Қайднома

Қидирув

Бонфим Данте: «Балотелли фақат футбол ҳақида ўйлаши лозим» (Исроил Раҳимов блоги)

Бонфим Данте: «Балотелли фақат футбол ҳақида ўйлаши лозим» (Исроил Раҳимов блоги)

  12.02.2017 03:28
  0
  1001
Бонфим Данте: «Балотелли фақат футбол ҳақида ўйлаши лозим» (Исроил Раҳимов блоги)

Жорий мавсум Франция чемпионатига ўзгача шукуҳ олиб кирган «Ницца» клубида вице-сардор сифатида тўп сураётган бразилиялик ҳимоячи Бонфим Данте яқинда BBC World Football мухбирига махсус интервью берди. Ҳимоячи билан мусоҳаба давомида гап асосан «Ницца»нинг кутилмаган муваффақияти, клубнинг ўтмиши можароларга бой аъзоси Марио Балотелли ва «Бавария»нинг собиқ устози ҳақида борди.

— «Ницца» янги мавсумни чиндан ҳам, ўта кўтаринки руҳда бошлади. Шахсан сиз ушбу дадилликни қандай изоҳлайсиз?

— Ўйлашимча, ҳаммаси бирдамликка боғлиқ. Зеро, айни пайт ўзимизни худди каттакон бир оиладек ҳис қиляпмиз. Умуман, шунинг учун ҳам айнан «Ницца»ни танлаганман. Қолаверса, менинг назаримда, Ницца шаҳри  дунёдаги энг сўлим маскан. Аслида бутун Франция менга Бразилияни эслатиб туради. Дейлик, бу ердаги одамлар худди ватанимдаги каби доимо шод-хуррам юришади. Хуллас, тақдир мени шу ерга йўллаганидан ғоят хурсандман.

— Нима деб ўйлайсиз, «Ницца» мавсум охирига бориб, чемпионликни нишонлаши мумкинми?

— Албатта... Ахир футболда ҳар қандай ҳолат рўй беришини кўп кузатганмиз-ку. Бироқ воқеалар қандай ривожланиши хусусида ҳозирдан баралла гапириш қийин, барибир. Зеро, мавсум финишига ҳали анча бор, жамоамиз эса чемпионлик йўлида «ПСЖ», «Монако» ва «Лион» каби кучли рақибларга қарши охиригача курашиши керак. Демак, айни вақт биз учун энг муҳими - диққатни бир жойга жамлаш. Тушунарлики, кичик бўлсада, имконият йўқ эмас. Умид қиламанки, ҳамжиҳат ўйнаб, бундан самарали фойдаланамиз.

— Айтингчи, Марио Балотелли жамоа учун қанчалик муҳим футболчи?

— Шубҳа йўқ, Марио катта иқтидор эгаси ва юксак савияли ижрочи. Шунингдек, унинг инсонийлик фазилатлари ҳам ажойиб. Шундай футболчи билан бирга тўп суриш бахти насиб этаётганидан бағоят мамнунман.

— Лекин у «ёмон бола» лақабини орттириб олган...

— Ҳа, афсуски, шундай. Бироқ биласизми, бу ишлар ўтмишда қолди. Иккинчи томондан, уни тушуниш керак. Марио жуда ёшлигидаёқ машҳурликка эришди. У билан илк марта кўришиб, гаплашганимдаёқ қаршимда қандайдир «ёмон бола» эмас, улғайган, масъулият ҳиссини тушуниб етган кап-катта йигит турганини сездим. Балотелли айни пайт футбол ўйнаш ва ундан роҳат олишни истайди, холос. Албатта, ўз ўрнида, унга аслида жаҳон даражасидаги иқтидор соҳиби эканлиги ва буёғига фақат фаолияти ҳақида қайғуриши лозимлигини уқтирдим. Чунки Марио шундай қилсагина ўз орзуларига эришиши, жамоа билан бирга мақсадига етиши мумкин.

— Энди ўзингизга доир савол: сизга «Бавария»дек жамоа билан хайр-лашиш осон бўлмагандир...

— Ҳа, очиғини айтганда, ҳар қандай ўзгариш кутилмаган муаммоларни юзага келтиради. Аммо шуниси борки, аввалги йили «Бавария»да ўзимни ноқулайроқ сездим. Аниқроқ айтсам, жамоага кераксиз ўйинчи бўлиб қолгандим, гўё. Шу боис, муҳитни ўзгартиришга қарор қилдим.

— Хосеп Гвардиоладек талабчан мутахассис қўл остида ишлаш нечоғли қийин экан?

— Аксинча, барчаси жуда осон. Зеро, у тўп билан қандай ишлаш лозимлигини яхши билади ва машғулотлари ҳаттоки, енгилроқ ўтади.

— Гвардиола айни пайт «Манчестер Сити»да фаолият юритмоқда. Сизнингча, у АПЛда муваффақиятга эришармикин?

— Албатта! Тўғри, Хосеп ҳозирда баъзи муаммоларга дуч келяпти, аммо ишончим комилки, якунда ўз мақсадига эришади, барибир. Биласизми, Пепни кўп тарафдан маҳоратли ўқитувчига ўхшатаман. Фақат жамоада барча йигитлар ўз ниятларини амалга ошириш йўлида унинг айтганларини қулоқ қоқмай бажаришлари керак. Эҳтимол, Гвардиола биринчи мавсум охиригача қийналар, лекин кейинги чемпионатларда «Сити»ни совринлар сари етаклашига сира шубҳам йўқ.

— Шахсий мақсадларингиз қандай? Шу пайтга қадар кўпгина совринларга эга чиқдингиз. Энди нималарни кўзлаяпсиз?

— Очиғини айтсам, мен учун азалий ва бош мақсад - жаҳон чемпионатида муваффақият қозониш. Лекин ҳозирги ҳолатда терма жамоамиз мураббийлари ёшроқ футболчиларга кўпроқ ишонч билдиряптилар. Шунга қарамай, ҳамон ғалабаларга ташнаман. Ҳар куни эрталаб уйқудан турар эканман, навбатдаги ўйин ва ғалаба ҳақида ўйлайман. Чунончи, жорий мавсум бир қатор катта орзуларимиз ушалиши эҳтимоли баланд.

Манба: www.interfutbol.uz

 

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz