Қайднома

Қидирув

Улуғбек Бақоев муаммоларни ўзи ҳал қилмоқчи...

Улуғбек Бақоев муаммоларни ўзи ҳал қилмоқчи...

  21.02.2017 20:48
  0
  655
Улуғбек Бақоев муаммоларни ўзи ҳал қилмоқчи...

Барча олий лига клублари қатори «Бухоро» ҳам янги мавсум тараддудига зўр бермоқда. Жамоа тайёргарлигининг якуний босқичи Тошкентда ўтказиляпти. Клубни Улуғбек Бақоев бош мураббий сифатида қабул қилиб олганидан хабарингиз бор. Футболчилик фаолиятини якунлаганига ҳали кўп вақт бўлмаган Бақоев жуда ҳам қийин ва мураккаб вазиятда «Бухоро» устози этиб тайинланди. Биринчидан, унда ҳали мураббийлик соҳасида тажриба кам. Иккинчидан, ўтган йилги асосий таркибдан деярли ҳеч ким ҳозир жамоада эмас. Қисқа фурсат ичида янги жамоани шакллантириш эса осон иш эмас. Биз йиғин доирасида ўтказилган навбатдаги назорат учрашувидан сўнг «Бухоро» жамоаси мураббийлари Улуғбек Бақоев ва Бахтиёр Ашурматовни суҳбатга тортдик.

- Улуғбек ака, олий лига жамоасида бош мураббий лавозимида иш бошладингиз. Нима деб ўйлайсиз, ҳали бироз эртароқ эмасмиди?

- Очиғини айтсам, бу ўзгариш кутилмаганда амалга ошди. Лекин мураббийлик фаолиятини бошлаш учун анчадан бери ўзимни тайёрлаб келаётгандим. Ҳеч нарсага осонлик билан эришилмайди. Бу борада ишлаяпмиз, устозларимиздан ўрганяпмиз. Тан олишим керак, мураббийлик фаолиятимнинг илк даври жуда ҳам қийин вазиятга тўғри келди. Биз жамоани деярли нолдан шакллантиряпмиз. Асосий таркибнинг деярли барча футболчилари бошқа клубларга ўтиб кетишди. Таклиф этилаётган ўйинчилар эса уларнинг ўрнини боса оладиган даражада эмас.

- Мураббийлар штабида сизга кимлар ёрдам беради? Бу масалада якуний қарорга келдингизми?

- Ҳа, мураббийлар штабидаги ёрдамчиларимни аниқлаб олдим. Бахтиёр Ашурматов, Шуҳрат Файзиев ҳамда дарвозабонлар мураббийи Нурилло Ҳабибов менга яқиндан кўмак беришади.

- Бундай мураккаб вазиятда клуб раҳбарияти жамоа олдига қандай вазифа қўйди?

- Тўғриси, бу ўзгаришлар кутилмаганда ва жуда тез амалга ошди. Жамоани қабул қилиб олган пайтимда ўтган йилги таркибдан деярли ҳеч ким қолмаганди. Клуб раҳбарлари билан учрашувда бу масалани муҳокама қилдик. Қисқа фурсатда имкон қадар рақобатбардош жамоа шакллантиришимиз керак. Бу жараён осон кечмайди. Қолаверса, ўтган йилги 4-ўринни такрорлаш ҳам қийин бўлади.

Шундан сўнг биз жамоа мураббийи Бахтиёр Ашурматовни ҳам суҳбатга тортдик.

- Машғулотлар режа асосида ўтказиляпти, - дея сўз бошлади Б.Ашурматов. - Биз Тошкентда чемпионат олдидан тайёргарликнинг сўнгги босқич вазифасини ўтаб берувчи ўқув-машғулот йиғинини олиб боряпмиз. Йиғин доирасида ўртоқлик учрашувлари ҳам ташкил этиляпти. Айни пайт назорат баҳслари биз учун сув ва ҳаводек зарур. Чунки таркибимизда жуда ҳам кўп янги футболчилар бор. Улар орасида ёшлар оз эмас. Ўртоқлик учрашувлари эса янги футболчиларни кўрикдан ўтказиш, деярли қайтадан тузилаётган клубда жамоавий ўйинни янада шакллантириш учун хизмат қилади. Ўтган мавсум жамоа шарафини ҳимоя қилган кўплаб футболчилар «Бухоро»ни тарк этишди. Уларга бошқа клублардан ҳар томонлама яхши таклифлар тушганди. Бунинг натижасида биз мураббийлар штаби жамоани қайтадан тузишга мажбур бўляпмиз. Ҳозирда мухлисларнинг хавотирини тушуниб турибмиз. Лекин чемпионат бошлангунига қадар рақобатбардош жамоа шакллантириб, янги мавсумни муносиб тарзда ўтказишга ҳаракат қиламиз.

- Ўтган йилги таркибдан кимлар жамоа билан расман хайрлашишди?

- Деярли бутун таркиб деса ҳам бўлади. Асосий футболчилардан Саламат Қутибоев, Руслан Мелзиддинов, Александр Мерзляков, Баҳодир Пардаев ҳамда легионеримиз Вадим Чемиртан жамоани тарк этишди. Суҳроб Неъматов, Санъат Шихов, Бобур Омонов, Артём Филипосян, Жасур Ҳасанов каби футболчилар бу йил ҳам «Бухоро»да қолишга қарор қилишди. Улар билан амалдаги шартномалар муддати узайтирилди. Жамоани тарк этганларнинг ўрнини муносиб номзодлар билан тўлдиришга ҳаракат қиляпмиз. Тан олиш керак, бу жараён биз учун осон кечмаяпти.

- Сиз санаб ўтган футболчиларнинг ўрнини боса оладиганлар борми? Кимларни таклиф қилдинглар?

- Ҳа, сиз айтгандек, бу футболчиларнинг ўрнини босадиганларни топиш мушкул. Бўлса ҳам, уларнинг аксарияти клублар билан шартнома имзолаб бўлишган. Чунки чемпионат бошланишига икки ҳафтача вақт қолди. Жамоа бош мураббийи Улуғбек Бақоев билан маслаҳатлашган ҳолда таркибни кучайтиришга ҳаракат қиляпмиз. Клуб раҳбарияти ҳам қараб тургани йўқ. Имкон қадар ёрдам беришяпти. Ўтган мавсумни «Локомотив» жамоасида ўтказган тезкор ҳужумчи Иван Нагаевни таклиф қилдик. Тажрибали Баҳриддин Ваҳобов ҳам биз билан мавсумга тайёргарлик кўряпти. Легионерлардан Украина олий лигасида ўйнаган Владимир Баенко билан шартнома имзоладик. Шу кунларда яна икки нафар легионер ҳам жамоамиз сафига келиб қўшилиши керак. Мутахассисларимиз уларнинг визалари билан шуғулланишяпти. Бундан ташқари, яна маҳаллий футболчилар ҳам машғулотларимизда қатнашишади. Шу ўринда мухлислардан бизни тўғри тушунишларини сўрайман. Юқорида айтганимдек, савияли футболчиларнинг аксарияти аллақачон клублар билан шартнома имзолаб бўлишган. Айримлари келишувни узайтиришган. Бундай ҳолатда жамоа ўйинини сезиларли даражада кучайтира оладиган футболчини топиш амримаҳол. Шу сабабли ҳам кадрлар масаласида кўплаб муаммоларга дуч келяпмиз. Вазиятдан чиқиб кетиш мақсадида «Бухоро» футбол мактаби тарбияланувчиларига ҳам суянишга мажбур бўляпмиз. Ёшларга кўпроқ эътибор беряпмиз. Бу ёшларни босқичма-босқич олий лига даражасида бемалол ўйнай оладиган савияга олиб чиқишимиз керак. Олдинда турган энг асосий вазифаларимиздан бири ҳам айнан шу.

- Аслида, ёшлар лигасида иштирок этувчи жамоа асосий таркибга футболчиларни етказиб бериши керак. Бухоронинг ўтган йилги ёшлар жамоасидан асосий таркибга тортадиган футболчилар етишиб чиққанми? Шундай истеъдодлар борми?

- Очиғини айтганда, бу борада муаммолар бор. Ҳа, ўтган йили «Бухоро» олий лигада 4-ўринни эгаллади. Бу ажойиб натижа. Лекин бу натижага қайси футболчилар саъй-ҳаракати эвазига эришилди? Ҳамма гап шунда. Кўзга кўринган ўйинчилар «Бухоро»ни тарк этганидан сўнг клубдаги муаммолар яққол кўзга ташланиб қолди. Бизнинг ҳозирги асосий вазифаларимиздан бири - бухоролик маҳаллий ёшларни юзага чиқариш. Айни пайт «Бухоро»нинг келажагини белгилаб берадиган истеъдодли ёшлар жуда ҳам кам. Улуғбек Бақоев клуб раҳбарлари билан учрашганда айнан ёшларга эътибор бериш кераклигини айтган. Бу борада жамоани босқичма-босқич шакллантириб бориш, истеъдодли ёшларни юзага чиқариш таклифини берган. Ўз ўрнида клубимиз раҳбарлари ҳам бу ташаббусни қўллаб-қувватлашган. Ҳозирда маҳаллий ёшлардан 10-11 нафарини машғулотларга жалб қилганмиз. Аммо очиғини айтиш керак, улардан бор-йўғи 2 ёки 3 нафаригина асосий таркибга секин-аста қўшилиб кетиши мумкин. Бу эса Бухоро вилояти футболи учун жуда кам. Буни ҳам тан олиш лозим. Ўзбекистонда «Насаф» ва «Бунёдкор» клубларигина кадрлар масаласида муаммоларга дуч келишмайди. Масалан, «Бунёдкор»ни мавсумлар оралиғида жуда кўп футболчи тарк этди. Легионерлар тўлалигича клуб билан хайрлашишди. Лекин уларнинг ўрни жамоа академиясидан етишиб чиққан ёш футболчилар эвазига тўлдирилди. «Насаф» мисолида ҳам айни фикрни билдиришим мумкин. Биз шу даражага қараб боришимиз керак.

Биз аралаш таркиб билан мухлисларбоп футбол намойиш этишга ҳаракат қиламиз. Ишқибозларимизнинг энг катта орзуси бу - ОЧЛ. Вазиятга реал қарасак, ушбу вазифани бир-икки йилда уддалаш мушкул. Лекин босқичма-босқич орзунинг рўёбига ҳам эришамиз. Бунинг учун ёшлар футболига эътиборни ўзгартириш керак.

«Биз аралаш таркиб билан мухлисларбоп футбол намойиш этишга ҳаракат қиламиз. Ишқибозларимизнинг энг катта орзуси бу - ОЧЛ. Вазиятга реал қарасак, ушбу вазифани бир-икки йилда уддалаш мушкул. Лекин босқичма-босқич орзунинг рўёбига ҳам эришамиз. Бунинг учун ёшлар футболига эътиборни ўзгартириш керак».

"ИнтерФУТБОЛ" газетаси



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz