Қайднома

Қидирув

Европа Чемпионлар Лигаси фаворитини «ИнтерФутбол» билан биргаликда аниқланг

Европа Чемпионлар Лигаси фаворитини «ИнтерФутбол» билан биргаликда аниқланг

  14.02.2017 17:07
  0
  2342
Европа Чемпионлар Лигаси фаворитини «ИнтерФутбол» билан биргаликда аниқланг

Футбол оламида клублар ўртасидаги энг нуфузли ва сердаромад турнир - Европа ЧЛнинг илк «плей-офф» раундига қуръа ташлангач, Soccer.ru сайти ижодкорлари дарҳол жуфтликларда қайси жамоа фаворит эканлигини тахмин қилишга тушишди. Улар бу жараёнда кўплаб жиҳатларни эътиборга олишди.

МАНЧЕСТЕР СИТИ»  - «МОНАКО»

Клубларнинг УЕФА рейтингидаги ўрни: 12 - 37.

Клублар таркибининг умумий баҳоси (transfermarkt.de портали маълумоти бўйича): 524 млн. евро - 177 млн. евро.

Клубларнинг ЧЛ «плей-офф» раундидаги тажрибаси: охирги мавсум ярим финалчиси - ўйнамаган.

Клубларнинг етакчи футболчилари: Агуэро, де Брюйне, Гюндоган, Давид Сильва, Отаменди - Фалькао, Фа-биньо, Сидибе, Лемар, Бруно Сильва, Глик.

Клубларнинг ўйин бобидаги устун тарафлари: қисқа «пас» билан ўйнаш, қарши ҳужум, қанотлар орқали юриш, футболчилар маҳорати - самарадорлик, қанотлар орқали ҳужум, серҳаракат ҳужумчилар, хавфли вазиятлар яратишда қийналмаслик.

Умумий ҳисоб: 4:0 - «Манчестер Сити» фойдасига.

«Шаҳарликлар» барча жиҳатларда муайян устунликка эгалар. «Монако» гарчи УЕФА клублар рейтингининг анча пастки қисмида бўлсада, ўйин савияси бўйича кучли жамоалар қаторига киради. Леонарду Жардимнинг ўз усули бор, «Монако» унинг қўл остида ҳимоявий «қути»дан ҳужумкор машинага айланди. Радамель Фалькао айни пайт ёш шериклари билан ҳар қандай рақибга қийинчилик туғдиришга қодир. Шундай экан, «Манчестер Сити»нинг талтайиб кетишига асос йўқ. Ахир у «ПСЖ»нинг инглизча варианти. Яъни клуб учун АПЛда яна бир марта биринчи бўлишдан кўра, ЧЛда ўйнаш ва лоақал финалга чиқиб, араб шайхларини хурсанд этиш муҳимроқ саналади. Хосеп Гвардиола ихтиёрида қийин ўйинларда ўз сўзини айтадиган ва ҳимоядаги муаммоларни билинтирмайдиган Лионель Месси йўқ. Бироқ унинг мавсум стартида «Барселона»дан учралган мағлубиятга қандай жавоб берганини эсда тутиш керак. Ҳа, «шаҳарликлар» анча кучли кўринмоқдалар.

Тахмин: «Манчестер Сити» кейинги босқичга ўтади. Тўғри, «Монако» ҳам яхши, бироқ француз клуби ўзининг энг юқори чўққисига чиқиб улгурди. Гвардиолада эса ўйинни янада кучайтириш имконияти бор.

«РЕАЛ» - «НАПОЛИ»

Клубларнинг УЕФА рейтингидаги ўрни: 1 - 15.

Клублар таркибининг умумий баҳоси (transfermarkt.de портали маълумоти бўйича): 776 млн. евро - 319 млн. евро.

Клубларнинг ЧЛ «плей-офф» раундидаги тажрибаси: охирги 3та мавсумда 2та ғалаба - охирги мавсумда ЕЛ «плей-офф» раундларида ўйнади.

Клубларнинг етакчи футболчилари: Модрич, Кроос, Рамос, Каземиро, Бэйл, Роналду, Марсело - Мертенс, Ғу-лом, Гамшик, Кальехон, Кулибали, Инсинье.

Клубларнинг ўйин бобидаги устун тарафлари: ғалабага нисбатан кучли ирода, индивидуал маҳорат, эффектли ҳужум, қарши ҳужум, футболчилар савияси ҳисобига вазиятлар яратиш, стандарт ҳолатлар - қанотлар орқали ҳужум, позицион ҳимоя, узоқ масофадан бериладиган зарба, қисқа ва ўртача «пас» билан ўйнаш, марказ бўйлаб юриш, тактик ҳийла.

Умумий ҳисоб: 4:0 - «Реал» фойдасига.

«Наполи» учун тенг рақиблар - «Бенфика», Киев «Динамо»си ва «Бешиктош» жой олган гуруҳда ғалаба қозониш кўп нарсани англатади. Итальян жамоаси ЧЛ «плей-офф» раундлари ўйинлари учун зарур уюшқоқликни кўрсата олди. Маурисио Сарри бундай даражада илк марта ишлаяпти, лекин Неаполь катта ўйинларга тайёр. Хуллас, Чемпионлар кубогининг икки карра ғолиби - хавфли рақиб. «Реал» эса ҳозирдан яна бир финал орзусида яшамоқда ва баҳорда «Вольфсбург» майдонида кузатилган хатоликни қайтармасликка уриниши тайин. Бироқ ЧЛ тарихида бирор жамоа ҳали кетма-кет 2 марта зафар қучмаганини инобатга олсак, «Мадрид»ни олдинда мураккаб тўсиқлар кутиб турибди. Ҳа, Зайниддин Зидан жамоаси айни пайт ажойиб ҳолатда, мағлубиятсиз серия бўйича бежиз рекорд ўрнатмади. Хуллас, ушбу жуфтликда «Реал»нинг фаворит эканлигига шубҳа йўқ.

Тахмин: «Реал» ғалаба қозонади, аммо «Наполи»дан ҳар қандай «сюрприз» кутиш мумкин. Айниқса, Неаполдаги баҳсда.

«БЕНФИКА»  - «БОРУССИЯ» Д.

Клубларнинг УЕФА рейтингидаги ўрни: 8 -7

Клублар таркибининг умумий баҳоси (transfermarkt.de портали маълумоти бўйича): 202 млн. евро - 351 млн. евро.

Клубларнинг ЧЛ «плей-офф» раундидаги тажрибаси: чорак финал - ўйнамаган, баҳорда ЕЛ ярим финалига чиқди.

Клубларнинг етакчи футболчилари: Сальвио, Черви, Гримальдо, Луизао - Обамеянг, Вайгль, Дембеле, Сократис, Ройс.

Клубларнинг ўйин бобидаги устун тарафлари: эффектли ҳужум, қарши ҳужум, позицион юриш, вазиятлар яратишдаги енгил ҳаракат - тўп назорати, тартибли узатма, самарали ҳужум, қанотлар орқали ўйнаш, тўп билан тезкор ишлаш.

Умумий ҳисоб: 3:1 - «Боруссия» фойдасига.

УЕФА рейтинги бўйича гапирсак, бу жамоалар кучи тенг 7-8-ўринлар уларга тегишли. Лекин тушунарлики, «Бенфика» бир қарашда, жуфтлик аутсайдеридек кўринади, гарчи ўйин даражаси чакки бўлмасада. Португал жамоаси таркиб, услуб ва ўринлар алмашуви устида ишлаш салоҳиятига эга. «Бургутлар» клуби  шунинг баробарида  - профессионал сотувчи. «Бенфика» мудом етакчилардан айрилишга одатланиб улгурган. Шунга қарамай, еврокубокларнинг «плей-офф» раундларида иштирок этишга бемалол жазм этади. Етакчиларни йўқотиш дортмундликлар учун ҳам хос хилқат. «Боруссия»нинг ЧЛда «ҳаёт ёки ўлим» миқёсидаги ўйинларни соғиниб қолгани аниқ. Зеро, жамоа ўтган мавсум ЕЛда иштирок этди ва финалга чиқишига бир баҳя қолди. Энди дортмундликлар йўлига Юрген Клопп тўсиқ қўёлмайди, шундай экан, Томась Тухель португалларга қарши ўйинларда яхшигина имкониятга эга.

Тахмин: «Бенфика» бемалол рақибини асабийлаштириши мумкин, аммо кейинги раундга «Боруссия» йўл олса керак, барибир. Тўғри, бу жуфтликда фарқ аввалгиларидагидек катта эмас.

«БАВАРИЯ» - «АРСЕНАЛ»

Клубларнинг УЕФА рейтингидаги ўрни: 2 - 10

Клублар таркибининг умумий баҳоси (transfermarkt.de портали маълумоти бўйича): 582 млн. евро - 490 млн. евро.

Клубларнинг ЧЛ «плей-офф» раундидаги тажрибаси: баҳорда ярим финалга чиқди - баҳорда 1|8 финалда ўйнади.

Клубларнинг етакчи футболчилари: Алькантара, Мюллер, Левандовски, Нойер, Алаба - Алексис Санчес, Озил, Касорла, Мустафи, Чех, Косьельни.

Клубларнинг ўйин бобидаги устун тарафлари: футболчилар савияси, тўп назорати, узатмалар аниқлиги, қанотлар орқали ҳужум, позицион ҳимоя - кўп вазият яратиш, тартибли «пас», қанотлардаги фаоллик, тезкор индивидуал ҳаракат.

Умумий ҳисоб: 2:1 - «Бавария» фойдасига, битта дуранг билан

Биринчидан, Арсен Венгерга ачинасан киши. Иккинчидан, икки жамоа етакчилари ҳам шунчалик кучлики, бу борада тенглик бор. Боз устига, Карло Анчелотти ва «Бавария» ўртасидаги муносабатларда муаммолар йўқ эмасдек. Аммо Мюнхен клуби Юпп Хайнкес даврида ҳам шунга ўхшаш ҳолатга тушганини унутмаслик керак. Мураббий ўша мавсум якунида кетишини билган, клуб эса якуний ғалаба йўлини топганди. Немислар бу сафар қуръа жараёнида иккинчи саватчага тушишди ва натижалар маълум бўлгач, киноя қилишди: «Шу ҳолатда ҳам «Арсенал»га насиб этдик». Ҳа, қуръа лондонликларни иккинчи саватчадан жой олган энг кучли жамоалардан бирига рўбарў қилди. Эҳ, «Арсенал» ниҳоят, «плей-офф»га 1-ўрин орқали чиққанида-я... «Канонирлар» 2006 йилги қаҳрамонликни такрорлашга тўлиқ тайёрмилар? Бир нарса дейиш қийин. Бироқ ҳаттоки, «Ростов» ҳам «Бавария»ни енгиш уддасидан чиққан экан, бу жуфтликда яққол фаворит йўқ. Қолаверса, немис гранди баҳорда «Ювентус», «Бенфика» ва «Атлетико» клубларига қарши баҳсларда ҳам анча қийналганди.

Тахмин: «Арсенал» кейинги раундга ўтади, гарчи «Бавария» турли жиҳатлар бўйича бироз устун кўринаётган бўлсада. Қисқаси, айнан шу жуфтликдан кутилмаган якун кутиш ўринли. Ҳарқалай, Мюнхен клубининг анча тер тўкишига тўғри келади.

«ПОРТУ» - «ЮВЕНТУС»

Клубларнинг УЕФА рейтингидаги ўрни: 13 - 6

Клублар таркибининг умумий баҳоси (transfermarkt.de портали маълумоти бўйича): 186 млн. евро -  444 млн. евро.

Клубларнинг ЧЛ «плей-офф» раундидаги тажрибаси: ўтган мавсум ЕЛ гуруҳ раундидан чиқолмади - баҳорда 1|8 финалда ўйнади.

Клубларнинг етакчи футболчилари: Браими, Ка-сильяс, Данило Перейра, Макси Перейра, Фелипе, Андре Сильва, Диого - Буффон, Алвеш, Пьянич, Бонуччи, Алекс Сандро, Игуаин.

Клубларнинг ўйин бобидаги устун тарафлари: позицион ҳужум, ўрта ва узун тўп ошириш ҳисобига вазият яратиш, «иккинчи қават»да самарали курашиш - ижрочилар маҳорати, позицион ҳимоя, қанотлар бўйлаб ҳужум, ҳаво курашларидаги устунлик.

Умумий ҳисоб: 4:0 «Ювентус» фойдасига.

Икер Касильяснинг «Порту»даги шериклари учун Европа ЧЛ баҳорги босқичида ўйнаш - ўзига хос реклама. Бироқ Португалия клубларининг бундай баҳсларда устун чиқишлари анча қийин масала. Хусусан, «Ювентус»дек рақибга дуч келишганида. Демакки, «аждарлар»га ҳам «бьянконерлар» билан рақобатлашиш осон кечмайди. Аммо бу «Порту»нинг «сенсация» қайд этиш имкониятига эга эмаслигини англатмайди. Мисол учун, бу жамоа яқиндагина «Бавария»ни роса қийин аҳволга солиб қўйганди. Тўғри, бу йил эмас. «Ювентус» эса буни инобатга олади, албатта. Қолаверса, туринликлар финал таъмини татиб кўришган ва энди ўша муваффақиятни такрорлаш, ҳаттоки, яхшилашни кўзлашади. Моҳиятан олганда, Италия гранди кичик омадсизликларга тўғри ёндашса ва «Порту» имкониятларини талаб даражасида баҳоласа, муаммо сезмаса керак.

Тахмин: «Ювентус» ижросида идеал футбол кўрмаслигимиз ва «Порту»да ҳам имконият туғилиши мумкин. Бироқ Икер Касильяс ва Жанлуижи Буффон қарама-қаршилигида иккинчисининг жамоаси ғалаба қозониши эҳтимоли катта, барибир.

«БАЙЕР» - «АТЛЕТИКО»

Клубларнинг УЕФА рейтингидаги ўрни: 18 - 4

Клублар таркибининг умумий баҳоси (transfermarkt.de портали маълумоти бўйича): 262 млн. евро - 509 млн. евро.

Клубларнинг ЧЛ «плей-офф» раундидаги тажрибаси: ўтган мавсум гуруҳдан чиқолмади - баҳорги финалчи.

Клубларнинг етакчи футболчилари: Кампль, Та, Чалханоглу, Брандт - Гризманн, Филипе Луис, Годин, Коке, Карраско, Габи.

Клубларнинг ўйин бобидаги устун тарафлари: қанотлар орқали ҳужум, кескин узатма, узоқ масофадан бериладиган зарба, юқори прессинг - ҳимоя, қаъий интизом, ўрта ва узун «пас», иккинчи рақам остида ўйнаш, индивидуал ҳаракатланиш.

Умумий ҳисоб: 4:0 - «Атлетико» фойдасига.

«Байер» учун «плей-офф»нинг ўзи катта ютуқ. Фақат қуръа бироз кўнгилсиз рақиб тақдим этди. Аслида Германия клуби ақл бовар қилмас даражада барқарор ўйинни йўлга қўйганлар қаторига кирмайди. Лекин таркибида иқтидорли йигитлар шунчалик кўпки, Рогер Шмидт уларнинг ёрдамлари билан юқори савиядаги футболга умид боғлаши мумкин. Дейлик, Хавьер Эрнандес гол уриш вазифасини доимо яхши уддалайди, Ҳоқон Чалханоглунинг трансфер баҳоси қойилмақом жарима зарбалари туфайли ошиб боряпти. Умуман, Леверкузен клубида чиройли ўйин масаласида муаммо йўқ. Тўғри, унинг ҳимояси мустаҳкам эмас, аммо «Атлетико» ҳужумда у қадар даҳшат уйғотмайди. Ҳа, Мадрид жамоаси футбол оламидаги энг ноқулай рақиблардан бири. Зеро, ЛЧнинг 2та финалида ўйнагани тасодиф эмас. Аслида Диего Симеоне тузган ҳозирги таркибнинг «яроқлилик муддати» тобора тугаб бораётгандек. Аммо Антуан Гризманн каби янги «қон томчи»лари ҳам бор. Мураббийнинг ўзи эса мудом изланишда. Шунингдек, Мадридда янги логотип ва  стадион номига боғлиқ муҳокамалар кескин тус олди. Нима бўлишидан қатъий назар, «Атлетико» немис клуби учун ҳам ўта ноқулай рақибдир. Ҳар ҳолда, майдон четидаги гаплар билан «матрасчилар»ни чўчитиш иложсиз.

Тахмин: Симеоне ва унинг шогирдлари мухлисларни уялтириб қўйишмайди. Лекин уларда бундай босқичда ўзларига хос ўйинни намойиш этолмаслик одати ҳам борлигини унутмаслик керак.

«ПСЖ» - «БАРСЕЛОНА»

Клубларнинг УЕФА рейтингидаги ўрни: 5 - 3

Клублар таркибининг умумий баҳоси (transfermarkt.de портали маълумоти бўйича): 420 млн. евро - 765 млн. евро.

Клубларнинг ЧЛ «плей-офф» раундидаги тажрибаси: чорак финал - чорак финал.

Клубларнинг етакчи футболчилари: Тьяго Сильва, ди Мария, Моура, Кавани - Иньеста, Месси, Неймар, Суарес, Бускетс, Пике.

Клубларнинг ўйин бобидаги устун тарафлари: қарши ҳужум, тўп назорати, аниқ узатма, узоқ масофадан бериладиган зарба, позицион ҳимоя - индивидуал маҳорат, тўп назорати, вазият яратиш усули, вингерларнинг ҳужумдаги ҳаракатлари.

Умумий ҳисоб: 3:0 - «Барселона» фойдасига, битта дуранг билан

Бу дуэлда баҳорги ярим финалчилар тўқнашуви кузатилади. «ПСЖ» айни шу жиҳатдан «Барса»га тенг, холос. Қолган барча унсурларда Каталония клуби устун. Умуман, бу УЕФА рейтингига кўра, энг кучли жуфтликдир. Бироқ такрор айтиш керак, ўйинга боғлиқ турли элементлар бўйича каталонияликлар анча олдинда. Аслида жорий ЧЛ «ПСЖ» учун ниҳоятда муҳим. Унаи Эмери ўрнига Роберто Манчинини тайинланиши хусусидаги гап-сўзлар ҳал қилувчи ўйинларга тайёрланиш жараёнига халақит беради, холос. Иккинчи томондан, парижларда тажриба етарли ва айни пайт улар учун камида ярим финалга чиқиш катта аҳамият касб этади. Аммо қуръа «ҳукми»га қарасак, бунинг имкони жуда паст. Боз устига, «Барселона» айни пайт Ла-лигада «Реал»дан ортда қоляпти ва шу боис, ЧЛга жиддий ёндашиши аниқ. Етук башоратчилар ҳозирда айнан Каталония клубини энг эҳтимоли катта ғолиб сифатида тилга олишяпти, гарчи декабрь ойидаги ўйинлари унча ўхшамаган бўлсада. Умуман, Лионель Месси, Неймар ва Луис Суарес сафда бўлишса ва ўйновчи-мураббий мақомидаги Андрес Иньеста қандайдир муаммо сезмаса, унда «ПСЖ»нинг ҳолига ҳавас қилиш ноўрин.

Тахмин: «Барселона» ЧЛга кўпроқ эътибор қаратади. Унаи Эмери бошқарувидаги «ПСЖ»га омад кулиб боқмади - парижликлар яхши ўйнашади, аммо каталонияликлар даражасида эмас.

«СЕВИЛЬЯ» - «ЛЕСТЕР»

Клубларнинг УЕФА рейтингидаги ўрни: 11 - 73

Клублар таркибининг умумий баҳоси (transfermarkt.de портали маълумоти бўйича): 218 млн. евро - 215 млн. евро.

Клубларнинг ЧЛ «плей-офф» раундидаги тажрибаси: иштирок этмади, ЕЛда ғалаба қозонди - дебютант.

Клубларнинг етакчи футболчилари: Насри, Н~Зонзи, Васкес, Эскудеро, Витоло, Мариано, Рико - Маҳрез, Фукс, Хут, Морган, Дринкуотер, Шмейхель, Варди.

Клубларнинг ўйин бобидаги устун тарафлари: қанотлар орқали ҳужум, юқори прессинг, позицион ва кенг ҳимоя - қарши ҳужум, ўрта ва узун узатма, узоқ масофадан бериладиган зарба, қанотлар бўйлаб ҳужум.

Умумий ҳисоб: 1:0 -  «Севилья» фойдасига, 3та дуранг билан.

«Севилья» учун «плей-офф» баҳслари - мавсум давомидаги ёқимли жараён. Бу клуб «Қирол кубоги»да доим ҳам бор эътибори билан ўйнамайди, аммо еврокубокларда курашишга жуда мойил. Мисол учун, ЕЛда 3 марта ғолиб чиққани бежиз эмас. Хорхе Сампаолига хос мураббийлик ғояларига жамоанинг жанговар руҳини қўшсак, хушчақчақ «Севилья»нинг дуч келган рақибга жиддий тўсиқ қўйиши мумкинлиги ойдинлашади. «Лестер»ни эса кимдир ҳамон «сирли тулпор» сифатида таърифлаяпти, айримлар аксинча, унга жуфтликнинг яққол аутсайдеридек қарашяпти. Аммо шуниси борки, айёр Клаудио Раньери асосий кучни айнан ЧЛга сафарбар этаётгандек. Ахир АПЛда унинг ишлари юришмаяпти. Хуллас, ушбу жуфтлик вакиллари ўйин бобидаги турли жиҳатлар бўйича тенг, фақат испанлар евроаренадаги тажриба ҳисобига бироз устунлар. Қаранг, ҳаттоки, икки жамоанинг таркиби баҳосида ҳам фарқ йўқ, ҳисоби. Бундай мувозанат қолган жуфтликларнинг бирортасида кузатилмайди.

Тахмин: «Севилья» ҳозирги ҳолати ва тайёргарлик меъёри бўйича Англия чемпионидан қолишмайди. «Тулкилар» эса жуда хавфли, бироқ улар тушиб кетсалар керак. Тўғри, бу жуфтликка нисбатан мутлақо тескари башоратни айтиш ҳам мумкин. Қисқаси, ҳаммаси ўта мавҳум.

Сир эмас, кўпчилик сўнгги вақтларда «Футболда ҳар қандай жамоа ғалаба қозониши мумкин» қабилида фикр юритишга одатланиб қолди. Бироқ фактлардан кўз юмиш нотўғри - футболчилар, иштирок бобидаги тажриба, рейтингдаги мавқе, аввалги мавсум натижалари,  ўйин элементлари... Тушунарлики, биринчи «плей-офф»даёқ йўлдан чекиниши ақлга сиғмайдиган жамоалар бор. Иштирокчилар мақомига қарасак, шундай. Хуллас, «Реал», «Ювентус», «Манчестер Сити», «Боруссия» Д. ва «Атлетико» клублари кейинги раундга чиқишлари шартдек, зеро, улар рақибларидан анча кучли. Умуман, ЧЛда яққол фаворитлар йўқ эмас - улар барчага таниш ва маълум. Аммо ҳеч бир клуб дейлик, ўз майдонида гол қўйиб юборишдан, омадсиз оқшомга юз тутишдан  ёки бошқа «сенсация»лардан ҳимояланмаган. Шундай бўлсада, ўжар фактлар барибир, номдор жамоалар ғалабасини тахмин қилишга ундайверади...

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади

Манба: www.interfutbol.uz



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz