам мурожаат этди - тўрт учрашувда бешта тактик схема!
Бир йилдан сўнг Америка кубогининг Аргентинага қарши финал баҳсида Сампаоли 4-3-3 ва 3-4-3 схемасига ўхшаш тактикани танлади. Энди унинг услуби кўпроқ guardiolistoни эслатарди: бўйлари унчалик баланд бўлмаган (178см.) Хара - Медель - Сильва марказий ҳимоячилар учлиги ўз камчиликларини мукаммал даражадаги дастлабки узатма эвазига бартараф этишарди. «Севилья»да guardiolisto янада яққол намоён бўла бошлади. Масалан, жамоа ҳар бир ҳудудда сон жиҳатидан устунликни таъминлай олади. Қўшимчасига Сампаоли «бўш» ҳудудларни тўлдиришда қанот ҳимоячиларини сафарбар эта бошлади. Бундан ташқари, «Севилья» мураббийнинг аввалги жамоалари қўллаган тактик услублардан ҳам унумли фойдаланишни ўрганди. Биринчи давранинг ўзидаёқ Хорхе асосан 3-3-3-1 ва 4-1-4-1 схемаларига урғу берган ҳолда етти хил тактикани синаб кўрди. Эътиборлиси, Сампаоли ҳар қандай рақибни ўз хоҳиш-истагига бўйсундириш ниятида бўлмоқда. Испания суперкубогининг жавоб учрашуви арафасида ўз майдонида 0:2 ҳисобида имкониятни бой берган мураббий шундай баёнот билан чиққанди: «Рақибни «Камп Ноу»да маҳв этиш мақсадини биздан ҳеч ким тортиб ололмайди!». Ҳа, Унай Эмери даврида «Севилья» айниқса, сафар учрашувларини кўпроқ ҳимояда ўтказарди. Ҳозир у «толлар» кесилиб кетган.
Сампаоли жамоасининг тажовузкор табиатини ўша учрашувнинг биринчи бўлими яққол кўрсатиб берди. Меҳмонлар каталонияликларга қарши уларнинг жарима майдончаси ёнидаёқ прессинг қўллаб, ҳужумга ўтиш имкониятидан маҳрум этишди. Витоло, Насри, Васкес ҳамда Вьеттоларнинг фаолликлари «Барса»ни узоқ масофага тўп узатишга мажбур этди. Н~Зонзи етакчилигидаги марказий ҳимоячилар эса мезбонларнинг бу узатмаларини осонлик билан бартараф этишди. Натижада «Барса» танаффусга қадар ҳеч нарса қила олмади. Фақат андалусияликлар анча толиқиб қолганларидан кейингина мезбонлар устунликка эга бўлишди. Лекин шунда ҳам Сампаолининг дастхати яққол сезилиб турди.
Футбол тактикасининг ўзгариб, такомиллашиб бориши - тинимсиз жараён. Яхши самара берадиган кўҳна ғояларни замон талабларига мослаштириш орқали кўпчилик мураббийлар муваффақиятга эришганлар. Масалан, Гвардиола Бьелсанинг жангари ғояларига «Брешия»даги устози Карло Маццонега хос эҳтиёткорлик билан ёндашиб, «Барса»ни етакчи ўрнига олиб чиққанди. Кейинчалик бу экспериментни «Бавария»да татбиқ этди. Энди «Манчестер Сити»да давом эттирмоқда. Хорхе Сампаоли ҳам айнан шу йўлдан бормоқда. Sampaolisto шу тариқа дунёга келмоқда. Одатда, мураббийнинг тактик маҳорати унинг мотиваторлик қобилиятидан кўра кўпроқ муҳокама қилинади. «Агар жамоангизда Месси ўйнаётган бўлса, у сизни ҳурмат қилиши учун бор имкониятингизни ишга солишингиз талаб этилади» - «тарбияси қийин» футболчилар билан ҳеч қандай маммога дуч келмаганлигини Хорхе шундай изоҳлайди: Америка кубоги 2015 турнирида Артуро Видаль терма жамоани тарк этиб, майхўрлик қилган ва автомобилини пачоқлаб олганди. Бутун мамлакат, ҳатто Чили президенти ҳам уни жамоадан четлатишни илтимос қилди. Бироқ Энтнренадор муаммони ўзгача ҳал қилди: Видалнинг майдондаги тажовузкорлиги Чили йўлларидаги шўхликларидан кўра муҳимроқ эди. «Видаль хатога йўл қўйди. Аммо мен унга тўлиқ ишонишимни айтдим. Бир йил аввал Артуро жаҳон чемпионатида ватан шаънини ҳимоя қилиш йўлида тиззасидан жиддий жароҳат олишдан ҳам чўчимаганди», - дейди мураббий. Сампаоли муҳим беллашувлар арафасида шогирдларини қизиқарли фильмлар билан сийлайди: «Биринчидан, ўзим кинони яхши кўраман. Иккинчидан, футболчилар шу йўл билан кучли босимдан тез халос бўлишади».
Ҳар қандай футболчининг кўнглига йўл топа олиши орқали Хорхе Самир Насрини қайтадан кашф этди. Айрим можароларни бошдан кечирган франциялик юлдуз «Севилья»да янги бошпанага эга бўлди. «У тўп билан муомала қилаётганида жамоа эркин нафас олади», - дейди устози. Самир тўпни эгаллаб олиш учун ҳимоя чизиғигача чекинишдан ҳам эринмайди. Олдинда эса у чизиқлар ўртасидаги узилишларга йўл қўймаслик учун масъул. Узатмалар сони бўйича фақат Стивен Н`Зонзининг кўрсаткичи уникидан юқорироқ.
Сампаоли жамоани бегона кўзлардан эҳтиёт қилишга ҳам катта эътибор қаратади. Машғулотлар ёпиқ тарзда ўтказилади. Аммо мураббий шогирдлари билан ўта самимий муносабатларни йўлга қўйган. Унга «мастер» ибораси орқали мурожаат қилишларини тақиқлаб қўйган - барча учун у - шунчаки, Хорхе. Кимдир қандайдир хатога йўл қўйса-ю уни тан олса, узр қабул қилинади. Хуллас, Хорхенинг саъй-ҳаракатлари эвазига «Севилья» нурсизланиб қолган юлдузлар учун ўзига хос шифохонага айланди. Самир Насридан кейин Стеван Йоветич ҳам Сампаоли кўмагида қайтадан порлай бошлади - «Интер»да «йўқолиб» қолган ҳужумчи «Реал»нинг илк мағлубиятида бош қаҳрамон ролини адо этди. Ҳа, мураббий бу футболчилар учун керакли сўзларни ҳам, майдонда ўринни ҳам топа оляпти. Қуйидаги футболчилар айнан Сампаоли ижодининг маҳсули ҳисобланишади:
Стивен Н~Зонзи. Эмери бу футболчи тимсолида АПЛда чиниққан рақиб ҳужумчиларининг бузғунчисини тасаввур қилганди. Сампаоли аввалига Стивеннинг бирор-бир жиҳатини пайқай олмади. Лекин куздаги экспериментлардан сўнг таянч ҳудудига туширди. Маълум бўлишича, Н~Зонзи айнан шу «ижодий тўс-тўпалон» позициясида катта манфаат келтирар экан. Стивеннинг асосий вазифаси - Насри ҳамда Васкесни ўз вақтида тўп билан таъминлаш. Шунингдек, у қулай вазиятлардан унумли фойдаланишни ҳам ўрнига қўя олади. Ҳозирда футболчини «Барса» Серхио Бускетс ўрнига мўлжалламоқда. Гвардиола ҳам бефарқ эмас, «Ювентус» эса ёзда уни харид қилишни кўзламоқда.
Серхио Эскудеро. Қанот ҳимоячилари борасида «Севилья»га омад кулиб боқди. Бақувват ҳамда чарчаш нималигини билмайдиган Мариано билан Эскудеро Сампаоли тактикасига жуда мос тушдилар. Марианонинг фазилатлари аввалдан маълум эди. Бироқ Серхио кўпчиликни ҳайрон қолдирмоқда. Муҳими, мураббий ундан нимани кутаётганини Эскудеро жуда яхши билади. Шу боис, ҳужумларга самарали кўмак бериш баробарида ҳимоя борасида ҳам юқори кўрсаткичларни қайд этмоқда.
Виссам Бен Йеддер. Асли келиб чиқиши тунислик бўлган ҳужумчи Франция мини-футбол лигасида сермаҳсул ўйин кўрсатди. «Севилья»га келгач, уйида керагидан кўпроқ қолиб кетаётгани маълум бўлди. Хорхе у билан Вьеттони навбатма-нав-бат майдонга туширмоқда. Лекин Виссам самарадорлиги (ҳар 94 дақиқада 1та гол) билан яққол ажралиб турибди. Ҳужумчи зарбаларининг 35 фоизи якунда голга айланмоқда! «Реал Сосьедад»га қарши баҳсда Испаниядаги илк «хет-трик»ни нишонлаб, тўпни уйига олиб кетди. Тезкор ва серғайрат Бен Йеддер Кевин Гамейродан ўзиб кетгани боис, нуфузлироқ жамоадан таклиф олишга яқин турибди. Агар шундай бўлса, Хорхе Сампаоли «Севилья»да бошқа бир юлдузни кашф этади. Бунга асло шубҳа йўқ!
Сhampionat.com - А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20