PepConfidential китобида Хосеп Гвардиоланинг «Бавария»да амалга татбиқ этган қоидалари ҳақида ҳикоя қилинган. Жумладан, унда ёзилишича, жамоа автобуси ошхона жиҳозлари билан тўлиқ жиҳозланган. Хуллас, клуб ошпази Альфонс Шунбек ўйинларда кўп куч сарфлаб қайтган футболчиларни ўта фойдали таомлар билан қарши олиш имкониятига эга эди. У «Бавария» вакилларининг тезроқ тикланишлари учун паста, турли салатлар, гўшт ёки балиқ маҳсулотларидан мазали таомлар тайёрлаб турарди. Бироқ барчаси талаб даражасида бўлсада, Гвардиола Германия футбол иттифоқидан тажрибали диетолог - Мона Неммерни ҳам клубга жалб этади ва у ҳар бир ўйинчининг овқатланиш тартибини мутлақо ўзгартириб юборади. Чунончи, Италияда ўтказилган тиббий тадқиқотлардан маълум бўлишича, спортчининг қанча вақтда тикланиши бевосита унинг овқатланиш тартибига ва нималарни тановул қилишига боғлиқ экан. Агар футболчи тўғри овқатланса, ўйиндан кейинги 3 кунда 80 фоиз тикланиши мумкин. Яъни мушак гликогенлари деярли ўз ҳолатига келади. Ҳа, 80 фоиз тикланади! Бордию, футболчи катта куч йўқотилган пайт дуч келган нарсани паққос туширса, нима бўлади? Шунчаки, мушаклар шикастланиши хавфи сезиларли даражада ошади.
Бразилияга нималарни олиб боришганди?
Табиийки, ЖЧ-2014 иштирокчилари Бразилияга фақат футбол экипировкалари билан боришмаган. Яъни жамоалар озиқ-овқат маҳсулотлари олишни ҳам унутишмаган. Дейлик, итальянлар пишлоқ, зайтун ёғи ва дудланган гўшт маҳсулотлари захирасига эътибор қаратган бўлсалар, америкаликлар сўли ёрмаси, ёнғоқ мойи ва стейк учун соус олишган. Мексикаликлар эса қалампир ва турли зираворлар билан боришган. Умуман, ҳар бир терма жамоа махсус врачлар ва диетологлар иштирокида ўзи учун овқатланиш тартибини ишлаб чиққан. Бунда мамлакатлар миллий таомлари ва футболчилар хоҳиши инобатга олинган, албатта. «Бизнинг «ёқилғи» - паста. Ўйинлардан олдин ҳам уч хил рангга урғу қаратамиз: паста - оқ, помидор - қизил ва алоҳида зайтун ёғи - яшил»,-дея ўзига хос тарзда изоҳлаганди Италия терма жамоаси таомномасини унинг муаллифи Элизабетта Орси. Дарвоқе, Фабио Капелло Англия термасида таомномада кетчуп бўлишига қарши чиққанди. Бироқ инглизларнинг яна бир устози Рой Хожсон уни стол устига қайтарганди.
«Наполи» футболчилари «Реал» билан ўйинга пиццасиз
«Наполи» клуби тиббиёт штаби ЧЛ 1|8 финали доирасида «Реал»га қарши кечадиган ўйин арафасида футболчиларга белгиланган парҳез тартибини ўзгартирди. IlMattino маълумотига асосан айтсак, неаполлик ўйинчилар пицца истеъмолидан қайтишлари шарт. Шунингдек, футболчиларга хоҳлаган турдаги алкоголь ичимликлари тақиқлаб қўйилди. Хуллас, Италия клуби тиббий ходимлари алоҳида ишлаб чиқарилган парҳез тартиби ёрдамида футболчиларни «Сантьяго Бернабеу» стадионидаги ўйинга энг яхши формада боришларини таъминламоқчилар.
Месси муқобил тиббиётдан фойдаланган
«Барселона»нинг трансферлар бўйича маслаҳатчиси Чарли Рексач интервьюларидан бирида Месси вақтида пиццанинг кўп истеъмол қилиши туфайли анча қийналганини ошкор этди. Умуман, аргентиналик даҳоча олдинлари ўзининг озиқ-овқат рационига мутлақо бепарво қараган. Фақат мушаклар тизимига боғлиқ жароҳатлар жонига теккани, қолаверса, тез-тез кўнгил айнишига дуч келганидан кейингина (Лионель ҳаттоки, ўйин пайти бир неча марта майдонга қусиб юборган) машҳур диетолог - италиялик Жулиано Позерга мурожаат қилган. Унга бу мутахассисни ҳамюрти Мартин Демикелис тавсия этганди. Италиялик диетологнинг даволаш усули кенг қамровли комбинацияни ўз ичига олади: натуропатия (ранглар воситаси ёрдамида), ҳис-туйғу терапияси ва мувофиқлаштирилган парҳез. Қисқаси, Позер футболчи олдига маълум талабларни қўяди. Лео унга кўра, фақат мутлақо табиий маҳсулотлар - сабзавотлар, балиқ гўшти, сифатли минерал суви ва зайтун ёғи истеъмол қилиши керак эди. Итальян мутахассисининг маслаҳатлари нечоғли наф келтирганини Мессининг ўзигина айтиши мумкин. Аммо бу усул самара берган кўринади. Ҳарқалай, у аввалги муаммолардан халос бўлди, чоғи. Аргентиналикнинг шахсий таомномасидан тузланган егуликлар ва таркибида шакар моддаси кўп маҳсулотлар олиб ташланганини ҳам айтиш жоиз. У айни пайт асосан оқ нон ва гўшт маҳсулотлари тановул қилиш билан чекланади.
Криштиану сира ичмайди
Криштиану Роналду ўз организмига нисбатан профессионал даражада ёндашадиган юлдузлардан биридир. У айниқса, тўғри овқатланиш тартибига катта аҳамият беради. Мисол учун, португалиялик футболчи алкоголь ичимликлари ёнига ҳам бормайди. Тўғри, бунда спиртли ичимликларга муккасидан кетган отаси тақдирининг таъсири бордир. Лекин Роналдунинг ўткир ичимликларга салбий қарашининг асосий сабаби бошқа, барибир. Ахир алкоголь футболчининг бор маҳоратини намойиш этишига халақит беради.
Португалиялик футболчи алкоголь ичимликлари ёнига ҳам бормайди. Тўғри, бунда спиртли ичимликларга муккасидан кетган отаси тақдирининг таъсири бордир. Лекин Роналдунинг ўткир ичимликларга салбий қарашининг асосий сабаби бошқа, барибир.
А. АҲМЕДОВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20