Қайднома

Қидирув

Ўзимизнинг осиёдан қўймасин – 2

Ўзимизнинг осиёдан қўймасин – 2

  06.02.2017 06:22
  0
  1362
Ўзимизнинг осиёдан қўймасин – 2

Газетамизда аввалроқ берилган «Ўзимизнинг Осиёдан қўймасин» мақоласи футболчиларимизга ёқиб тушган кўринади. Мана, «Локомотив» январь ойи бошидаёқ 3 нафар аъзосини хорижга «учирма» қилди. Тез орада «Пахтакор» ва «Бунёдкор» футболчиларига боғлиқ янгиликларни ҳам эшитсак, ажабмас. Ҳозирча ярим ҳимоячилар -  Сардор Рашидов («Ал-Жаиш») ва Санжар Турсунов («Ал-Ҳарайтият») ортидан Қатар Юлдузлар Лигаси яна икки иқтидорли футболчимиз билан бойиди. Булардан ташқари, Осиёда катта обрўга эга Сервер Жепаров ҳам фаолиятининг сўнгги қисмида яна хорижда тўп сурадиган бўлди. Яъни миллий терма жамоамиз рекордчисини Эроннинг «Истиқлол» клуби ўз сафига чорлади. Демакки, янги трансферларни гапириш баробарида Осиё томон юз бурган футболчиларимизнинг янги клублари ҳақида маълумот беришда давом этамиз. Шунингдек, улар ўз позициялари бўйича кимлар билан рақобат олиб боришлари мумкинлигига ҳам тўхталамиз, албатта.

Сервер ЖЕПАРОВ («Истиқлол», Теҳрон)

2017 йилнинг 15 январидан

«Истиқлол» - Теҳрон футбол клуби. Эрон про-лигаси грандларидан бири. Ташкил топган вақти: 1945 йил 26 сентябрь. Клуб эгаси: Ризо Ифтихори (2016 йил август­дан). Бош мураббийи: Алиризо Мансуриян (2016 йил июндан). Жамоа садори: Меҳди Раҳмати (дарвозабон). Уй стадиони: «Озоди» (сиғими - 78116). 2015|2016 йиллар мавсумдаги натижаси: Форс кўрфази про-лигасида 3-ўрин. Экипировка таъминотчиси: Li-Ning (2016 йилдан). Бош ҳомийси: Hamrah Aval мобиль алоқа компанияси (2015|2016 йиллар мавсумидан). Легионерлари: Робсон Жануарио (ҳимоячи, Бразилия), Грайр Мкоян (марказий ҳимоячи, Арманистон), Леандро Падовани (ҳимоячи, Бразилия), Сервер Жепаров (ярим ҳимоячи, Ўзбекистон).

Теҳроннинг «Истиқлол» клубида айни пайт авлодлар алмашинуви жараёни давом этяпти. Жамоа аввалги мавсум Эрон элит дивизионида ҳаммадан кам (4та) мағлубиятга учраган бўлса ҳамки, сўнгги икки турдаги омадсизлик уни чемпионликдан маҳрум этди. Яъни Ҳузистоннинг «Истиқлол» жамоаси финиш маррасидагина «улоқ»ни илиб кетди. Жамоа янги мавсумга янги бош мураббий қўл остида киришди. 45 ёшли Алиризо Мансуриян футболчилик фаолиятини 2008 йили айнан шу клубда якунлаганди. У «Истиқлол»га қайтгунига қадар Эрон ёшлар термаси (U-23) ва «Нафт» (Теҳрон) жамоаларида ишлади. Шунингдек, жисмоний тайёргарлик мураббийи - америкалик Стивен Жонс теҳронликларнинг бир неча фронтда муваффаққиятли ўйнашларига асосий жавобгар шахслардан биридир.

Жамоада 44-рақамни танлаган Сервер Жепаров ярим ҳимоядан жой олиш учун Омид Иброҳими, Жобир Ансори, Фаршид Исмоили, Яқуб Карими каби футболчилар билан баҳслашиши керак. Ансори кўп ҳолларда ҳужумчи сифатида ўйнаса, асли ҳимоячи саналган Ҳусро Ҳайдари марказий ҳудуддаги камчиликларни ёпиб туради. Омид Иброҳими гарчи стоппер ролини бажарсада, ўтган мавсум клубнинг бош тўпурари бўлди - 11та гол. Бразилиялик Робсон Жануарио фарм-клуб «заявка»сидан жой олганига қарамай, жорий мавсум асосий таркибда 12 марта майдонга тушди. Умуман, ҳамюртимиз янги клубида ёши энг катта футболчи саналади. Тажрибали ярим ҳимоячимиз «Истиқлол»нинг Осиё Чемпионлар Лигаси-2017даги имкониятлари ҳақида гапириб, жамоаси билан камида чорак финалга чиқишга умид билдирди. Теҳрон клуби гуруҳ босқичига қўшилиш йўлида 7 февраль куни ўз майдонида кечадиган «плей-офф» босқичи ўйинида Қатарнинг «Ал-Садд» жамоасини енгиши керак. Умид қиламизки, тажрибали ярим ҳимоячимиз шу баҳсдаёқ ўзини кўрсатишни бошлайди.

Факт. Эроннинг сўнгги шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлави, шунингдек, мамлакатдаги 30 нафардан ортиқ машҳур актёр ва актриса айнан «Истиқлол»га мухлислик қилган. Умуман, Жепаровнинг янги жамоаси форс заминидаги энг машҳур клублардан биридир. Дейлик,  «Истиқлол» нафақат Форс кўрфази мамлакатлари, балки Европа ва Америкада ҳам мухлислар клубига эга.

(Эслатиб ўтамиз, мазкур мавола ёзилганидан сўнг «Истиқлол» жамоаси фейр-плей билан боғлиқ муаммога дуч келди ва Сервер Жепаровни ижара асосида «Сепахон» жамоасига қўйиб юборди)

Темурхўжа АБДУХОЛИҚОВ ва Санжар

ШОАҲМЕДОВ («Ал-Сайлия», Қатар)

2017 йил 16-17 январдан

«Ал-Сайлия» спорт клуби. Қатар Юлдузлар лигаси ўртамиёналаридан бири. Ташкил топган вақти: 1995 йил 10 октябрь («Ал-Қодисия» номи остида). Клуб эгаси: шайх Носир бин Ҳамад бин Носир ал Тани. Уй стадиони: «Аҳмад бин Али Стэдиум» (сиғими - 25000). 2015|2016 йиллар мавсумидаги натижаси: Қатар Юлдузлар лигасида 7-ўрин. Бош мураббийи: Сами Трабелси (Тунис, 2013 йил 8 июндан).

«Сайлия» Қатардаги аксарият клублар сингари ал Танилар оиласига қарашли. Ҳозирги номини 2003 йили олди. Шундан бир йил ўтиб эса, илк марта Юлдузлар Лигасига йўл олди. Кейинчалик олий ва биринчи дивизион ўртасида сарсон юрди. Жамоа бошқаруви Тунис термаси собиқ бош мураббийи Сами Трабелсига топширилгач, лигалар аро «сайр»га барҳам берилди. Дарвоқе, клубнинг интернет тармоғидаги  профилида машҳур 5 нафар футболчиси қаторида Санжар Шоаҳмедов ва Темурхўжа Абдухолиқов ҳам қайд этилган. Ваҳоланки, ҳамюртларимиз «Сайлия» билан яқиндагина шартнома тузишди.

Айни пайт 5та гол урган ҳимоячи Муҳаммад Муддатер жамоа тўпурари бўлиб турибди. Шу сабабми, мураббийлар штаби ҳужум чизиғини кучайтиришга қарор қилди. Камерунлик 33 ёшли Ало`О Эфоулоу ҳисобида эса 4та гол бор. Мураббийлар шунингдек, 38 ёшли Мирғани Бабикерга нақ 13та ўйинда тўлиқ ишонч билдиришди, лекин у лоақал  битта гол уролмади ва боз устига, 4 марта сариқ карточка олди. Ярим ҳимоячилар - Мустафо Ҳафиз, Сайаф Муҳсин, Ҳамад ал Обайди ва Мажди Сиддиқ тўртлиги эса атиги 2та гол ҳосил қилди. Хуллас, Санжар Шоаҳмедов ақлли тўп оширишлари, шерикларини қулай позицияга чиқариши билан янги жамоаси асосий таркибидан жой олишга уриниб кўради.

Факт. Темурхўжа Абдухолиқов аввалги мавсум якунлангач, Малайзия клублари эътиборига тушганди. Лекин у 29 декабрь куни «темирйўлчилар» билан 1 йиллик янги шартнома тузди. Айнан шу келишув якунда Тошкент клубига трансфердан даромад (0,85 млн. доллар) келтирди.

Қирғизистон чемпионати қанчалик кучли?

Алишер Азизов («Дордой», Қирғизистон)

2017 йил 14 январдан

Сўнгги икки мавсумни «Обод» жамоасида ўтказган, 2015 йил Ўзбекистон биринчи лигаси тўпурарига айланган ва пойтахт клубининг элитага чиқишига катта ҳисса қўшган Алишер Азизов эса фаолиятини яқин хорижда давом эттиради. Ҳужумчи Қирғизистоннинг «Дордой» жамоаси билан бир йиллик шарт­номани расмийлаштирди. Бишкек клуби 2016 йили  7та иштирокчи ўртасида ўтказилган Қирғизистон олий лигасида 43 очко билан 2-ўринни банд этди. Қолаверса, мамлакат кубоги айнан «Дордой»га насиб қилди. Умуман, бу жамоа 2004 йилдан буён турнир жадвалида бирор марта 2-ўриндан пастга тушмаган.

ФИКРАТ тайёрлади

"Интерфутбол" газетасидан олинди

Бизни Телеграмда ҳам кузатиб боринг 

Телеграмга уланиш учун мени босинг



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz