Қайднома

Қидирув

Янги марралар

Янги марралар

  07.02.2017 09:49
  0
  1307
Янги марралар

Осиё Чемпионлар Лигаси давом этади - «Насаф» биринчи ўйинни ажойиб тарзда ўтказиб, бугун навбатдаги рақибга қарши майдонга тушади. Шунингдек, «Бунёдкор» ҳам мусобақадаги иштирокини бошлайди. Олий лига ғолиби «Локомотив» ОЧЛ гуруҳ босқичидан баҳсларга киришади. Умид қиламизки, 20 февралдан бошланадиган ўйинларда «темирйўлчилар» гуруҳ босқичида ёлғиз қолишмайди. Табиийки, «Насаф» ва «Бунёдкор» бу борада Ўзбекистоннинг амалдаги чемпионига елкадош бўлишлари лозим.

РАҚИБЛАР

Бу вазифани уддалаш осон бўлмаслиги аниқ, рақиблар анча жиддий. Мавсум биз учун ёмон бошланмади, ҳар ҳолда «Ал-Ҳидд» кучли жамоа эмаслиги аввалдан маълум бўлсада, «Насаф» йирик ҳисобдаги ғалаба билан кўнгилларни хушнуд этди. Энди қаршиликлар яна бир бор шу ишни уддалашлари лозим. Бироқ энди Баҳрайн эмас, Саудия Арабистони клубига қарши курашишга тўғри келади. «Ал-Фотиҳ» эса анойи жамоалардан эмас.

Шунингдек, «Бунёдкор»нинг рақиби ҳам анча кучли. «Ал-Жаиш» қандай жамоалигини яхши биламиз, кўп таърифлаш шарт эмас. У ерда Сардор Рашидов ўйнагани боис анчадан буён кузатиб келамиз. Хўш, «Насаф» ва «Бунёдкор» бугунги ўйин-ларни қандай ўтказишади? ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқиш учун жамоаларимизда имконият мавжудми? Ҳозир шу ҳақида мулоҳаза юритсак.

«БУНЁДКОР»

Бугунги «Бунёдкор»га хос бўлган бир жиҳат бор - жамоа мавсумни жуда яхши бошлайди, аммо кейинчалик унга «кўз тегади». Яъни, барқарорлик етишмайди. Қолаверса, ҳар йили етакчиларнинг жамоани тарк этиши одат тусига кириб бормоқда. Янги мавсум ҳам истисно эмас. Йил якунлангач, «Бунёдкор» барча легионерлар билан хайрлашишга қарор қилди. Клубдан Сато Минори, Юрица Бульят ва Александр Алемпиевичлар кетишди.

Бироқ бу футболчиларнинг бари легионер бўлсада, уларнинг кетишини катта йўқотиш, дейиш қийин. Чунки «Бунёдкор» аллақачон легионерлар эмас, маҳаллий футболчиларга кўпроқ таянадиган клубга айланган. Кетганлар орасида эса фақат Сато Минорига бироз ачиниш мумкин. Япониялик футболчи ҳайтовур, кутилмаган паслари ва кескин ҳаракатлари билан жамоа ўйинини кучайтириб турар эди. Алемпиевич ва Булят даражасидаги футболчиларни эса ўзимиздан ҳам топса бўлади.

АКМАЛ ШОРАҲМЕДОВ

«Бунёдкор» учун катта йўқотиш ҳақида гапирсак, беихтиёр, Акмал Шораҳмедовнинг номига тўхталишга тўғри келади. Маҳоратли ҳимоячи 2011 йилдан буён «Бунёдкор» шарафини ҳимоя қилиб келаётганди. Ўтган вақт давомида «қалдирғочлар» мудофаа чизиғининг ўнг қанотини усиз тасаввур этиш қийин бўлиб қолди. Шораҳмедов ўтган мавсум сардорлик боғичини таққанини ҳам кўрдик. Лекин нима учундир янги мавсум олдидан тажрибали футболчи «Насаф»га йўл олди. «Аждарлар»нинг «Ал-Ҳидд»га қарши кечган ўйинида эса Акмал ўз ҳаракатлари билан «Бунёдкор» қандай футболчини йўқотганини намоён этиб берди.

Ҳа, Шораҳмедов анча тажрибали. У Баҳрайн клуби билан баҳсда иккита голли узатмани амалга ошириб, қай даражада маҳоратга эга эканини исботлай олди. Бундай ҳимоячи «Бун-ёдкор»нинг ўзига ҳам ҳали анча асқотган бўларди, аммо қарор қабул қилинди. Биз Акмалнинг «Бунёд-кор»ни нима сабабдан тарк этганини аниқ билмаймиз. Бу ўринда фақат «қалдирғочлар» таркибида унинг ўрнини боса оладиган бошқа футболчи топилишига умид қилиш қолади, холос. Ўтган мавсум Дилшод Аҳмадалиев баъзи учрашувларда ўнг қанот ҳимоясидаги ишни уддалаганди. «Бунёдкор»да ёшларга ишонч катта эканини инобатга олсак, янги мавсумда ҳам у майдонга тушса керак.

КЕЛГАНЛАР

Албатта, клуб кетганлар ўрнини бошқа футболчилар билан тўлдириш учун бир қатор ишларни амалга оширди. Жамоа сафига Вадим Чемиртан ва Душан Мичич каби легионерлар жалб этилди. Чемиртанни ўзбекистонлик футбол мухлислари яхши танийдилар. У ўтган мавсумнинг иккинчи ярмини «Бухоро»да ўтказиб, 13та учрашувда 9та гол уришнинг уддасидан чиқди. Бундай сермаҳсуллик эътиборни тортиши турган гап ва «Бунёдкор» янги мавсум бошланиши олдидан у билан шартнома имзолади.

Душан Мичич эса бизга нотаниш. «Бунёдкор» клуби директори Бахтиёр Бобоевнинг таъриф беришича, у марказий ҳимоя ва ярим ҳимояда бирдек ҳаракат қила олади. «Ал-Жаиш»га қарши кечадиган ўйинда марказий ҳимояда Рустам Ашурматовнинг ёнида айнан шу футболчи тўп сурса, асло ажабланмаймиз. Кўрамиз, у ўз манзилига йўлланган таърифларга қай даражада мос келар экан...

«АЛ-ЖАИШ»ГА ҚАРШИ ИККИ ФАКТ

«Ал-Жаиш» қандай клублигини яхши биламиз, дедик. У ҳақида газетамиз саҳифаларида алоҳида маълумот берилиши важидан бу мавзуга кўп тўхталмасликка қарор қилдик. Мазкур ҳолатда «Ал-Жаиш»нинг ҳужумкорликни анча яхши кўриши ва айни вақтда ажойиб формада эканини таъкидлаш етарли бўлса керак. Ахир Қатарнинг юлдузлар тўлиб-тошган лигасида тўртинчи ўринда боришни ҳамма жамоа ҳам уддалайвермайди.

Шундай экан, «Бунёдкор»га қарши кечадиган ўйинда ҳам «Ал-Жаиш»нинг анъанавий тарзда ҳужумкорликка урғу беришини тахмин қилиш мумкин. Боз устига, учрашувнинг Қатарда ўтказилиши ҳам бу фикрга тасдиқ бўла олади. «Бунёдкор» бундай ўйинга тайёрми? Ушбу саволга жавоб бериш қийин-ку, аммо ўйин олдидан «қалдирғочлар» фойдасига хизмат қиладиган жиҳат борлигини бемалол айта оламиз. Ҳозир шулар ҳақида суҳбатлашсак.

Биринчиси - Сергей Лушан «Бун-ёдкор»ни деярли уч йилдан буён бошқариб келмоқда. Орада бўлиб ўтган баъзи ўзгаришларни ҳисобга олмаса, айнан у ҳаммасини ҳал қилади. Мана шу вақт давомида бир нарсага ишонч ҳосил қилиб улгурганмиз - «Бунёдкор» мавсумни яхши бошлайди. Яъни, Лушан аниқ битта ўйинга жамоани кўнгилдагидек тайёрлай олади. Бежизга икки йил муқаддам «Ал-Жазира» (2:1) ва ўтган мавсум «Ал-Шабаб» (2:0) ОЧЛ саралашидан чиқариб юборилмаганди. Демак, «Бунёдкор» бу сафар ҳам «Ал-Жаиш»га қарши кечадиган ўйинга етарлича тайёрлана олган, деб тахмин қила оламиз.

Яна бир факт - «Бунёдкор» Чемпионлар Лигасида ўз майдонидан кўра сафарда яхшироқ ўйин намойиш этади. Тўғри, «қалдирғочлар» сўнгги пайтларда гуруҳда сўнгги ўринда қолиб кетмоқдалар. Жамоа икки йил муқаддам ўз квартетида бор-йўғи 1 очко ишлаган - «Ал-Наср»-«Бунёдкор»-1:1. Ўтган мавсум эса 3 очко жамғарилган - «Ал-Наср»-«Бунёдкор»-3:3, «Бунёдкор»-«Зоб-Оҳан»-0:0, «Лаҳвия»-«Бунёдкор»-0:0. Эътибор берсангиз, бу очколарнинг аксарияти рақиб майдонида қўлга киритилганини кўрасиз. Бу факт эса «қалдирғочлар»нинг сафарда яхшироқ натижага эриша олишларини кўрсатади. Ким билади дейсиз, балки бу сафар ҳам шундай бўлар...

Гарчи ушбу статистика анча камтар ва ғалабалардан холи бўлса-да, «Ал-Жаиш»га қарши кечадиган ўйин олдидан қандайдир умид бериши турган гап. Бир сўз билан айтганда, «Бунёдкор»да имкон бор ва учрашув кўпроқ қарши ҳужум остида ўтиши кутилмоқда. Аммо барибир, ғалабанинг калити ҳужумдан кўра кўпроқ ҳимояда бўлса керак...

«НАСАФ»

Қаршиликлар эса ОЧЛ саралаши иккинчи босқичидаги дастлабки баҳсни ажойиб тарзда ўтказдилар. Шундай экан, 4:0 ҳисобидаги ўйин борасида «Насаф»га ҳеч қандай эътироз бўлиши мумкин эмас. Аммо шу билан бирга, ҳатто мазкур учрашув ҳам жамоа ўйинидаги баъзи нуқсонларни кўрсатиб берди, десак адашмасак керак.

БИРИНЧИ ЭЪТИРОЗ

Ҳар қанча ғалати кўринмасин, биринчи эътироз айнан ҳимоя билан боғлиқ. Ҳа, гарчи «Ал-Ҳидд»га қарши кечган баҳс 4:0 ҳисобида якунига етган бўлсада, рақиб барибир, гол урганини ёддан чиқармаслик лозим. Шунчаки, ўша голни ҳакамлар бригадаси инобатга олмади. Ҳақли равишда инобатга олмади, ўша вазиятда дарҳақиқат, ўйиндан ташқари ҳолат бўлган эди.

Бироқ футболда ҳар қандай вазият рўй бериши мумкин. Масалан, ён қанот ҳаками «офсайд»ни кўрмай қолган вақтлар бўлган. «Ал-Ҳидд» гол урган вазиятда эса оддий томошабин ўйиндан ташқари ҳолатни фақат такрорий лавҳадагина аниқлай олди. Эътибор беринг, бу ўринда гап Баҳрайн вакилига қарши кечган ўйин ҳақида бормоқда. «Ал-Фотиҳ» эса Саудия Арабистони чемпионатида иштирок этади. Гарчи ҳозирча ушбу жамоанинг иши юришмай турган ва ички биринчиликда 11-ўринга тушиб қолган бўлса-да, барибир, «Фотиҳ»нинг ҳужумига тайёр туриш керак.

ИККИНЧИ ЭЪТИРОЗ

«Насаф»нинг ўйинига бўлган яна бир эътироз ҳужум вакилларига тааллуқли. «Ал-Ҳидд»га қарши кечган баҳсда қаршиликлар тўртта гол уришга муваффақ бўлишди. Аммо биринчи бўлимда жамоанинг ҳужумдаги ҳаракатлари унчалик ўхшамаганини ҳам тан олиш лозим. Дастлабки икки тўп эса стандарт вазиятлардан киритилди, бунга қадар «Насаф» бирорта ҳам яққол голга тортадиган ҳужум ташкил эта олмаган эди.

Иккинчи бўлимдаги ҳужумкорликка келадиган бўлсак, «Ал-Ҳидд»нинг ҳисобни қисқартириш мақсадида олдинга ташлангани қўл келди. Бироқ шунда ҳам яратилган имкониятлардан фойдалана олмаслик оғриқли нуқта бўлиб турибди. Учрашув давомида Шаҳбоз Эркинов, Ислом Кенжабоев ва Бобур Абдухолиқовда бир нечта қулай вазиятлар бўлди. Аммо гол урилмай қолди. «Ал-Ҳидд»га қарши кечган ўйинда бундай хатолар кечирилиши мумкин, аммо «Ал-Фотиҳ»дек жиддий рақиб билан бўладиган баҳсда-чи?

Бу билан биз «Насаф»ни буткул танқидга кўмиб юбормоқчи эмасмиз. Албатта, жамоа ўйинида салбий жиҳатлардан кўра ижобийлари кўпроқ бўлди. Биринчидан, «аждарлар» учрашувни экспериментал таркибда ўтказишди. Рўзиқул Бердиев бу баҳсда Шароф Муҳиддинов, Мақсуд Каримов ва Бобур Абдухолиқов сингари футболчиларни захирада олиб қолди. Асосий таркибда ўйнаган Ислом Кенжабоев эса ҳали олий лигада бирорта ҳам ўйин ўтказмаганди. Шундай экан, «Ал-Фотиҳ»га қарши кечадиган баҳсда «Насаф»нинг очилмаган қирралари кўп эканига ишонамиз.

АБДУЛЛОҲ

Манба: www.interfutbol.uz

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz