40 ёшда ҳам еврокубокларда голлар урса бўлади. 38 ёшда «Олтин тўп» соврини учун номзодлар руйхатига кириш мумкин. 35 ёшда битта ўйиннинг ўзида бешта тўп киритиш ҳеч гап эмас. Хуллас, шунга ўхшаш мисоллар бисёр. Яқинда Soccer.ru тажрибали футбол афсоналаридан иборат рамзий терма жамоа тузди. Бу таркибдан ўрин олганларнинг ўртача ёши 35дан юқорироқ. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, улардан атиги бир нафари еврокубокларда иштирок этмайди. Қолганлар эса баҳорги «плей-офф» баҳсларида тўп суришади. Бу номларнинг деярли ҳаммаси йил мобайнида қайсидир жабҳада ўзларини кўрсатишга муваффақ бўлишди. Мисол учун, Адуриц ўтган мавсум 36та ўйинда 35та гол урди. Тоттининг қайтганидан ҳамма яхши хабардор. «Бавария» асосий таркибидаги Рибери эса интилиши орқали кўпчиликни лол қолдирди. Бир неча йиллардан буён ўйнаб келган футболчилар ишқибозларга хурсандчилик улашишда давом этишмоқда. Бу, албатта, ажойиб ҳолат.
Дарвозабон
Жанлуижи Буффон («Ювентус», 38 ёш)
Бу ёшда ҳамма дарвозабон ҳам ўйнашга жазм қилолмайди. Лекин Буффон нафақат Италия чемпионати, балки Евро-2016да ҳам иштирок этишга улгурди. Ҳаттоки, у бир нечта омадсиз ўйинлар ўтказиб, хатолар сериясига йўл қўйгудек бўлса ҳам, футболдан кетишга ботинолмайди. Бу ҳолатга ишқибозлар ҳам кўникиб қолишган. «Агар эртага мени дафн этишса, ҳеч ким келмайди»-дейди Италия терма жамоаси сардори. Буффон ЖЧ-2018гача футболда бўлади ва «Ювентус» билан яна бир бор скудеттони қўлга киритишга уриниб кўради. Гарчи ҳозир уни жаҳоннинг энг кучли дарвозабони деб бўлмасада, лекин буюк ва афсона эканига шак-шубҳа йўқ.
Ёрдамчиси: Икер Касильяс («Порту», 35 ёш)
Ҳимоячилар
Дарио Срна («Шахтёр», 34 ёш)
Қанот ҳимоячиларининг жаҳон даражасида узоқ муддат тўп суришлари кўп кузатилмайди, аммо шундай футболчилар борлиги айни ҳақиқат. Шундайлардан бири сифатида «Ювентус»даги Даниэль Алвесни кўрсатиб ўтиш мумкин. Тўғри, у бироз хасисроқ, тўпни ўз вақтида шерикларига оширмайди. Шунга қарамай, бразилиялик легионер «Юве»да амалиётга эга бўлиш баробарида «А» серияда самарали ҳаракат қилаётган ҳимоячилардан бирига айланиб улгурди. Бироқ Алвес хорватдан ёшроқ бўлгани учун «Шахтёр» афсонасини танладик. Дарвоқе, яқинда Срнанинг «Барселона»га ўтиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар тарқалди.
Ёрдамчиси: Даниэль Алвес («Ювентус», 33 ёш )
Андреа Барцальи («Ювентус», 35 ёш)
Буффоннинг «Олтин тўп» учун 30 нафар номзодлар орасидан жой олишида кучли ҳимоячиларнинг ҳиссаси катта, лекин уларни негадир кам эслашади ва бу адолатдан эмас. Чунки Бонуччи ҳам, Барцальи ҳам ўз ишининг ҳақиқий усталаридир. Уларнинг иккинчиси ҳатто, 2006 йилги жаҳон чемпиони ҳисобланади. Амалдаги ўйинчилар орасида эса бундайлар жуда кам. Гарчи Андреа ҳам абадий бўлмаса-да, афсоналар рамзий терма жамоасида панд бермайди.
Ёрдамчиси: Сесар Навас («Ростов», 36 ёш)
Жон Терри («Челси», 35 ёш)
Дастлаб бу терма жамоада Террининг ўрнига Пепени қўймоқчи бўлишганди, лекин «Реал» вакили «ёш»лик қилди. Шунинг учун декабрь бошида 36га тўлган Жей Тининг ёши инобатга олинди. Тўғри, Барцальи ёки Пепенинг ўйинига солиштирганда, «Челси» афсонасиники зўр эмас. Умуман, бундай ҳолат деярли ҳар бир ёши катта ҳимоячида кузатилади, аммо улар Терри сингари суперюлдуз ва суперветеран эмаслар.
Ёрдамчиси: Луизао («Бенфика», 35 ёш)
Патрис Эвра («Ювентус» 35 ёш)
Жаҳонда кўплаб ажойиб чап қанот ҳимоячилари вояга етди. Улардан бири «Ювентус»да тўп суриб келяпти. Патрис Эвра ёшига қарамай, ўзидан анча кичик рақобатчилари билан тенгма тенг кураш олиб бориб, ҳатто ўйин амалиётига ҳам эга бўлиб келмоқда. Албатта, ҳозир у мисол учун, «Манчестер Юнайтед» ёки «Монако»да ўйнаган пайтларидагидек серҳаракат эмас, аммо француз футболчиси юқори суръатга яраб, совринлари бисёр суперветерандир. Бугунга келиб, Эвранинг ўйини ҳаммани лол қолдирмаслиги мумкин, лекин 35 ёшли қанот ҳимоячиси учун шуниси ҳам ёмон эмас.
Ёрдамчиси: Юрий Жирков («Зенит», 33 ёш)
Марказий ярим ҳимоячилар
Хаби Алонсо («Бавария», 34 ёш)
Жаҳон ва Европа чемпиони, клублар даражасида талайгина совринлар соҳиби, «Ливерпуль» ва «Реал» таркибида Чемпионлар Лигаси ғолиби. Ажойиб ва ақлли ўйинчи ҳозирга қадар бундеслига етакчиси сафида ишончли ўйин намойиш этиб келяпти. Яқинда Хаби 35 ёшни қаршилади, лекин шунга қарамай, ёзда Карло Анчелотти «Бавария»дан испан футболчиси билан шартномани узайтиришни талаб қилди. Италиялик мураббий бундан ҳеч ҳам афсусда эмас, ахир Алонсо ўз ишининг устаси, боз устига, Алькантарани кўп нарсаларга ўргатиши мумкин.
Ёрдамчиси: Гаррет Бэрри («Эвертон», 34 ёш)
Даниэле Де Росси («Рома», 33 ёш)
Мазкур таркибдан ўрин олиш учун «Рома»нинг 33 ёшли «тўдабошиси»да тажриба етарли. Маҳоратли футболчи охирги пайтларда яна турли хил яхши ишлари билан ажралиб турибди. Яқинда касалликка чалинган жамоадоши Флоренцининг ташхисини билиш учун ҳатто, у билан бир кеча шифохонада қолган. Сўнгра қадрдон дўстининг тобути устига жаҳон чемпионлиги учун берилган медалини қўйди. Хуллас, Де Росси «Рома»га содиқ камсонли ўйинчилардан биридир ва бу борада уни бемалол Тоттининг издоши дейиш мумкин. Ўз вақтида у кўплаб клублардан келган таклифларни рад этган, айниқса, «Ювентус»никини.
Ёрдамчиси: Тиаго Мотта («ПСЖ», 34 ёш)
Ҳужум звеноси
Дирк Кюйт («Фейеноорд», 36 ёш)
Умуман олганда, Европа бўйлаб эски мактабнинг ажойиб ҳужумчилари «дайдиб» юришибди. Масалан, Милан Барош ҳали-ҳанузгача «Слован» таркибида ўйнаяпти, Робин ван Перси эса «Фенербахче» билан Европа Лигасини забт этиш илинжида. Бироқ Дирк Кюйт ҳақида бундай деб бўлмайди. Ҳозир унинг ишончли ўйинлари самараси ўлароқ, «Фейеноорд» чемпионатда ишонч билан пешқадамлик қиляпти. Ушбу универсал ҳужумчидаги юқори тайёргарлик даражасига аксарият ёш ҳужумчилар ҳавас қилишса арзийди. Бу таърифларнинг бари 36 ёшли футболчига тегишли... ақлдан озиш ҳеч гапмас!
Ёрдамчиси: Робин ван Перси («Фенербахче», 33 ёш)
Франческо Тотти («Рома», 40 ёш)
Бу футболчи 40 ёшда ҳам таслим бўлмаяпти. Тоттининг рафиқаси Спаллеттига истаганча эътирозлар билдириши мумкин, лекин мураббийга қойил қолиш керак. У «Рома» афсонасини сал олдин юзага келган можарога қарамай, ўз режаларига киритишга ўзида куч топа билди. Франческо яхши тайёргарликка эга ва ақлли узатмалари сонини ўйиндан-ўйинга ошириб боряпти. Ваҳоланки, унинг ёшида ҳамма ўйинчилар ҳам «А» серия ёки Европа Лигасининг юқори темпига бардош беролмайдилар. Тотти эса ўз ишининг ҳақиқий устаси, бугунги рамзий терма жамоадаги яна бир жаҳон чемпионидир.
Ёрдамчиси: Габи («Атлетико», 33 ёш)
Франк Рибери («Бавария», 33 ёш)
Чап қанотга икки нафар ўзига хос характерга эга номзодлар бор эди. Лекин Рикардо Куарежма катта клубларда ўзини кўрсата олмади, Рибери эса «Бавария» юлдузига айланди. Тўғри, у ёзда миллий терма таркибида Куарежма каби Европа чемпиони бўлолмади, шунга қарамай, рамзий жамоага «Бавария» аъзоси танланди. Юқори техникали португал футболчисини эса унга ёрдамчи қилиб қўямиз. Ҳар ҳолда, бу каби ветеранлар яхши ўйнаб туришса, ёшлардан икки баробар юқори баҳоланишади.
Ёрдамчиси: Рикардо Куарежма («Бешиктош», 33 ёш)
Марказий ҳужумчи
Ариц Адурис («Атлетик», 35 ёш)
«МЮ» ҳужумчиси Златан Ибрагимовичнинг таркибга киритилмаганига жиддий бир сабаб бор. Аниқроғи, «Атлетик» аъзоси Ариц Адурис унинг йўлига ғов бўлди. Агар швециялик голеадор ҳам испаниялик тенгдошига ўхшаб еврокубок баҳсларида «пента-трик» қайд этганида, шубҳасиз, рамзий жамоадан ўрин оларди. Шунинг учун скандинавиялик юлдуз ортиқча бошоғриқсиз захирадан ўрин эгалламоқда. Жорий мавсум швед футболчиси «МЮ»да у қадар ёрқин ўйин намойиш этолмаяпти, аммо бильбаолик тўпурар ишқибозларни ақлдан оздирадиган даражада ўзини кўрсатиб келмоқда. Испаниялик форвард 30 ёшдан кейин янада кучлироқ ўйнаётгандек туюлмоқда. Бундай даражали ҳалқаро мусобақада «пента-трик» қайд этилиши ҳар куни ҳам кузатилмайди. Оқибатда, уни Испания терма жамоасига ҳам чақиришди. Хуллас, Адурисни табриклаймиз.
Ёрдамчиси: Златан Ибрагимович («Манчестер Юнайтед», 35 ёш).
Ш.АБДУЛЛАЕВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Бизни Телеграмда ҳам кузатиб боринг
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20