Машҳур «Юлдузлар жанги» фильмининг янги серияси катта экранларга чиққач, анчагина шов-шув кўтарилди. Голливуд томонидан тақдим этилган ушбу кинокартинага қизиқиш шу даражада юқори бўлдики, ҳаттоки, АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама ҳам барча ишларини бир четга суриб қўйиб, фильм премьерасига шошилди. Қизиқ, мазкур картина қаҳрамонларини футбол юлдузларига қиёсласак, қандай манзара вужудга келади? FootballHD.ru портали ижодкорлари худди шу ишга қўл уришди.
Хан Соло - Криштиану Роналду
«Юлдузлар жанги»нинг янги сериясида Хан Соло образи йўқ. Лекин шундай қаҳрамонни четлаб ўтиш адолатсизлик бўлади, албатта. Негаки, мазкур ролни Голливуддаги энг машҳур актёрлардан бири ижро этган. Қолаверса, замонавий футболда унинг прототипи бор. Сезгандирсиз, гап Криштиану Роналду ҳақида бормоқда. Уларнинг асосий ўхшаш томонлари шуки, Хан Соло худди Роналду каби ўзига ҳаддан ортиқ бино қўйган. Айни шу хислат ҳар икки қаҳрамонни тарихда муҳим из қолдиришга ундайди. Соло ҳақида ортиқча гапиришнинг ҳожати йўқ. Роналду эса «Манчестер Юнайтед»да Алекс Фергюсондек мураббий билан ишлашдан воз кечиб, «Реал» сафига қўшилди ҳамда ўз ҳаёти ва фаолиятини тубдан ўзгартириб юборди. Шу-шу Криштиануга нисбатан икки хил қараш мавжуд: уни яхши кўришади ёки умуман ёқтиришмайди. Хуллас, икки қаҳрамон шон-шуҳратга ўчлик бобида бир-биридан асло қолишмайди.
Кассиан Эндор - Хавьер Маскерано
Фильмдаги воқеаларни бир бошдан кузатсангиз, Кассианнинг ижобий қаҳрамон эканлигига ишонишингиз қийин. Аргентиналик футболчи эса, фаолиятининг дастлабки босқичида «суяксиндирар» лақабига муносиб кўрилганди. Аммо Маскерано «Барселона» сафига ўтганидан сўнг нафақат амплуаси, балки характерини ҳам ўзгартирди. Яъни ижобий қаҳрамон сиймосига кира бошлади. Эсланг, Хавьер ЖЧ-2014да жиддий жароҳатланганига қарамай, матонат билан тўп сурди ва жамоаси манфаати йўлида ўзини қурбон қилишга тайёр инсон сифатида гавдаланди. Худди Эндор сингари...
Жин Эрсо - Диего Коста
Бироз кутилмаган ўхшатиш, тўғрими? Аммо Коста бежиз айнан Жинга қиёсланмаяпти. Биринчидан, ҳар иккиси етарли даражада оғир характер соҳибидир. Иккинчидан, улар биринчи бўлиб мушт кўтаришдан ҳеч қачон андиша қилиб ўтирмайдилар. Жанжалга нима сабаб эканлигию, аслида ким айбдорлиги эса, мутлақо аҳамиятсиз... Қисқаси, футбол майдонидаги Коста ўз мақсадига етишиш йўлида картинадаги Эрсо каби ҳеч нарсадан қайтмайди. Тўғри, улар ўртасида биргина фарқ бор: киноқаҳрамон хунрезликларни ўз отаси номидан амалга оширса, ҳужумчи шунчаки, италиялик мураббийга нималарга қодирлигини кўрсатиб қўйишни истайди.
Орсон Кренник - Мино Райола
Суратдаги ҳар икки жанобда сирли ишлари бир талайгина. Ўхшашликни қарангки, уларнинг иккиси ҳам имкон қадар энг муҳим амалларни бажаришни исташади. Кренник учун «Ажал юлдузи» ҳокимиятга яқинлашишнинг энг яқин йўли бўлиб кўринса, Райола ўз жамоасида «янги қимматбаҳо ўйинчоқ»ларни кўришга хоҳишманд пулдор раҳбарлар сахийлигидан устамонлик билан фойдалади. Ишонаверинг, замонавий футболда қандайдир «сенсацион», ўз ичига катта миқдордаги маблағни олган трансфер ҳақида хабар тарқалдими, демак, бунда Минонинг қўли бор, албатта.
Штурмовик - Маруан Феллайни
Кинодаги Штурмовиклар бир-биридан унчалик фарқ қилмайди. Феллайнининг ҳам улар каби бошқа ҳамкасбларидан айтарли ортиқ жойи йўқ. Бироқ бу қаҳрамонлар экранда кўриниш беришса, беихтиёр уларга диққат қаратишга мажбурмиз. Чунки ташқи қиёфалари одамни жалб қилмай қолмайди...
Бодхи Рук - Луис Суарес
Аввалига бу қаҳрамонлар томошабинда салбий таассурот уйғотишади. Зеро, Бодхи Рук ёвузлик рамзи саналган империяга хизмат қилишдан ташқари, сотқинликка ҳам мойил. Суарес эса ўйин борасида етарлича истеъдодли, аммо баъзан майдонда ўзини тутиши билан ҳақиқий безорини эсга солади. Бироқ картинанинг энг қизиқ жойи - сўнгги ҳал қилувчи жанг арафасида Бодхи бирдан муҳим шахсга айланади ва яхшилик ёмонлик устидан ғолиб чиқишига катта ҳисса қўшади. Суарес ҳам энг зарур паллада тўғри қарор қабул қилиб, ўзига муносиб шериклар танлади. Мана, уругвайлик ҳужумчи эндиликда жамоа манфаати учун борини бермоқда.
Бейз Мальбус - Н~Голо Канте
Навбатдаги қаҳрамонларимизнинг энг муҳим хусусиятлари шуки, улар бир қарашда, дарҳол кўзга ташланишмайди. Мисол учун, Кантени ҳозир ҳам ҳеч ким тўлақонли футбол юлдузи сифатида баҳоламайди. Мальбус эса картинада бошқалардан яққол ажралиб турмайди. Аммо унинг фойдали шахс эканлигига асло шубҳа йўқ: ҳақиқий жангчи. Қисқаси, Мальбус ва Канте доимо «иккинчи план»да кўриниш берсаларда, аслида умумий манфаат учун қора терга ботиб меҳнат қилишади.
К2-СО - Филипп Лам
Германия терма жамоасини мукаммал механизмга ўхшатишлари бежиз эмас. Чиндан ҳам, «бундесмашина»да шундай бир «эҳтиёж қисм» бўладики, у ҳар доим, ҳар қандай вазиятда максимал наф беришга шай туради. «Бавария» хусусида ҳам шундай гапларни айтиш мумкин. Дейлик, ҳимояда ёрдам керакми? Филипп тайёр. Ҳужумларга қўшилиб, хавфли вазият яратиш зарурати борми? Лам шу ерда. Таянч ярим ҳимояда бўшлиқ сезиляптими? Миттигина немис йигити камчиликни бартараф этишга қодир. «Юлдузлар жанги»даги робот ҳам доимо ижобий қаҳрамонларга ёрдам бериб, уларнинг ҳар қандай мушкул вазиятлардан чиқиб кетишларига кўмаклашади.
Император - Златан Ибрагимович
«Якка қувғинди» фильмида Император образи йўқ. Лекин футболда унинг прототипи мавжуд. Бу - Златан Ибрагимович. Чунончи, Император кинофильм давомида ҳеч нарса ва ҳеч кимни тан олмайдиган қаҳрамон сифатида гавдаланади. Швециялик ҳужумчи ҳам ҳаётда Императорнинг худди ўзгинаси. Дейлик, Ибра қаерда, қайси чемпионатда тўп сурмасин, мудом воқеалар марказида бўлиш, ҳаммага ўз ҳукмини ўтказишни уддалайди. Хуллас, Златаннинг йўлида турманг! Зеро, Император бундай бебошликни сира ёқтирмайди.
Дарт Вейдер - Жозе Моуриньо
Жозе Моуриньо ҳам худди Дарт сингари ҳаётий кучини тун қоронғулигидан олади. Бу икки шахс танасида ёвузликка мойил қандайдир бир жўшқинлик яшириниб ётгандек, гўё. Аммо адолат юзасидан айтиш лозим, Вейдер ҳеч қачон ҳиссиётларга берилмайди ва ўз устидан назоратни йўқотмайди. Моуриньо эса... Мисол учун, у «Вест Хэм»га қарши кечган ўйинда азбаройи жаҳли чиққанидан сув солинган идишни тепиб юборди. Фильмни томоша қилганлар билишади, Вейдер воқеалар якунида хайрли бўлмаган воқеаларга дуч келади. Хўш, «Беназир» атрофидаги воқеалар қандай тус оларкин? Бунисини энди баҳорда билиб оламиз...
И.Раҳимов тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20