«Бунёдкор» Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичидаги иккинчи учрашувни бироз бошқача таркиб билан бошлади. Бир ҳафта муқаддам Вадим Чемиртан ва Алишер Саноев сафарда «Ал-Аҳли»га қарши асосий таркибда майдонга тушмаган эдилар. 2-тур баҳсида эса айнан уларни илк дақиқалардан майдонда кўрдик.
ТАРКИБ
«Ал-Айн» «Бунёдкор» дуч келиши мумкин бўлган рақиблар ичида энг кучлиси ҳисобланади. Буни Сергей Лушаннинг ўзи ўйиндан олдин тан олиб қўйган эди. Мураббий шундай жиддий рақибга қарши баҳс олдидан иккита ўзгаришни амалга оширди. Шаҳзодбек Нурматов ўрнига Вадим Чемиртан, Отабек Шукуров ўрнига эса Алишер Саноев майдонга туширилди. Бу футболчилар кимсан Кайо Фернандес, Умар Абдулраҳмон ва Асприлья каби юлдузларга қарши туришлари лозим эди.
Бу икки футболчининг ўйинига ортиқча эътироз бўлиши мумкин эмас. Аммо «Ал-Айн»ни мағлуб этиш учун шунинг ўзи етарли эмасди.
БИРИНЧИ БЎЛИМ
Учрашув анча шиддатли бошланди. Одатда Голливуд фильмларида воқеалар жараёни шундай кўриниш олади. Дастлабки голли вазият «Бунёдкор»да бўлиши мумкин эди, аммо Алишер Саноев муҳим паллада тўпга зарба бера олмади. Агар у ҳеч бўлмаганда тўпни тўхтатиб олганда ҳам хавфли вазият яратилиши мумкин эди.
Биринчи голни эса барибир, «Ал-Айн» урди. Сергей Лушан ўйин олдидан шогирдларига қандай кўрсатма берганини билмаймизку, аммо «Бун-ёдкор» футболчилари рақиб таркибида Умар Абдулраҳмон борлигини унутиб қўйишган шекилли, 7-дақиқада ўз жарима майдончалари ёнида бамайлихотир қўполлик ишлатишди. Оқибатда Умар жарима зарбасидан жуда чиройли тўп киритди.
ЖАВОБ ГОЛЛАРИ
Бизни хурсанд қилгани «Бунёдкор» бунга дарҳол гол билан жавоб қайтарди. 10-дақиқада Элдор Шомуродов чиройли пас эвазига Достонбек Ҳамдамовни қулай вазиятга чиқарди. Достон ҳаммасини тўғри бажарди: тўпни ўзига ўнглаб олиб, зарба йўллади. Бироқ бироз омад етишмади ва дарвозани эмас, устунни пойлади. Бу вазиятда Вадим Чемиртаннинг гол сезиш қобилияти «Бунёдкор»га қўл келди. Легионер ҳужумчи керак вақтда, керакли жойда бўла олди ва бош билан зарба йўллаб, бўш қолган дарвозани ишғол қилди.
Афсуски, бу голдан сўнг хурсандчилигимиз узоққа чўзилмади. Худди аввалги турда Саудия Арабистонида бўлгани каби, «Ал-Айн»га қарши кечган ўйинда ҳам ҳимоячиларнинг хатолари кўзга ташланди. Бунинг натижасида Муҳаммад Абдулраҳмон ўнг қанотдан ортиқча қийинчиликсиз олдинга ўтиб борди ва тўпни Кайо Фернандесга ошириб берди. Бразилиялик легионер эса гол уриб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Эътиборли томони «Бунёдкор» бу голга ҳам жавоб бера олди. Берганда ҳам ажойиб ҳужум ва чиройли гол эвазига. Биринчи голга муаллифлик қилган Вадим Чемиртан чап қанотдан олдинга ўтиб бориб, тўпни жарима майдончаси томон узатиб берди. Достонбек Ҳамдамов эса чапдастлик билан ҳимоячиларни ортда қолдириб, ҳисобни тенглаштирди.
Ушбу гол биринчи бўлимнинг мантиқий якуни бўлди.
ИККИНЧИ БЎЛИМ
Учрашувнинг иккинчи қисмида битта ўзгариш кўзга ташланди - энди «Ал-Айн» анча эҳтиёткорроқ ўйин кўрсата бошлади. «Бунёдкор» биринчи бўлимда кўпчилик кутмаган нарсани исботлай олди, рақибнинг иккита голига жавоб қайтаришнинг уддасидан чиқди. Боз устига, бу голлар қандайдир стандарт вазият ёки омад туфайли эмас, балки пухта ўйланган ҳужум эвазига урилди. Ушбу саъй-ҳаракатлар эса рақибни анча ҳушёр торттирди чоғи, «Ал-Айн» ҳимояга кўпроқ эътибор бера бошлади.
«Бунёдкор»нинг ўйини эса деярли ўзгармади. Сергей Лушан ҳимоядан ўйнашни хуш кўрадиган мураббий. «Қалдирғочлар» ҳимояни имкон қадар мустаҳкам ушлаб, қарши ҳужумлардан фойдаланишга ҳаракат қилдилар. Натижада ўйин темпи анча тушиб кетди. Қайсидир маънода бу ҳолат «Бунёдкор» фойдасига ишлаши лозим эди. Чунки шиддат ва кескинлик кўпроқ ҳужум уюштираётган жамоага фойда келтиради. Бу учрашувда эса ташаббус «Ал-Айн» томонида бўлди. Шу боис ҳам, қайсидир маънода, «қалдирғочлар»нинг очко олишларига ишониш мумкиндек эди. Бироқ «Бунёдкор»нинг зарарига ишлайдиган яна бир жиҳат бор эдики, у тезда ўзини кўрсатди.
ХАТО
Учрашув бошидан буён «қалдирғочлар» анча қўпол ўйин намойиш этишаётганди. Ҳали биринчи бўлим якунланмай, сариқ карточкалар сони ошгандан ошиб борди. Иккинчи бўлимда эса вазият янада чигаллашди. Бу эса «Бунёдкор» футболчилари анча асабий ҳолатда майдонга тушишганидан далолат берса керак.
Биз қўрққан хато 71-дақиқада рўй берди. Ҳимоячи Акрам Комилов ўзини босиб тура олмади ва Данило Асприльяга нисбатан қўполлик ишлатиб, майдондан четлатилди. Эътиборли томони, Асприлья «Ал-Айн» таркибида захирадан майдонга тушган эди. У Жанубий америкалик барча футболчилар сингари рақибни издан чиқаришнинг анча-мунча ҳадисини олган. Асприлья «Бунёдкор»га қарши кечган баҳсда мана шу «иқтидор»идан тўлиқ фойдалана олди. У Акрам Комиловга нима деганидан бехабармиз, аммо ёш ҳимоячи қай тариқа қизил карточка олганини ҳаммамиз кўрдик.
Акрам мутлақо тўпсиз ҳолатда рақибига зарба берди ва ҳақли равишда майдондан четлатилди. Бироқ шунда ҳам «Бунёдкор» дурангни сақлаб қолиш имкониятига эга эди. Бунинг учун ҳимояни мустаҳкам ушлаш лозим бўларди. Аммо ҳимояни ушлаш учун мустаҳкам асаб ва совуққонлик талаб қилинади. «Бунёдкор»га эса айнан шу нарса етишмади. Учрашувнинг сўнгги дақиқалари ўтиб бораётганда яна бир хатога йўл қўйилди. Бу сафар энди Отабек Шукуровнинг асаблари дош бера олмади. У ўз жарима майдончасида Кайога қарши қўполлик ишлатгач, ҳакам ҳуштак чалиб, 11 метрли белгини кўрсатди. Пенальтидан Умар Абдулраҳмон унумли фойдаланиб, жамоасига ғалаба келтирган гол муаллифига айланди.
Шу тариқа «Бунёдкор» иккинчи ўйинда ҳам мағлубиятга учради. Алам қилгани, бу баҳсларда ёмон ўйнамаган «қалдирғочлар» очко олишга муносиб эдилар...
Давоми бор. Мазкур таҳлилий мақолани тўлиқ ҳолда "ИнтерФУТБОЛ"нинг 2 март кунги пайшанба сонида ўқишингиз мумкин.
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20