Қайднома

Қидирув

Фақат футбол эмас, булки бутун спорт хитойликлар қўлига ўтяптими?

Фақат футбол эмас, булки бутун спорт хитойликлар қўлига ўтяптими?

  12.02.2017 22:33
  0
  1675
Фақат футбол эмас, булки бутун спорт хитойликлар қўлига ўтяптими?

Ҳозирги кунда футбол хитойлик миллиардерлар учун асосий мақсадга айланган. Биргина ўтган йилнинг ўзида улар дунёнинг деярли барча энг зўр футболчиларига ақл бовар қилмайдиган даражадаги маошларни таклиф қилишди.  Масалан, Халк «Шанхай Теллэйс»га ўтиб кетди, унинг «Зенит»даги собиқ жамоадоши Витсель эса «Ювентус»дек обрўли жамоага рад жавобини бериб «Тяньцзинь Цюаньцзянь»ни танлади. Аргентиналик машҳур Карлос Тевес дунёдаги энг кўп маош олувчи футболчига айланди. «Шанхай Шеньхуа» унга йилига салкам 40 миллион евро ҳақ бераяпти. «Челси» ҳужумчиси Диего Коста эса 30 миллион евролик таклифни эшитиб ўзини йўқотиб қўйди. Хатто у бош мураббий Антонио Конте билан тортишиб қолишга улгурди. Костанинг собиқ клубдоши Оскар энди Халк билан битта жамоада тўп сураяпти. «Аристократ»лар асосий таркибга кира олмаган бразилияликни 52 миллион фунтга пуллашди. Хитойга шунингдек, Одил Ахмедов билан «Краснодар»да ўйнаган Фёдор Смоловни ҳам чақиришганди, бироқ ҳужумчи мўмай таклифга рози бўлмаганди. Бундан ташқари, хитойлик бойваччалар биргина футболчиларнинг харидида тўхтаб қолишмади. Осиёлик ишбилармонлар энди  клубларни ҳам сотиб олишяпти. Шунақа гаплар.

Италия Миланда энди футбол тўлалигича Хитойга тегишли, десак ҳам бўлаверади. Ўтган ёзда чакана савдо билан шуғулланадиган Suning Holdings Group компанияси «Интер»нинг 68,5 фоиз акцияларини сотиб олди (шу жумладан, Массимо Мораттининг ҳамма улушини ҳам). Хитой гиганти «Интер»ни янада кучайтириб ва янада «интернационал» қилмоқчи эканини эълон қилди. Янги хўжайинлар 150 миллион еврога янги футболчиларни олиб келишди, лекин бу юриш ўз самарасини бермади. Натижада, мавсум стартини муваффақиятсиз бошлаб бош мураббий Де Бурни ишдан озод этишди. Ҳозирги кунда эса «Интер» ғалабалар сериясини бошидан ўтказаяпти ва Чемпионлар Лигаси зонасига анча яқинлашиб олган. Милан шаҳрининг бошқа бир гранди - «Милан»нинг ҳам сотилгани ҳақида маълумотлар тарқалганди. Келишув бўйича клуб акцияларининг 99 фоизи Хитойнинг Sino Europe Sports Group компанияси ихтиёрига ўтиши кўзда тутилганди. Аммо ўшандан бери келишув куни икки марта қолдирилди. Бошқа бир маълумотга қараганда, харидорлар италияликларга қалбаки ҳужжатларни тақдим этишган экан. Шунинг учун, бу ҳақдаги аниқ маълумотлар 2017 йилнинг 3 мартида эълон қилинади.

Англия АПЛ вакили «Вест Бромвич Альбион» ҳам энди хитойликларга тегишли. У ўтган йилнинг сентябрь ойида Гуочан Лаи (салкам 2,8 миллиард доллар соҳиби) бошчилигидаги инвесторлар гуруҳи томонидан сотиб олинганди. АПЛдаги иккинчи «Хитой жамоаси»га «Саутгемптон» ҳам айланиши мумкин. Унинг назорат акциялари пакетини Хитойда стадионлар қурилиши билан 

шуғулланувчи Lander Sports Development компанияси сотиб олишни истаяпти. Энг сўнгги маълумотларга кўра, клуб хўжайинлари 180 миллион фунтлик таклифни рад этиб, 270 миллион сўрамоқдалар. Бундан ташқари, чемпионшипнинг бирданига уч иштирокчисига ҳам хитойликликлар эгалик қилишаяпти. Ўз вақтида Гарвард ва Оксфордда ўқиган Тони Ся 76 миллион фунт эвазига «Астон Вилла»ни ўзиники қилиб олган. «Вилла»га келгач, Ся ўз интервьюсида «Манчестер Сити» шайхларининг топ-трансферларга пул йўналтириш тактикасини носоғлом ривожланиш модели дея қаттиқ қоралаганди. Ёзда «Астон Вилла» трансферларга 60 миллион евро сарфлади, аммо шунга қарамай чемпионатда атиги 13-ўринда бораяпти. Дарвоқеа, Сяни университетдаги натижаларга доир ҳужжатларни қалбакилаштиришда, унинг компанияси Recon Groupни эса қаллобликда айблашган. Ўтган ёзда Fosun International инвестиция компанияси 45 миллион фунт эвазига «Вулверхэмптон»ни харид қилганди. Унга кўра, хитойликлар яқин икки йил ичида клубга 30 миллион фунт сарфлашлари керак. Бу харидга ҳам баъзи бир саволлар бўлган. Fosun Жорже Мендешга тегишли Gestifute компаниясининг 20 фоизига эгалик қилади. Шу ёзнинг ўзида Мендешнинг мижози Иван Кавалейру 7 миллион фунтга «Монако»дан «Вулверхэмптон»га ўтди ва бу билан у инглиз жамоаси тарихидаги энг қимматбаҳо футболчига айланди. Ҳаммаси бўлиб эса «Бўри»лар сафига 14 нафар футболчи келиб қўшилган. Кузда Хитойнинг Trillion Trophi Asia компанияси «Бирмингем» акцияларининг назорат пакетини сотиб олди. Клубнинг собиқ хўжайини - гонконглик бизнесмен Карсон Ен пулларни ўзлаштиргани учун ҳозир қамоқда ўтирибди. Хитойнинг яна бир компанияси China Media Capital Holdingsга «Манчестер Сити»ни (шунингдек, МЛС иштирокчиси «Нью-Йорк»ни) бошқараётган Citi Football Group компаниясининг 13 фоиз акцияси тегишлидир.

Испания Wanda Group компанияси ўтган қишда «Атлетико»нинг 20 фоиз акциясини сотиб олганди. Унинг эгаси Ван Цзяньлинь - Хитойдаги энг бадавлат (33 миллиард доллар пули бор) киши саналади. Келишув 45 миллион еврони ташкил этганди (Агар мадридликларнинг катта қарзлари бўлмаганида бундан ҳам кўп бўлиши мумкин эди). Цзяньлиньнинг режаларидан жаҳондаги энг зўр ўйинчиларга пул сарфлаш ўрин олмаган. Бу ерда уни авваламбор янги алоқалар ва «Атлетико» академиясига хитойлик футболчиларни олиб келиш имконияти қизиқтираяпти. Умуман олиб қараганда, Цзяньлиньнинг спортга доир режалари улкан: у 1,2 миллиард эвазига энг йирик маркетинг агентлик Infront Sports - Mediaни харид қилди. Infrontнинг ўзидан 25та спорт турига алоқадор 180 медиа ҳуқуқ ва юзлаб хомийлик шартномаларини сотиб олди. Яна у Ironman бренди остида триатлон мусобақаларини ташкил этиб келган ушбу компания учун 650 миллион берди. Ван Цзяньлинь янги турнирларни ташкил этишни режалаштираяпти (иш янги Чемпионлар Лигасигача ҳам бориб тақалаяпти) ва унинг сўзларига қараганда, у Хитойда спорт индустрияси ривожи учун катта имкониятларни кўраяпти. «Бизни фақат пул қизиқтиради» - деди миллиардер. Хуллас, Цзяньлинь спортни ўзгартираяпти. Тахминан ўша вақтда ўйинчоқ машиналарни ишлаб чиқарувчи Rastar Group компанияси  «Эспаньол» акциялари назорат пакетини сотиб олди. Янги хўжайинлар «Эспаньол»ни Чемпионлар Лигасига олиб чиқишга ва қарзга ботиб қолган жамоага пул топишни ўргатишга ваъда беришди.

Қолган дунё Мемфис Депайга пулни «Лион» қаердан олди? Хитойнинг IDG Capital Partners компанияси ёрдам берди. Осиёликлар клубнинг 2 фоиз акциясини тахминан 100 миллион еврога харид қилишди. «Лион» ушбу пулларни трансферлар ва қарзларни ёпишга сарфлаяпти, IDG эса «Лион» брендидан Осиёда фойдаланиш ва клуб директорлар кенгашидан ўрин олиш имкониятига эга бўлади. Хитойликлар Депайдан ташқари Балотелли билан Дантега ҳам пул беришда ёрдам беришаяпти. Аниқроғи, ўтган йилнинг ёзидан бошлаб «Ницца»нинг 80 фоиз акцияси Хитой-Америка инвестиция гурухига тегишли бўлиб келаяпти. Жамоа «ПСЖ»дек рақибини орқада қолдириб, Чемпионлар Лигаси зонасидан жой эгаллаб турибди. Шунингдек, хитойликлар иккинчи лигадаги «Сошо»ни «Пежо»дан сотиб олишган, «Осер» назорат акциялари пакети ҳам уларга қарашли. Энг қайғули воқеага голландиянинг «Ден Хааг» жамоаси сабабчи бўлиб турибди. 2015 йилнинг қишида пекинлик бизнесмен Ван Хуэй (унинг компанияси яқинда Италия суперкубогини Пекинда ташкиллаштирганди) клубни тахминан 6 миллион еврога сотиб олганди. Инвестор жамоани Европа майдонларига олиб чиқишга сўз берганди, лекин бунинг ўрнига «Ден Хааг» сал бўлмаганда ташқи бошқарув остига тушиб қолади. Боиси, Ван Хуэй тўлов муддатига амал қилмаган (аммо кейинчалик барибир тўлаган). Хитойликлар Праганинг «Славия»сига ҳам қўл теккизиб бўлишган. Клубнинг 60 фоиз ҳуқуқи уларга тегишли. Яна Португалия иккинчи лигасининг хомийси ҳам хитойликлардир. Ниҳоят, улар ҳаттоки Украина футболигача ҳам етиб келишди. Мамлакат футболи иккинчи лигасида иштирок этувчи «Суми» клуби Smart-Mentors инвестицион компанияси назоратига ўтган. Хитойликлар мавсум охиригача клубни бошқаришади, сўнг жамоани молиялаштиришда иштирок этишни ёки тўлалигича сотиб олишни аниқлаб олишади. Ким ва нимага футболни пулга кўмиб ташлаяпти? Бу саволга яқин орада жавоб топиш осон бўлмайди.

Баскетбол Футболда бразилиялик юлдузлар ёки инглиз клублари учун берилаётган миллионлар сизни чалғитмай турсин. Чунки, Хитойнинг ўзида энг машҳур спорт тури баскетбол бўлиб қолаверади. Мисол учун, яқинда фаолиятини тугатган Коби Брайантнинг Хитойдаги фанатлари Месси ёки Роналдуникидан кўра анча кўпдир. Хитой - МБА учун хориждаги энг асосий бозор саналади. Жамоалар мунтазам равишда у ерга турлар уюштиришади, 2016 йилнинг октябрида эса лига у ерда МБА машғулотлар лагерлари очилишини эълон қилди. Бунданда муҳимроғи, лига комиссари Адам Сильвернинг айтишича, хитойлик телетомошабинлар учун айрим ўйинларни ўтказиш вақтини суриш керак экан. Ҳозирги кунда ўйинлар жуда кеч ўтказилмоқда ва ҳеч бўлмаганда бир ҳафтада битта ўйин эрта тонгда бўлса, Хитойда у прайм-таймга тўғри келади. Яо Миннинг муваффақиятларини ҳозирча ҳеч ким такрорлай олмаяпти, яъни бирортаям хитойлик баскетболчи МБАда ўйнамаяпти. Бироқ ўтган ёзда «Гранада» клуби назорат акциялари пакетининг соҳиби - акционер Цзянь Лижанг «Миннесота» акцияларининг  5 фоизини сотиб олиб баскетболга ҳам кириб борди.

Хоккей Бу ерда биринчи навбатда КХЛ иштирокчиси «Куньлунь» жамоасини эслаш керак бўлади, аммо умуман олганда, хитойликлар МХЛни ҳам кўзлари остига олиб қўйишган. 2016 йил бошида Хитойнинг темир тоғора ишлаб чиқарувчи компанияси O.R.G «Бостон Брюинз» жамоасига хомий бўлди. Бундан ташқари 2015 йилнинг июнь ойида Андонг Сонг МХЛга чақирилган биринчи хитойликка айланди, лекин ҳозирча «Айлендерс» сафида ҳали бирорта ўйин ўтказмади. Шунингдек, хитойликлар МФЛ ва МЛБни ҳам кўзлашаяпти, аммо Шимолий Америка бозорига кириб бориш қийинроқ бўлади. Европадаги хўжайинларнинг кўпчилиги зарар келтираётган активлардан тезроқ вос кечишни орзу қилишаяпти.   Муҳим халқаро турнирлар 2022 йилги Олимпиада ўйинлари Пекинда бўлиб ўтади. Хитойнинг энг бой одамларидан бири - Жек Мага тегишли Alibaba компанияси тахминан 600 миллион долларлик шартнома тузиб, ҳар тўрт йиллик ўйинларнинг кейинги олтитасига хомийлик қиладиган бўлди. Маълумотларга қараганда, Alibaba футбол бўйича жаҳон чемпионатига ҳам хомийлик қилишни мўлжаллаяпти. Айтганча, мундиал ҳали бирор марта Хитой заминида ўтказилмаган. Шунча нарса уларга нимага керак? 1.     Халқаро бозорга биринчи навбатда ўз географиясини кенгайтираётган юқори технологияли Хитой компаниялари кириб келишмоқда. Ҳомийлик улар учун - бу биринчи навбатда имидж масаласидир. 2.     Хорижлик юлдузларнинг харид қилиниши молиявий томондан ўзини оқлаши мумкин. Хитойдаги ўйинларнинг рейтинги ошиб бораяпти, лиганинг ҳозирги телешартномаси (2016-2020) 1,25 миллиард долларга тузилган (бунга ортиқча пул бериб юборилган деб фикр билдираётганлар ҳам етарли). Янги ҳалқаро мусобақаларнинг ташкил этилиши катта маблағ олиб келиши мумкин, Хитой спорт бозорига жуда катта умидлар билан қаралаяпти. 3.     Хорижий клублар акцияларини харид қилишдан асосий мақсад, ёш хитойлик ўйинчиларни Европадаги энг зўр академияларга юборишдан иборат. Ахир Хитой футбол бўйича жаҳон чемпионатини ўтказиш билан кифояланмоқчи эмас, балки бир кун келиб мазкур мусобақада ғолиб чиқмоқчи.   Нима учун улар шунча харажат қилишаяпти ёки Хитойда ҳам бундан хурсандларми? Хорижлик футболчиларнинг харидига доир саволга жавоб - аниқ топилмайди. Ўтган йил охирида Хитойлик раҳбарлар легионерларга ақл бовар қилмас харажатлар борасида бирор чора қўллаш кераклигини эълон қилишганди, акс ҳолда бу нарса хитойлик футболчиларнинг ўсишига ҳалақит берармиш (унутманг, Хитой ЖЧда ғолиб чиқмоқчи ахир). Энди Хитойдагилар янги лимит ўйлаб чиқишди. Шунга қарамай, ҳукумат аъзолари келажакда трансфер суммалари ва маошлар меъёрини ўрнатишга ваъда беришаяпти.

Ҳасанхон МАСАИДОВ тайёрлади.

Манба: zakovat.uz



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz