Қайднома

Қидирув

Альберт Риера: «Ёшларга кўмаклашишга тайёрман»

Альберт Риера: «Ёшларга кўмаклашишга тайёрман»

  13.02.2017 03:23
  0
  1140
Альберт Риера: «Ёшларга кўмаклашишга тайёрман»

Россиянинг «Томь» клубига янги ўйинчиларни рўйхатдан ўтказиш тақиқлаб қўйилди - даставвал мавжуд қарздан қутулиш лозим. «Ливерпул»нинг собиқ ярим ҳимоячиси Альберт Риера билан битим тузишни хоҳлаётган жамоа талабларни бажаришга мажбур. Ҳозирда томскликлар сафида машғулот ўтаётган футболчи рус ҳамкасбларимизга интервью берди.

- Сўнгги ўрин, қарзлар ва Сибирь қори. «Ливерпул»нинг собиқ ўйинчиси учун яна нима керак?

- «Томь» билан тузиладиган шартнома ҳақида ҳозирча гапирмаймиз. Улар футболчиларни рўйхатдан ўтказиш бўйича туғилган муаммони ҳал қилишга уриниб кўришади. Имконият бор. Ҳаммаси аниқ бўлгач, бемалол ушбу мавзуга тўхталамиз. Бунга қадар шунчаки, шуғулланиб тураман.

- «Том»га ўтишни ўзингиз хоҳладингизми?

- Омскда яшаяпман, рафиқам шу ерда туғилган. Томскдагилар бундан хабардор эдилар. Ўз навбатида, жамоасиз эканим ва ўйнашни хоҳлаётганимни ҳам билишарди. Ўзимга қолса, рус ва турк лигаларидан бирида тўп сурмоқчи эдим. Туркия варианти ўхшамади, аммо Томскдан яхши таклиф тушди. Ўтган йилнинг ноябрь ойида «Томь» сафида маш-ғулот ўтказдим, айнан шу клуб мени биринчи бўлиб ўз таркибига чорлади. Мабодо, бу чақирув Москвадан келганда ҳам розилик берардим. Бироқ биринчи қадамни Томск жамоаси қўйди.

- Лекин «Том»даги аҳвол жиддий-ку. Ҳатто, ҳозирги йиғин ҳам қарзга ташкил этиляпти.

- Мен учун пуллар муаммо эмас. Шунчаки, ўйнашни хоҳлайман. Томск эса шундай имкониятни тақдим этди. Аммо қайтараман, «заявка» мавзуси ёпиқлигича турибди. Воқеалар ривожини кузатиб, аста-секин қаерда тўп суришимга ойдинлик киритиб оламан.

- Омскда истиқомат қиласиз. Россиянинг совуқ иқлимига кўникдингизми, Испанияга кетгингиз келмаяптими?

- Бу нормал ҳолат. Англияда яшаганимда ҳар куни ёмғир ёғарди. Ҳечқиси йўқ, кўникдим. Пляжга боришни хоҳласангиз-ку, бошқа гап. Сибирга илк бор 2001 йили келгандим. Шундай экан, қаҳратон қиш билан яхши танишман. Фақат кўпроқ ҳаммомга бориб турилса, кифоя.

- «Ливерпул»даги собиқ жамоадошларингиз билан алоқалар сақлаб қолинганми?

- Албатта. Аммо ҳозир мерсисайдликлар сафида мен билан ўйнаганлардан ҳеч ким қолмаган. Улардан сўнггиси Шкртел эди. У ҳам «Фенербахче»га кўчиб ўтди. Испанлар билан эса гаплашиб тураман. Рейна, Торрес, Хаби Алонсо, Арбелоа тез-тез йўқлашади, ёзда кўришамиз.

- Торрес «Том»да эканлигингизни биладими?

- Ҳозирча унга айтмадим (кулади). Агар ҳаммаси ҳал бўлиб, Томскда қолсам, албатта, бундан хабар топади.

- «Том»нинг молиявий муаммолари, клубнинг сўнгги ўринда бораётгани халал бермаяптими?

- Жамоанинг сўнгги ўйинларини кўрдим. Футболчилар қўлларидан келган барча ишни қилишмоқда. Ўйлашимча, вазиятни ўнглаш учун вақт етарли. 5 мартгача нима бўлишини кўрамиз. Айни пайт янги ўйинчилар кўп, олдиндан нимадир дейиш қийин. Ва албатта, яна бир бор рўйхатдан ўтишга қўйилган тақиққа қайтишга тўғри кел-япти.

- Бош мураббий Валерий Петраков билан гаплашдингизми?

- У мени билади. Аввал таъкидлаганимдек, клубнинг Томскдаги машғулотларида қатнашдим. Аммо жамоа устози ҳам ортиқча маълумот беролмайди, чунки «Том»да кузатилаётган вазиятга бош мураббий айбдор эмас. У таркибни ҳозирги ҳолатга қарамай, ажойиб тарзда тайёрлаши мумкин. Ўйлашимча, Томскка чақиришларига ушбу мутахассиснинг мени кўришни хоҳлагани ҳам сабаб бўлган.

- Йигитлар сизни кўриб, қувонишгандир?

- Ҳозирча кўп гапиришмаяпти. Бу борада уларни ортда қолдиряпман (кулади). Майдонда сергапман. Ҳозир жамоада ёшлар кўпчиликни ташкил этишади, улар асосан сукут сақлашни хуш кўришади. Аммо эшитиш ҳам яхши. Ёрдамга ҳамиша тайёрман, ўсиб келаётган авлодни нимагадир ўргатиш ёқимли машғулот.

- Сўнгги марта Словенияда тўп сурдингиз. У ерга қандай бориб қолдингиз?

- Ҳам ўйнаб, ҳам спорт директори вазифасини ўтадим. Футболчилик фаолиятимни якунлагач, айнан шу иш билан шуғулланмоқчиман. Мана, ўзимни ушбу соҳада синаб кўрдим. Бироқ Словенияда футбол савияси анча паст. Уларнинг ўсишлари учун яна 10 йилларча вақт керак. Қўшни Хорватия ва Сербиядаги даража яхши. Мен эса 10 йил кутолмайман, ҳозир ўйнашни хоҳлайман. Ўйлашимча, бир-икки мавсум кўнгилдагидек тўп суришим мумкин. Шу боис, Словениядагиларга «Кечирасизлар, бош-қа лигалар - Россия ёки Туркияда ўйнаб кўрмоқчиман», дедим.

- Томскка кетаётганингизга рафиқангиз қандай муносабат билдирди?

- У ҳамиша ёнимда. Туркия, Греция, Англия, Испанияда фаолият юритганимда доим ҳамроҳим бўлган. Ёзда жамоасиз юрганимда, вазиятни таҳлил қилиб, Омскка кетишни маъқул кўрдик. Бу ердаги мактаблар яхши, болаларга ёқяпти. Аммо бошқа шаҳар, мисол учун, Москва ёки Истанбулга кетишга тўғри келса, бирга борардик.

Ў.УМАРОВ тайёрлади

Манба: www.interfutbol.uz

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz