Қайднома

Қидирув

Янги кубок

Янги кубок

  04.02.2017 06:13
  0
  1415
Янги кубок

Ўтган ҳафтанинг энг яхши янгиликларидан бири Озарбайжон тарафлардан келди: миш-мишларга кўра, МДҲ кубоги қайта тикланар экан. Аниқроғи, Озарбайжон футбол федерациялари ассоциацияси мусобақани ўтказиш ҳуқуқини сўраб, Россия футбол иттифоқига мурожаат қилганмиш. Билмаганлар учун айтиб ўтайлик, 2016 йилнинг бошида тўхтаб қолган МДҲ кубоги Россия футбол иттифоқи ва ФИФА тасарруфидаги мусобақа ҳисобланади. Бу турнирни қабул қилиш учун айнан шу ташкилотларнинг розилигини олиш лозим.

Аслини олганда, ҳар қандай кўринишдаги мусобақанинг ўтказилгани яхши. МДҲ кубоги эса қардош халқлар ўртасида ўтказилиши билан ҳам ўзгача қадрли эди. Тўғри, сўнгги йилларда мусобақага бўлган қизиқиш анча тушиб кетди ва бунга бир қатор сабаблар бор. Биринчидан, ташкилотчиликдаги нуқсонлар туфайли иштирокчи клублар кўпинча ўринбосарлар таркиби билан ташриф буюрдилар. Эътиборли томони, бу ишни биринчилардан бўлиб мезбон давлат вакиллари бошлаб бердилар. Бир сўз билан айтганда, турнирга бўлган қизиқиш тушиб кетишига иштирокчиларнинг ўзлари сабабчи эдилар.

Шунингдек, 2012 йилдан бошлаб, МДҲ кубогида клублар эмас, балки ёшлар терма жамоалари қатнаша бошлагани ҳам вазиятни анча чигаллаштирди. Бир қарашда бунинг ёмон томони йўқдек. Негаки, ҳар ҳолда, клублардан кўра терма жамоалар иштирокидаги мусобақа қизиқарлироқ кечади. Бироқ ҳамма гап шундаки, қишда ўз клуби билан мавсумолди йиғинини ўтказаётган футболчиларнинг ҳаммаси ҳам терма жамоа ихтиёрига етиб кела олмасди ва табиийки, бу ҳолат турнирга салбий таъсир ўтказа бошлади.

Бироқ энг катта муаммо - МДҲ кубогининг сунъий майдонда ўтказилиши эди. Футболчилар бундай майдонда жароҳат хавфи остида бор куч билан ўйнамасдилар. Мураббийлар ҳам кўп нарса талаб қилишмасди. Мусобақанинг мукофот жамғармаси ҳаминқадар бўлгани ҳам бунга имкон бермагандир, балки. Шу сабаб ҳам МДҲ кубоги тўхтатилгани ҳақидаги хабардан кўпчилик енгил тин олганди - ташкилотчилар ҳам, иштирокчилар ҳам. Мухлислар эса...

Озарбайжондан келган янгиликнинг яхши томони шундаки, режага кўра, юқорида санаб ўтилган муаммоларнинг деярли барчаси барҳам топиши лозим. Биринчидан, МДҲ кубоги дастлабки форматга қайтади. Яъни унда чемпион клублар иштирок этадилар. Ёдингизда бўлса, мусобақа ташкил этилган 90-йиллар ўрталарида турнирга бўлган қизиқиш анча юқори эди. Айниқса, финалда Москванинг «Спартак» ва Киевнинг «Динамо» клублари ўртасида кечадиган тўқнашувни ҳамма интиқлик билан кутарди.

Озарбайжонликлар ўша интригани қайтариш учун талаб қилинадиган барча ишни амалга оширишмоқчи. Қолаверса, ўйинлар сунъий эмас, балки табиий майдонда ўтказилади. Озарбайжон футболидаги инфратузилма ва иқлим шароити бунга имкон беради. У ерда сифатли майсани йил - 12 ой давомида топиш мумкин. Мукофот жамғармаси 1-1,5 миллион евро қилиб белгиланиши эса клубларнинг қизиқишини ҳам ошириб бериши керак. Янги мусобақада ҳеч қандай ўринбосарлар таркиби ҳақида гап-сўз бўлмаслиги лозим.

Бироқ бу ҳозирча хомаки режа. Россия футбол иттифоқи мусобақани шунчаки қўшқўллаб топшириб юбормаслиги аниқ. Ташкилот раҳбари Виталий Мутконинг айтишича, кубок Россиянинг ўзида қайта ташкил этилиши ва Москвада эмас, иқлим шароити нисбатан яхшироқ бўлган жанубий ҳудуд - Сочида ўтказилиши мумкин. Нима бўлган тақдирда ҳам, МДҲ кубоги қайтиши эҳтимоли жуда катта. Бу ўринда фақат ташкилотчилар аввалги хатолардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, мусобақа савиясини кўтариш учун тегишли тадбирларни қўллашига умид қилиш мумкин. Зеро янги кубок ўзбек футболига ҳам кўп нарса берган бўларди. Масалан, маҳаллий иқтидорларни Россия ва Украинанинг етакчи клублари учун яхшигина реклама қилиб бериши мумкин.

Ҳозир шундай вақтки, ҳар қандай ташаббус қўллаб-қувватланади. Бундай вақтда Ўзбекистон футбол федерацияси ҳам қўл қовуштириб ўтирмай, ўз таклифи билан чиққани маъқул бўлса керак. Айтайлик, МДҲ кубоги мунтазам бир жойда эмас, балки Европа ва Осиё чемпионати сингари турли ҳудудларда ўтказилишини ўртага ташлаш мумкин. Дейлик, мусобақага бир йил Боку, кейинги йил Сочи ва навбат келганда, Тошкент мезбонлик қилади. Бу, ўз навбатида, ҳомийлар эътиборини ҳам жалб этган бўлар эди. Шунингдек, трансляциялардан катта фойда олиш мумкин. Ўзимизнинг «УзРепорт ТВ» Испания ва Англия чемпионати трансляциясини сотиб олганда, МДҲ кубогини олмайди, дейсизми?

Шунингдек, мазкур мусобақа клублар учун ҳам фойдали. Айтайлик, январь ойида МДҲ клубларининг аксарияти БАА ва Дубайда мавсумолди тайёргарлиги ўтказадилар. МДҲ кубоги эса уларга яна бир йиғин сифатида асқотган бўларди. Албатта, иқлим ва инфратузилма борасида БАА ва Туркия билан тенглашиш қийин, бироқ табиий майса устида ўтадиган юқори савиядаги мусобақа иштирокчи клублар эътиборини тортиши муқаррар. Текинга ташкил этиладиган яна бир йиғинни ҳеч бир клуб рад этмаса керак.

Мухлисларга эса фақат яхши, кўримли футбол керак. Масалан, ўзимизнинг «Локомотив» ва Киевнинг «Динамо»си ўйнаса, ким томоша қилмайди, дейсиз?

2016 йилнинг бошида тўхтаб қолган МДҲ кубоги Россия футбол иттифоқи ва ФИФА тасарруфидаги мусобақа ҳисобланади. Бу турнирни қабул қилиш учун айнан шу ташкилотларнинг розилигини олиш лозим.

НУРУЛЛОҲ

Манба: www.interfutbol.uz

 



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz