Қайднома

Қидирув

Иккитаси бирда: Эволюция ва Осиёдан иштиёқ

Иккитаси бирда: Эволюция ва Осиёдан иштиёқ

  03.02.2017 00:14
  0
  1371
Иккитаси бирда: Эволюция ва Осиёдан иштиёқ

ФИФА расмий «Твиттер»и 10 январь санасида 2026 йилда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида 48та жамоа иштирок этишини маълум қилди. Ушбу воқеа туфайли мундиал иштирокчилари сони оширилган жаҳон чемпионатларини ёдга оламиз.

ЖЧ-1930: Уругвай. Футбол тарихидаги илк жаҳон чемпионати 1930 йил 13-30 июль кунлари Уругвай пойтахти Монтевидеода ўтказилган. Ўша мундиалда бор-йўғи 13та мамлакат иштирок этган. Қанчалик ғалати туюлмасин, Олимпиада ўйинларини афзал кўрувчи Европа жамоалари бу мусобақанинг келажагига ишонмаган эдилар. Илк мундиалда Уругвай, Аргентина, Чили, Бразилия, Боливия, Перу, Парагвай, АҚШ, Мексика, Франция, Югославия, Руминия ва Бельгия иштирок этган. Биринчи жаҳон чемпиони илк ЖЧ мезбони Уругвай терма жамоаси бўлган.

ЖЧ-1934: Италия. Иштирокчилар сони 16тага етди. 4та гуруҳдаги жамоалар сонини тенглаштириш учун шу қарорга келинди. Мундиалга чиқиш учун илк маротаба 32та жамоа саралаш баҳсларида иштирок этди. Амалдаги жаҳон чемпиони бўлган Уругвай тўрт йил аввалги мусобақага Европадан жамоалар келмагани сабабли навбатдаги турнирда қатнашишни хоҳламади. Ушбу мундиалда ҳам мусобақа мезбони ғолиб бўлди. Италия финалда Чехословакияни 2:1 ҳисобида таслим этди.

ЖЧ-1982: Испания. Мазкур мундиалда жаҳон чемпионати иштирокчилари сони 24тага етди. Даставвал 4та жамоадан ташкил топган 6та гуруҳ ташкил этилди. Жазоир, Камерун, Гондурас, Қувайт ва Янги Зеландия ушбу мусобақада илк маротаба қатнашишди. Гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлаган 12та жамоа 3тадан 4 гуруҳга бўлинди. Иккинчи босқичдаги гуруҳ ғолиблари ярим финал йўлланмасини қўлга киритишди. Ушбу мундиалда ҳам итальянлар ғолиб бўлишди.

ЖЧ-1998: Франция. 1998 йилги жаҳон чемпионатида 32та жамоа қатнашди. Ушбу мундиалда 64та ўйин ўтказилди. Франциядаги мундиалда 32та жамоа 8та гуруҳга бўлинди ва гуруҳ босқичидан сўнг, «плей-офф» ўйинлари ўтказила бошланди. Турнир финалида Бразилия ва Франция тўқнаш келди. Ҳозирда Мадриднинг «Реал» клубини бошқараётган Зайниддин Зидан бразилияликлар дарвозасига 2та гол уриб, ўз мамлакатига илк марта жаҳон чемпиони деган номни тақдим этди.

ЖЧ-2026: мезбон номи 2020 йилда аниқ бўлади. ФИФАнинг амалдаги президенти Жанни Инфантино футбол фақат Европа ва Жанубий Америка эмаслигини айтиб, бошқа мамлакатларга ҳам имкон бериш ниятида мундиал иштирокчилари сонини 48тага етказиш таклифини берди. Даставвал унинг режасида 40та жамоа бўлганди, кейинчалик 64та терма варианти ҳам борлиги айтилди. 2017 йил 10 январь куни ўтказилган ФИФА йиғилишида мундиал қатнашчилари сонини 48тага кўпайтириш таклифи қўллаб-қувватланди ва 2026 йилдаги мундиалда 48та жамоа иштирок этиши расман тасдиқланди. Май ойида Баҳрайнда бўладиган ФИФА Конгрессида мусобақа формати ва бошқа техник жиҳатлар муҳокама қилинади. Ҳозирча мезбони номаълум жаҳон чемпионати формати қуйидагича бўлади: 3та жамоадан ташкил топган 16та гуруҳ баҳсларга киришади. Гуруҳда биринчи ва иккинчи ўринни олганлар турнирнинг «плей-офф» босқичига ўтадилар ва ғолиб финалда аниқланади. Узунқулоқ гапларга қараганда, гуруҳ босқичида ўйинлар дуранг билан якунланмайди.

Осиё мундиалга бориш учун саралашга киришганда...

Энди олдинги 20та жаҳон чемпионатида Осиё қитъасига қанча квота берилганлиги, саралашни қандай ўтказишганига алоҳида тўхталиб ўтсак.

ЖЧ-1930. Мазкур жаҳон чемпионати учун саралаш босқичи ўтказилмаган. Осиёдан ҳам қеч қайси жамоа қатнашмаган.

ЖЧ-1934. Италиядаги мундиал учун илк маротаба саралаш баҳслари ўтказилган. 12-саралаш гуруҳида Миср, Фаластин (Британия мандати остидаги) ва Туркия жамоалари жой олишганди. Туркия саралашдан бош тортгач, гуруҳда икки жамоа қолган. Фаластин терма жамоаси таркибида 9 инглиз, 6 яҳудий ва бир араб футболчиси бор эди. Миср бу жамоани 7:1, 4:1 ҳисобларида таслим этиб, ЖЧ-1934 йўлланмасини олган.

ЖЧ-1938. Бу сафар ҳам 12-гуруҳ «учинчи дунё» давлатлари учун ажратилган бўлиб, унда Австралия, Хитой, Япония, Янги Зеландия, Филиппин ва Голландия Ҳиндистони (Индонезия) жой олганди. Бошқа жамоаларнинг саралашда иштирок этишдан бош тортгани сабаб Голландия Ҳиндистони ЖЧ-1938га тўғридан-тўғри йўл олган. Фаластин (Британия мандати остидаги) бу сафар 6-гуруҳда Грецияга 1:3, 0:1 ҳисобларида енгилган.

ЖЧ-1950. Бу галги саралаш учун жаҳон бўйлаб 10та гуруҳ ташкил этилган. 2-гуруҳда Сурия Туркияга 0:7 ҳисобида имкониятни бой берган бўлса, 3-гуруҳда Исроил Югос-лавияга ютқазиб қўйган - 0:6, 2:5. 10-гуруҳда Бирма, Индонезия, Филиппин ва Ҳиндистон жой олган бўлиб, қолган жамоалар саралашда иштирок этишдан бош тортгани боис, Ҳиндистон Бразилиядаги мундиалга тўғридан-тўғри йўлланма олган. Италия, Швеция ва Парагвай билан бир гуруҳдан жой олган Ҳиндистон терма жамоаси молиявий муаммолар туфайли Бразилияга бормаган.

ЖЧ-1954. Швейцария мезбон, Уругвай эса амалдаги жаҳон чемпиони сифатида саралаш ўйинларидан озод қилинганди. Қолган 14та ўриннинг 11таси Европага (Миср, Исроил ва Сурия ҳам инобатга олинганда), 2таси Америкага, 1та ўрин эса Осиёга берилди. Осиё учун ажратилган ўрин учун Япония, Хитой ва Жанубий Корея кураш олиб бориши керак эди. Хитой саралашдан бош тортгач, Япония ва Ж.Корея ўзаро беллашдилар. Иккала ўйин ҳам Токиода ташкиллаштирилди ва унда Ж.Корея ғолиб чиқди - 1:5, 2:2.

ЖЧ-1958. Бу сафарги 16та ўриннинг 11таси Европага, 3таси Жанубий Америкага, 1таси Шимолий ва Марказий Америкага, 1таси эса Африка ва Осиё минтақасига берилди. Исроил, Кипр, Туркия ҳам бизнинг минтақадаги саралашларда иштирок этишди. ФИФА Эфиопия ва Ж.Кореянинг саралашда қатнашиш илтимосини рад этди. Индонезия, Хитой, Австралия, Исроил, Сурия бизнинг қитъа номидан иштирок этишди. Қитъамиз вакили Исроил ягона йўлланма учун Судан билан ўйнаши керак эди. Судан сиёсий сабабларга кўра Исроил билан ўйнашдан бош тортгач, ФИФА биронта ҳам ўйин ўтказмай мундиалга йўл олаётган Исроилни қитъалараро «плей-офф»га рўбарў қилди. Европа вакили Уэльс ҳар икки ўйинда Исроилни бир хил - 2:0, 2:0 ҳисобларида енгиб, жаҳон чемпионатига чиқди.

ЖЧ-1962. Осиёга бу сафар фақат 0,5та йўлланма берилди. Япония ва Ж.Кореянинг ўзаро ўйинларида яна улар устун келишди - 2:1, 2:0. Аммо корейслар қитъалараро «плей-офф»да Югославия тўсиғидан ўтолмадилар - 1:5, 1:3.

ЖЧ-1966. Бу сафарги 16та ўриннинг 10таси Европага, 4таси Жанубий Америкага, 1таси Шимолий ва Марказий Америкага, 1таси эса Африка, Осиё ва Океания минтақаларига берилди. КХДР гуруҳ босқичида Австралияни 6:1, 3:1 ҳисобида таслим этди. Африка жамоалари сўнгги босқичдан воз кечишгач, КХДР Англиядаги мундиалга йўлланма олди. Шимолий кореяликлар мундиалда ҳаммани ўзларига қарата олишганди.

ЖЧ-1970. Мексика мундиали учун 16та ўриннинг 9таси Европага, 3таси Жанубий Америкага, 2таси Шимолий ва Марказий Америкага, 1таси Африкага, 1таси Осиё ва Океания минтақаларига берилди. Саралашнинг охирги босқичида Исроил қитъамиз номидан иштирок этиб, Австралияни енгди - 1:0, 1:1. Мундиалда эса Италия, Уругвай ва Швеция билан бир гуруҳдан жой олган Исроил 2та дурангга эришди.

ЖЧ-1974. ГФР мундиали учун 16та ўриннинг 9,5таси Европага, 3,5таси Жанубий Америкага, 1таси Шимолий ва Марказий Америкага, 1таси Африкага, 1таси Осиё ва Океания минтақаларига берилди. Австралия бу ягона йўлланмага эга чиққани боис, Осиёдан амалда ҳеч ким иштирок этмади.

ЖЧ-1978. Аргентина мундиали учун 16та ўриннинг 9,5таси Европага, 3,5таси Жанубий Америкага, 1таси Шимолий ва Марказий Америкага, 1таси Африкага, 1таси Осиё ва Океания минтақаларига берилди. Эрон сўнгги босқичда Ж.Корея, Қувайт, Австралия ва Гонконгни ортда қолдирди.

ЖЧ-1982. Испания мундиали учун 24та ўриннинг 14таси Европага, 4таси Жанубий Америкага, 2таси Шимолий ва Марказий Америкага, 2таси Африкага, 2таси Осиё ва Океания минтақаларига берилди. Қувайт сўнгги босқичда Янги Зеландия, Хитой ва Саудия Арабистонини ортда қолдирди. Яна бир йўлланма учун курашда Хитой Янги Зеландияга ютқазиб қўйди - 1:2.

ЖЧ-1986. Колумбия мундиали учун 24та ўриннинг 13,5таси Европага, 4таси Жанубий Америкага, 2таси Шимолий ва Марказий Америкага, 2таси Африкага, 2таси Осиё ва 0,5таси Океания минтақаларига берилди. Йўлланма эгалари: Ироқ ва Жанубий Корея.

ЖЧ-1990. Германиядаги мундиал учун 24та ўриннинг 14таси Европага, 3,5таси Жанубий Америкага, 2таси Шимолий ва Марказий Америкага, 2таси Африкага, 2таси Осиё ва 0,5таси Океания минтақаларига берилди. Йўлланма эгалари: Жанубий Корея ва БАА.

ЖЧ-1994. АҚШдаги мундиал учун 24та ўриннинг 13таси Европага, 3,5таси Жанубий Америкага, 2,25таси Шимолий ва Марказий Америкага, 3таси Африкага, 2таси Осиё ва 0,25таси Океания минтақаларига берилди. Йўлланма эгалари: Саудия Арабистони ва Жанубий Корея.

ЖЧ-1998. Франциядаги мундиал учун 32та ўриннинг 15таси Европага, 5таси Жанубий Америкага, 3таси Шимолий ва Марказий Америкага, 5таси Африкага, 3,5таси Осиё ва 0,5таси Океания минтақаларига берилди. Йўлланма эгалари: Саудия Арабистони, Жанубий Корея, Эрон ва Япония.

ЖЧ-2002. Жанубий Корея ва Япониядаги мундиал учун 32та ўриннинг 14,5таси Европага, 4,5таси Жанубий Америкага, 3таси Шимолий ва Марказий Америкага, 5таси Африкага, 4,5таси Осиё ва 0,5таси Океания минтақаларига берилди. Йўлланма эгалари: Жанубий Корея (мезбон), Япония (мезбон), Саудия Арабистони ва Хитой.

ЖЧ-2006. Германиядаги мундиал учун 32та ўриннинг 14таси Европага, 4,5таси Жанубий Америкага, 3,5таси Шимолий ва Марказий Америкага, 5таси Африкага, 4,5таси Осиё ва 0,5таси Океания минтақаларига берилди. Йўлланма эгалари: Саудия Арабистони, Жанубий Корея, Эрон ва Япония.

ЖЧ-2010. ЖАРдаги мундиал учун 32та ўриннинг 13таси Европага, 4,5таси Жанубий Америкага, 3,5таси Шимолий ва Марказий Америкага, 6таси Африкага, 4,5таси Осиё ва 0,5таси Океания минтақаларига берилди. Йўлланма эгалари: Япония, Австралия, Ж.Корея ва КХДР.

ЖЧ-2014. Бразилиядаги мундиал учун 32та ўриннинг 13таси Европага, 5,5таси Жанубий Америкага, 3,5таси Шимолий ва Марказий Америкага, 5таси Африкага, 4,5таси Осиё ва 0,5таси Океания минтақаларига берилди. Йўлланма эгалари: Япония, Австралия, Эрон ва Ж.Корея.

Фикрат тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz