Қайднома

Қидирув

Азиз Ибрагимов: «Легионер номини оқлашга ҳаракат қиламан»

Азиз Ибрагимов: «Легионер номини оқлашга ҳаракат қиламан»

  19.02.2017 03:44
  0
  1882
Азиз Ибрагимов: «Легионер номини оқлашга ҳаракат қиламан»

Ўтган мавсумни «Бухоро» клубида ўтказган тажрибали ярим ҳимоячи Азиз Ибрагимов фаолиятини Эрон чемпионатида давом эттирадиган бўлди. Аниқроғи, 2016 йилги чемпионат баҳсларида 10та гол уриб, «Бухоро» тўпурарига айланган футболчи яқинда Табриз шаҳрининг «Машинасози» клубида тиббий кўрикдан ўтиб, жамоа билан шартнома имзолади. Маълумот ўрнида айтиш жоиз, мазкур клуб айни пайтда Эрон про-лигасида 19-турдан сўнг 10 очко билан 16-ўринни эгаллаб турибди. Жамоа олдига кучлилар сафидаги ўрнини сақлаб қолиш вазифаси қўйилган. Бизга маълумки, Азиз Ибрагимов фаолияти давомида «Трактор», «Шўртан», «Машъал», «Слован» (Словакия), «Богемианс 1905» (Чехия), «Циндао Жонун» (Хитой), «Баник Мост» (Чехия), «Ческе Будейовице» (Чехия), «Богемианс» (Чехия), «Андижон», «Динамо» ва «Бухоро» клубларида тўп сурган. Демак, «Машинасози» - ярим ҳимоячи учун фаолиятидаги 13-жамоа бўлади. Биз футболчи ҳаётидаги ўзгаришлар тафсилотини яхшироқ билиш мақсадида Ибрагимов билан боғландик.

- Азиз, эшитишимизча, фаолиятингизни Эронда давом эттирадиган бўлибсиз. Айтингчи, «Бухоро» клуби билан тузган шартномангиз якунига етганмиди?

- Ҳа, «Бухоро» билан келишувимиз якунланган эди. Бу - жамоадан кетишимнинг биринчи сабаби эди. Танганинг иккинчи томонида эса манфаатли шароитлар турганди. Яъни, эронликлар таклифи шундай эдики, унга рад жавобини бера олмасдим. Шу ўринда «Бухоро» клуби раҳбарияти, мураббийлар ва жамоа мухлисларига улкан миннатдорчилик билдираман. Айниқса, бухоролик ишқибозларга алоҳида салом йўллайман. Улар ҳар бир уй учрашувида стадионни тўлдириб ўтиришди, астойдил қўллаб-қувватлашди. Шу боис, Бухорода ўтган бир ярим йил мобайнида футболдан фақат роҳатландим. Энг муҳими, клубдан очиқ юз ва яхши кайфиятда кетиш насиб қилди. Фурсатдан фойдаланиб, янги футбол мавсумида «Бухоро»га омад тилайман.

- «Машинасози» варианти қандай пайдо бўлди?

- Дўстим ва агентим Фаррух Сайфуллаев Эрон клубидан қизиқиш бўлаётганини айтди. Шундан сўнг жамоа билан яқиндан танишиб чиқиб, таклифга розилик бердим.

- Янги жамоада кўрикдан ўтдингизми?

- Албатта, Эронга етиб боришим билан тиббий кўрикдан ўтдим. Натижалар ижобий бўлди ва шундан кейингина икки томонлама келишувни имзоладик.

- Келишув қанча муддатга мўлжалланган? Клубда сиздан бошқа легионерлар ҳам борми?

- Биз беш ойлик шартномага қўл қўйдим. Клубда мендан ташқари, Грузия ва бразилиялик легионерлар ҳам бор.

- Янги клубга мослашиш жараёни қандай боряпти? Тил масаласида қийналмаяпсизми?

- Очиғини айтсам, «Машинасози» билан ҳали яқиндан танишиб улгурмадим. Аммо ҳозирданоқ айтишим мумкинки, тил масаласида унчалик катта муаммолар юзага келмайди.

- Табризда сизга яратиб берилган шароитлар қандай? Шаҳар мамлакат пойтахти Теҳронга яқинми?

- Менимча, самолёт Теҳрондан Табризгача бир соат парвоз қилади. Шароитларга келсак, ҳозирча меҳмонхонада яшаб турибман. Мураббийимиз маҳаллий мутахассис экан. У билан инглиз тилида гаплашяпмиз.

- Маълумки, Эрон футболи яккакурашларга асосланган. Бундай футболда жароҳат олиш эҳтимоли юқори бўлади. Сиз бунга тайёрмисиз?

- Хабарингиз бор, «контактли футбол» менга бегона эмас. Чунки Чехия ва Словакия клублари сафида ўйнаган кезларим худди шундай футбол ҳаётида яшаганман. Очиғини айтсам, курашларга бой футбол шахсан менга ёқади.

- Азиз, «Бухоро» клуби раҳбарларининг ўтган мавсум учун футболчилардан, хусусан, сиздан қарзи борми?

- Ҳа, клубнинг шахсан мендан қарзи бор. Буни инкор этмайман. Ўйлашимча, олий лигамизда қарздорликдан холи жамоалар жуда кам бўлса керак. Чунончи, бошқа жамоалардаги футболчи оғайниларим билан суҳбатлашганимда, улар ҳам шу фикрни айтишади.  

- Ҳойнаҳой, «Машинасози» олдига про-лигада қолиш вазифаси қў-йилгандир-а?

- Худди шундай. Ҳозирда жамоамиз турнир жадвалининг қуйи поғоналарида бормоқда. Бу йил қандай қилиб бўлмасин, Про лигада жон сақлаб қолиб, келаси мавсумда юқори ўринлар учун кураш олиб борилиши режалаштирган.  

- Нима деб ўйлайсиз, вазифасини уддалай олармикансизлар?

- Менимча, уддаласа бўлади, аммо бу осон эмас. Турнир жадвалининг қуйи поғоналарида бораётган клублар савия жиҳатидан бир-бирига жуда ҳам яқин. Ҳаммаси тайёр­гарлик жараёнига боғлиқ. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, «Машинасози» мавсум якунида ўз обрўсини сақлаб қолиши учун муваффақиятларига ўз ҳиссамни қўшиб, легионер номини оқлашга астойдил ҳаракат қиламан.

- Қарор қабул қилиш чоғида Эронда тажриба оширган дўстларингиз билан  маслаҳатлашдингизми?

- Йўқ, бу масалада ҳеч ким билан суҳбатлашмадим. Негаки, фаолиятимда қандай ишга қўл урмайин, доимо ота-онам билан маслаҳатлашаман. Уларнинг розиликлари ва дуолари билан иш кўраман. Эрон клубидан таклиф бўлганда ҳам, аввало улар билан маслаҳатлашдим.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Манба: www.interfutbol.uz



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz