Қайднома

Қидирув

Ўз ҳудудининг жамоасидан қўймасин!

Ўз ҳудудининг жамоасидан қўймасин!

  18.02.2017 06:19
  0
  1656
Ўз ҳудудининг жамоасидан қўймасин!

Қадим Сурхондарёга яна катта футбол қайтмоқда. Бир вақтлар «Сурхон» билан олий лигада, «Тўпаланг» билан эса биринчи лигада довруғ қозонган вилоят яна ўз клубига эга бўлди. Вилоят футболи жонкуярлари «Сурхон»га қайта асос солишди ва жамоа биринчи лигада иштирок этадиган бўлди. Айни вақтда клуб рамзини тайёрлаш бўйича танлов эълон қилинган ва бошқа ташкилий ишлар олиб борилмоқда. Жамоа бош мураббийи сифатида яқин ўтмишнинг таниқли футболчиларидан бўлган Вали Келдиев таништирилди. Ҳаммаси яхши кечган тақдирда «Сурхон» биринчи лига баҳсларига киришади. Ким билади, дейсиз, балки яқин йилларда уни элитада ҳам кўрармиз.

Сурхондарё аввалдан иқтидорларга бой бўлган. Бу ўлкадан Равшан Бозоров, Рустам Дўрмонов, Асад Дўрмонов ва яна бир қатор футболчилар етишиб чиққан. Вилоятда ҳозир ҳам иқтидорлар кўплигига ишонамиз. Аммо ҳар қандай иқтидор эгаси ҳам қайсидир клубда тўп суришни орзу қилиб ўсиши лозим. Айтайлик, фарғоналик ҳар бир болакай «Нефтчи»да ўйнашни истайди. Худди шундай наманганликлар «Навбаҳор»га, самарқандликлар «Динамо»га ва бухороликлар «Бухоро»га ҳавас қилиб улғаядилар. Сурхондарёлик болакайлар эса яқин ўтмишда айнан шу масалада муаммога дуч келдилар. Уларнинг ҳавас қиладиган, интиладиган жамоаси қолмаганди. Ишонинг, футболчи учун руҳий томонлама бунинг аҳамияти катта.

Аммо вилоятнинг ўз клуби бўлмаслиги нафақат руҳий, балки моддий жиҳатдан ҳам муаммоларга сабаб бўлади. Яқинда Чирчиқ шаҳрида болалар мураббийи Шерзод Жалолов билан суҳбатлашиб қолгандик. У Чирчиқда ҳеч бўлмаса биринчи лигада иштирок этадиган бирорта ҳам клуб қолмаганидан ёзғирди. Бу эса, ўз навбатида, ёш ўйинчиларга футболда илк қадамини ташлашда муаммо келтириб чиқармоқда. Яхши биламиз, Чирчиқ шаҳри ўзбек футболига жуда кўп иқтидорларни етиштириб берган.

Бироқ охирги вақтларда шаҳардан терма жамоа даражасидаги футболчи чиқмаяпти. Сабаби нимада? Бу саволга жавоб бериш учун узоққа бориш шарт эмас. Яхши биласиз, беш-олти йил муқаддам Чирчиқнинг «Кимёгар» клуби биринчи лигада иштирок этар эди. Бу жамоа ўз вақтида элитада ҳам тўп сурган. Аммо ҳозир у йўқ, тугатилди. Чирчиқлик ёшлар эса қаерда тўп суришни билмайдилар. Шерзод Жалоловнинг айтишича, ҳар йили мактаб битирувчилари турли клубларга бориб, кўрикдан ўтишга уриниб кўрадилар. Бироқ ҳар қайси вилоят энг аввало, ўз тарбияланувчиларига кўпроқ эътибор қаратади. Уларга четдан футболчи керак бўлса ҳам, номи чиққан, тажрибали ўйинчилар билан шартнома имзолашга ҳаракат қиладилар. Бундай вақтда кеча мактабни битирган ёшларнинг имконияти у қадар катта бўлмаслиги турган гап.

Айни муаммо бир Чирчиқда эмас, балки ўз жамоасига эга бўлмаган ҳар бир вилоят, туман ва шаҳарларда бор. Ёш футболчилар маҳоратини ўстириши учун энг аввало, ишончга муҳтож бўладилар. Бундай ишонч эса ўз туғилган туманинг, шаҳринг ёки вилоятингда бўлмаса, бошқа жойдан топиш жуда қийин.

Сурхондарё футболи ҳам насиб қилса, мана шу муаммодан қутулди. Энди вилоят ёшлари бемалол жамоа машғулотларида иштирок этиб, ўзларини кўрсатиш имкониятига эгалар. Ким зўр бўлса, ўша ўйнасин. Вали Келдиев маҳаллий шароит ва ёшларни жуда яхши билади. У мураббийлик фаолияти давомида «Машъал» клубида анча самарали фаолият юритди ва ёшлар жамоаси билан чемпионликка эришишга ҳам муваффақ бўлганди. Энди ўша тажрибасини «Сурхон»да самарали қўллашига ишонамиз.

Сурхондарёдан Ўзбекистон терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган кўплаб футболчилар етишиб чиққан. Бундан кейин ҳам шундай бўлишига ишонамиз. Яқин йиллар ичида Ўзбекистон миллий терма жамоасига чақирилган футболчилар рўйхатида «клуби» деган жойида «Сурхон» номига кўзимиз тушади, деб умид қиламиз...

АБДУЛЛОҲ

Манба: www.interfutbol.uz



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz