Қайднома

Қидирув

Владимир Баенко: «Бухоро» мураббийи менга ишонч билдирганидан хурсандман

Владимир Баенко: «Бухоро» мураббийи менга ишонч билдирганидан хурсандман

  14.02.2017 23:08
  0
  860
Владимир Баенко: «Бухоро» мураббийи менга ишонч билдирганидан хурсандман

Яқинда Украинанинг «Зирка» клубидан «Бухоро»га ўтган ҳимоячи Владимир Баенко қисқа вақт ичида ўзбек футболидан олган таассуротлари ҳақида гапириб берди.

- Яқинда «Бухоро» билан шартнома имзоладингиз, аммо шартнома шартлари маълум қилинмади.
- Бир мавсумга, яъни 10 ойга шартнома имзоладик. Ноябрь ойида чемпионат якунига етади ва менинг шартномам ҳам тугайди.

- Ўзбек клуби билан боғлиқ вариант қандай пайдо бўлди?
- «Зирка»дан кетганимдан сўнг Украинадан тушган бир, икки таклифларни кўриб чиқдим. Аммо молиявий жиҳатдан улар «Бухоро»дан тушган таклиф каби қизиқарли эмас эди. Шу билан бирга ўзим учун янги таассуротларни синаб кўришни истадим. Шу тариқа Ўзбекистонга кетдим. Боз устига клуб менга жиддий қизиқиш билдирди ва ҳеч қандай кўриксиз, дарҳол шартнома таклиф этди. Кўп ўйламасдан таклифни қабул қилдим. Шу билан бирга Қозоғистондан ҳам таклиф бўлганди, аммо уларни кутиш керак эди. «Бухоро» бош мураббийи эса қўнғироқ қилиб, менга ишонишини билдирди. Менга ҳаммаси ёқди ва шу ерга келганимдан хурсандман.

- Яна қандай таклифлар бор эди?
- Ғарбий Европадан таклифлар тушди, яна Осиёдан ҳам. Словения, Словакия ва Литва клубларидан қизиқиш бўлди. Аммо бу клубларда йиғинларда қатнашиб, кўрикдан ўтиш учун вақт керак бўларди. Вақт эса жуда кам, йиғинда қатнашиб, жароҳат олишни истамадим. Менга дарҳақиқат ишонадиган клубга боришни истадим ва бу клуб «Бухоро» бўлиб чиқди. Шу билан бирга айтиш лозим, ўзбек клублари Европада бериладиган маошдан кўпроқ тўлайдилар. У ерда пул ишлаш жуда қийин. Украинада ҳам худди шундай, фақат «Динамо» ва «Шахтер»да пул бор. Қолган клубларда ўйнаб, фаолиятингни тугатадиган вақт учун пул ишлаш оғир.

- «Бухоро» бош мураббийи билан суҳбатлашиб олдингизми?
- Ҳа, у менга ишонишини билдирди. Умид қиламанки ҳаммаси яхши бўлади. Яхши муносабат туфайли ҳам бу клубни танладим.

- Клуб ўтган йили Ўзбекистон чемпионатида тўртинчи ўринни эгаллагани ҳам қарор қабул қилишда муҳим ўрин тутдими?
- Мураббий билан гаплашганимда янги жамоа шакллантирилаётганини айтди. Чунки ўтган мавсум якунларига кўра кўп футболчилар жамоадан кетган. «Бухоро» яхши ўйнагани учун ҳам футболчиларини бошқа клублар кўпроқ пул таклиф этиб, олиб қўйишган. Айтишларича Олий лига ўйинларини Осиёнинг бой клублари ҳам кузатиб бораркан ва ўзини кўрсатган футболчига таклиф билан чиқаркан. Агар Ўзбекистонда ўзимни яхши кўрсата олсам, балки Осиёнинг кучли клубларига ўтарман.

- Бир сўз билан айтганда «Бухоро» Осиё сари ташланган илк қадам эканда?
- Ҳа, ўзига хос трамплин. Мен агентим билан гаплашиб, Украинадаги вазиятни муҳокама қилдим. Ҳозир бизнинг клублар ёш футболчиларни тарбиялаб, кейин миллионларга сотишни исташади. Аммо ҳозирча «Карпат» ва «Днепр»дан бошқаси бу ишни уддалай олгани йўқ. Бизда кучли футбол мактаби йўқ, деб ҳисоблайман. Клубларда маош олишнинг ўзи қийин масала. Олтиндан тоғ ваъда қилишади, аммо кейин ҳеч нарсасиз қоласан. Ғарбда ўйнаш қийин эди, шунинг учун шарқни танладим. Ҳозир янги клуб, чемпионат ва бошқа нарсалар билан танишиш лозим. Янгилик ҳар доим қизиқарли бўлган. Ишончим комил, бу синов мен учун фойдали бўлади.

- Ўзбекистондан таклиф тушгач ким биландир маслаҳатлашдингизми?
- Тўғрисини айтсам, Ўзбекистон ҳақида анча олдин кўп нарсалар сўзлаб беришган эди. «Горняк»да ўйнаган вақтларимдаёқ бир йигит бу ерда ўз кучини синаб кўрган экан, у кўп нарсаларни айтиб берганди. У айтган гаплар ичида жазирама иссиқ энг кўп ёдимда қолган. Бу ерда апрелдан октябрга қадар даҳшатли иссиқ бўларкан. Бундай иқлим ўзгаришига кўникиш анча қийин. Қолган масалада эса ҳаммаси жойида. 

- Ўзбекистонда ўйнайдиган украиналиклар билан гаплашиб кўрдингизми?
- Тўғрисини айтсам, ҳеч ким билан ҳали гаплашганим йўқ.

- «Бухоро»да машғулот ўтаб, майдонга тушишга ҳам улгурдингиз. Қандай янгиликлар учради?
- Мен учун ноодатий бўлган нарса фақат шуки, бу ерда кечки овқатга шўрва ёки борш беришаркан (кулади). Мен учун бу жуда катта янгилик бўлди. Футболга келадиган бўлсак, собиқ иттифоқ клублари бир-бири билан ўйнаб туради ва ҳаммаси жуда ўхшаш. Клубда икки массажчи, икки маъмур ва беш мураббий бор. Қолган мутасаддилар ҳам худди ўзимиздагидек. Машғулотлар ҳам ўхшаш, ўзим учун ҳеч қандай янгилик кўрмадим. Шу билан бирга бир оёқда шуғулланиб, ярим куч билан ўйнаш мумкинлиги ҳам бўлмаган гап. Бу ерда фақат ўйин услуби бўйича фарқ бор. Агар Украинада футбол кучга асосланган, қўпол ва курашга бой бўлса, бу ерда эркинлик бор. Ўйин унча тиғиз эмас, жамоалар кўпроқ комбинация ташкил этиб, майдон марказида кўпроқ пас беришни маъқул кўришади. Биринчи ўйин мен учун анча қийин кечди, ўрганиш оғир бўлди. Жамоадошларимга рақибга яқинроқ ўйнашни айтдим, аммо улар қулоқ солмасдан, ўз ўйинини қилишди (кулади).

- Бир услубдан иккинчисига ўтиш қийинми?
- Ҳозирча катта фарқ кўрмадим, чунки фақат битта ўйинда майдонга тушдим. У ҳам бўлса ўртамиёна жамоага қарши кечди. Бу ерда кўпроқ ижодкор ва ҳужумкор ярим ҳимоячиларга таянишаркан. Тўпни рақибдан олиб қўйишни эса унча ёқтиришмайди. Бир жамоа ҳужум қилиб, гол ура олмаса, иккинчиси дарҳол ҳужум бошлайди. Бу ерда кўпроқ майда пасларни маъқул кўришади. Ҳаммаси жуда чиройли, жозибадор (кулади). Аммо мен ҳали кўрганларим бўйича фикр билдиряпман. Чемпионат бошланса, ҳаммасини билиб оламан. Жамоадошларимнинг айтишича, Ўзбекистонда клублар ўртасида катта фарқ бор. Украинада ҳам бўлгани сингари етакчилар таркибида кучли футболчилар ўйнайди. Шароит ҳам шунга яраша.

- Клуб базаси ва шароитлар билан танишишга улгурдингизми?
- Ҳозирча йўқ, чунки клубимиз  Тошкентда йиғин ўтамоқда ва мен тўғри шу ерга келдим. 25 февралда йиғин якунига етгач, ҳаммасини кўриб оламан. Жамоадошларимнинг айтишича, базада шароитлар жуда яхши, ҳамма нарса бор. Стадионга эса ҳар бир ўйинда 20 минг мухлис келади. Бухорода ҳаммаси юқори савияда ташкил этилган. 

- Бошқа маданият ва тилга кўникиш қандай кечди? Қийин бўлмадими?
- Бу ерда ҳамма рус тилида гапиради, аниқроғи, тушунади ва бемалол жавоб бериши мумкин. Тил борасида ҳеч қандай муаммо йўқ. Маданият? Маданиятга нима бўлибди? Мен ҳеч кимнинг томорқасига тош отганим йўқ, бошқалар ҳам менинг томорқамга оралашмайди. Йигитлар мени Тошкент билан таништиришди. Жуда чиройли шаҳар, шуни айтиш лозим, биз уларнинг шаҳарлари ва маданиятидан бехабармиз. Менга барчаси жуда ёқди. Бу ерда нимадир йўқ, деб айта олмайман. Балки биз уларни билмасмиз, аммо бу ерда ҳамма нарса бор. Ҳатто Италия пиццасидан ҳам татиб кўрдик. Бу ерда сомса, шашлик ва палов бор. Фақат бир нарсага кўникиш қийин бўляпти - чучвара ва боршга (кулади).

- Кўп клубларда янги келганларга қўлланадиган анъана бор.  «Бухоро»дачи, қўшиқ айтиш, рақс тушиш дегандек...
- Йўқ, бунақа нарсалар мутлақо йўқ (кулади). Фақат исмимни айтишда ҳамма кулади «Вова, Вова, Владимир» дейишади. Афтидан улар учун бу ноодатий исм шекилли.

- Кўпларнинг айтишича, хорижга борганда уй-жой ва машина масаласини ҳал қилиш лозим. «Бухоро»да шароит қандай?
- Клуб мен учун уй ижарага олади. Шу билан бирга уйга бориб-келишга вақт бўлганда йўл кира ҳам беради. Буларнинг барчаси шартномада кўрсатилган. Машинага келадиган бўлсак, клуб автобусда юради, кейин такси ҳам у қадар қиммат эмас. Раҳбарият билан машина масаласида гаплашмадим.

- «Бухоро»да ички муҳит қандай? Легионерларга муносабатчи?
- Ҳаммаси жойида. Ҳозир клубга кўп янги футболчилар келмоқда ва барчамиз аста-секин танишмоқдамиз. Мени яхши қабул қилишди. Мен 6 февралда келган эдим, 9 февралда туғилган куним бўлди. Дарҳол торт билан меҳмон қилдим. Мени мақташди, жамоага киришиб кетаётганимни айтишди. Ҳеч қандай муаммо йўқ, биз барчамиз футболчимиз, нонимиз битта. Шу сабабли бир-биримизни ҳурмат қиламиз. Тўғри, легионер бошқа клубга борганда қийинчиликлар юзага келиши мумкин. Чунки маҳаллий футболчилар хорижликка бегона кўз билан қарашади, у нима учун келганини билишмайди. Пул ишлаш учунми, ўзини кўрсатиш ёки клубга ёрдам бериш учунми, буни билмайсиз. Масалан ўзим ҳам испаниялик легионерлар келганда уларни ўз душманимдек кўрганман. Улар бизнинг нонимизни тортиб олиш учун келгандек бўлганди. Аммо кейинчалик ҳаммаси жойига тушиб кетди ва улар билан яхши муносабатда бўлдим. Энди эса ўзимнинг бошимга уларнинг куни тушмоқда, легионерга айландим. Испанларни энди тушуняпман. Тўғри, бу ерда ҳам баъзи футболчилар бироз эхтиёт бўлиб турибди, буни тушунса бўлади, чунки улар менинг мақсадимни билишмайди. Мен бу ерга ўз ўйинимни кучайтириш ва клубга ёрдам бериш учун келдим. Вақти келиб ҳаммаси жойига тушиб кетади, деб ўйлайман. Умуман олганда эса, шароит жуда яхши, ўзимни ноқулай ҳис қилмаяпман. Йигитлар тез-тез олдимга келишади, шароитни сўрашади, ҳол-аҳвол сўрашади. Ҳамма дўстона муносабатда, шу сабабли ўзимни бегона мамлакатда ҳис қилмаяпман.

- Янги клуб, янги мақсадлар. Ўз олдингизга қандай шахсий мақсад қўйдингиз?
- Имкон қадар кўпроқ майдонга тушиш ва клубга ёрдам бериш. Менинг асосий мақсадим шу. Ўзимни кўрсата олсам, олға юраман. Яна гол уришни жуда истайман, чунки анчадан буён бу ишни уддаламадим. «Зирка»да урдимку, аммо ўз дарвозамга (кулади). Энди рақиблар дарвозасини ишғол этишни жуда истайман.

Манба: www.footboom.com



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz