Қайднома

Қидирув

Поль Погба: «Ҳар сониядан ўзгача завқ оляпман»

Поль Погба: «Ҳар сониядан ўзгача завқ оляпман»

  10.02.2017 02:32
  0
  995
Поль Погба: «Ҳар сониядан ўзгача завқ оляпман»

Ҳозирда дунё бўйича энг қимматбаҳо футболчи саналаётган «МЮ» вакили Поль Погба табиийки, кучли эътибор ва босим остида тўп сурмоқда. Трансферлар рейтингини бошқариб турган футболчига бошқача муносабат бўлиши мумкин ҳам эмас. Хуллас, Франция терма жамоаси ярим ҳимоячиси Sport HQ мухбирлари билан суҳбат чоғи асосан ўз атрофидаги воқеалар, Манчестер клубидаги ички муҳит, янги бош мураббий фаолияти ва «МЮ»нинг режалари хусусида гапирди.

- Аввало, айтингчи, Манчестерга такрорий ташрифдан сўнг шахсий ҳаётингиз қандай кечмоқда? «Қизил иблислар» билан бирга бўлиш аввалгидек лаззатлими?

- Ҳаёт лаззатли! Бу ердаги ҳар дақиқа, ҳар сониядан ўзгача завқ оляпман.

- Демак, ҳаммаси кутганингиздек, шундайми?

- Бу шаҳарда аввал ҳам яшаганимни унутманг. Дейлик, об-ҳаво ўзгарган эмас, бошқа жиҳатлар ҳам рисоладагидек.

- Лекин клубнинг ўзида ўзгаришлар катта, тўғрими?

- Ҳа, ҳаттоки, инфратузилма масаласида ҳам айрим янгиликлар йўқ эмас. Масалан, Италияга кетиб, қайтгунимча жамоада 3 марта мураббий алмашди.

- Шаҳарни яхши билишингиз фаолиятингизга қандайдир ёрдам беряптими? Ахир хорижлик футболчилар одатда мослашув жараёни сабаб, анча вақт йўқотадилар.

- Мен учун нафақат шаҳар, жамоа ҳам яхши таниш. Мана, бу ерга қайтиб, ўзимни эски қадрдонлар даврасига тушгандек ҳис қиляпман. Қисқаси, клубга бегона эмаслигим кўникиш масаласини сезиларли даражада енгиллаштирди.

- Футбол майдонидаги ҳолат қандай? Янги жамоадошлар ва янги мураббийга мослашишда қийналмаяпсизми?

- Юқорида айтган гапларимнинг барчаси футболга ҳам тааллуқли. Тўғри, бегона юрт ва нотаниш лигага мослашиш муайян вақтни талаб этади, барибир. Яхши томони, жамоамиз тобора кучга тўлмоқда, майдонда ўзаро тушуниб ҳаракатланиш даражаси ҳам ошяпти.

- Айтингчи, «А» серияси ва АПЛ ўртасидаги асосий фарқ нима? Чунончи, Англияда кўпчилик Италия чемпионати баҳсларини фақат ТВ орқали томоша қилади, сиз эса ушбу биринчиликда бевосита тўп сургансиз.

- Сир эмас, Италияда тактикага эътибор баланд. Бу масалада айнан итальянлар устун. Умумий тасаввур шундайки, улар камроқ ҳужумга ўтиб, кўпроқ ҳимояланадилар. Шу сабаб, нисбатан кам гол урилади. Лекин Италия клублари ўз дарвозалари дахлсизлигини сақлаб қолишни жуда яхши эплайдилар.

- Демак, АПЛда очиқ футбол ҳукмрон. Бу услуб сизга маъқулми?

- Албатта, ҳужумкорлик айнан кўнглимдаги услубдир. Шунинг учун ҳам қайтиш варианти юзага келганида, имкониятни бой бермадим. Лекин очиқ айтиш керак, Италия чемпионати ҳам чакки эмас. Шахсий фикримча, ҳар қайси ярим ҳимоячи ва айниқса, ҳимоячининг маълум муддат «А» сериясида малака ошириши фойдадан холи эмас. Зеро, тактика барча мусобақалар учун ғоят муҳим. «А» серияси эса бу борада чинакам эталон.

- Моуриньо ва унинг тактик маҳорати хусусида нима дея оласиз? Умуман, «Беназир» қўл остида шуғулланиш ёқяптими?

- Жозенинг жамоани қабул қилиб олганига ҳали кўп бўлгани йўқ. У дастлабки 2 ойни мослашув жараёнига сарфлади. Мана, мураббий ғояларини яхшироқ тушунганимиз сари ўйинларимиз кучаймоқда. Унинг иш услуби ҳам, футболчилар билан муносабат ўрнатиш қоидаси ҳам шахсан менга жуда маъқул.

- Моуриньо айниқса, сизни кўпроқ қўллаб-қувватлаяпти. Дейлик, дастлабки кунлардаёқ шундай деганди: «Погбани мураббийлик фаолиятимдаги энг омадли харидга айлантириш ниятим бор».

- Очиғи, биринчи учрашувдаёқ очиқ-ошкора гаплашиб олганмиз. Шу-шу ўзимни эркин ҳис қиляпман. Унга ўйнашни билишим ва майдонда ўзим хоҳлагандек тўп суришни хоҳлашимни айтгандим. Жозе бунга жавобан майдонда завқланиб ўйнашим учун эркинлик беришини билдирди.

- Бунчалик самимий муносабат ҳар бир футболчининг орзуси...

- Тўғри. Мураббий билан дилдан суҳбатлашиш, унинг маслаҳатини олиш - доимо фойдали. Моуриньо футболчига ўта муҳим ҳиссиётни сингдиради. Яъни доимо бирга эканлиги ва зарур пайт ёрдам беришга тайёрлигини. Биз Манчестерга деярли бир вақтда келдик. Моуриньо аввало, мени алоҳида суҳбатга чорлади: «Ҳеч нарсадан ташвишланма, бирор нарсага эҳтиёж сезсанг, бемалол мурожаат қил. Бошқа ҳеч кимга қулоқ солма, диққатингни фақат футболга қарат ва ундан лаззат ол». Айни пайт худди шундай қилишга интиляпман.

- Август ойидан буён кўрсатаётган савиянгиздан қониқяпсизми?

- Айтдимку, ўзимни яхши ҳис этяпман. Балки қанчадир муддат мослашишга кетгандир. Лекин аста-секин ҳаммаси изга тушди.

- Бунда «Лестер» дарвозасига урган биринчи голингиз ҳам ёрдам бергандир...

- Аслида аввалроқ ҳам гол уриш имкониятини ҳосил қилгандим. Гарчи маҳсулдорлик кўрсатолмаётган бўлсамда, имкониятлар йўқ эмас. Табиийки, гол кайфиятимни яхшилади. Ҳар ҳолда, ўзимни бироз эркинроқ сеза бошладим. Ҳамма гол уришни истайди. Лекин муҳими - натижа.

- Моу тактика бўйича сиз учун 2-3та роль тайёрлаб қўйган экан. Ўзингизга улардан қай бири маъқулроқ?

- Муҳими - жамоа! Мураббий мени қайси позицияга қўйишидан қатъий назар, бор кучимни сарфлайман. Майдон марказида ёлғиз ҳаракатланаманми ёки шериклар билан - бунинг фарқи йўқ. Тўғри, икки ёнимда жамоадошларим жой олишлари яхшироқ. Бундай тақдирда кўпроқ олдинга ўтиш имконияти туғилади. Энг асосийси, ҳозирги ҳолатимдан хафа эмасман.

- Кўринишидан, хотиржам тўп суряпсиз. Ваҳоланки, мухлислар рекорд даражадаги трансферингизни тинмай муҳокама қилишмоқда.

- Хўш, нега ҳаяжонланишим керак? Ахир бахтиёр инсонман - «МЮ»да тўп суряпман, АПЛда муносиб из қолдириш ва совринларни қўлга киритиш учун ажойиб имкониятга эгаман. Демак, ҳаммаси жойида.

- Жамоанинг муҳташам стадиони ва дунёнинг турли бурчакларидаги миллионлаб мухлислари ҳақида нима дейсиз?

- Клуб маданияти юксак даражада. Сэр Бобби Чарльтон ҳар бир учрашувга ташриф буюради, ўйиндан кейин клуб ходимлари билан суҳбатлашади. Раҳбарият ҳам доимо стадионда - гўёки, улкан оила. «МЮ» либосини кийганингда, кўксинг ғурурга тўлади ва бор куч-маҳоратингни ишга соласан.

- Дарвоқе, машҳурлар хусусида: Златан Ибрагимович билан муносабатингиз қандай? Шундай тасаввур йўқ эмаски, у билан телепатик алоқа ўрнатгандексиз...

- Златан ҳақида гапириш ёқимли. У мен кўрган футболчилар орасида энг қувноқи ва ҳазилкаши. Албатта, турли шўхликлари майдон ташқарисида кузатилади. Ўйин пайти эса доимо ўз тажрибаси билан ўртоқлашашиб, футболчиларни олға ундайди. Бундай етакчи жамоа учун жуда муҳим.

- У «МЮ»нинг ёш аъзолари учун худди отадек бўлса керак...

- Аслида шундайку-я, лекин буни ўзига айта кўрманг - «ота» мақомини ёқтирмаслиги аниқ.

- Аммо Ибра ушбу интервьюни ўқиши мумкин-ку.

- Шунинг учун ҳам унга «ака» сифатини бераман.

- Демоқчисизки, Златан майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам жуда керакли шахс...

- Ҳа, худди Кэррик ва Руни каби. Улардан кўп нарсаларни ўрганиш мумкин.

- Майдондаги ўзаро ҳамкорлигингизга ҳавас қилиш мумкин - жорий мавсум Златанни 4та самарали узатма билан таъминладингиз.

- Аслида у кўпроқ гол уриши керак эди (кулади). Тўпни асосан Златанга оширишим боиси шуки, у тўлақонли голеадор. Тўпни ушлаб туришни ҳам, бўш ҳудудларга «очилиш»ни ҳам қойиллатади. Бироқ бошқа жамоадошларимни ҳам тўп билан таъминлашим шарт. Масалан, Кэррик ва Эррера билан ҳамкорлигимиз рисоладагидек. Тўпни эгаллашим заҳоти уларнинг қайси нуқтада эканликларини аниқ сезаман.

- 9та учрашувдан иборат ғалабали серияни назарда тутсак, жамоангиз тезлик олишга улгурди...

- Ҳар қандай ҳолатда чемпионликка интиламиз. Бунинг учун ғалабалар керак.

- Нима, сизнингча, «МЮ»да 1-ўринга кўтарилиш имконияти борми?

- Бунга доимо ишонаман. Ҳа, «Челси» - пешқадам. Аммо биз жуда ортда қолаётганимиз йўқ. Қолаверса, АПЛда ҳар қандай кутилмаган воқеалар юз бериши мумкин. Биздан курашни тўхтатмаслик талаб этилади, холос.

- «Ливерпуль» ҳамон «МЮ»нинг азалий рақиби саналмоқда. Боз устига, мерсисайдликлар ҳозир чемпионликка даъвогарлар қаторида боришяпти. Демак, икки жамоа ўртасидаги қарама-қаршилик янада кескинроқ тус олиши аниқ.

- Ҳа, мазкур рақобат бой тарихга эга. «МЮ» ва «Ливерпуль» ўртасидаги ўйинларга нисбатан «катта дерби» таърифини ишлатиш мумкин. Назаримда, «Ливерпул»га қарши беллашувлар ҳаттоки, «Манчестер Сити» билан бўладиган ўйинлардан ҳам муҳимроқ. Муҳит ҳам ўзгача. Футбол айнан шундай эҳтиросли баҳслар билан мафтункор. Бундай учрашувларда қозонилган ғалабанинг гашти бетакрор! Ҳа, ҳар бир ўйинда 3 очко олиш муҳим. Аммо «Ливерпуль» ёки «Сити»дан тортиб олинган очколар қиймати жуда баланд.

- Манчестер шаҳри хусусида тўхталсак, бу ердаги ҳаётни қандай таърифлайсиз?

- Ҳаётдан мириқиб лаззатланишга одатланганман. Бу борада омадли йигитман -«МЮ»да тўп сураман, истаган ишим билан шуғулланаман, мусиқа тинглайман, рақсга тушаман.

- Қандай рақсга меҳр берганингиз маълум. Рақс ҳам ҳаётингизнинг ажралмас бўлагига айланиб ургурган, шекилли...

- Албатта, рақссиз қаёққа ҳам борардим... Уйда қиладиган ишим шу - мусиқа овозини кўтариб, рақс тушиш. Баъзан дўстларим даврасида...

С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Манба: www.interfutbol.uz

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz