Ларза нима ўзи? Уни бутун вужуд билан қандай ҳис қилиш мумкин? Мазкур саволларга ҳар бир ақли расо инсоннинг ўзига яраша жавоби бор, албатта. Биз бу ўринда мисол учун, ардоқли санъаткоримиз Муножот Йўлчиева ижросидаги ларзани тилга олмоқчимиз. У «Муножот»ни бутун вужуди билан куйлаганида, назаримизда, борлиқ ларзага тушади, титрайди, тўлғонади. Борлиқ ва вужуд, истеъдод ва имконнинг уйғунлашуви ҳамда биргаликда ларзага тушиши натижасида буюк ижро туғилади. Янада аниқроғи, ҳар бир янги ижрода янги буюклик кўз очади...
«Ливерпуль» АПЛ доирасида «Тоттенхэм» билан куч синашар экан, бутун учрашув давомида тезлик, шиддат, босимни ушлаб турди. Жамоа наинки ўзини, балки майдонни ва мухлислар қалбини ҳам ларзага солди. Вазият шундай эдики, Юрген Клопп жамоаси яхши маънода тўлғонмаса, ғалаба қозонолмасди. Бир-бирига муносиб рақиблар беллашган маҳал тарози палласи ларзалар томон оғади. Бундан 2 ойча муқаддам Садьо Мане «Ман, ман, ман» қабилида бақириб, «Ливерпуль» мухлисларига мақтанганди. Ўшандан буён унинг сурурбахш садоси қулоққа чалинмади. Мана, Мане ниҳоят, яна гол саҳнасида. Гарчи лаҳзалар ичида «дубл»га эришиб, бутун майдонни ларзага солган бўлсада, унинг ўзи аввалгидек дангал мақтаниб юборолмади. Ҳа, футболчини дуранг ва мағлубиятлар серияси анча чўчитиб қўйган, чоғи. Энг муҳими, у «Энфилд»га ларзаларни қайтарди, жамоа мухлислари бу онларни 40 кундан ортиқ вақт интизор кутишди. Қарангки, ғалаба онига қадар чилла чиқди. Халқимиз таъбири билан айтганда, жамоа қиш чилласини оғир ўтказди. Юрген Клопп аутсайдерлардан бири саналмиш «Халл Сити» билан ўйинда тақдирнинг ноҳақ тамғасини олиб ташлашни истаганди. Бироқ мураббий эмас, балки тақдирнинг буюргани бўлди: «Ливерпуль» аутсайдер қаршисида қўл кўтарди. Демак, ўша ўйинда ҳам жамоадаги қалқиш жараёни ҳали ниҳоясига етмаганди. «Қизиллар» яна ортга чекинишди, чунончи, чекиниш масофаси бор эди, гўё. «Тоттенхэм» билан учрашувга қадар жамоа мутасаддилари ва мухлислари шу чекиниш масофасини тўлдиришди. Жамоа қарасаки, ортда мутасаддилар ва мухлислар армияси, уларнинг лим-лим тўлган сабр косаси. Қисқаси, чекиниш масофаси йўқ. Рўпарада эса кучли рақиб. «Ливерпул»даги кучли «портлаш» эффекти, беқиёс ларзанинг сабаби - шу. Анча-мунча кучли рақибларни довдиратиб қўядиган Эриксен - Алли - Сон Хюн Мин - Кейн квартети бу сафар «Ливерпуль» босими қаршисида ожиз қолди. Яна бир бор таъкидлаймиз: ғалабани кучли қўшимча омил - ларза жараёни таъминлади. Ҳа, том маънодаги зарур ғалаба, эҳтиёжга айланган натижа ларзалар бағрида яшайди, унинг воситасида куртак очади ва униб-ўсади. Ларза жараёни кучга тўлган организмдаги қон айланиш тизимини эслатади. Бу тизим яхши ишламаса, куч-қудрат организм учун ортиқча юк, холос.
Юрген Клоппнинг маҳорати шундаки, у жамоадаги ларза жараёнини қайта уйғотди. Мураббийнинг савияси шундай оғир вазиятларда билинади. Футболчи ўзидаги куч ва имконни ҳар учрашувда бир маромда тақсимлашга қийналади. Бу маромни сақлаш - мураббий зиммасидаги вазифа. Фикримизча, Юрген Клопп назарда тутилаётган шу жараённи назорат қилишда бироз адашди, яъни шогирдларининг куч ва имкониятларини ортиқча баҳолади. Шунинг таъсирида жамоа узоқ вақт ғалаба нашидасини сурормади. Аён бўлдики, «Ливерпуль» ҳар бир баҳсда мухлисларга ёқадиган «портлаш» эффектини юзага чиқаролмайди. Жамоа потенциали муттасил бу услуб юкини кўтаришга қодир эмас. 2-3та баҳсда порлаган Маненинг кейинчалик бирдан шалвираб, сўниб қолиши сабаби ҳам шу. Юрген Клопп бу жиҳатни ҳисобга олмаса, жамоасида яна депсиниш кузатилади. Албатта, «Тоттенхэм»га қарши кечган принципиал баҳс бундан мустасно. Чунки «Ливерпуль» бу учрашувдаги ғалабага депсинишдан қутқарувчи халоскор сифатида қаради. Қойил қолиш керакки, «қизиллар» қийин вазифани уддалашди, яна ўта ёрқин даражада.
Хўш, «Алашкерт»га қарши назорат учрашувида майдонга тушган миллий терма жамоамиз-чи? Самвел Бабаян ва унинг шогирдлари ҳам қоғозга тушмаган футбол қонунини, яъни миллий жамоа, учрашув характеридан қатъий назар, қайсидир клубдан мағлубиятга учраши шармандали ҳол ҳисобланишини унутиб қўйишмаяптими? Ахир эксперимент таркиб, мутлақо янги услубда тўп сурган тақдирда ҳам, миллий жамоамизнинг «Алашкерт»га ютқазиши мантиққа зид-ку. Наҳотки, бош жамоамиз мутасаддилари ўртамиёна клублар билан назорат учрашуви ташкиллаш масъулиятини яхши англашмаса?! Майли, дейлик, «Олмалиқ» мавсумга тайёргарлик жараёнида руминларнинг «Ювентус» ёки бошқа клубига ютқазаверсин. Бундан ҳеч ким фожиа ясамайди. Лекин миллий терма жамоа нуқтаи-назаридан масалага бу тақлид ёндашиш ўзини асло оқламайди. «Алашкерт» балки ҳеч қачон халқаро расмий учрашувларда муносиб қатнашмас, лекин бу клуб футболчилари энди битта мамлакат бош жамоасини енгишганини асло унутишмайди. Бу воқеа тилдан-тилга кўчади ва улар қаердадир ўзбекистонлик мухлисга дуч келишганида, қувлик-қитмирлик қилмасликларига биров кафолат беролмайди. Шу маънода айтсак, Самвел Бабаян ва унинг шогирдлари қандай хатога йўл қўйишганини тушунишлари шарт. Бу - шармандалик! Бошқа ҳеч нарса. Фойда эмас, аксинча, зарар келтирадиган назорат учрашуви! Футболчиларимиз таркибида Генрих Мхитиряндек юксак истеъдод соҳиби тўп сурадиган Арманистон терма жамоасидан мағлубиятга учрашганида, фақат ўйин таҳлили билан чекланардик. Қийналиб бўлсада, муносиб рақибдан енгилган жамоамизни қўллаб-қувватлашга ўзимизда куч топардик. Аммо ўртамиёна клубга ютқазган бош жамоа ва унинг тайёргарлик ишларига ишонқирамай қараш кучаяди табиий равишда. Аслида «Амкар» устидан қозонилган кичик ҳисобли ғалаба ҳам мухлислар энсасини қотирганди. Айтинг, ўртамиёна клубга қарши ўйиндаги 1:0 гапириш, қувонишга арзийдими? Ана, «Барселона» Испания кубоги финалидаги бўлажак рақибини сафарда не аҳволга солди?! 6:0 - ўта йирик ҳисоб, бироқ «Барселона» фахрланадиган натижа эмас бу. Негаки, «Алавес» моҳиятан олганда, «Барса» учун муносиб рақиб ҳисобланмайди. Агар мавсум бошида кузатилган тасодифий мағлубият бўлмаганида, Луис Энрике жамоаси «Алавес»ни бирор аярди балки... Самвел Бабаян шогирдлари ҳам «Амкар» ва «Алашкерт» клубларини йирик ҳисобда енгишганида, бу ҳол мухлисларни беҳад қувонтирмасди. Ҳарқалай, рақиблар соф ўртамиёна. Бироқ ўртамиёна клублар устидан қозонилган ғалабалар мухлисларни бефарқ қолдирмасди. Улар «Демак, тайёргарлик жараёни яхши кетяпти», деб бироз тинчланишарди. Ҳозир эса хотиржамликдан асар йўқ. Ахир мухлислар қандай хотиржам тортсинлар?! Терма жамоамиз биз назарда тутган ғалабаларга эришмади-ку. Ҳа, ларзаси йўқ жамоадан ғалаба кутиш қийин...
Муҳаммад Вали
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20