Қайднома

Қидирув

Икки эътироз

Икки эътироз

  18.02.2017 13:20
  0
  3506
Икки эътироз

Ўзбекистон терма жамоасининг Туркияда ўтказган йиғини ниҳоясига етди. Унинг якунлари бўйича тегишли баёнот берилиши ва «ЖЧ саралашидаги муҳим учрашувлар олдидан йиғин жуда самарали ўтгани» ҳақида айтилиши турган гап. Чунки бунга қадар ҳам шундай бўлган ва бундан кейин ҳам шундай давом этади. Албатта, мутасадди ва мураббийлар ўз олдиларига қўйган мақсадга эришгандирлар. Аммо оддий мухлиснинг кўнгли тўлдимикан? Шу ўринда баъзи эътирозлар борки, баён қилиб ўтмасак бўлмайди.

1-ЭЪТИРОЗ. ЛОБАНОВ - САРДОР?

Яхши биласиз, ҳар қандай жамоа учун сардорлик боғичи катта аҳамият касб этади ва уни ҳамма ҳам тақа олмайди. Одатда, у энг тажрибали футболчига ишониб топширилади. Майдонда ўн бир ўйинчи бўлса, фақат бири сардорлик қила олади. Демак, даъво қиладиганлар кўп топилиши турган гап. Шу сабабли ҳам аксарият жамоалар сардор танлашда бир принципга асосан иш тутишади - энг кўп ўйин ўтказган футболчи танланади.

Албатта, бу принципдан четга чиқиш ҳолатлари кузатилади. Футбол тарихида ҳатто 18 ёшида сардорлик боғичини таққан «болакайлар» бўлган. Аммо бунинг учун бутун жамоани ортидан эргаштира олиш даражасида иқтидор талаб этилади. Масалан, Звонимир Бобан Загребнинг «Динамо»сида сардорлик қилганида айнан 18 ёшда эди. Энди бир саволга жавоб берсангиз, Александр Лобанов сардорлик боғичини қайси хизматлари эвазига тақди? У терма таркибида энг тажрибалими? Йўқ. Ёки қисқа вақт ичида ҳаммани ортидан эргаштира олдими? Бу саволга ҳам ижобий жавоб бериш қийин.

Тўғри, «Амкар»га қарши майдонга тушган таркиб фақат маҳаллий футболчилардан иборат эди. Унда етакчи легионерлар бўлмаган. Шундай экан, балки Лобановнинг сардорлик қилиши тўғридир? Аммо Ислом Тўхтахўжаев 19 ёшидан буён Ўзбекистон терма жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келади. Шундай футболчи турганда сардор сифатида Александр Лобанов танланиши... Бунисини энди тушунмадик.

Албатта, бу ўринда Самвел Бабаян дарвозабонни қўллашга уринганини тахмин қилиш мумкин. Александр Лобанов ЖЧ саралашида Жанубий Кореяга қарши кечган ўйинда хатога йўл қўйган эди. Бу хато унга катта босим юклаши турган гап. Ким билади дейсиз, Бабаян балки унга ишонч билдириш орқали дарвозабонни мана шу руҳий босимдан олиб чиқиб кетишга урингандир. Шундай бўлса, мураббийни тушунса бўлади. Аммо бу услуб ҳар доим ҳам самара келтиравермаслигини ҳам айтиб ўтиш лозим. Масалан, Мадриднинг «Реал» клуби ҳам Бенземанинг ўйини қанча ортга кетгани сари, унга янги шартнома таклиф этиш ва маошини ошириш орқали руҳлантиришга уринмоқда. Ҳозирча бу услуб кўп фойда келтирган йўқ. Кўрамиз, Бабаян ва Лобанов тарихи қандай якун топар экан...

2-ЭЪТИРОЗ. «АМКАР» ВА «АЛАШКЕРТ»

Ўзбекистон терма жамоаси Туркиядаги йиғин давомида иккита назорат учрашуви ўтказди. Аниқроғи, Самвел Бабаяннинг таъбири билан айтганда, битта назорат ва яна бир «машғулот» ўйини ўтказилди. Мураббийнинг наздида «Амкар»га қарши кечган ва 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан якунига етган баҳс муҳим аҳамиятга эга бўлган. «Алашкерт» билан эса шунчаки, машғулот ўйини ўтказилган. Агарда биринчи баҳс ЎФФ матбуот хизмати томонидан кўп ва хўп ёритилган бўлса, иккинчисига эътибор анча суст бўлди. Биз бу баҳсда Самвел Бабаян шогирдлари 0:2 ҳисобида мағлубиятга учраганини хориж матбуоти орқали билишга мажбур бўлдик. Ҳозир ахборот асри ва ҳеч бир янгиликни яшириб бўлмайди. ЎФФ матбуот хизмати ёритмагани билан интернет орқали «Алашкерт» ғалаба қозонганини билиш қийин эмас. Ҳатто ушбу клуб таркибида қайси футболчилар майдонга тушганию, ким гол урганигача бор. Марҳамат, танишиб олишингиз мумкин:

Дарвозабон: Арсен Бегларян; Ҳимоячилар: Дмитрий Ховбоша, Арарат Аракелян, Гагик Дагбашян, Урош Ненадович; Ярим ҳимоячилар: Артак Григорян, Ираклий Квеквескири, Артак Едигарян; Ҳужумчилар: Артур Едигарян, Мигран Манасян.

Шунақа. Арман клубининг таркиби бор, бутун бошли терма жамоадан кимлар ўйнаганидан эса бехабармиз. Буни қарангки, икки кун олдин «Амкар»га қарши кечган ўйин тафсилотларини атрофлича ёритган ЎФФ матбуот хизмати бу сафар сукут сақлашни маъқул кўрди. Албатта, ўйиндан сўнг Самвел Бабаян берган интервьюда «Алашкерт»га қарши кечган ўйин кўп ҳам аҳамиятга молик эмаслиги ва шунчаки, машғулот баҳси сифатида ўтказилгани айтилибди. Эҳтимол, бу фикрлар саволимизга жавоб бўлар? Чунки мазкур ўйинда асосан ёш футболчилар синовдан ўтказилган. Боз устига, Игнатий Нестеров оилавий сабаб туфайли Тошкентга қайтгач, терма жамоа дарвозасини «Металлург» посбони Суҳроб қўриқлагани ҳам айтилибди. Буларнинг барчаси мағлубият сабабини тушунтириши мумкиндир, балки.

Аммо шу ўринда биттагина савол йўллашга изн берсангиз - нима учун ўша «катта аҳамиятга эга бўлмаган назорат ўйини»да қайси футболчилар майдонга тушганини билишга ҳаққимиз йўқ? Бу ўйин машғулот мақомида бўладими ёки назорат, ҳар ҳолда, Ўзбекистон терма жамоаси либосида ўтказилди. Шундай экан, мухлисларнинг ҳеч бўлмаса таркибни билишга ҳақлари бордир?

Яна такрорлаймиз, миллий термамизнинг ўйини, у хоҳ машғулот баҳси бўлсин, биз учун жуда катта аҳамият касб этади. Шундай экан, унинг ҳар бир дақиқаси, у билан боғлиқ ҳар бир футболчи ва рақиб таркиби ҳақида маълумот олишга иштиёқимиз ошаверади. Ишонамизки, кейинги учрашувларда бундай имкониятдан баҳра олиш барчамизга насиб этади. Ва албатта, ўша ўйинда миллий жамоамизнинг ғалаба қозонганини кўриб, қувонишдан умидвормиз.

Зафар ҚОСИМОВ

Манба: www.interfutbol.uz



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz