Қайднома

Қидирув

«Шантаж» йўли – «кетаман»

«Шантаж» йўли – «кетаман»

  16.02.2017 06:27
  0
  1438
«Шантаж» йўли – «кетаман»

«Вест Хэм» раҳбарияти ўтган йил сентябрда Димитри Пайени нақ 1 млн. фунт стерлинг миқдорида мукофот пули билан сийлаганди. Гап шундаки, Евро-2016да чинакамига порлаган француз футболчиси камтарин жамоада фаолиятини давом эттиришга кўнганди. Бироқ хабарингиз бордир, «болғачилар» бош мураббийи Славен Билич яқинда ярим ҳимоячи Лондон клубида ортиқ ўйнашни истамаётгани ва шу сабаб, машғулотларда қатнашмаслигини маълум қилди. Кейинчалик «Вест Хэм»нинг Пайени трансферга қўйиши ҳақида хабарлар урчиди. FootballHD.ru сайти эса, шу баҳона мўмай даромад илинжида исёнкорлик йўлини тутган футболчиларни эслаб, уларнинг кейинги тақдирига назар солди.

Пьер ван ХОЙДОНК

Можародан аввалги ҳолат. Голландиялик иқтидор соҳиби НАКдаги сермаҳсул ўйинлари билан европалик мутахассислар эътиборига тушганди. Ҳужумчи «каламушлар» сафида 4 мавсум тўп суриб, 80тадан ортиқ гол урди. Кейин «Селтик»дан қўним топди. Шотландиядаги 2 йиллик фаолиятидан сўнг «Нотингем Форест» сафидан жой олди. Англиядаги дастлабки ярим йил Хойдонк учун омадли кечмади - жамоа биринчи дивизионни тарк этди. Янги мавсумда эса яна юқорига кўтарилди. Пьер ушбу муваффақиятга 34та гол урганча салмоқли улуш қўшди.

Можаро. «Форест»да самарали ўйнаган ҳужумчи Голландия термасидан чақирув олди ва ЖЧ-98да иштирок этди. Клубга қайтгач эса, раҳбарият таркибни кучайтириш ўрнига етакчиларни сотиш билан овора бўлаётганига дуч келди. Жумладан, аввалига Пьернинг олдинги чизиқдаги шериги Кевин Кэмпбелл, кейинроқ жамоа сардори Колин Купер ноттингемликлар билан хайрлашди. Натижада ван Хойдонк ҳам ўзини трансферга қўйишларини талаб қилди. Бироқ ҳар сафар рад жавобини олаверди. Охир-оқибат, футболчи ўзбошимчалик билан Бредага қайтди.

Якун. Бир неча ойлик саргардонликдан ҳеч қандай наф чиқмагач, футболчи яна «Форест» ихтиёрига борди. Шунда клубда «исёнчи»лар учун ибратли  воқеа  юз берди: Пьер «Дерби Каунти»га қарши кечган ўйинда рақиб дарвозасини ишғол қилди ва голни нишонлаш мақсадида югурди. Бироқ жамоадошлари у четда қолиб, самарали узатма муаллифини табриклай бошлашди. Кейинчалик ван Хойдонк «Бенфика», «Фейеноорд» ва «Фенербахче» клубларида тўп сурган бўлсада, уларнинг ҳеч бирида 2 йилдан кўпроқ ушланиб турмади.

Раҳим СТЕРЛИНГ

Можародан аввалги ҳолат. «Ливерпуль» академиясининг ёрқин тарбияланувчиларидан бири «қизиллар» таркибида самарали тўп суриб, қаторасига 2 марта жамоанинг энг яхши ёш футболчиси сифатида эътироф этилган, ҳаттоки, Golden Boy совринини ютганди. Раҳим шу тариқа асосий таркибдан жой олиб, аста-секин етакчилар қаторига қўшилди. Лекин кутилмаганда, мўмай даромад тузоғига тушди-қўйди.

Можаро. «Ўйлашимча, Стерлинг «Ливерпуль» шарафини ҳимоя қилишни истайди. Унинг ўзи шуни баён этди. Энди ҳаммаси футболчининг вакилларига боғлиқ. Улар клуб раҳбарлари билан келишишлари лозим», - деганди Брендан Рожерс. Орадан 2 ҳафта ўтгач, Раҳим ВВСга берган интервьюсида «Ливерпуль» таклифини рад этганини яширмади. Хуллас, музокаралар боши берк кўчага кириб қолди, маошнинг оширилиши наф бермади. Шу паллада орага «Манчестер Сити» суқулди.

Якун. Харидорнинг дастлабки 2та таклифи рад этилди. Аммо муаммо ҳал этилмаган ва вақт ўтиб борарди. Евро-2016 чоғи Хосеп Гвардиола тилга кириб, Стерлингни янги жамоасида кўришга хоҳишманд эканлигини айтди. Шу тариқа масала ёпилди. Хўш, трансфер «Ливерпуль» мухлисларини ранжитдими? Асло! 44 млн. фунтли савдо Стерлингни англиялик энг қимматбаҳо футболчига айлантирди. Муҳими, шунча маблағ Фернандо Торреснинг «Челси»га сотилишидан тушган даромадга қараганда, анча муваффақиятли сарфланди.

Димитар БЕРБАТОВ

Можародан аввалги ҳолат. Болгария футболи тарихидаги энг қимматбаҳо ўйинчи «Тоттенхэм»да 2 йил тўп суриб, машҳурликка эришди. Яъни АПЛга қисқа вақтда мослашган ҳужумчи ўта сермаҳсул ўйнай бошлади. Хусусан, Робби Кин билан ажойиб тандем ҳосил қилиб, Лига кубогини қўлга киритди ва йилнинг энг яхши футболчиси мақомини олди. Кейин Манчестернинг икки гранди таклифи олдида бироз эсанкираб, якунда «МЮ»ни танлади.

Можаро. Ўз футболчиларини осонгина бериб қўймайдиган «Тоттенхэм» Бербатов трансферида АПЛ регламенти бузилганини рўкач қилиб, шикоят ёзди. Натижада ҳужумчи «Челси» ва «Сандерленд»га қарши баҳсларда майдонга тушолмади. Лекин Димитар якунда «МЮ» аъзосига айланди, барибир.

Якун. 30 млн. фунтни қуртдек санаб олган «Тоттенхэм» даъвони тўхтатди, Димитар эса сэр Алекс айтганидек, «қизил иблислар» ҳужумида етакчи ролга кўтарилди. Қисқаси, «Олд Траффорд»да бир неча йил ишончли тўп сурди. Дарвоқе, британиялик касбдошларимиз яқинда Бербатовни «МЮ» базасида кўришибди. Тахминларга кўра, собиқ ҳужумчи Жозе Моуриньодан мураббийлик сирларини ўрганиш ниятида экан.

Карлос ТЕВЕС

Можародан аввалги ҳолат. Аргентиналик таниқли ҳужумчининг «Вест Хэм»дан «МЮ»га ўтиши - катта тарих. Аслида кўпчилик унинг «Интер» сафига қўшилишини башорат қилганди. Бироқ Карлос АПЛда қолишни маъқул кўрди. Футболчининг агенти Кия Журабчиан судга мурожаат этишни мўлжаллаб турганида эса, Карлоснинг трансфер ҳуқуқини воситачи сотиб олди ва уни «МЮ»га ижара келишуви асосида берди.

Можаро. Роберто Манчини ва Тевес ўртасида юзага келган можарони кўпчилик яхши эслайди. Мураббийнинг айтишича, Тевес ЧЛ доирасида «Бавария»га қарши кечган баҳсда захирадан майдонга тушишдан бош тортган. Ҳужумчи эса ўз интервьюсида мураббий ишорасини тушунмай қолганини таъкидлаганди. Якунда «Сити» раҳбарияти футболчини жаримага тортиб, машғулотлардан четлатди. Шундан кейин матбуотда Тевеснинг «шаҳарликлар» сафини тарк этиши маълум қилинди. Аммо хайрлашув роппа-роса 1,5 йилдан кейин юз берди.

Якун. Хитой чемпионатига йўл олган Тевес айни пайт маммолардан мутлақо холи. Зеро, молиявий жиҳатдан қараганда, Карлоснинг ошиғи олчи. Футбол нуқтаи назаридан-чи? Буни фақат вақт кўрсатади.

Вильям ГАЛЛАС

Можародан аввалги ҳолат. Франциядаги машҳур академиялардан бири - «Клефонтен» тарбияланувчиси вақтида Клаудио Раньерининг «Челси»сида ишончли ҳимоя қўрғони эди. У Марсель Десайидан кўп нарса ўрганди, Жон Терри билан ажойиб жуфтлик ҳосил қилди. Умуман, Галлас универсаллик қобилияти эвазига қанот ҳимоясида ҳам, марказда ҳам ўта ишончли ҳаракатланарди. У «кўклар»нинг янги бош мураббийи Жозе Моуриньо ишончини ҳам осонгина қозонди. Бироқ тез орада бойликка нисбатан ҳирси барчасини чалкаштириб юборди.

Можаро. Галлас 2006 йилнинг ёзида ЖЧда чарчаганлигини баҳона қилиб, «Челси»нинг мавсумолди сафаридан бош тортди. Аслида Вильям клуб таклиф этган янги шартнома ва ўзи учун белгиланган иш ҳақи миқдоридан норози эди. Вазият шу даражада кескинлашдики, футболчи кўз кўриб, қулоқ эшитмаган шартни ўртага ташлади: «Икки йўл бор - мени трансферга қўясизлар ёки автоголларим гувоҳига айланасизлар!»

Якун. Галлас охир-оқибат, «Челси»нинг азалий рақиби - «Арсенал» сафидан жой олди. «Канонирлар» унинг эвазига Эшли Коулни юборишди ва арзимас миқдорда пул тўлашди. Вильям «Арсенал»даги фаолиятидан кейин «Тоттенхэм»да ҳам тўп сурди, охирида эса Австралиянинг «Перт Глори» жамоаси шарафини ҳимоя қилди.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Манба: www.interfutbol.uz



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz