Қайднома

Қидирув

Роналду ва Месси бир таркибда ўйнаса… Ёхуд жаҳон термаси қаерга йўқолди?

Роналду ва Месси бир таркибда ўйнаса… Ёхуд жаҳон термаси қаерга йўқолди?

  01.03.2017 06:20
  1
  1531
Роналду ва Месси бир таркибда ўйнаса… Ёхуд жаҳон термаси қаерга йўқолди?

Қачонлардир ФИФА юлдузлардан иборат жамоа тузиб, турли ўйинлар уюштирарди. Агар ўша учрашувларни эсласангиз, демак футболга анчадан буён ошносиз. Хўш, эски анъанани давом эттириб, Роналду ва Мессини бир жамоада ўйнатиш вақти келмадимикан?

Миллионлар ўйини бир неча ўн йиллардан буён мавжуд, жаҳон термаси эса ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб тузилган. Дастлаб бунга йўл масаласи тўсқинлик қилган - узоқ муддатли парвоз, қитъадан-қитъага ўтиш кўп вақт талаб этарди. «Кўҳна қитъа» эса бундай тажрибани анча олдин ўтказиб улгурганди: 1937 йили Амстердамда Марказий ва Шарқий Европа термалари ўртасида ўйин ўтказилиб, 3:1 ҳисоби қайд этилганди. Сўнгра инглизлар ташаббус кўрсатишди - бир йилдан сўнг Англия термаси Европа юлдузларини 3:0 ҳисобида енгди. Фарқи шундаки, мазкур учрашувлар ФИФА тасарруфида бўлмаган. Жаҳон термасининг илк таркибини эса биз 1963 йилга келибгина кўрдик.

1963 йил 23 октябрь, Англия - ФИФА жаҳон термаси - 2:1

Дастлабки расмий баҳс Футбол Ассоциацияси юз йиллиги шарафига ўтказилди. «Уэмбли»да ўтган машҳур ўйин, 100 минг томошабин, жаҳон термаси сафида Яшин, Масопуст, Копа, Лоу, Ди Стефано, Эйсебио, Хенто ва Пушкаш бор. Инглизларда эса бўлажак жаҳон чемпионлари. Ўшанда Лев Яшиннинг ўйини журналистларни лол қолдириб, ке­йинроқ уни «Олтин тўп»га лойиқ кўришганди. Бевосита ўйинга тўхталсак, Англия жамоасидан Пэйн ва Гривз биттадан гол уришган бўлса, жаҳон термасининг ягона жавоб тўпига шотландиялик Лоу муаллифлик қилганди.

1967 йил 27 сентябрь. Испания - ФИФА жаҳон термаси - 0:3

Ғоя Сантьяго Бернабеуга ёқиб тушди ва яқин дўсти Саморенинг 65 ёшга тўлиши муносабати билан Мадридда футбол шоуси уюштирди: Испания жамоаси ФИФА жаҳон термасини қабул қилди. Албатта, таркиб Лондондагидек эмасди, фақат ушбу тадбирда қатнашишга розилик берганларгина йиғилишди. Испанлар ҳам ўйинчилар рўйхати билан мақтана олишмасди ва бунинг оқибатида ют­қазишди. Сандро Маццола, Эйсебио ва бельгиялик Гойвартснинг голлари якуний ҳисобни ўрнатди.

1968 йил 6 ноябрь. Бразилия - ФИФА жаҳон термаси - 2:1

Ушбу анъана Европадан бошқа қитъа­га кўчди. Бразилияликлар мундиалдаги ғалабанинг ўн йиллигини нишонлашаётганди. «Маракана» стадионига 93 минг томошабин тўпланди, Яшин, Мазуркевич, Шестернев, Беккенбауэр, Альберт, Оверат, Жаич келишди - ажойиб таркиб. Аммо бразилияликлар дарвозасини Пикассо қўриқлаганди, майдонда эса 1970 йилнинг бўлажак чемпионлари - Жерсон, Ривелино, Жаирзиньо, Тостао ва Пеле тўп суришган. «Олтин тўп» соҳиби Альберт урган гол байрамни бузиши мумкин эди, бироқ 90-дақиқада Тостао ажойиб ҳаракат қилиб, жамоаси жонига оро кирди. Якунда жаҳон термаси ютқазди.

1971 йил 27 май. «Динамо» клублари термаси - жаҳон термаси - 2:2

Яшиннинг хайрлашув учрашувини ёддан чиқариш ярамайди, албатта. Олдиндан айтиб қўяйлик, бу гал Лев Иванович шахсан таклиф билан чиққани учун ушбу жаҳон термаси ФИФА томонидан расман тузилмаганди. Пеле Боливиядан етиб келолмади, у ерда «Сантос» махсус турнеда пул ишлаётганди. Аммо Жоркаеффнинг отаси, Мазуркевич, Виктор, Факкетти, Бобби Чарльтон, Жаич ва Герд Мюллер келиб, «Динамо» номи остида фаолият юритувчи турли клублардан тузилган терма билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнашди. Бу учрашувдан 100 минг киши баҳра олди, афсонани эса муносиб тарзда кузатишди.

1979 йил 25 июнь. Аргентина - ФИФА жаҳон термаси - 1:2

Кўриб турганингиздек, шонли жамоа 11 йил мобайнида расмий радарлардан йўқолиб қолди. Аммо аргентиналиклар ўз уйларида мундиал бош совринини қўлга киритгач, бир йилдан сўнг ушбу анъанани тиклашга бел боғлашди. Уларнинг шунга асослари бор эди, 82 минг кишини тўплаш имконияти туғилганди. ФИФА эса бундан даромад кўрарди, таркиб ҳам ёмон эмасди - Кабрини, Тарделли, Крул, Платини, Зико, Росси ва Бонек. Бўлажак жаҳон чемпиони Беарзот қўл остида шуғулланган жамоа ёш Марадонанинг голидан сўнг ютуққа эришишни уддалади. Эътиборлиси, бундай баҳсларда кўпинча шахсий ҳисоб-китоблар биринчи ўринга чиқади. Шотландиялик Лоу Англия термаси дарвозасини ишғол қилишни хоҳлаганди, Зико эса Аргентинани ранжитди.

1982 йил 7 август. ФИФА жаҳон термаси - Европа термаси - 2:3

Ноодатий учрашув, тўғрими? Бу ўйин Америкача футбол лигасида иштирок этувчи «Жайнтс» клубининг Нью-Жерсидаги стадионида ўтказилди. ФИФА жаҳон ва Европа термаларини тўплаш учун яна бир сабаб топди - ЮНИСЕФ учун хайрия ўйини ўтказиш. Жаҳон термаси «кўҳна қитъа» жамоасиникига нисбатан кучсизроқ эди, чунки европаликлар сафида Беккенбауэр, Платини, Бонек, Киган ва Блохин тўп суришган. Натижада дарвозасини Дино Зофф қўриқлаган терма 3:2 ҳисобида зафар қучди. Айтиш жоиз, «Бунёдкор»­нинг собиқ устози Зико ўшанда жаҳон термаси фойдасига яна гол урганди.

1997 йил 18 август. Россия - ФИФА жаҳон термаси - 0:2

АҚШда ўтказилган ўйиндан ке­йин навбатдаги 15 йил ичида жаҳон термаси яна бир неча марта тўпланди. Ўша Америкада дастлаб германияликларга имконият бой берилди, сўнгра 1996 йили бразилияликлар ғалаба қозонишди. 1997 йили Хитойдаги байрам муносабати билан Осиё термасига қарши баҳс ўтказилди. Бир ойдан кейин Москванинг 850 йиллик юбилейи муносабати билан «Лужники» стадиони юлдузларни қарши олди. Коллина ҳуштак чалиб ўйинни бошлаб берди ва якунда Россия жамоаси жаҳон термасига 0:2 ҳисобида ютқазди. Голларга Жоркаефф ва Хулен Герреро муаллифлик қилишди. Бобби Робсон ва Бора Милутинович бошчилигидаги жамоа таркибидан Субисаррета, Маттеус, Винтер, Эффенберг ва Шевченко жой эгаллашди.

2002 йил 18 декабрь. «Реал» - ФИФА жаҳон термаси - 3:3

Ниҳоят, эртак якунланди... ФИФА тасарруфидаги жаҳон термаси клуб билан ўтказилган ўйиндан сўнг «ўлди». «Реал» ўзининг 100 йиллик юбилейини нишонлади-ю, ғояни «тириклайин кўмди». Россиядаги ғалабадан сўнг дунё юлдузлари Италия ва Францияга сафар уюштиришди, Мандела шарафига ўтказилган баҳсда дуранг ўйнашди, Австралиядаги аренанинг очилиш маросимида қатнашишди, Японияда эса стадионни мухлислар билан тўлдира олишмади. Бир сўз билан айтганда, ФИФАдагилар анъанага барҳам бериш лозимлигини тушуниб етишди. Аммо «Реал» учун истисно қилинди - Клозе, Кака ва Сиссе «Реал» дарвозасига биттадан гол уришди, испанлар ҳам бунга учта тўп билан жавоб қайтаришди. Гарчи жамоалар таркиби кучли бўлсада, ўша учрашув жаҳон термаси учун сўнгги расмий ўйин бўлди. Ке­йинчалик аёллардан иборат орзулар жамоаси тузиш ғояси ўртага ташланди, бироқ қизлар атиги учта ўйин ўтказиш билан чекланишди.

* * * * * * * *

Жаҳон термасининг ФИФА тасарруфида ўтмаган ўйинлари кўп, аммо уларда таркиблар у қадар кучли бўлмаган, сабаблар ҳам ўртамиёна эди.

Тўғри, 2001 йили Марадонанинг хайрлашув маросимида «Ла Бомбонере»да аншлаг кузатилганди. Шукер, Кантона ва дарвозабон Игита ўз номларини таблога ёздириб қўйган паллада, Аргентина 6та гол уришга улгурганди. Ўшанда Диего ва аргентиналиклар учун ҳақиқий байрам бўлганди. Шунингдек, юлдузлар учун норасмий ўйинлар ўтказилган, Фергюсон, Хажи, Чилаверт шарафига учрашувлар ташкил этилган. Бироқ бу баҳсларга ФИФА аралашмаганди.

Нега ҳозир жаҳон термасини тўплашмаяпти?

Афтидан, Инфантинога хат йўллаш вақти келганга ўхшайди - ЖЧ-2018 арафасида анъанани тиклашга нима дейсиз? Ахир Конфедерациялар кубогидан олдин жаҳон термасини тузиш қийинчилик туғдирмайди-ку. Ҳамма шу ерда ҳозиру нозир - юлдузли французлар, чилиликлар, португаллар. Важ ахтариш ҳам шарт эмас, у хоҳ тижорат бўлсин, хоҳ хайрия. Умуман, жаҳон термаси иштирокидаги ўйинларнинг бир неча йиллардан буён ўтказилмаётганининг ўзига яраша сабаблари бор. Машҳурларнинг нархи қиммат ва жароҳат олишдан чўчишади. Чемпионатлар тақвими шу қадар тиғизки, аниқ санани белгилаш қийин. Чунки юлдузлар йирик турнирлар ўтказилмаган паллаларда тижорат турнеларида қатнашишади. Мисол учун, Осиё ва АҚШда «Реал», «МЮ» ва «Барселона» иштирокида ўйин ташкил этилса, уни стадион тўла мухлис кузатиши аниқ.

Турли клублар, агентлар ва президентлардан юлдузларни қўйиб юборишни сўраш бефойда. Бундай расмий учрашув учун вақт, рақиб, томошабинлари кўп стадион топиш керак. Бир сўз билан айтганда, Месси ва Роналдуни бир таркибда кўришни хоҳлаган осиёлик миллиардерларгина йирик гонорарли ва эҳтимолли жароҳатларни суғурталай оладиган учрашув ташкил этишлари мумкин. Ўз навбатида, Зидан ва Роналдо сингари афсонавий фахрийлар ўйинидан баҳра олса бўлади, гарчи улар майдонда ҳазил-ҳузуллар билан шуғулланишса ҳам. Агар ҳозирги давр юлдузлари ўйнашса, жозибали футбол гувоҳига айланишимиз аниқ. Мессининг пасидан сўнг Роналдунинг гол уриши - ғайритабиий воқеа.

Хўш, Сиз жаҳон термаси иштирокидаги баҳсни томоша қилармидингиз? Таркибга кимларни киритардингиз? Замонамизнинг тирик афсоналарига қайси жамоа рақиблик қилишини хоҳлайсиз?

ФИФА жаҳон термасининг расмий ўйинлардаги кўрсаткичлари: 19та учрашув, +5 +4 -10, тўплар нисбати: 41-44.

Ў.УМАРОВ тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР


Билдирилган фикрлар


Зўр мақола
01.03.2017 02:22

Оммабоп мақолалар

Термамиз етакчилари қандай фикрда?

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

  • Сизнингча, Олий лига-2017 ни қайси жамоалар тарк этади?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.