Қайднома

Қидирув

Ўхшамаган ўйин (тўлиқ шарҳ)

Ўхшамаган ўйин (тўлиқ шарҳ)

  23.02.2017 18:15
  0
  1311
Ўхшамаган ўйин (тўлиқ шарҳ)

«Бунёдкор» бошқарувига Сергей Лушан келганидан буён бир анъана юзага келган - Чемпионлар Лигаси «плей-офф» босқичи муваффақиятли кечади. Аммо шу билан бирга, гуруҳдаги натижалар мутлақо ўзгача кўриниш касб этади. «Қалдирғочлар» бу йил ҳам анъанага содиқ қолишмоқда. «Бунёдкор» гуруҳдаги дастлабки баҳсни Саудия Арабистонининг «Ал-Аҳли» клубига қарши ўтказиб, мағлубиятга учраш учун «қўлидан келган барча иш»ни амалга оширди.

Матбуот анжумани (ўйиндан олдин)

«Ал-Аҳли»-«Бунёдкор» учрашуви олдидан ташкил этилган матбуот анжуманининг биринчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Кристиан Гросс ҳамда ярим ҳимоячи Абдул-Амир Саад иштирок этишди.

Кристиан Гросс («Ал-Аҳли» бош мураббийи):

- Бизни Ўзбекистоннинг кучли жамоасига қарши баҳс кутиб турибди. Бир пайтлар ушбу клубни жаҳонга машҳур Сколари бошқарган. «Бунёдкор»­нинг ҳимоя чизиғи жуда мустаҳкам, қолаверса, ҳужумларга тезлик билан ўтадиган клуб. Бундай рақиб билан ўйинда қарши ҳужумдан эҳтиёт бўлиш керак. Гуруҳимиздаги ҳеч бир жамоани алоҳида ажратиб кўрсатмоқчи эмасман - кучли клублар жамланган. Ўйлашимча, ушбу квартетдан кейинги босқичга чиқиш учун камида 10 очко жамғариш талаб этилади. Чемпионатдаги сўнгги икки учрашувда мағлубиятга учраган бўлсак-да, мақсадимиз ўзгармайди - ўзимиз иштирок этадиган барча мусобақаларда ғолиб чиқмоқчимиз.

Абдул-Амир Саад («Ал-Аҳли» ярим ҳимоячиси):

- Биз босим остидамиз, чунки чемпионатдаги ишларимиз юришмаяпти. Қолаверса, асосий рақибимизни мусобақа жадвалида олдинга ўтказиб, ўз майдонимизда мағлуб бўлганимиз жуда аламли. «Ал-Аҳли»нинг Жиддада ютқазишга ҳаққи йўқ. «Бунёдкор»га қарши баҳсда фақат ғалаба учун майдонга тушамиз.

Тадбирнинг иккинчи қисмида «Бунёдкор» устози Сергей Лушан ҳамда ярим ҳимоячи Отабек Шукуров қатнашиб, ОАВ вакиллари саволларига жавоб қайтаришди.

Сергей Лушан («Бунёдкор» бош мураббийи):

- Аввало, меҳмондўстлик ва яратиб берилаётган шароитлар учун ташкилотчиларга жамоамиз номидан миннатдорчилик билдирмоқчиман. Ўйлайманки, эртанги баҳсда ҳар иккала жамоа ҳам катта куч билан ўйнаб, энг аввало, мухлисларга ёқадиган, сифатли футбол намойиш этишади. «Ал-Аҳли» жуда кучли жамоа. Уларни етарли даражада ўргандик. Кучли ва кучсиз жиҳатларини таҳлил қилиб, керакли хулосаларни чиқариб олдик. «Ал-Аҳли» ўз уйида кўп минг сонли мухлислари қаршисида тўп суради. Лекин бу жиҳатнинг биз учун салбий томонини кўрмаяпман.

Отабек Шукуров («Бунёдкор» ярим ҳимоячиси):

- «Ал-Аҳли» билан учрашувга пухта тайёргарлик кўрдик. Аввало, ўзимизни жуда яхши тайёрлаганмиз. Қолаверса, рақибни ҳам етарли даражада ўрганиб чиқдик. Асосий мақсадимиз - уч очко. Юртимизга ғалаба билан қайтиш учун бор имкониятимизни ишга соламиз.

ЎЙИН ОЛДИДАН

Сергей Лушан «Ал-Аҳли»га қарши кечган баҳсда ҳам деярли «Ал-Жаиш» билан майдонга тушган таркиб ва тактикани танлади. Дарвозада Мурод Зуҳуров ўйнаган бўлса, ҳимояда Дилшод Аҳмадалиев, Рустам Ашурматов, Душан Мичич ва Акром Комилов майдонга тушдилар. Таянч ярим ҳимояси Жавлон Иброҳимов, Нурулло Тўхтасинов ҳамда Отабек Шукуровларга ишониб топширилди. Шунингдек, қанотларда Достонбек Ҳамдамов ва Элдор Шомуродовлар ўзаро алмашиб ўйнадилар. Ягона ҳужумчи сифатида эса Шаҳзод Нурматов тўп сурди.

Ўйин борасида ҳам Лушаннинг қарашлари кўп ўзгаргани йўқ. «Бунёдкор» аввалгидек қарши ҳужумга таяниб ўйнади. Балки «Ал-Аҳли»дек ҳужуми анча кучли рақибга қарши баҳсда бошқача тактика танлаб ҳам бўлмас. Чунки услуб бошқача бўлганида «Бунёдкор» бундан ҳам кўпроқ гол ўтказиб юборармиди...

БИРИНЧИ БЎЛИМ

«Бунёдкор» учрашувни яхши бошлашга уриниб кўрди. Ҳар ҳолда, биринчи ҳужум айнан «қалдирғочлар» томонидан уюштирилди. Аммо ўзаро тўп оширишдаги тушунмовчиликлар туфайли на илк ҳужум ва на бошқалари тайинли самара келтирди. «Бунёдкор» асосан қарши ҳужумларда ўйнашга интилган бўлса-да, футболчилар бир-бирларини яхши тушуна олишмагани боис ҳаракатлар анча самарасиз якунланаверди.

«Ал-Аҳли» эса ниманинг ҳисобига ғалаба қозониши биринчи бўлимдаёқ кўриниб қолди - «Бунёдкор» ҳимоясидаги хатолар эвазига. Ҳа, рақибга ғалаба қозонишда ўз маҳоратидан кўра, «қалдирғочлар» мудофаасидаги камчиликлар кўпроқ қўл келди. Биринчи гол урилишида олдин икки марта рақибга тўп «совға» қилингани ҳам буни тасдиқласа керак. Аввалига Душан Мичич тўпни рақибга «ошириб» берди. Бироқ Умар ал Сома бу имкониятдан фойдалана олмагач, орадан ярим дақиқа ўтар-ўтмас, Акром Комилов яна бир бор унга имконият берди. Бу сафар рақиб ҳужумчиси адашмади. Хуллас, Умар ал Сома гол урмагунга қадар «Бунёдкор» ҳимоячилари «тинмадилар» ва унга вазият кетидан вазият яратиб бердилар. Ахийри, Умар гол ургач, ўйин бироз тинчланди.

Сергей Лушан ўйлаб қўйган тактика эса бўлимнинг иккинчи ярмида бироз иш бераётгандек кўринди. Ҳар ҳолда, «Бунёдкор» тезкор қарши ҳужумларга ўтишнинг уддасидан чиқа олди. Аммо 34-дақиқада Шомуродовга аниқлик етишмаган бўлса, орадан бироз ўтиб, Душан Мичичнинг узоқдан йўллаган зарбаси йўлига «Ал-Аҳли» дарвозабони ажойиб сейв билан ғов бўлди. Яна бир ҳужумда Шаҳзодбек Нурматов қулай вазиятда тўпга зарба бериш ўрнига уни оёқлари орасидан ўтказиб юборганини ҳам инобатга олсак, шу билан «Бунёдкор» яратган вазиятлар якунига етди.

«Ал-Аҳли» эса энг яхши ҳимоя - ҳужум услубида ўйнаб, бўлим охирида гол уришдан кўра дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолишга кўпроқ эътибор қаратди. Ва бунга эриша олди ҳам...

ИККИНЧИ БЎЛИМ

Кейинги 45 дақиқаликнинг бошланиши биринчи бўлимнинг мантиқий давоми бўлди. Ўйинда гўёки 15 дақиқалик танаффус белгиланмагандек ва мураббийлар ҳеч қандай кўрсатма беришмагандек эди. Бўлимлар бир-бирига шу қадар ўхшаш эдики, ҳатто «Бунёдкор» ҳимоясида хатога йўл қўйган футболчи ҳам ўзгармади - Акром Комилов яна тушунарсиз ҳаракатлари билан тўпни олдириб қўйди ва «Ал-Аҳли»нинг иккинчи голи урилди.

Шундан сўнг ниҳоят, Сергей Лушан ўзгаришларга қўл урди. Аввалига Шаҳзод Нурматов ўрнига Вадим Чемиртан майдонга туширилди. Бу аввалдан кутилган ўзгариш эди, Нурматов майдонда ўтказган 61 дақиқа вақти давомида кўп ҳам кўзга ташланмади. Вадим Чемиртан иккинчи бўлимда унинг ўрнига захирадан майдонга туширилишини эса ҳали ўйин бошланмай туриб тахмин қилиш қийин эмасди. Буни ҳатто Нурматовнинг ўзи ҳам кутган бўлса керак. Воқеалар ривожидан бироз илгарилаб шуни айтиш мумкинки, Чемиртан ёмон ўйнамади. Балки илк дақиқалардан имкон берилганда, жаримадан йўллаган хавфли зарбасидан кўра кўпроғини кўрган бўлармидик...

«Бунёдкор» таркибида биринчи ўзгариш қанчалик кутилган бўлса, иккинчиси бироз ғалати кечди. Сергей Лушан Отабек Шукуровнинг ўрнига Алишер Саноевни майдонга туширди. Афтидан, Отабек мураббийнинг кўрсатмаларини бажаришда нўноқликка йўл қўйган кўринади. Буни Лушаннинг ҳаракатларидан ҳам билиб олиш мумкин. Шукуров ҳали жойига ўтирмай туриб мураббий уни ёнига чақириб олди ва майдонни кўрсатганча нималарнидир тушунтиришга тушди. Бироқ энди бундан нима наф, кўрсатмаларни ўйиндан олдин ёки ҳеч бўлмаса танаффус вақтида бериш керак эмасми?

Шунингдек, 72-дақиқада Нурулло Тўхтасинов ўрнига Жавоҳир Эсонқулов майдонга туширилганини айтсак, шу билан захира алмаштиришлари ҳақидаги маълумотлар якунига етади. Бироқ таассуфки, бу ўзгаришларнинг бирортаси «Бунёдкор» ўйинига ўзгартириш кирита олмади. Шу билан бирга ҳисоб ҳам ўзгармади.

ЎЙИН ҲАҚИДА

Бу учрашувдаги ғалаба учун «Ал-Аҳли» ўз маҳоратидан ҳам кўра «Бунёдкор»нинг нурсиз ўйинидан кўпроқ миннатдор бўлиши лозим. Аслида, Сергей Лушан ва Бахтиёр Бобоев жамоаси «Ал-Жаиш»га қарши кечган баҳсда ҳам худди шундай ҳаракат қилганди. Бироқ ўша учрашувда қатарликлар «илтифотга илтифот» билан жавоб қайтаришганди. Омад эса «Бунёдкор» томонида бўлди. «Ал-Аҳли» эса ортиқча манзират қилиб ўтирмади, голларни шартта-шартта уриб ташлади.

Бу баҳсда Сергей Лушан танлаган таркиб ва тактикага истаганча эътироз билдириш мумкин. Айтайлик, Элдор Шомуродов турганда нима учун Шаҳзод Нурматов марказий ҳужумда ёлғиз ҳаракат қилгани ғалати. Шомуродовда марказий ҳужумчига керакли бўлган барча сифатлар бор, аммо нима учундир терма жамоада ҳам, клубда ҳам ундан қанотда фойдаланмоқдалар. Ким билади дейсиз, балки бунга Элдорнинг жисмоний жиҳатдан анча кучли экани ва ҳимояда ҳам ёрдам бера олиши сабабдир. Яхши биламиз, қанотда тўп сурадиган футболчи ҳимояда ҳам фаол бўлиши лозим. Демак, Шомуродовни қанотга қўйишдан мақсад - ҳимояни мустаҳкамлашдан иборат. Аммо ҳужум-чи? Қолаверса, ҳимоячилар хато устига хато қилиб турганда Шомуродовнинг ортга қайтгани қандай ёрдам бера оларди?

«АЛ-АҲЛИ» (С.АРАБИСТОНИ)-«БУНЁДКОР» (ЎЗБЕКИСТОН)-2:0 (1:0)

Жидда. KingAbdullahSportsCity стадиони. 11315 томошабин.

Ҳакам: Рюжи Сато (Япония).

Голлар: Умар ал Сома (13), Салмон Мувашар (53).

Ал-Аҳли: Ёсир ал Мусалим, Салмон Мувашар, Таисер ал Жассим, Умар ал Сома (Муҳаннад Абу Радия, 90}3), Иоанним Фетфатзидис (Мустафо Бассас, 71), Муҳаммад Абдулшафи, Фаваза ал Муваллад, Мотаз Ҳавсави, Саид ал Ями, Тавфиқ Асири (Ҳусайн ал Моқаҳви, 79), Саад Абдуламир.

Бунёдкор: Мурод Зуҳуров, Рустам Ашурматов, Акрам Комилов, Душан Мичич, Жавлон Иброҳимов, Шаҳзод Нурматов (Вадим Чемиртан, 55), Элдор Шомуродов, Достон Ҳамдамов, Нурилло Тўхтасинов (Жавоҳир Эсонқулов, 72), Дилшод Аҳмадалиев, Отабек Шукуров (Алишер Саноев, 61).

Огоҳлантиришлар: Мустафо Бассас (83) - Дилшод Аҳмадалиев (67), Жавлон Иброҳимов (90}2).

Энг яхши футболчи: Ёсир ал Мусалим (Ал-Аҳли).

-------------------------------------------------------------------------------

«АЛ-АЙН» (БАА)-«ЗОБ-ОҲАН» (ЭРОН)-1:1 (0:0)

Ал-Айн. Hazza Bin Zayed стадиони. 8122 томошабин.

Ҳакам: Сабоҳ ал Қайси (Ироқ).

Голлар: Исмоил Аҳмад (76) - Жерри Бенгтсон (57).

Энг яхши футболчи: Умар Абдулраҳмон (Ал-Айн).

2-ТУР. 28 февраль (сешанба)

БУНЁДКОР-АЛ-АЙН

ЗОБ-ОҲАН-АЛ-АҲЛИ

Давоми бор. Макур мақоланинг давомини Интерфутбол газетасининг 16-сонида мутолаа қилишингиз мумкин...

АБДУЛЛОҲ

Манба: www.interfutbol.uz



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz