Қайднома

Қидирув

12 совриндор, 75та медаль, 24та кубок

12 совриндор, 75та медаль, 24та кубок

  23.02.2017 00:22
  0
  1034
12 совриндор, 75та медаль, 24та кубок

Мана, кун ўтгани сайин олий лига-2017 старти яқинлашмоқда. Ҳисоб бўйича 26-миллий чемпионатимиз бизга нималарни тақдим этиши - вақт ҳукмидаги масала. Ҳозирги ҳолат бўйича тахмин қилсак, жорий йил якунига бориб ҳам, Ўзбекистон чемпионати совриндор жамоалари сони ошмаса керак. Фаҳмлагандирсиз, бугун олий лига тарихидаги медаллар тақсимотига доир статистикани ҳавола этмоқчимиз. Зеро, 25 мавсум ортда қолди ва барчасини бирданига эслаш анча қийин. Шундай экан, совриндорларни яхлит жадвалда келтириш статистика ихлосмандлари кўнглидаги иш бўлса керак. Ҳа-я, медаль соҳиблари баробарида миллий кубок эгаларига ҳам тўхталиш мақсадга мувофиқ.

«Олтин» жамоа - «Пахтакор»

Чемпионлик масаласидаги статистика анча ихчам. Зеро, 25та мавсумда атиги 7та жамоа олтин медаль ютган. Булар - «Пахтакор», «Нефтчи», «Бун-ёдкор», «Дўстлик», «Нав-баҳор», МҲСК ва «Локомотив». «Шерлар» бу борада ҳали узоқ етакчилик қилишса керак. Ҳар ҳолда, уларнинг ҳисобида 11та олтин медаль бор ва бу энг яқин таъқибчиларникидан нақ 6та кўпдир.

ФАКТ. «Пахтакор» 2002-2007 йиллар оралиғида 1-ўринни ҳеч кимга бўшатмаган ва кетма-кет чемпион бўлиш рекордини 6 мавсумга етказиб қўйган. Қолган чемпионларда олтин медалларнинг жами сони ҳам шунча эмас. Тўғри, «Нефтчи»нинг қаторасига 4 марта шоҳсупага кўтарилганини ҳам айтиш жоиз (иккинчи яхши кўрсаткич).

«Кумуш» жамоа - «Нефтчи»

Фарғона жамоаси медалларнинг умумий сони бўйича иккинчи ўринда бормоқда гарчи анчадан буён совриндорлар қаторига киролмаётган бўлсада. «Нефтчи» ҳисобидаги жами 15та медалдан нақ 9таси айнан иккинчи пробалидир. Умуман олганда, олий лига кумуш медали шу кунга қадар 8та жамоага насиб этган - «Нефтчи»дан ташқари, «Пахтакор», «Бунёдкор», «Локомотив», «Бухоро», МҲСК, «Насаф» ва «Машъал». Демак, «олтин» эгаларидан фақат «Навбаҳор» ва «Дўстлик» ҳисобида иккинчи пробали медаль йўқ.

ФАКТ. Охирги марта 2006 йили 2-ўриндан жой олган «Нефтчи» коллекциясидаги кумуш медаллар чемпионат тарихидаги жами иккинчи пробали совриннинг нақ 37,5 фоизига тенгдир. Кетма-кет «кумуш» олиш бобида ҳам айнан Фарғона клуби рекордчи саналади. «Нефтчи» Юрий Саркисян бошқарувида қаторасига 5 марта (1996-2000 йиллар) 2-ўринни эгаллаган. Яна бир эътиборли натижа: фарғоналиклар илк мавсумдан то 2004 йилгача турнир жадвалида иккинчи қатордан паст-га тушишмаган.

«Бронза» жамоа - «Насаф»

Учинчи пробали медаль эгалари 9та. Лекин жами 25та медалдан 18таси 2та жамоа мулкига айланган. Бу борада «Насаф» олдинда - қаршиликлар 10 марта финишга учинчи бўлиб етиб келишган. «Насаф»нинг бу юриши янги асрдан кейин бошланганини ҳам айтиш жоиз. «Навбаҳор» эса ўз ҳисобидаги 8та «бронза»ни 2004 йилгача йиғиштирган. Демак, бронза медали соҳиблари: «Насаф», «Навбаҳор», «Локомотив», «Пахтакор», «Нефт-чи», «Сўғдиёна», МҲСК, «Қизил- қум» ва «Машъал».

ФАКТ. Ҳали-ҳамон чемпионлик бахтидан бебаҳра қолаётган «Насаф» кетма-кет равишда 4 марта бронза медали ютгани билан мақтаниши мумкин. «Навбаҳор»да эса «бронза» серияси 3 мавсумга тенг. Наманганликлар бундай натижани 2 марта қайд этишган. Мавжуд 25та «бронза»дан 18таси шу икки клубга тегишли эканлиги юқорида таъкидланди. Буни фоиз ҳисобида келтирсак, 72 (!) рақами келиб чиқади.

Кубок жамоаси – яна «Пахтакор»

«Пахтакорчилар» биллур соврин ютишда ҳам мутлақ етакчилар. Жамоа 13 марта финалга чиқиб, улардан 11тасида кубокни ўзига бўйсиндирган. Юртимизда кубок мусобақаси 24 марта ўтказилган бўлса, уларда ғолиб чиққан жамоалар сони чемпионларники билан тенг - 7та. Лекин чемпионлар ва кубок эгалари таркиби бир хил эмас. Яъни чемпионлардан биргина МҲСК кубок олмаган ва унинг ўрнида «Насаф» гавдаланади.

ФАКТ. 2001-2007 йиллар оралиғида биллур соврин «Пахтакор»дан ортган эмас. Бошқача айтсак, нақ 7 мавсумга чўзилган ушбу серия футболимиз тарихидаги энг яхши кўрсаткичдир. Яъни «Пахтакор»дан бошқа бирорта жамоа қаторасига 7 марта битта совринга эга чиқмаган.

Ўзбекистон чемпионати ва кубогининг барча совриндорлари

Йил           Чемпион               2-ўрин соҳиби          3-ўрин соҳиби         Кубок соҳиби            (мавсум)

1992           «Пахтакор» (Тошкент)          «Сўғдиёна» (Жиззах)             «Навбаҳор» (Наманган)          «Нефтчи» (Фарғона)

1993           «Нефтчи» (Фарғона)             «Пахтакор» (Тошкент)         «Навбаҳор» (Наманган)        «Пахтакор» (Тошкент)

1994           «Нефтчи» (Фарғона)             «Нурафшон»|«Навбаҳор» (Наманган)        «Нефтчи» (Фарғона) «Бухоро» (Бухоро)

1995           «Нефтчи» (Фарғона)             МҲСК (Тошкент)                    «Навбаҳор» (Наманган)        «Навбаҳор» (Наманган)

1996           «Навбаҳор» (Наманган)       «Нефтчи» (Фарғона)             МҲСК (Тошкент)                      «Нефтчи» (Фарғона)

1997           МҲСК (Тошкент)                     «Нефтчи» (Фарғона)             «Навбаҳор» (Наманган)        «Пахтакор» (Тошкент)

1998           «Пахтакор» (Тошкент)          «Нефтчи» (Фарғона)             «Навбаҳор» (Наманган)        «Навбаҳор» (Наманган)

1999           «Дўстлик» (Тошкент вил.)    «Нефтчи» (Фарғона)             «Навбаҳор» (Наманган)        -

2000           «Дўстлик» (Тошкент вил.)    «Нефтчи» (Фарғона)             «Насаф» (Қарши)                    «Дўстлик» (Тошкент вил.)

2001           «Нефтчи» (Фарғона)             «Пахтакор» (Тошкент)         «Насаф» (Қарши)                    «Пахтакор» (Тошкент)

2002           «Пахтакор» (Тошкент)          «Нефтчи» (Фарғона)             «Қизилқум» (Навоий)            «Пахтакор» (Тошкент)

2003           «Пахтакор» (Тошкент)          «Нефтчи» (Фарғона)             «Навбаҳор» (Наманган)        «Пахтакор» (Тошкент)

2004           «Пахтакор» (Тошкент)          «Нефтчи» (Фарғона)             «Навбаҳор» (Наманган)        «Пахтакор» (Тошкент)

2005           «Пахтакор» (Тошкент)          «Машъал» (Муборак)           «Насаф» (Қарши)                    «Пахтакор» (Тошкент)

2006           «Пахтакор» (Тошкент)          «Нефтчи» (Фарғона)             «Насаф» (Қарши)                    «Пахтакор» (Тошкент)

2007           «Пахтакор» (Тошкент)      «Қурувчи»|«Машъал» (Муборак)    «Пахтакор» (Тошкент)     «Бунёдкор» (Тошкент)

2008           «Бунёдкор» (Тошкент)          «Пахтакор» (Тошкент)         «Нефтчи» (Фарғона)              «Бунёдкор» (Тошкент)

2009           «Бунёдкор» (Тошкент)          «Пахтакор» (Тошкент)         «Насаф» (Қарши)                    «Пахтакор» (Тошкент)

2010           «Бунёдкор» (Тошкент)          «Пахтакор» (Тошкент)         «Насаф» (Қарши)                    «Бунёдкор» (Тошкент)

2011           «Бунёдкор» (Тошкент)          «Насаф» (Қарши)                  «Пахтакор» (Тошкент)           «Пахтакор» (Тошкент)

2012           «Пахтакор» (Тошкент)          «Бунёдкор» (Тошкент)         «Локомотив» (Тошкент)        «Бунёдкор» (Тошкент)

2013           «Бунёдкор» (Тошкент)          «Локомотив» (Тошкент)      «Насаф» (Қарши)                    «Бунёдкор» (Тошкент)

2014           «Пахтакор» (Тошкент)          «Локомотив» (Тошкент)      «Насаф» (Қарши)                    «Локомотив» (Тошкент)

2015           «Пахтакор» (Тошкент)          «Локомотив» (Тошкент)      «Насаф» (Қарши)                    «Насаф» (Қарши)

2016        «Локомотив» (Тошкент)    «Бунёдкор» (Тошкент)       «Насаф» (Қарши)                «Локомотив» (Тошкент)

Изоҳ: илк мавсумда «Нефтчи» ва «Пахтакор» жамоалари тенг миқдорда очко тўплашган ва иккисига ҳам чемпионлик мақоми берилган, натижада кумуш медаль эгасиз қолган.

Совриндорларнинг умумий жадвали

Т|р.         Клуб                     «Олтин»    «Кумуш»    «Бронза»    Кубок    Жами:

1.            «Пахтакор»        11                 5                   1                    11           28

2.            «Нефтчи»           5                   9                   1                    2             17

3.            «Бунёдкор»        5                   3                   -                     4             12

4.            «Дўстлик             2                   -                    -                     1             3

5.            «Локомотив»     1                   3                   1                    2             7

6.            МҲСК                   1                   1                   1                    -              3

7.            «Навбаҳор»       1                   -                    8                    3             12

8.            «Насаф»             -                    1                   10                  1             12

9.            «Машъал»         -                    1                   1                    -              2

10.          «Бухоро»            -                    1                   -                     -              1

11-12.    «Сўғдиёна»        -                    -                    1                    -              1

11-12.    «Қизилқум»        -                    -                    1                    -              1

                Жами:   26           24           25           24           99

*** Хуллас, жами 99та соврин (75та медаль ва 24та кубок 12та жамоа мулкига айланган.

*** Атиги 3та жамоа - «Пахтакор», Нефтчи» ва «Локомотив»да 4та турдаги соврин ҳам мавжуд.

*** Агар озгина ижодга эрк бериб, чемпионликни 10, кубокни 5, 2-ўринни 3 ва 3-ўринни 1 очко билан баҳоласак, қуйидаги тартиб юзага келади: «Пахтакор» - 181 очко; «Нефтчи» - 88; «Бунёдкор» - 79; «Навбаҳор» - 33; «Локомотив» - 30; «Насаф» - 18; «Дўстлик» - 15; МҲСК - 14; «Машъал» - 4; «Бухоро» - 3; «Сўғдиёна» -1; «Қизилқум» -1.

А.АҲМЕДОВ

Манба: www.interfutbol.uz



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz