Қайднома

Қидирув

Pestana CR7 лойиҳаси

Pestana CR7 лойиҳаси

  23.02.2017 13:00
  0
  1966
Pestana CR7 лойиҳаси

Футболда доимо олдинда юришга одатланган Криштиану Роналду бизнес оламида ҳам юксак марраларни забт этишга чоғланган кўринади. Ҳа, «Реал»нинг португалиялик ҳужумчиси шон-шуҳрат ва моддий бойликларга кўмилиб яшаётганига қарамай, эришган ютуқлари билан кифояланиб қолмайдиган, серғайрат ва тиниб-тинчимайдиган йигитдир. У ўзининг аянчли болалик йилларини тез-тез тилга оладики, бу ўша қийинчиликларни сира унутмаганидан далолат. Криштиану шундай оғир тақдир сабаб, чинакамига тобланди, мақсад сари қандай курашиш кераклигини пухта ўзлаштирди. Мана, футболчи шоҳона автомобиллар коллекцияси (қиймати 1,7 млн. еврога тенг «Бугатти Вейрон» ва «Роллс-Ройс Фантом» каби 20та машинаси бор)ни яратиш ва хусусий самолёт харид қилиш баробарида келажакда рисоладагидек даромад келтириши кутилаётган лойиҳаларга сармоя киритмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Роналдунинг режалари анча жиддий - у хусусий меҳмонхоналар мажмуасини яратишга бел боғлаган. Лойиҳани амалга ошириш ҳаракатлари ўтган йил ёзда бошланди. Яъни у туғилиб-ўсган она шаҳри - Фуншалда дастлабки шахсий меҳмонхонасини очди. Табиийки, бу ишлар билан Криштианунинг ёлғиз ўзи шуғулланмайди. Ҳозирда Португалия, Бразилия, Аргентина ва Африка мамлакатларида йирик меҳмонхоналар  тармоғини шакллантирган Дионисио Пестана - Роналдунинг бизнес ҳамкори. Дастлабки меҳмонхонага шу боисми, Pestana CR7 номи берилди. Расмий сайтдаги маълумотларга кўра, Фуншалдаги меҳмонхона - янги авлод вакиллари учун мўлжалланган меҳмонхоналарнинг янги авлоди. 49та хонанинг ҳар бири  техниканинг сўнгги ютуқлари асосида яратилган ўйин қурилмалари билан жиҳозланган - виртуал воқелик қўйнига шўнғиган мижоз кун бўйи ташқарига чиқмаслиги мумкин. Қадимдан урфга айланган ҳордиқ турлари, масалан, сув ҳавзаси ҳам меҳмонларга мунтазир. У бинонинг том қисмида жойлашган. Меҳмонхонада дам олишнинг энг арзон баҳоси - 1 кеча учун 102 евро.

Кейинроқ бизнесмен-футболчи ташаббуси билан Лиссабонда ҳам Pestana CR7бунёд этилди. Пойтахтдаги меҳмонхонанинг устунлик жиҳати - барча қулайликларга эга машғулотлар зали. У ерда меҳмонлар шахсан Роналдунинг иштирокида тузилган дастур бўйича шуғулланишлари мумкин. Тўғри, Лиссабондаги меҳмонхонада ўйин қурилмалари йўқ. 1 кунлик чиптанинг энг арзон баҳоси -108 евро.

Испаниянинг Marca газетаси маълумотларига кўра, дунёнинг энг яхши футболчиси яна 4та меҳмонхона қуриш учун 75 млн. евро ажратган. Тез орада Лиссабон ва Фуншалда яна биттадан Pestana CR7 қурилади, шунингдек, Мадрид ва Нью-Йоркда ҳам шундай меҳмонхоналар қад ростлайди. Нью-Йоркдаги иншоот учун шаҳарнинг бош майдони - Таймс-сквердан жой  ажратилган. Бу маскан кечаю-кундуз сайёҳлар билан гавжум. Дарвоқе, португалиялик ҳужумчи яқинда яна бир жиддий ишга қўл урди. Marca нашрида ёзилишича, Криштиану аввалги йили ёзги таътилнинг бир неча кунини Ибицада ўтказганди. Дам олиш ва саёҳат ороли унга шунчалик ёқиб тушган кўринадики, бирданига 4та меҳмонхона қуришга қарор қилди. Тўғри, у бу иншоотларни қуруқ ерда бунёд этмоқчи эмас, балки мавжуд меҳмонхоналарни қайта таъмирдан чиқармоқчи. Футболчи ўз режасини янги қурилаётган бинолар соҳиблари билан ҳамкорлик қилиш орқали амалга ошириши ҳам мумкин. «Бу жойни танлаганимиз бежиз эмас. Биринчидан, оролнинг мақоми жуда юқори, рамзий маънога эга. Иккинчидан, Ибица - энг машҳур сайёҳлик йўналишларидан бири»,- дейишмоқда Роналду вакиллари.

49та хонанинг ҳар бири  техниканинг сўнгги ютуқлари асосида яратилган ўйин қурилмалари билан жиҳозланган - виртуал воқелик қўйнига шўнғиган мижоз кун бўйи ташқарига чиқмаслиги мумкин. Қадимдан урфга айланган ҳордиқ турлари, масалан, сув ҳавзаси ҳам меҳмонларга мунтазир. У бинонинг том қисмида жойлашган. Меҳмонхонада дам олишнинг энг арзон баҳоси - 1 кеча учун 102 евро.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Манба: www.interfutbol.uz



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz