Қайднома

Қидирув

Соукаина Исмоилова: «Ўзбекистон – иккинчи ватаним»

Соукаина Исмоилова: «Ўзбекистон – иккинчи ватаним»

  06.02.2017 15:48
  0
  3224
Соукаина Исмоилова: «Ўзбекистон – иккинчи ватаним»

Бир қарашда, футболчининг аёли бўлиш - ҳавасга арзигудек: катта маош, тўкин-сочин ҳаёт, кетма-кет саёҳатлар... Аммо инсон феъли шундайки, биз ўзимиз яхши танимайдиган одамлар ҳаётига фақат бир томонлама қараймиз, холос. Аслида профессионал футболчи билан оила қурган аёлларга осон тутмаслик керак. Зеро, уларнинг ҳаётида ҳам ўзига яраша, ташвишлар, қийинчиликлар ва камчиликлар учраб туради. Sports.uz мухбири Земфира Яблокова ва терма жамоамиз ҳамда «Чанчун Ятай» (Хитой) клуби аъзоси - Анзур Исмоиловнинг рафиқаси Соукаина Исмоилова ўртасидаги суҳбатни ўқиб, бунга ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қилишингиз мумкин.

— Соукаина, кўпчилик сиз ҳақингизда бир нарса, яъни Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси Анзур Исмоиловнинг турмуш ўртоғи эканлигингизни билади, холос. Аввало, сиз билан яқинроқ танишишни истардик...

— Ўзим ҳақимда нималарни гапиришим мумкин?! Юқорида айтдингиз, исмим -  Соукаина. Марокашда туғилганман. Анзур билан танишгунимга қадар Хитойнинг Hainan Airlines авиакомпаниясида стюардесса бўлиб ишлардим.

— Қизиқ, танишув қандай рўй берди?

— Бу 2011 йилги воқеа. Ўшанда Чанчундан Пекинга учган рейсда хизмат қилгандим. Анзур эса йўловчилар орасида бўлган. У кутилмаганда, мулойим оҳангда телефон рақамимни сўраб қолди. Табиийки, аввалига унинг илтимосини рад этдим. Ахир дуч келган одамга телефон рақамимни бериб кетавермайман-ку, тўғрими?! Бироқ орадан 2 ой ўтгач, тақдир тақозоси билан яна самолётда учрашиб қолдик. Анзур бу гал жамоаси билан сафарга йўл олган экан. Хуллас, у яна ўша илтимосини такрорлади, мен эса қайта рад жавобини бердим. Анзур шунда агар унинг хоҳишини бажармасам, самолётни бошига кўтариб, қичқиришини айтди. Очиғи, важоҳатидан сўнг рақамларни айтишдан бошқа чорам қолмади... Ўша куни кечга яқин менга қўнғироқ қилди ва шу тариқа ўртамизда муҳаббат тарихи бошланди.

— У билан учрашганингизда, кимлигини сезганмидингиз?

— Йўқ, биринчи учрашув чоғи Анзур мен учун одатий бир йўловчи эди. Чунки ўша вақт ўзбек футболи билан таниш эмасдим. Лекин кейинги сафар қаршимда футболчи турганини сездим, ҳарқалай. Зеро, у жамоа­си билан бирга эди.

— Умуман, Анзур билан танишгунингизга қадар ҳам футболга қизиқармидингиз?

— Ҳа, албатта. Тўғрироғи, оиламизда ҳамма футбол ўйинини яхши кўрарди. Ёдимда, ёшлигимдан муҳим ўйинларни оила даврасида берилиб, томоша қилардик.

— Қачон турмуш қурдинглар? Тўй маросими қаерда ўтди?

— 2013 йилнинг 23 ноябрида никоҳдан ўтдик. Тўй тантаналари Тошкентда бўлди. Бунгача эса ватаним - Марокашда, оила даврасида ҳам кичикроқ  базм уюштиргандик.

— Аксарият футболчилар рафиқалари турмуш ўртоқларининг узоқ муддат ёнларида бўлмасликларидан, узлуксиз сафарлардан нолишади. Бу масалага қандай қарайсиз?

— Тўғриси, бу - айни ҳақиқат. Кўпчилик ўйлайдики, футболчининг рафиқаси бўлиш - жуда ажойиб. Аммо аслида бундай эмас. Баъзида жуда алам қилади одамга. Масалан, оиламизда бирор тантана нишонланса ёхуд дейлик, фарзандларимиз туғилган кунларида Анзур биз билан бирга бўлолмайди. Ўзимнинг туғилган кунимни-ку, айтмай қўя қолай (жилмаяди). Ишонасизми, ҳаттоки, қизимиз дунёга келган пайт ҳам у ёнимда бўлмаган. Анзур биринчи марта қизалоғимизни кўриб, қўлига олганида, у 4 ойлик чақалоқ эди. Шуни инобатга олиб айтиш мумкинки, ҳаётимиз унча ҳавас қиларли эмас. Аммо шахсан мен сира нолимайман: муҳаббат доим қурбонликлар талаб этади.

— Олдин вақти келиб, футболчи билан турмуш қуришингизни ҳеч тасаввур қилганмидингиз?

— Тўғриси, бу тушимга ҳам кирмаганди (кулади).

— Айтингчи, футболчиларнинг аёллари ўзаро дўстлашишадими?

— Ҳа, албатта. Дейлик, менда ҳам «футболчи-дугона»лар талайгина. Уларнинг бари жуда чиройли, латофатли ва меҳмондўст. Мисол учун, Яна Бикмаева ва  Карина Клецкова билан қалин дугонамиз. Шунингдек, Замира Аҳмедова билан  тез-тез кўришиб, суҳбатлашиб турамиз. Биз - дугоналар вақти-вақти билан тўпланиб, қайсидир тантанани нишонлашимиз, футбол учрашувларига боришимиз ёки таътил чоғи биргаликда ҳордиқ чиқаришимиз мумкин. Баъзида эса, қизлар, яъни фақат ўзимиз кечки овқат пайти йиғиламиз ва бир пиёла чой устида осон бўлмаган ҳаётимиз ҳақида ҳазиллашиб, кулишиб ўтирамиз.

— Энди фарзандларингиз ҳақида маълумот берсангиз. Уларнинг келажакда қайси касбда кўришни хоҳлардингиз? Дейлик, ўғлингиз ҳам футболни танласа, бунга қандай муносабат билдирасиз?

— 2 нафар фарзандимиз бор: ўғил ва қиз. Ўғилчамиз 4 ёшга тўлди, қизимиз эса 2 яшар. Мен учун уларнинг қайси касбни танлашлари муҳим эмас, асосийси - келажакда яхши инсон бўлиб етишишса, бас. Турмуш ўртоғим ўғлимиз ўз изидан боришини орзу қилади, шубҳасиз. Бироқ ҳаммаси вақт ҳукмига ҳавола. Бошқача айтсам, ўғлимиз мабодо бошқа соҳани танласа, унга ҳеч ким қаршилик қилмайди.

— Анзур иштирокидаги ўйинларни нечоғли кузатиб борасиз?

— Имкониятга қараб. Агар иложи топилса, фарзандларим билан стадионда борамиз. Бордию, бунинг имкони бўлмаса, телевизор орқа­ли томоша қилиш билан чекланаман. Умуман, Анзурнинг ўйинларини ўтказиб юбормасликка ҳаракат қиламан. Негаки, бизнинг қўллаб-қувватлашимиз унга майдонда қўшимча дадиллик, ишонч туйғусини бағишлашини биламан.

— Дарвоқе, эрингизнинг мухлисалари ҳам анча кўп бўлса керак-а? Улар билан қандай курашасиз?

— Биласизми, бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Негаки, улар аслида Анзур эмас, футбол мухлисалари. Балки ишонмаслигингиз мумкин, лекин мен кўплаб мухлисалар билан яқиндан танишман. Ўйинлар вақти жамоамизни биргаликда қўллаб-қувватлаймиз. Хуллас, мазкур масалада хавотирга ўрин йўқ: ҳаммаси қатъий назоратим остида (кулади).

— Соукаина, русчада эмин-эркин сўзлашяпсиз. Бу тилни қаерда ўргангансиз? Ваҳоланки, учрашувга келаётганимда, сиз билан фақат инглиз тилида суҳбатлашиш мумкинлигини айтишганди. Нима, Анзур билан танишишдан олдин ҳам русчани билармидингиз?

— Йўқ, умуман билмасдим. Биз аввалига инглиз тилида мулоқот қилардик. Дейлик, бундан 2 йил муқаддам ҳам бирорта русча сўз айтолмасдим. Лекин дўстларим ёрдами билан бу тилни тезда ўзлаштириб олдим. Яъни танишларимни ҳол-жонларига қўймай, тинмай савол беравердим, улар эса сўзларни қўшиш, тўғри талаффуз қилишни ўргатишаверди... Мана, натижаси - ҳозир русчада бинойидек гапираман, ёзаман. Мақтанишга йўйманг-у, аммо ўзи менда тил ўрганишга алоҳида иқтидор мавжуддек. Мисол учун, русчадан ташқари, араб, француз, инглиз, хитой ва испан тилларида бемалол мулоқот қилишим мумкин.

— Алоҳида хоббингиз борми?

— Ҳа - арабча рақслар шайдосиман. Ўйлашимча, ҳар қандай шарқ аёли арабча рақсни қойиллатиши лозим. 

— Ўзбекистон қанчалик ёқди? Хусусан, қайси омиллар кўпроқ манзур тушди? Таомлар, одамлар, одатлар...

— О, ёққанда, қандай?! Ўзбекистон - айни кўнглимдаги маскан. Айниқса, одамларнинг оқкўнгил ва меҳмондўстликларига таъриф йўқ. Улар исталган лаҳзада кўмакка тайёрлар. Ўзбек халқининг инсоний фазилатларидан шунчаки,  лол қолдим. Яна ўзбек миллий таомларини ҳам дарров ёқтириб қолдим. Мисол учун, қозон-кабоб, мантига иштаҳам баланд. Палов эса табиийки, жону-дилим. Менталитет томонидан олиб қарасак, бу ердаги урф-одатлар ўз юртимдагига жуда ўхшаш ва уларга мослашиш қийин кечмади. Шу боисми, Ўзбекистонга нисбатан тезда алоҳида муҳаббат сездим. Ҳозир бемалол айтишим мумкин, Ўзбекистон - иккинчи Ватаним.

— Хўш, қайси терма жамоага мухлислик қиласиз?

— Илгари фақат Марокаш термаси тарафкаши эдим. Энди табиийки, Ўзбекистон миллий жамоасига ҳам алоҳида қайғураман.

— Ҳозирги ҳолатга қараб, терма жамоамизнинг Россия-2018 мундиалига чиқиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?

— Умид қиламанки, термамиз ЖЧ-2018да албатта, иштирок этади. Бунинг учун имконият етарли. Ўзбек футболи орзусини рўёбга чиқариш йўлида турмуш ўртоғим ва унинг шерикларига омад ёр бўлишини тилайман.

Манба: www.interfutbol.uz

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz