Қайднома

Қидирув

Плюс томони кўп

Плюс томони кўп

  07.02.2017 00:14
  0
  2132
Плюс томони кўп

Ҳозир кўплаб мухлисларимиз Одил Аҳмедовнинг Хитой чемпионати иштирокчиси - «Шанхай СИПГ» клубига ўтганини алоҳида муҳокама қилмоқдалар. Бу албатта, кўриб чиқиш ва атрофлича таҳлил этишга арзирли мавзу. Ахир гап  миллий жамоамиз етакчи футболчиси ҳақида кетяпти. Инглизлар бирор мақола ёзадиган бўлсалар, аввало, кўтариладиган мавзунинг ютуқ ва камчиликларини обдон ўрганиб чиқиб, шундан кейингина барча плюс ва минусларни ўқувчилар ҳукмига ҳавола этишга уринишади. Умуман, таҳлилий мақола ёзишнинг асосий қоидаси ҳам шу бўлса керак. Мен журналист эмасман, аммо шахсий фикримни билдиришда, барчасини шу қоида бўйича ёзишга  ҳаракат қилиб кўрдим.

Келинг, аввало, Одилнинг Хитойга йўл олишининг фойдали жиҳатларини кўриб чиқамиз. Биринчидан, ҳамюртимиз Чин юрти миллий чемпионатида жаҳон таниган юлдузлар - Оскар, Халк, Рамирес, Жексон Мартинес, Алекс Тейшейра, Карлос Тевес каби қимматбаҳо ижрочилар билан елкама-елка ишлаш-ўйнаш ёки уларга қарши тўп суриш имкониятига эга. Шуни назарда тутсак, Одил қайсидир маънода Ўзбекистонда нисбатан анча арзон, аммо шундай топ-ижрочилар қатори ўйнаб кетишга қодир футболчилар топиш мумкинлигини реклама қилади. Иккинчидан, у йилнинг кўп вақтида асосан сунъий қопламали майдонларда (боз устига, қиш мавсуми хоккей майдонидан фақат ранги билангина фарқланадиган музлаган чим устида) футбол ўйнаш ва бемаврид жароҳатланиш хавфидан халос бўлади. Қолаверса, жаҳон таниган топ-мураббийлар нигоҳига тушиш орқали уларнинг ўзбекистонлик футболчиларга қизиқиш билан қарашга ундаши ҳам мумкин.

Агар иқлимни олсак, бу масалада ҳам плюс топилади. Зеро, Хитой иқлими Россияникига қараганда, биздаги об-ҳавога нисбатан ўхшаш. Демакки, шу ҳолат ҳам футболчимизга муайян қулайлик туғдирса, ажабмас. Зеро, у миллий жамоамиз йиғинига келганида, иқлимдаги кескин ўзгариш сабаб, ортиқча қийналмайди. Умуман олганда, Одилни миллий термамиз йиғинларига чақириш ҳам эндиликда муаммо бўлмаса керак. Ҳарқалай, Хитой Осиёда жойлашган ва ОФК аъзосидир. Шундай экан, супер-лигада Осиё футболи тақвимига мос тарзда иш олиб борилишини тахмин қилиш мумкин. Дейлик, Ўзбекистон ва Хитой терма жамоаларининг йиллик тақвими деярли бир хил. Бу нимани англатади? Икки жамоанинг йиғинлари бир вақтга тўғри келишини. Шуни инобатга олсак, Аҳмедовнинг Ўзбекистон термаси ихтиёрига келишида қандайдир қийинчиликлар юзага келмаса керак.

Ўз ўрнида яна бир жиҳатни тилга олиш мумкин. Тўғри, бунинг эҳтимоли паст, аммо баъзан учраб туради. Мен ОЧЛда жамоаларимизнинг «Шарқ» ҳудуди вакилларига тўқнаш келишлари мумкинлигини назарда тутяпман. Ҳа, бизнинг клублар «Ғарб» зонасида ўйнашади ва ҳозирги қоидага кўра, «Шарқ» жамоалари билан фақат сўнгги «плей-офф» раундларида тўқнашишлари эҳтимоли бор. Аммо унутмаслик керакки, «Бунёдкор» вақтида «Шарқ» минтақасида муносиб баҳс олиб борганди. Энди бир тасаввур қилинг, ОЧЛ-2017нинг ҳал қилувчи ўйинларидан бирида «Шанхай СИПГ» ва бирор клубимиз қарама-қаршилигини кузатсак нима бўлади? Буни барча мухлисларимиз чинакам совға сифатида қабул қилишлари тайин. Ахир Одил Россия чемпионатида шунча вақт ўйнаганига қарамай, аксарият мухлисларимизга унинг ҳаракатларини бевосита кўриш насиб этмади. Эҳ, воқеалар худди шундай ривожланса эди...

Ана энди Одил Аҳмедовнинг Хитойга кетишига боғлиқ минус жиҳатларни ҳам кўриб чиқамиз. Энг катта минус - бу етакчи ўйинчимизнинг еврофутболдан узоқлашгани. Яъни Одил «кўҳна қитъа»нинг ЕЛ ёки ЕЧЛдек нуфузли мусобақаларида иштирок этиш имкониятидан маҳрум бўлди. Шунингдек, футболчимизнинг Хитой жамоаси асосий таркибида мунтазам ўйнашига ҳам кафолат йўқ. Ахир «Шанхай» таркиби тобора кучайтирилмоқда. Аслида бу ҳолатни минус сифатида баҳолаш ноўрин. Чунки Одилнинг нақадар меҳнаткаш йигит эканлигини яхши биламиз ва кучли рақобат унга салбий эмас, ижобий таъсир этишига ишонамиз. Кейинги минус - футболчимизнинг европалик скаутлар назаридан четда қолиши. Лекин бунинг қўрқинчли томоно йўқ.

Хулоса. Бундай олиб қаралса, Одилнинг Осиёда ўйнаши Европада фаолият юритишидан кўра, фойдалидек кўринмоқда. Аммо булар шунчаки, оддий қараш эканлигини унутмайлик. Амалда қандай бўлишини эса вақт кўрсатади, албатта. Якунда яна шуни айтиш керакки, ҳар доим қандайдир янгилик, ислоҳат ёки ўзгаришга аввало, яхши томондан қараб, барчасини ижобий баҳолаган маъқул. Муҳими, ишончим комил, Одил нима қилаётганини жуда яхши билади. Ҳар ҳолда, у ўзини тарозуга солишни хуш кўрувчи Ибрагимович каби калондимоғ эмас. Агар шундай бўлганида, ҳозир куюнганча Одилни пул ортидан қувганликда айблардик. Айрим сайтларда келтирилган маълумотларга қараганда, Россия чемпионати охирги мавсумида Аҳмедовнинг фаолияти жуда паст баҳоланган. Яъни ҳамюртимизни ишончни оқламаган футболчилар қаторига қўшиб қўйишган. Балки шу ҳолат ҳам унинг Россия чемпионатидан кетишини тақозо этгандир. Зеро, унутмайлик, Одилда ҳам ўзига яраша орзу-ҳаваслари бор. Қолаверса, у энди аввалгидек 25 ёшда эмас. Бас, шундай экан, барчасини тўғри тушуниш керак: Одил шунчаки, вақтдан унумли фойдаланишни истайди. Бу ҳаёт қонуни. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, унга келгуси фаолиятида омад тилаймиз. Шахсан менда шубҳа йўқ: Одил қаерда ўйнамасин, миллий жамоамизга ҳали кўп наф келтиради.

Сирожиддин САЙФУЛЛАЕВ

Манба: www.interfutbol.uz

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz