Қайднома

Қидирув

Кетмоқчи-ю, кетмади

Кетмоқчи-ю, кетмади

  25.02.2017 06:12
  0
  842
Кетмоқчи-ю, кетмади

Нафақат Франция чемпионати, балки дунёнинг кўзга кўринган ҳужумчиларидан бири бўлган Александр Лаказетт мана икки йилдирки, «Лион»дан кетиш ниятида. Шу давр ичида у бир қатор рисоладагидек таклифлар олган бўлсада, Лионни тарк этмади. Қуйидаги мақола франциялик тўпурарни қўлга киритолмаган жамоалар ҳақида.

«ПСЖ» (Париж, Франция)

Қачон харидор бўлган: 2015 йил

Таклиф баҳоси: 45 млн. евро

Молиявий «фэйр-плей» қоидаларига амал қилмаганлиги учун трансфер мавсумларидан четлатилган «ПСЖ» жазо муддати тугаши ҳамоно бозор сари отланди. 2015 йил ёз ойларида жамоа таркибни бир қатор ўйинчилар, жумладан, ҳужумкор футболчилар билан кучайтиришни режалаштирганди. Парижликлар Поль Погба ва Александр Лаказетт­ни нишонга олгандилар. Ўша пайтда улардан кўра жиддийроқ муаммога дуч келган «МЮ» айнан шу футболчиларни кўз остига олиб қўйганди. Ҳар икки харидор ҳам Лаказетт учун 30 млн. евро таклиф этишди. Аммо бу нарх «Лион»ни қониқтирмади. «МЮ»дан фарқли ўлароқ, «ПСЖ» Лига 1нинг энг яхши тўпурарини қўлга киритиш режасидан воз кечмай, музокарани давом эттирди. Президентларнинг ўзаро учрашувида томонлар бир тўхтамга келишди - парижликлар Лаказетт учун 45 млн. евродан воз кечадилар, лекин ҳужумчи яна бир мавсум «Лион»да тўп сурганидан кейин янги жамоасига йўл олади.

Буни қарангки, деярли нақддек кўринган келишув ҳам амалга ошмади - сўнгги паллада «Лион» соҳиби Жан-Мишель Олес лафзидан қайтиб, бундай сермаҳсул ҳужумчи учун 50 млн. ҳам кам эканини маълум қилди. Охир-оқибат, «ПСЖ» «МЮ» вакили Анхель Ди Марияни сафига қўшиб олди.

«Арсенал» (Лондон, Англия)

Қачон харидор бўлган: 2016 йил

Таклиф баҳоси: 40 млн. евро

Кейинчалик Арсен Венгер Лаказеттни ўз жамоасига қўшиб олишга уриниб кўрди. Маълумки франциялик мутахассис ўз юртидаги кўплаб иқтидор соҳибларига катта футбол эшикларини очиши билан донг таратган. Маҳсулдорлиги аввалги мавсумга қараганда бироз пасайиб қолган ҳужумчи эса Францияни тезроқ тарк этиш пайига тушиб қолди. Режани тезроқ амалга ошириш мақсадида Лондонга йўл олиш ҳақидаги хабарни «Твиттер» орқали маълум қилди. Шунингдек, футболчининг Арсен Венгер билан учрашгани тўғрисида маълумот пайдо бўлди. Александрнинг «Лион»даги шартнома муддатини узайтиришдан бош тортганлиги миш-мишларнинг бежиз эмаслигини исботлаётгандек эди. Нима бўлганда ҳам, жамоа розилигисиз 2019 йилнинг ёзигача «Лион»дан кетолмасди. «Арсенал» эса уни қўйиб юборишлари учун «шерлар»га 40 млн. еврони ҳозирлаб қўйганди. Бироқ «Лион»дан рад жавоби берилди. Бу сафар бош мураббий Юбер Фурнье мутасаддилар фикрини баён этди: «Баҳо 50-60 миллионга кўтарилмагунча Лаказетт «Лион»дан ҳеч қаерга кетмайди!». Нарх эса ошмади.

«Атлетико» (Мадрид, Испания)

Қачон харидор бўлган: 2015 ва 2016 йиллар

Таклиф баҳоси: 40 млн. евро

Франция ва Англия грандлари таклифини рад этган ҳужумчини Диего Симеоне икки марта Мадридга олиб келишга уриниб кўрди. Аввалига мураббий  Лаказеттни Марио Манжукич ўрнига мўлжаллади, кейин Диего Кос­танинг «Челси»дан қайтиши устида бош қотирди. Бу режа ҳам амалга ошмагач, Симеоне яна Александрни қўлга киритишга ҳаракат қилди. Барча уринишлар зое кетди -  мураббий «ҳиндулар» билан сезиларли силжишга эришган бўлсада, «ПСЖ» ва «Арсенал»дек грандлар уддалай олмаган ишни рўёбга чиқаришга «Атлетико» ҳам ожизлик қилди. Боз устига, мадридликлар ҳужумчига камтарона иш ҳақи таклиф этишганди. Барчага рад жавобини берган француз яна «Лион»­да қолди.

«Вест Хэм» (Лондон, Англия)

Қачон харидор бўлган: 2016 йил

Таклиф баҳоси: 70 млн. евро

Лондоннинг бу жамоаси «топ»лар тоифасидан эмас. Лекин юксак маҳорат соҳибини сафга қўшиб олиш учун ҳар қандай харажатга тайёр эканлиги Англия чемпионатининг молиявий қудратини яққол намойиш этди. Лаказетт­нинг розилигини олишга «болғалар» ўтган йилнинг баҳорида киришдилар. Аввалига атиги 30 млн. таклиф этилди. Бу даъвогарлар орасидаги энг паст баҳо эди. Шуни ҳам унутмаслик керакки, ана шу «атиги 30 «лимон» «Вест Хэм» учун рекорд даражадаги трансфер бўларди. Французларни эса бу ҳолат умуман қизиқтирмасди.

Рекорд трансфернинг уларга қандай алоқаси бўлиши мумкин? Хуллас, «Лион» таклифни рад этиб, музокара давом этиши баҳонинг сезиларли даражада оширилиши билан боғлиқ эканига шаъма қилди. Шундан сўнг кўпчилик «Вест Хэм»нинг курашни тўхтатишини тахмин қилишди. «Болғалар» савдони янада қиздириб, июнь ойида «Лион»га 52 млн. евро таклиф этишди. Франциядан келган навбатдаги рад жавоби лондонликларни қаттиқ ранжитди. Славен Билич Лаказетт номини ҳеч қачон тилга олмасликка онт ичиб, аргентиналик Жонатан Кальерини жамоага қўшиб олди. Шу билан биринчи дивизион тўпурари ҳамда «Вест Хэм» ўртасидаги қисса якунига етгандек эди. Бироқ январь ойида «Лион» президенти Лондондан қиймати 70 млн.га тенг бўлган таклиф олиб, яна рад жавоби берганини маълум қилди.

Афтидан, Александр Лаказетт - «Лион»нинг тенги йўқ ўйинчиси. Ҳар қандай «шер» ҳам қачондир кексаликни тан олиши аниқ. Қолаверса, ҳужумчининг амалдаги шартномаси тобора якунига яқинлашмоқда. У эса ўз маҳоратини бошқа жамоада синаб кўриш орзусидан воз кечолмаяпти. Қани кўрайлик-чи, воқеалар ривожи қандай давом этаркин?

«Болғалар» савдони янада қиздириб, июнь ойида «Лион»га 52 млн. евро таклиф этишди. Франция­дан келган навбатдаги рад жавоби лондонликларни қаттиқ ранжитди. Славен Билич Лаказетт номини ҳеч қачон тилга олмасликка онт ичиб, аргентиналик Жонатан Кальерини жамоага қўшиб олди.

Содиқ СОБИР тайёрлади

Манба: www.interfutbol.uz



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz