Қайднома

Қидирув

Акром Комилов: «Ал-Айн» ҳам камчиликлардан холи эмас»

Акром Комилов: «Ал-Айн» ҳам камчиликлардан холи эмас»

  28.02.2017 09:20
  0
  1389
Акром Комилов: «Ал-Айн» ҳам камчиликлардан холи эмас»

Бугун қитъамиздаги бир қатор стадионларда ОЧЛ гуруҳ босқичи 2-тури давом эттирилади. Хусусан, нуфузли турнирда қатнашаётган иккинчи жамоамиз «Бунёдкор» ҳам янги мавсум ҳисобидан ўз майдонида илк марта расмий ўйин ўтказади. Тушунарлики, стартда Саудия Арабистонининг «Ал-Аҳли»сига имкониятни бой берган «қалдирғочлар»га ғалаба сув ва ҳаводек зарур. Лекин 3 очко олиш осон кечмайди. Зеро, рақиб жуда кучли. Ахир «Ал-Айн» ОЧЛнинг амалдаги финалчиси. БАА клуби таркибидаги Умар Абдулраҳмоннинг бир ўзи катта куч. Унинг аниқ ва заргарона тўп узатишлари, стандарт вазиятни бажариш масаласидаги маҳорати ҳар қандай жамоа дарвозабонию, ҳимоячиларига етарли ташвиш туғдиради. Табиийки, асосий эътиборни ёшларга қаратадиган Сергей Лушан бугунги учрашувда ўз шогирдларини ғалаба йўлида руҳлантиришга уринади. Биз муҳим ўйин олдидан жамоа сафидаги ёшлардан бири - ҳимоячи Акром Комиловдан махсус интервью олдик.

- Акром, гуруҳ босқичи доирасидаги илк ўйинни меҳмонда ўтказиб, мағлубиятга учрадинглар. Сизнингча, Саудиядан ижобий натижа билан қайтишга қандай омиллар тўсқинлик қилди?

- Очиғи, «Ал-Аҳли»га ютқазганимиз учун фақат ўзимизни айблашимиз керак. Ахир қўпол хатолар оқибатида 2та гол қўйиб юбордик ва аламли мағлубият... Бошқача айтганда, голларни рақибга ўзимиз совға қилдик. Биринчи гол менинг айбим билан урилди - буни тан оламан. Лекин умумий олсак, мағлубиятга муносиб ўйин намойиш этмадик. Дейлик, мезбонларга қараганда, кўпроқ ҳужум уюштирдик. Асосийси, сўнгги дақиқаларгача ҳаракатни сусайтирмадик, фақат омадимиз чопмади.

- Аммо рақиб кучига ҳам тўғри баҳо бериш керак...

- Тўғри, «Ал-Аҳли» таркибида тажрибали футболчилар етарли. Лекин такрорлайман, ўйин бобида мағлубиятга лойиқ эмасдик. Майдон эгалари тайинли хавфли вазиятни юзага келтира олишмади. Улар шунчаки, хатоларимиздан самара чиқаришди. Ҳозир шу хатолар устида ишлаяпмиз. Эндиги баҳс­ларда уларни зинҳор такрорламаслигимиз керак. Агар Саудиядаги каби кулгули хатоларга йўл қўймасак, «Ал-Айн»ни енгишимизга ишонаман.

- Балки таркибни бу даражада ёшартириб юбориш тўғри эмасдир. Зеро, тажрибали футболчилар роли ва ўрни айнан шундай халқаро ўйинларда яққолроқ сезилади. Айниқса, ҳимояда. Бу фикрга қандай қарайсиз?

- Ҳа, таркибимиз чиндан ҳам, жуда ёш. Бизда ҳали катта тажриба шаклланмаган. Бошқа томондан, Осиёнинг кучли жамоаларига қарши бемалол ўйнаяпмиз. Ўйлайманки, «Ал-Айн»га қарши учрашувда ижобий натижа қайд этамиз. Футболчилар ёш бўлишларига қарамай, ўз тоифаларидаги жаҳон чемпионатида иштирок этишган. Демоқчиманки, кичик мундиал ўзига яраша тажриба тўплашга замин яратган.

- Сир эмас, «Ал-Айн» қитъанинг энг кучли жамоаридан бири саналади. Уни нечоғли ўрганиб чиқдинг­лар?

- Саудиядаги ўйиннинг эртаси куниёқ БАА клубини ўрганишни бошлаб юборганмиз. «Ал-Айн»га таъриф бериш шарт эмас. Бу клубнинг ўтган йили ОЧЛ финалига чиққанини ҳам биламиз. Мисол учун, таркибидаги Умар Абдулраҳмон бугунги кунда нафақат БАА, балки Осиёнинг энг кучли футболчиларидан бири ҳисобланади. Уни жиддий тарзда таъқиб остига олишимиз шарт. Шунингдек, рақибнинг легионерлари ҳам анча хавфли. Умуман, барча футболчиларини эътиборга оляпмиз.

- Хўш, мураббийлар рақиблар, хусусан, Абдулраҳмонни алоҳида «қўриқлаш» бўйича кўрсатма беришдими?

- Ака-ука Абдулраҳмонларнинг «Ал-Айн» ўйинида катта ролга эга эканликлари тайин. Улар майдонда улкан ҳажмда иш бажаришади. Лекин биз ҳали бирор рақибни индивидуал тарзда «ёпиш» хусусида топшириқ олмадик. Ўйлайманки, ўз ўйинимизни намо­йиш этсак, Абдулраҳмонлар ҳам майдонда кўринмай қолишади.

- Шахсий фикрингизча, «Ал-Айн»­ни айнан ниманинг эвазига енгиш мумкин?

- Майдонда 100 фоиз куч билан ҳаракатлансак, мақсадга эришамиз. Буни футболчилар теран тушуниб турибдилар. Тезкор гол уришни эпласак, ишимиз анча енгиллашарди. «Ал-Айн» ҳам ўзига яраша камчиликлардан холи эмас. Буни 1-турда «Зоб-Оҳан» исботлаб берди. Зеро, эронликлар меҳмонда ўйнашганига қарамай, «Ал-Айн»дан очко тортиб олишди.

- Статистикага қарасак, «Бун­ёдкор» ОЧЛнинг асосий бос­қичида анчадан буён ижобий натижа қайд этолмаяпти. Бўлажак баҳсда нохуш анъанага чек қўйиш имкониятини қандай баҳолайсиз?

- Тўғри, айниқса, ўз майдонимизда ғалаба қозонолмаяпмиз. Таҳлил қилсак, аксарият учрашувларда биздан омад очиқчасига юз ўгиргани ойдинлашади. Лекин ғалабасиз серия ортиқ давом этмаслиги керак. Насиб қилса, айнан «Ал-Айн» билан ўйинда умумий вазиятни ўзгартирамиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, мухлисларни қувонтириш йўлида бор кучимизни сарфлаймиз. Шу ўринда, Сау­дияга бориб, бизни бевосита стадионда қўллаб-қувватлаган мухлисларга жамоамиз номидан миннатдорчилик билдираман. Улар ва телевизор қаршисида бизга мухлислик қилган инсонлардан мағлубият учун узр сўраймиз. Бизга ишонишда давом этишсин. Уларнинг ишончларини оқлаймиз, албатта. Мухлислардан стадионга келиб, бизни янада кучлироқ қўллаб-қувватлашларини сўрардим...

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz