Қайднома

Қидирув

Ишонаверинг, Сурия термаси – жиддий рақиб!

Ишонаверинг, Сурия термаси – жиддий рақиб!

  05.02.2017 19:36
  0
  3414
Ишонаверинг, Сурия термаси – жиддий рақиб!

Баҳорнинг илк ойида жаҳон чемпионати саралашининг икки муҳим ўйини бўлиб ўтади. Аслида, бу босқичда аҳамиятли бўлмаган ўйиннинг ўзи йўқку-я, аммо 23 мартда Сурия ва 28 мартда қатарга қарши кечадиган ўйинларнинг аҳамияти ростдан ҳам жуда катта. Чунки бу икки учрашувда Ўзбекистон миллий терма жамоаси юз фоизлик натижа - 6 очкога эга бўлиши шарт. Акс ҳолда, қолган ўйинлардан маъно қолмайди.

АУТСАЙДЕРЛАР

Бундай дейишимизнинг сабаблари бор, албатта. Биринчидан, қатар ва Сурия гуруҳ аутсайдерлари ҳисобланишади. Гарчи иккиси ҳам ЖЧ саралашида кутилганидан анча кучлироқ ўйин намойиш қилган ва очко жамғаришда барча таассуротларни бузиб ташлаган бўлса-да, биринчи давра якунларига кўра, барибир, ҳеч нарса ўзгармади - қатар ва Сурия ҳамон қуйи ўринларда боришмоқда. Шундай экан, нима бўлган тақдирда ҳам улар гуруҳ аутсайдери бўлиб қолмоқдалар.

Магарки, шу жамоаларни ҳам мағлубиятга учрата олмасак, демак мундиалга чиқиш орзуси билан хайрлашишга тўғри келади. Ўзбекистон терма жамоаси биринчи даврада бу ишни қийинчилик билан бўлса-да уддалади. Сурия Тошкентда, қатар эса сафарда минимал ҳисобда мағлубиятга учратилди. Бироқ битта гол урасизми ёки ўнта, ғалаба барибир, ғалаба. Ҳисоб қандай бўлишидан қатъий назар, уч очко берилади. Биринчи даврада Сурия ва қатарни мағлуб этишнинг уддасидан чиқилди. Энди шу ишни яна бир марта бажариш лозим. Бироқ энди анча қийин бўлиши турган гап. Айниқса, Сурия билан бўладиган ўйинда.

Нима учун Сурия? Бунинг бир нечта сабаблари бор. Ҳозир шу ҳақида.

СУРИЯ 

Жаҳон чемпионати саралаши бошланишидан олдин гуруҳда яққол аутсайдер сифатида айнан Сурия терма жамоаси кўрсатилган эди. Аввалига ҳаммаси кутилганидек бошланди,  Сурия Тошкентдан мағлубият билан қайтди ва аутсайдер деган номни «оқлай» бошлагандек кўринди. Бироқ кейин ҳаммаси ўзгариб кетди. Айни вақтда Сурия 5 очко билан қатар ҳамда Хитойдан юқорида турибди. Кўп мақталган қатарда 4 очко, ундан ҳам ошириб мақталган Хитойда эса 2 очкогина мавжуд. Бу эса Ўзбекистон терма жамоаси учун ҳам огоҳлик қўнғироғи бўлиб хизмат қилиши лозим. Баҳорда Самвел Бабаян шогирдларини анча мураккаб ўйин кутиб турибди. Энг ёмони - учрашув сафарда бўлиб ўтади. Мана шунисидан қўрқиш лозим.

Сурия терма жамоаси ЖЧ саралаши баҳсларини Малайзиянинг Парои шаҳрида жойлашган «Туанку Абдул Раҳмон стэдиум»да ўтказмоқда. Таъкидлаш жоиз, рақиб бу стадионда анча кучли ўйин намойиш қилади. Жанубий Корея ҳамда Эрон айнан шу ерда очко йўқотиб қайтгани ҳам фикримизга тасдиқ бўлса керак. Ҳар икки учрашувда ҳам ҳисоб очилмаган.

Хўш, Сурия терма жамоасининг бу муваффақияти сабаби нимада?

ИККИ САБАБ

Нима учун биз учун орзу бўлиб қолаётган натижа - етакчилар билан дуранг қайд этишга Сурия муваффақ бўлди? Бу саволнинг жавоби анча қизиқарли. Суриянинг сирини икки жабҳада кўриш мумкин. Биринчидан, унинг ҳимояси жуда кучли. Буни айтмасак ҳам ўзингиз яхши биласиз, «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтган учрашув ҳали ёддан чиқиб улгурмаган. Ўша баҳсда Александр Гейнрих захирадан майдонга тушиб, ўйин қаҳрамонига айланмаганда биз ҳам бир очко билан қолиб кетган бўлардик.

Бироқ Суриянинг дурангларида яна бир омил борки, у ҳам кам аҳамият касб этмайди - Парои шаҳридаги стадион. Сурия терма жамоаси ҳозирда уй учрашувларини «Туанку Абдул Раҳмон стэдиум»да ўтказмоқда. Бу аренанинг майсаси сифати юмшоқ қилиб айтганда, талабга жавоб бермайди. Нотекис майдон ва сифатсиз майса устида эса ҳужумкор ва чиройли ўйин намойиш этиш анча қийин масала. Боз устига, Эронга қарши кечган учрашув вақтида Малайзияда кучли ёмғир ёғди ва Карлуш Кейруш шогирдлари катта қийинчиликка дуч келдилар. Одатда, бундай вақтда техникага асосланиб ўйнайдиган жамоа муаммоларга дуч келади. Ўйин тизгинини қўлдан чиқариб, маҳорат борасида ўзидан анча паст жамоадан мағлубиятга учраши ҳам ҳеч гап эмас. Шундай экан, Эрон терма жамоаси Малайзиядан нурсиз дуранг билан қайтганига балки хурсанд бўлиши лозимдир. Бундай ёмғир остида нафақат «Абдул Раҳмон Стэдиум», балки «Сантьяго Бернабеу» ёки «Камп Ноу»да ҳам ўйнаш анча қийин.

МОУРИНЬО КАБИ

Сурия терма жамоаси учун эса бундай майдонда тўп суриш айни муддао. Умуман, ҳимоявий ўйин намойиш этадиган ҳар қандай жамоа учун майдон текис бўлмагани маъқул. Шунинг учун ҳам Жозе Моуриньо майсаси ўсиб кетган майдонда ўйнашни хуш кўради. Бундай жойда тўп думалаши қийин ва узатмалар тезлиги пасаяди. Моуриньо эса қандай услубда ўйнашни ёқтиришини ҳамма яхши билади.

Айман ал Ҳакимнинг услуби ҳам шунга яқинроқ. Сурия терма жамоаси ҳимоявий ўйин кўрсатади ва қарши ҳужумга тез чиқиб кетиш мақсадида тўпни узоқ масофага етказиб беришга ҳаракат қилади. Техник ўйин кўрсатиб, қисқа ва ўрта масофага тўп узатиб ўйнайдиган жамоа учун эса Пароидаги майдон даҳшатнинг ўзгинаси.

ЯНА МУАММОЛАР

Хуллас, Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Сурияга қарши сафарда бўладиган баҳс анча-мунча муаммолар келтириши муқаррар. Кимдир бу ўйинда осонгина ғалаба қозонамиз, деб ўйлаган бўлса, қаттиқ адашади. Биз юқорида ҳали ҳамма қийинчиликларни санаб ўтмадик. Март ойида Малайзияда яхшигина иссиқ бўлади. Боз устига, ёмғир ҳам кўп ёғади. Намлик юқори бўлгани ҳолда жазирама иссиқ остида ўйнаш лозим. Шуларни инобатга олсак, Самвел Бабаян шогирдларига осон бўлмаслиги аниқ. Осонроқ тушунтирадиган бўлсак, бундай иқлим кўпроқ ҳаммомни ёдга солиб юборади. Иссиқ ва бўғиқ ҳавода ўйнаш эса осон ишмас.

Бироқ Сурияга қарши кечадиган ўйинда биз дуч келишимиз мумкин бўлган энг катта муаммо ҳам бу эмас. Ноқулай об-ҳаво, рақибнинг қарши ҳужуми, ҳимоявий ўйин ва бунинг учун идеал даражада мос келадиган нотекис майдон ўз йўлига. Ўзбекистон термасига халал берадиган энг катта муаммо жамоанинг ўзи. қандай қилиб? Ҳозир шу ҳақида.

 

БОШқАЛАР

Яхши биласиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўтган ҳафта Дубайда тўрт кунлик йиғин ўтказиб қайтди. Бу йиғин доирасида иккита ўртоқлик ўйини ташкил этилиб, бир қатор футболчилар синаб кўрилди. Шу ўринда Дания ёшлар терма жамоасига қарши кечган учрашувда майдонга тушган таркибни эътиборингизга ҳавола қилсак:

Дарвозани Игнатий Нестеров қўриқлади. Чап қанот ҳимоясида Александр Мерзляков ва ўнг қанотда Шуҳрат Муҳаммадиев ўйнади. Марказий ҳимоя эса Владимир Козак ва Рустам Ашурматовга ишониб топширилган. Таянч ярим ҳимоясида Акбар Исматуллаев ва қутибоев ҳаракат қилишган бўлса, ҳужум ортида Сардор Мирзаев, Жалолиддин Машарипов ва Достон Ҳамдамовлар ўйнашди. Ягона ҳужумчи сифатида эса Шоҳруз Норхонов тўп сурди.

Мана, таркиб билан танишиб олдик. Энди бир саволга жавоб берсангиз: шу футболчилардан кимдир ЖЧ саралаши доирасида Сурияга қарши ўйнашига ишонасизми? Майли, бирортаси таркибга ҳам киритилди, дейлик, аммо ўша футболчи термада бемалол ўйнаб кета оладими? Ахир у бугун Ўзбекистон терма жамоасининг асл таркиби билан ўйнамаяпти-ку! Дания ёшларига қарши ўйнаганлар аслида Ўзбекистон терма жамоаси эмас, балки тажриба учун йиғилган таркиб, холос. Хўш, бундай услуб билан бирор натижага эришиш мумкинми? Эртага ўша футболчи Одил Аҳмедов, Азиз Ҳайдаров ва Сервер Жепаров билан тил топишиб кета оладими? Биз атайлаб Виталий Денисовни айтмадик, чунки у билан истаган футболчи ўйнаб кета олади. Аммо бошқалар-чи?

Албатта, терма жамоа мураббийи тажриба қўллашга ҳақли. Аммо ҳамма нарсанинг ҳам чегараси бўлади. Айтайлик, Данияга қарши кечган ўйиндан фарқли ўлароқ, Грузия билан нисбатан асосий таркиб ўйнади. Лобанов дарвозада, Станислав Андреев, Азим Аҳмедов, Ислом Тўхтахўжаев, Даврон Ҳошимов ҳимояда, Жавоҳир Соҳибов ва Отабек Шукуров эса таянч ярим ҳимоясида тўп суришди. Ҳужум ортида Элдор Шомуродов, Жамшид Искандеров ва Марат Бикмаев ўйнаган бўлса, ягона ҳужумчи сифатида Игорь Сергеев ҳаракат қилди.  Эҳтимол, бу таркиб билан нимадир қилиш мумкиндир. Аммо юз фоиз янгиларни майдонга тушириш кимга керак? Дубайдаги йиғин шунчаки ҳисобот учун ўтказилган бўлса, тушуниш мумкин. Бироқ янги ўйин услуби ва футболчиларни синовдан ўтказиб олиш учун қай даражада фойдали бўлишини ҳали ўйлаб кўриш керак бўлади.

ПАРОИГА БОРМАЙМИЗМИ?

Хорижда ўтказиладиган йиғинлар керак, албатта. Бундай йиғинлар ЎФФдан қандай харажатларни талаб қилишини яхши биламиз. Аммо ўша харажатлар ўзини оқлаши учун мақсадли йўналтирилган бўлиши керак эмасми? Дания ва Грузия билан бўладиган ўйин Сурияга қарши кечадиган баҳсда қай даражада асқотиши мумкин? Дубай ва Туркияда ташкил қилинадиган йиғинлар-чи? Уларда барибир, асосий таркиб футболчилари иштирок этмагандан сўнг, бу йиғинлардан қандай фойда?

Аслида, бу муаммо ҳозир пайдо бўлиб қолмаган, балки олдиндан мавжуд. Масалан, Испания терма жамоаси оддий ўртоқлик ўйини учун ҳам бутун таркибни йиғади. «Челси»дан Диего Костани чақириб олавергани учун лондонликлар билан ора бузилганини ҳам эшитганмиз. Аммо бизда ўртоқлик ўйинларида бошқа таркиб, расмий баҳсларда эса бошқалар ўйнайди. Бу муаммо Абрамов даврида ҳам бор эди, қосимов вақтида ҳам. Балки ЖЧдан четда қолиб кетаётганимизга сабаб ҳам шундадир?

Дубай ва Туркияда йиғин ўтказган яхши. Аммо шунинг ўрнига бир марта бўлса ҳам Малайзияга бориб, Пароидаги ўша стадионда ўртоқлик ўйини ўтказиб қайтилса, шунга етадигани бўлмаса керак. Футболчилар майдон ҳолатини ўрганган ва қандай ўйинга тайёр туриш кераклигини тушуниб етган бўлардилар. Фақат бир шарт - бунинг учун бутун таркибни йиғиш керак.

Ахир айтяпмиз-ку, баҳордаги рақиб анча жиддий, деб...

АБДУЛЛОҲ,

"ИнтерФУТБОЛ" газетасидан олинди

Бизни Телеграмда ҳам кузатиб боринг 

Телеграмга уланиш учун мени босинг



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz