Қайднома

Қидирув

Ўйиндан ташқари ҳолат бўлмасин (Зафар Қосимов блоги)

Ўйиндан ташқари ҳолат бўлмасин (Зафар Қосимов блоги)

  11.02.2017 06:23
  0
  1144
Ўйиндан ташқари ҳолат бўлмасин (Зафар Қосимов блоги)

Сервер Жепаровнинг пешонасига «Истиқлол»да дарҳол ўйнаб кетиш ёзилмаган экан. ФИФА трансферлар борасида тақиқ қўйгани сабабли Жепаровнинг шартномаси тасдиқланмади. Ҳаммасига айбдор - «Истиқлол»нинг ўзи. Клуб германиялик легионер Адил Чихининг маошини тўламагани боис янги футболчиларни расмийлаштириш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Аммо бизни «Истиқлол»нинг тақдири у қадар ташвишга солмайди. Муҳими - Сервер Жепаров ўйин амалиётисиз қолмади. У ёзгача «Фулад» таркибида ижара асосида ўйнаб туради.

Сервер Жепаров Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун қай даражада аҳамият касб этишини ҳамма яхши билади. 15 йилдан буён термада мунтазам ўйнаб келаётгани ҳам бунинг яққол исботи бўла олади. Ҳали ҳеч бир футболчи у каби узоқ муддат терма жамоа шарафини ҳимоя қилмаган эди. Жепаров Ўзбекистон терма жамоаси сафида энг кўп ўйин ўтказган футболчи бўлиб турибди - 121та учрашув. У нафақат плеймейкер, балки иккинчи ҳужумчи сифатида ҳам бемалол тўп сура олади. Кўп гол уришининг боиси ҳам шунда. Масалан, 2008 йил олий лигада 19та гол билан энг яхши тўпурар бўлган эди. Ўзбекистон терма жамоасида эса шу вақтга қадар 25та голга муаллифлик қилган.

Шундай экан, агар Жепаров ўйин амалиётисиз қолиб кетса, кўп нарса йўқотган бўлар эдик. Бу ҳолат Ўзбекистон терма жамоасида тизимли муаммоларга олиб келиши ҳеч гап эмасди. Чунки таркибда унинг ўрнини боса оладиган футболчи йўқ. Гарчи Жепаровнинг фаолияти борган сари якунланиб бораётган бўлса-да, ўтган вақт давомида у каби ўйнайдиган ярим ҳимоячи топилмади. Шу боис ҳам 35 ёшга тўлган футболчи ҳамон асосий таркибда. Энди бир савол, шу тўғрими?

Таъкидлаш лозим, Самвел Бабаян терма жамоа бошқарувига келгандан сўнг Жепаровга боғлиқликни йўқотиш учун кўп ишларни амалга оширди. Энг аввало, ундан сардорлик боғичи олиб қўйилди. Сўнг-ра аста-секин ўрнида бошқа футболчилар синовдан ўтказилди. Аммо на Жамшид Искандеров ва на бош-қа номзод бу ишни уддалай олди. Шунга қарамасдан, Жепаровга боғлиқлик анча-мунча камайгандек. Бироқ бу иш бошқа футболчига боғланиш орқали амалга оширилди. Ҳозир терма жамоа ўйини тўлиғича Одил Аҳмедовга боғлиқ ва буни Самвел Бабаяннинг ўзи ҳам бир неча бор тан олган. Одил яхши ўйнаса, бутун жамоа яхши ўйнайди. Мабодо у бўлмаса, ўйин ҳам йўқ. Шубҳа қилганлар бўлса, Эронга қарши Тошкентда кечган учрашувни эслашсин (0:1).

Шундай экан, ҳозир 2011 йил эмас ва мабодо, Сервер Жепаров терма жамоага ёрдам бера олмай қолса, катта муаммоларга дуч келмасак керак. Чунки биз кўпроқ Одил Аҳмедовнинг ўйинига қараймиз. Бироқ танлаш ҳуқуқи бўлганида, Ўзбекистон терма жамоаси қандай услубда ишлашини истаган бўлардингиз? Фақат етакчиларга боғлиқ бўлиб қоладиган жамоа узоққа борармикан?

Ёдингизда бўлса, кўп йиллар аввал Япония терма жамоасида Миура Кадзуёси деган ҳужумчи бўларди. У 1996 йили Осиё кубогида Ўзбекистон терма жамоасига гол ургач, у-шу услубида нишонлагани билан ҳам ёдда қолган эди. Мана шу ҳужумчи бу йил 49 ёшга тўлди, аммо ҳамон футбол ўйнайди. У Япония терма жамоаси етакчиси бўлган даврлар аллақачон ортда қолган, аммо «кунчиқар юрт»да Миурадан сўнг ҳам юлдузлар кўп етишиб чиқди - Хидетоши Наката, Шинжи Оно, Эйжи Кавасима, Юто Нагатомо, Шинжи Кагава,  Шинжи Оказаки, Кейсуке Хонда...

Бу рўйхатни истаганча давом эттириш мумкин. Қизиқ томони, рўйхат охиридаги футболчилар ҳозир ҳам фаолият юритмоқдалар. Аммо улардан кимдир майдонга туша олмай қолса, ҳеч ким фожиа ясамайди. Бирорта ўйинда бехосдан мағлубиятга учраб қолишса ҳам, бош мураббий Воҳид Халилходжич чиқиб: «Бизнинг ўйинимиз тўлиғича Хондага боғлиқ. Бугун у ўйнай олмаган эди, мағлубиятга учрадик», - демайди. Чунки шундай деган куни у билан хайрлашадилар. Японларда кучли футболчилар кўп. Аммо ўша кучлиларга боғланиб қоладиган мураббий уларга керак эмас! Биз эса ҳозиргача Миржалол Қосимовдек футболчи бошқа етишиб чиқмаётганидан ўкиниб юрибмиз.

Олдинда бизни жаҳон чемпионати саралашининг энг масъулиятли ўйинлари кутиб турибди. Табиийки, бўлажак баҳсларда Одил Аҳмедов ва Сервер Жепаровдан умидимиз ниҳоятда катта. Зеро, хоҳлаймизми, йўқми, улар ҳамон етакчи мақомида. Бирининг Хитой, иккинчисининг Эрон томон йўл олгани эса, мутлақо бошқа масала. Ҳа, Сервер Жепаровнинг энг гуллаган даври тобора ортда қолмоқда. Аммо унинг шу ҳолатида ҳам бой тажрибасини ишга солиб, миллий жамоамизга манфаат келтиришига ишонгимиз келади. Шундай экан, Сервер зинҳор ўйиндан ташқари ҳолатда қолмаслиги зарур.

Жепаров Ўзбекистон терма жамоаси сафида энг кўп ўйин ўтказган футболчи бўлиб турибди - 121та учрашув. У нафақат плеймейкер, балки иккинчи ҳужумчи сифатида ҳам бемалол тўп сура олади.

Манба: www.interfutbol.uz

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz