Қайднома

Қидирув

Раҳбар разиллик қилса

Раҳбар разиллик қилса

  19.02.2017 06:21
  0
  1043
Раҳбар разиллик қилса

«Палермо» бир йил ичида ўн марта бош мураббийни ўзгартирди, бироқ Зампарини пинагини ҳам бузмай, ўз билганидан қолмаяпти. Soccer.ru шуни инобатга олган ҳолда ишқибозларда наф-рат уйғотаётган клуб президентлари ҳақида сўз юритади.

Маурицио Зампарини (Италия; «Палермо»)

Айби: мураббийлар алмаштиришга муккасидан кетган.

«Менинг ҳаётдаги энг асосий хоббиларимдан бири - мураббий алмаштириш».

Зампаринининг тақдири 1987 йилдан бошлаб «кальчо» билан боғланди, кейинги 15 йилини «Венеция»га бағишлади. 2002 йили эса «Палермо» акцияларининг назорат пакетини 20 миллион еврога сотиб олиб, Сицилия клуби президентига айланди. Шундан сўнг «мураббийлар кушандаси»нинг саргузаштлари бошланди.

Аслида, Мауриционинг ибратли ишлари ҳам йўқ эмас. Биринчидан, у раҳбар сифатида ишга киришгач, иккинчи лигаларда кезишга кўниккан «Палермо»нинг нуфузи ошди. Оролликлар Италия кубоги финалигача етиб боришди, УЕФА кубогида қатнашишди. Иккинчидан, «бургутлар» етук иқтидорларни тарбиялаб, мўмай пулга сотишни йўлга қўйишди. Кавани, Пасторе, Дибала сингари футболчилар шулар жумласидан.

Аммо сўнгги йилларда жамоадаги ишлар кўнгилдагидек кечмаяпти, чунки Зампарини ўзининг ноодатий «хобби»сидан воз кечишни хаёлига келтирмаяпти: «А» сериясини тарк этиш хавфи остида қолган «Палермо»ни бошқарган Диего Лопес ўтган йилнинг январидан буён истеъфога чиқарилган ўнинчи мураббий бўлди. Агар клуб президентида сабр ва ишонч бўлганида, ўз иқтидори эвазига футболда юксак чўққиларни забт этиши аниқ эди.

«Ўзим тайинлаган 52 нафар мураббий орасида энг яхшиси - бу Франческо Гвидолин. Ваҳоланки, Гасперини, Спаллетти, Заккерони, Пранделли, Вентура сингари мутахассислар қўл остимда ишлашга улгуришди».

Винсент Тан (Малайзия; «Кардифф»)

Айби: анъаналарни назар-писанд қилмаслик.

«Кардифф»нинг АПЛга қайтишини хоҳлайман. Шунда уни сотиб, Британиянинг бошқа клубини харид қиламан».

Уэльс жамоасининг осиёлик раҳбари «Кардифф» бошқарувини 2010 йили қабул қилиб олган. Малайзиялик тадбиркорлар орасида биринчи бўлиб Британия футболига сармоя ажратган Тан «кўк қушлар»нинг қарзларини ёпиб, клубга 200 миллион евро атрофида инвестиция киритди.

Бироқ Кардиффдаги фаолияти давомида европаликлар билан тушунмовчилик вужудга келди. Гап шундаки, Винсент Англиянинг кўп йиллик футбол анъаналарини назар-писанд қилмасди. Осиёлик ишбилармон амалга оширган ўзгаришлар маҳаллий мухлису мутахассисларни карахт аҳволга солди: кўк либослар қизил рангга бурканди, «кўк қушлар» эса Таннинг ҳам-юртларини қувонтириш учун тўсатдан «аждаҳолар»га айланишди. Умуман, клуб номи «Кардифф Драгонз»га айланиши кўзда тутилганди, аммо бунга қадар етиб бормади. Орадан уч йил ўтгач, жамоатчилик босими остида ҳамма нарса эски ҳолатига қайтди. Малайзиялик бизнесмен онаси шундай бўлишини хоҳлаганини айтиб, вазиятдан осонликча чиқишга эришди.

«Онам жамоамиз иштирокидаги ўйинлардан бирини стадиондан кузата туриб, ҳамжиҳатликнинг муҳимлигини айтгач, шундай қарорга келдим. «Кардифф»га алоқадор барчанинг бахтиёр бўлишини хоҳлайман».

Хесус Хиль (Испания; «Атлетико»)

Айби: кўплаб жиноятлар, мураббийларга муносабат, беҳаёлик, расизм

«Менинг бойлигим ва «Атлетико»нинг етакчилигини кўролмайдиганлар жувонмарг бўлсин».

Хесус Хиль - кенг оммага яхши таниш шахс, обрўси баланд, аммо қабиҳ ишларга муккасидан кетган. Коррупция ва бошқа жиноятларни касб қилиб олган қўрс бизнесмен бўлгани ҳолда кўплаб одамларнинг ҳаётини барбод қилган. 1969 йили Хиль қамоққа олинди, чунки унинг компанияси қурган бино оддий хавфсизлик қоидаларига амал қилмаслик оқибатида қулаб, 58 киши ҳалок бўлганди. Албатта, Хесус кўп ўтмай озодликка чиқиб, ҳаттоки, Франконинг узрини қабул қилди. У ҳаёти давомида шу тахлит «сувдан қуруқ чиқаверди»: фуқаролик судида Хесусга нисбатан 80та иш қўзғатилди! «Атлетико» унинг қўл остида ҳам чемпионга айланди, ҳам қийин аҳволга тушди. Бир сафар Хиль клуб академиясини ёпишга қарор қилди. Бунинг оқибатида азалий рақиб, шахсан Хесуснинг нафратига            йўлиққан «Реал» Мадрид футбол жамоатчилигига Раулдек афсонавий ҳужумчини тақдим этди.

Хиль Марбелья мэрлигига сайлангунга қадар қанчадан-қанча жиноятларни содир этди, кўплаб инсонлар ҳалок бўлишди. Италия мафияси, Ирландия, Россия жиноят олами вакиллари, дунёнинг турли чеккаларидаги коррупцияга бевосита алоқадор сиёсатчилар, Шон Коннери каби машҳурлар Хесуснинг доимий меҳмонларига айланишди.

Зампарини мураббий алмаштириш бобида шубҳасиз, рекордчи, аммо қария Хесус ҳам бу каби «нозик санъат тури»дан хабардор. У «Атлетико»даги 17 йиллик фаолияти давомида (1987-2004) 30 нафар мутахассисни алмаштирди. Бир мавсумда кўпи билан 6 мураббийни истеъфога чиқарган. Бош-қа ирқ вакилларига қандай муносабатда эканлигини эса «Атлетико» раҳбарининг ўзидан эшита қолайлик:

«Аякс» ҳақида нима дейишим мумкин... Ҳурматни сақлаган ҳолда айтаманки, ўзимни Конгога тушиб қолгандек ҳис қилдим. Бир томонга қарасам, тўрт, ортга ўгирилсам, беш нафар қора танли футболчи турибди! Ўртада худди шундай яна уч ўйинчи бор».

(«Атлетико»нинг колумбиялик футболчиси Адольф Валенсия ҳақида): «У футбол ўйнашдан кўра, портда балиқларни қутиларга жойлаштиришни яхшироқ уддалайди».

Хесус Хиль бир неча марта юрак хуружини бошдан кечиргач, юрагига имплантли кардиостимулятор ўрнатилган. Шифокорлар унга футбол ўйинларига бормасликни тавсия қилишди. Аммо дон Хесус бундай маслаҳатларга бўйин эгадиганлардан эмасди.

Ў.УМАРОВ тайёрлади

Манба: www.interfutbol.uz



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz