Қайднома

Қидирув

Бранислав Иванович: «Жирков қўшиқ куйлаб, барчамизни кулдирган» (Жаъфар Бобохонов блоги)

Бранислав Иванович: «Жирков қўшиқ куйлаб, барчамизни кулдирган» (Жаъфар Бобохонов блоги)

  11.02.2017 03:37
  0
  1106
Бранислав Иванович: «Жирков қўшиқ куйлаб, барчамизни кулдирган» (Жаъфар Бобохонов блоги)

Сербия терма жамоаси ҳимоячиси Бранислав Иванович Россия чемпионатига қайтди. Москванинг «Локомотив»идан «Челси»га йўл олган футболчи лондонликлар сафида 9 йил фаолият олиб борди. Жорий йил қишки трансферлар мавсумида эса у Санкт-Петербург­нинг «Зенит» клуби сафига қўшилди. Яқинда россия­лик журналистлар Иванович билан суҳбат уюштиришди.

- Агар совринларингизни санайдиган бўлсак, бир неча дақиқа кетади. «Зенит»га қандай иштиёқ билан ўтдингиз?

- Бир марта соврин ютсангиз, бу ҳиссиётни яна бир бор туйгингиз келади. Қайсидир маънода, унинг хумори тутади. Умид қиламанки, «Зенит» билан кўплаб ютуқларга эришаман. Албатта, бунинг осон бўлмаслигини яхши биламан. Россия чемпионати қандайлигидан хабардорман, бу ерда ҳар бир учрашув ўта қийин кечади.

- Биринчи навбатда трансферингизга ким қизиқиш билдирди?

- Аввалига ўзим «Челси»дан кетиш лозим, деган қарорга келдим. Фаолиятимни юқори савияли жамоа­да давом эттиришни истагандим. Якунда «Зенит»га ўтиш жараёни уч-тўрт кундаёқ ҳал бўлди.

- Гарчи «Челси» билан шартномангиз ниҳоясига етмаган бўлсада, сизни текинга қўйиб юборишди. Буни ўзингиз сўрадингизми?

- Мабодо мени қониқтирадиган таклиф тушса, қўйиб юборишларини айтишганди ва сўзларида туришди. Бунинг учун Лондон клубидан миннатдорман.

- Сизга қизиқиш билдирган ягона жамоа «Зенит»ми?

- Назарий жиҳатдан Хитойга йўл олишим мумкин эди, аммо юқори савияда ўйнашни истадим ва Питерни танладим.

- Жирковнинг айтишича, Англия­даги ўзига хос ҳаёт тарзига мослаша олмаган экан. Сиз буни қандай уддалагансиз?

- Россиялик футболчиларнинг қайтадиган жойлари бор - ўзларининг чемпионатлари. Бу ерда улар юқори савияда ўйнаб, Чемпионлар Лигасида тўп суришлари мумкин. Сербларда эса, афсуски, бундай имконият йўқ. Бизнинг клубларимиз еврокубокларда узоққа бора олишмаяпти. Шу боис ҳам биз Европанинг кучли чемпионатларига мослашишга мажбурмиз. Менимча, россиялик ва сербиялик футболчиларнинг фар­қи шунда бўлса керак. Жирков Англияга борганда, қандай вазиятга тушганини яхши биламан. Ўзим билан ҳам шундай ҳолат кузатилган. Ўшанда Шевченко ёрдам берганди, мен эса Юрага кўмаклашганман.

- Умуман олганда, Англияда Шевченконинг ҳам омади юришмаган.

- Бу фикрингизга қўшиламан, бироқ мазкур масалада бир нарса дейишим қийин.

- Британияда асосан нимадан қийналгансиз?

- Инглиз тилини билмасдим.

- Кейинчалик ўргандингизми?

- Дастлабки ярим йилда йигитларни эшитардим, холос. Муаллим билан шуғуллангач, кейинчалик бемалол гаплаша бошладим.

- 2012 йил фаолиятингиздаги энг муваффақиятлисими?

- Ҳозирча, ҳа. Ўша йили Англия кубогини қўлга киритиб, Чемпионлар Лигасида ҳам зафар қучганмиз. «Челси»дек клубда ўйнаганимдан ҳамиша бахтли бўлганман.

- ЕЧЛ финалидан ўрин олган «Бавария»га қарши баҳс ақл бовар қилмас даражада ўтганди. ғалабадан сўнг кийиниш хонасида қандай ҳолат ҳукм сурганини тасвирлаб бера оласизми?

- Ўзимни орзусига етган одамдек ҳис қилганман. Бундан ташқари, ЕЧЛдан сўнг Европа Лигасида ғалаба қозонган биринчи жамоага айланганмиз.

- Ди Маттео финалда дарвоза олдига «автобус қўйиш»ни тайинлаганми?

- Йўқ. Вазият шуни тақозо этган. Ҳамма автобусни гапиради, лекин сафарда ўйнаганимизни унутмаслик даркор. Ярим финалда «Барселона» билан 2:2 ҳисобида дуранг қайд этганмиз. «Камп Ноу»да каталонияликлар дарвозасига иккита гол уриш - бу «автобус» эмас. Аммо тан олиш керак, ўша «Челси»нинг ҳимояси ҳақиқатан ҳам кучли эди.

- Моуриньо қандай мураббий?

- Уни ўзгача дейишади. Менимча, Жозе ҳақиқатан ҳам шундай.

- Қайси жиҳатларда?

- Бунга мисоллар кўп. ғалаба қозонсангиз, унинг ишончига кирасиз. Моуриньо сиздан ўзингиз билмаган хислатларингизни чиқариб олади.

- У ҳамкасблари ва журналистларни ҳайрон қолдириб келади. Футболчиларни ҳам ажаблантирганми?

- Албатта. Моуриньонинг мияси ҳамиша нима биландир банд. Ҳаттоки, бўш вақтларида ҳам.

- Анчелотти бошқача мураббийми?

- У мутлақо ўзгача олам. Борди-ю, футболчилар фаолиятлари давомида бир мураббий билан ишлашга маҳкум этилсалар, Карлони танлашлари аниқ.

- Анчелоттининг айтишича, Жирковнинг қўшиқ куйлаши унга ёқмаган экан...

- «Челси»да шундай одат бор. Ҳар бир янги футболчи жамоа олдида қўшиқ куйлаши керак. Юра мендан ранжиши мумкину, лекин ўша вазиятни эсламасликнинг иложи йўқ. У ашула айтиш учун столга чиққанида, ўзига бўлган ишонч йўқ эди. Куйлашни бошлаганида барча 15 дақиқа кулган. Албатта, Жирков буни инкор этиши мумкин. Аммо ҳақиқатан ҳам шундай бўлган.

- Сиз ҳам куйлаганмисиз?

- Сербча қўшиқ айтганман. Бахтимга ўша пайт телефонларнинг имкониятлари бунчалик даражада эмасди. Шу боис ҳам қандай куйлашимни бутун дунё кўрмаган (кулади).

У мутлақо ўзгача олам. Борди-ю, футболчилар фаолиятлари давомида бир мураббий билан ишлашга маҳкум этилсалар, Карлони танлашлари аниқ.

Манба: www.interfutbol.uz

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz