ОФК киритган янгилик туфайли Осиё Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичи душанба куни бошланди. Бу ўзгаришга асосан араб мамлакатлари миллий чемпионатлари манфаатидан келиб чиққан ҳолда қўл урилди. Уларда миллий биринчилик баҳслари пайшанба-жума кунлари ўтказилади. Лекин бу нарса «Локомотив»нинг мағлубиятига сабаб бўлолмайди, албатта.
Матбуот анжумани (ўйиндан олдин)
«Ал-Тавон»-«Локомотив» ўйинидан олдин ташкил этилган матбуот анжуманининг биринчи қисмида «темирйўлчилар» устози Андрей Микляев ҳамда ярим ҳимоячи Олег Зотеев иштирок этишди.
Андрей Микляев («Локомотив» бош мураббийи):
- Биз ушбу мамлакатга неча марта келган бўлсак, ҳар сафар ортга илиқ таассуротлар билан қайтганмиз. Умид қиламанки, бу сафар ҳам шундай бўлади. «Ал-Тавон» Осиё Чемпионлар Лигасида биринчи бор иштирок этмоқда, улар бундан хурсанд эканликлари турган гап. Шу йил ҳисобидан биринчи расмий учрашувни ўтказишимиз туфайли ўйиннинг қандай кечишини олдиндан айтиш қийин. Саудия Арабистонида мавсум айни қизғин паллага кирган, бизда эса чемпионат ҳали бошлангани йўқ. Лекин бу ҳақда ўйламаяпмиз, чунки фақат ижобий натижани кўзлаяпмиз. «Ал-Тавон»ни яхшилаб ўрганишга ҳаракат қилдик. Рақибимизнинг сўнгги иккита учрашувини диққат билан кузатиб чиқдик. Жамоа яхши ҳолатда.
- Саудиялик футболчилар тезкор ва техникаси зўр, Ўзбекистонда эса жисмонан кучли футболчилар кўп. Бу ҳақда нима дея оласиз?
Олег Зотеев: - Ўзбекистонда ҳам техник томонлама маҳоратлилар кўп, хусусан, бизнинг жамоада бундай футболчилар етарлича топилади. Агар ишонмасангиз, ўйинимизни кўриб, ўзингиз гувоҳ бўлишингиз мумкин.
Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида «Ал-Тавон» бош мураббийи Константин Гилкэ қатнашиб, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди. Унга жамоа сардори Талаб Али Абси ҳамроҳлик қилди.
Константин Гилкэ («Ал-Тавон» бош мураббийи):
- Ўзбекистонда мавсум бошланмаганидан хабардормиз. Бу биз учун яхшими? Тўғриси, бир нарса дейишим қийин. Чунки айрим клублар дастлабки расмий ўйиндаёқ ижобий натижа кўрсата олишади. «Локомотив»да ҳамма нарса бор: куч, тезлик ва рақибга нисбатан босим. Очиғи, бу жамоани ҳурмат қилиш лозим. Албатта, эртанги баҳс биз учун жуда муҳим. Чунки клуб тарихида илк бор Осиё Чемпионлар Лигасида қатнашяпмиз. Футболчиларимиз бўлажак учрашувни интиқлик билан кутишмоқда. Биз янги тарих яратишга ҳаракат қиламиз. Ўйинга оид бир қатор режалар бор: баҳсни «А» режа бўйича бошлаймиз ва ўхшамаса, «B», «C» режаларига ўтамиз. Албатта, ОЧЛда омад туфайли қатнашяпмиз ва гуруҳдаги барча рақибларни ҳурмат қиламиз. «Локомотив», «Ал-Аҳли», «Истиқлол» - булар Осиёда номи чиққан клублар ҳисобланади. Лекин биз ҳам ўзимизни кўрсатишни хоҳлаймиз.
«ЛОКОМОТИВ»НИНГ МАҚСАДИ
«Темирйўлчилар» ўтган мавсум Ўзбекистон чемпионлиги ва мамлакат кубогини қўлга киритиб, Осиё Чемпионлар Лигасида чорак финалгача етиб боришганидан кейин жамоанинг ўзига ишончи ортганди. Шу боис бўлса керак, «Локомотив» ОЧЛнинг илк турини сафарда ўтказганига қарамай, Саудия Арабистонига ғалаба умидида ташриф буюрди. Ўйиндан олдин клуб расмий сайтида бериб борилган хабарларда бу ҳақда очиқ-ойдин ёзилганди. Мураббийлар штаби «Ал-Тавон»ни ўрганиб чиқиш орқали ҳам ўз олдига шундай вазифа қўйган бўлса, ажаб эмас.
РАҚИБ ҲАҚИДА
Ўз тарихида илк марта Чемпионлар Лигасида иштирок этаётган «Ал-Тавон» гуруҳ босқичига омад туфайли чиққанди. Бурайдаликлар Саудия Арабистони чемпионатининг ўтган мавсумида 4-ўринни эгаллаб, аслида, ОЧЛнинг саралаш босқичида иштирок этишлари керак эди. Аммо Саудия профессионал лигасида 3-ўринни банд этган «Ал-Иттиҳод» лицензиялаштириш талабларини бажара олмагани боис, мусобақага қўйилмади. Натижада «Ал-Тавон» саралашдан гуруҳ босқичига ўтказилди (акс ҳолда, жамоа гуруҳ босқичи йўлланмаси учун «Насаф»га қарши баҳс олиб борарди). «Тавон» ушбу мавсум миллий чемпионатнинг 19-туридан кейин 24 очко билан 6-ўринда бормоқда. Мана шу факторлар Бурайда жамоасининг у қадар кучли эмаслигини кўрсатгандек туюлди ва «темирйўлчилар»дан ғалаба кутдик. Ўйин борасида саудияликларнинг жамоамиздан кучли эмаслиги яққол кўринди, аммо айрим жиҳатлар «Локо»нинг сафардан ижобий натижа билан қайтишига халал берди.
МУХЛИСЛАР ОЛҚИШИ
«Локомотив» Бурайдадаги стадионнинг мухлислар билан лиқ тўлиши ва ишқибозлар мезбон жамоани қизғин қўллаб-қувватлашини кутмаган бўлса керак. «Ал-Тавон» бир нечта жиҳатлар бўйича ўзимизнинг «Пахтакор»ни эслатиб юборди. «Қирол Абдуллоҳ» стадиони ўзининг замонавий бўлмаган тузилиши билан Тошкентдаги марказий стадионни ёдга солган бўлса, бу клуб худди «Пахтакор» каби 1956 йилда ташкил топган ҳамда сариқ формада ўйнайди. «Пахтакор» стадиони «шерлар» иштирокидаги ўйинларда тўлмай қўйганига анча йиллар бўлиб кетди (ҳаттоки, ОЧЛ баҳсларида ҳам). Шу жиҳатдан «Ал-Тавон» мухлислари тошкентлик ишқибозлардан ажралиб туришди. Ёдингизда бўлса, мезбон жамоанинг руминиялик бош мураббийи Константин Гилкэ тик турганча мухлисларни жонлантиришга уринди. Бу эса футболчилар кучига куч қўшиб, улар охиригача фаол ҳаракат қилишди ва «Локомотив»га хавфли вазият яратиш имкониятини беришмади.
«ЛОКО» ТАКТИКАСИ ВА ХАТОЛАР
Юқорида айтганимиздек, мезбонлар ўз тарихида илк марта ОЧЛда иштирок этаётгани боис, ўз мухлислари қаршисида ғалаба қозониш учун катта иштиёқ билан тўп суришди. Назаримизда, Андрей Микляев шогирдларига айнан шу нарса етишмади. Ёдингизда бўлса, «Локомотив» олий лига ўйинларида шундай устунликка эга «Пахтакор»га кўп марта ютқазган. Бу сафар ҳам айни шу ҳолат кузатилди.
Чемпионимиз маҳорат ва аниқ белгиланган тактика асосида рақибни мағлуб этишга интилди. Ҳа, тўпни назорат қилиш борасида Йеличич яхши натижага эришган, аммо муваффақият учун бунинг ўзи кам экани кўриниб қолди.
Биринчидан, жамоани тарк этган Темурхўжа Абдухолиқов, Санжар Шоаҳмедов ва Сервер Жепаровнинг ўрни яққол сезилди. «Пахтакор»дан таклиф этилган ва мазкур баҳсда ягона ҳужумчи вазифасини ўташи кўзда тутилган Машарипов эса кўпинча қанотларда кўриниш берди. Шундай экан, «Локомотив» номинал ҳужумчисиз ўйнади.
Иккинчидан, кескин ҳужумлар яратишда фаоллик кўрсатадиган Шоаҳмедов ва Жепаровнинг вазифасини ҳеч бир футболчи уддалай олмади. Майдон марказида ўйинни ўз қўлига оладиган етакчи бўлмагандан кейин «темирйўлчилар» фақат қанот бўйлаб ҳужум ташкил қилишга интилишди. Тўп қанотдан рақиб жарима майдончасига етказилганда эса бош билан ўйнай оладиган ҳужумчи йўқ эди. Шу боис, «Ал-Тавон» ҳимоячилари бундай узатмаларни осонликча қайтариб туришди.
«Локо» рақиб дарвозасига бирор марта ҳам аниқ зарба бера олмади. Зарба бермай туриб, гол уришнинг эса иложи йўқ. Гол урмаган жамоа ғалабадан умид узаверсин. Бу - футболнинг оддий ҳақиқати.
Агар Нестеров қўпол хатога йўл қўймаганида, «Локомотив» сафардан ҳеч бўлмаса, бир очко билан қайтиши мумкин эди. Баҳснинг 68-дақиқасида бурчакдан етказилган узатма пайтида дарвозабонимиз тўпга чиқишда қўпол хатога йўл қўйиб, Талал ал-Абсига гол уриш имкониятини тақдим этди.
Шундан сўнг «темирйўлчилар»да иштиёқ пайдо бўлиб, футболчилар олдинга ташланишди, лекин энди кеч эди. Саудияликлар ғалабани қўлдан чиқариб юборишни асло исташмасди. Аксинча, «Тавон» қарши ҳужумда жамоамиз дарвозасини яна 1-2 марта ишғол қилиши мумкин эди. Фақат улар вазиятдан фойдалана олишмади.
ХУЛОСА
Мазкур баҳсда «Ал-Тавон» ҳақли ғалабани қўлга киритиб, мухлисларига чексиз қувонч улашди. «Локомотив» 27 февраль куни ўз майдонида «Ал-Аҳли»ни қабул қилади. БАА клубига қарши ўйинда жамоамизнинг мағлуб бўлишга ҳаққи йўқ. Умид қиламизки, соат 16:00да бошланадиган учрашувда ишқибозлар стадионни тўлдириб, ўз суюклиларини қизғин қўллаб-қувватлашади ва уйларига юқори кайфиятда қайтишади. Худди бурайдаликлар каби...
«АЛ-ТАВОН» (С.АРАБИСТОНИ)-«ЛОКОМОТИВ» (ЎЗБЕКИСТОН)-1:0 (0:0)
Бурайда. King Abdullah sport city стадиони. 25879 томошабин.
Ҳакам: Саид ал Каф, Сулаймон ал Маяҳи, Абубакр ал Амри (барчаси Уммон).
Гол: Талал ал Абси (68).
Ал-Тавон: Султон ал Гамди, Рикардо Мачадо, Маҳмуд Моад, Талал ал Абси, Найиф ал Мусо, Аҳмад Заин (Муҳаммад ал Сайяри, 72), Лусиан Санмертен (Абдуллоҳ Кано, 87), Абдулраҳмон ал Барака, Муҳаммад Аббосиан (Мадалла ал Олаян, 79), Жиҳад ал Ҳусайн, Алассане Н`Дайе.
Локомотив: Игнатий Нестеров, Шуҳрат Муҳаммадиев, Ислом Тўхтахўжаев, Салим Мустафоев, Муҳаммад Коне, Кахи Махарадзе, Сардор Мирзаев, Олег Зотеев (Марат Бикмаев, 57), Садриддин Абдуллаев (Қувондиқ Рўзиев, 67), Темур Кападзе (Саламат Қутибоев, 87), Жалолиддин Машарипов.
Огоҳлантиришлар: Талал ал Абси (80), Мадалла ал Олаян (85) - Муҳаммад Коне (76).
Энг яхши футболчи: Талал ал Абси (Ал-Тавон).
-------------------------------------------------------
«АЛ-АҲЛИ» (БАА)-«ИСТИҚЛОЛ» (ЭРОН)-2:1 (1:0)
Дубай. Rashid стадиони. 5300 томошабин.
Ҳакам: Питер Грин (Австралия).
Голлар: Макете Диоп (45}1, 90) - Омид Иброҳими (74).
Энг яхши футболчи: Макете Диоп (Ал-Аҳли).
2-ТУР. 27 февраль (душанба)
ЛОКОМОТИВ-АЛ-АҲЛИ
ИСТИҚЛОЛ Т-АЛ-ТАВОН
Матбуот анжумани (ўйиндан кейин)
«Ал-Тавон»-«Локомотив» учрашувидан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида меҳмонлар устози Андрей Микляев қатнашиб, дастлабки расмий учрашувдан олган таассуротлари билан ўртоқлашди.
Андрей Микляев («Локомотив» бош мураббийи):
- «Ал-Тавон»ни ОЧЛдаги илк ғалаба билан табриклайман. Бугун ўзимизнинг яхши томонларимизни кўрсата олмадик. Ҳужум уюштирмай, зарба йўлламай, муваффақият қозониб бўлмайди. Стандарт вазиятдаги хатодан сўнг гол ўтказиб юборгач, жавоб тўпини киритолмадик. Қисқаси, бизга агрессивлик етишмади.
- «Ал-Тавон» клуби ҳақида нима дея оласиз?
- Рақибимизда истак жуда кучли эди. Кўп минг сонли мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши туфайли ҳам ҳақли ғалабага эришишди. Ҳали ҳаммаси олдинда, биз охиригача курашамиз.
- «Локомотив» нима учун фақат узун узатмалар орқали ўйнади, ўтган йилги жамоа бошқача эди...
- Ўйинимизга келсак, билсангиз, «Локомотив»ни уч нафар асосий футболчилар тарк этишди. Таркибимизга қўшилган ёшлар эса ҳозирча жамоага қўшилиб кета олишмади. Ҳужумда муаммоларимиз бор. Темурхўжа Абдухолиқов Қатар клубига ўтди. Унинг ўрнини боса оладиган футболчи топилмаяпти.
- Сафарда 0:1 ҳисобида ютқаздинглар, бу нормал ҳолатми?
- Албатта, ОЧЛда кучсиз жамоалар йўқ. Шундай экан, бундан фожиа ясамаслик керак. Хулосалар чиқариб, кейинги ўйинларга тайёргарлик кўрамиз.
Давоми бор. Макур мақоланинг давомини Интерфутбол газетасининг 16-сонида мутолаа қилишингиз мумкин...
Олимхўжа БЎРОНОВ
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20