«Локомотив»нинг аввалги турда Саудия Арабистонида кўрсатган ўйини ва қайд этган натижаси мухлисларни ранжитгани айни ҳақиқат. Албатта, мавсум стартидаги муваффақиятсизлик ҳали жамоанинг тўлиқ формага кирмагани, боз устига, кўп хатоларга йўл қўйилгани билан изоҳланди. Ўша хатолардан тўғри хулоса чиқарилган, чоғи, 2-турда «темирйўлчилар» ўз майдонларида ОЧЛ-2017даги дастлабки ғалабани қўлга киритишди.
«Локомотив»-«Ал-Аҳли» учрашувидан олдин ташкил этилган матбуот анжуманида дастлаб меҳмон жамоа устози Космин Олариу қатнашиб, журналистлар саволларига жавоб қайтарди. Унга ҳужумчи Макете Диоп ҳамроҳлик қилди.
ИККИ ЎЗГАРИШ
Бу галги рақиб жиддийроқ эди, буни БАА клубининг таркибидан ҳам англаб олиш қийин эмас. Табиийки, шунга яраша чоралар қўллаш талаб этиларди. «Локомотив» мураббийлар штаби «Ал-Аҳли»га қарши баҳсда таркибда иккита ўзгаришга қўл уришди. Садриддин Абдуллаев ва Салим Мустафоев бу гал захирада қолдирилиб, уларнинг ўрнига Марат Бикмаев ҳамда Саламат Қутибоев учрашув бошиданоқ майдонга тушишди. Айтиш жоизки, Мирко Йеличичнинг бу қарори ўзини тўлиқ оқлади.
ТЕЗКОР ГОЛ
Ҳа, айнан мана шу тезкор гол «темирйўлчилар» муваффақиятида муҳим роль ўйнади. Зеро, шундан сўнг «Локомотив» футболчиларининг ўзларига бўлган ишончлари ортиб, рақибга эркин ўйнаш имкониятини беришмади. Бевосита тўп киритилган вазиятга тўхталадиган бўлсак, майдон эгаларининг 20-сониядаёқ уюштирган дастлабки ҳужуми Марат Бикмаевнинг чап қанотдан тўп узатиши ва Саламат Қутибоевнинг боши ёрдамида «Ал-Аҳли» дарвозасини ишғол қилиши билан хотима топди.
ХАТОДАН ЧИҚАРИЛГАН ХУЛОСА
Меҳмонлар воқеалар бундай ривож олишини кутишмагани боис, бироз карахт аҳволга тушишди. Аммо шунга қарамай, уларнинг ҳужумлари ҳам хавфли тус олди. Аммо Саудиядаги ўйинда хатога йўл қўйганини тан олган Нестеров Тошкентдаги баҳсда ажойиб ҳаракат қилиб, аксарият вазиятларда жамоаси жонига оро кирди. Хуллас, аввалги хатосини «ювди». Биласиз, футболда дарвозабоннинг ишончли ўйини унинг шерикларига ижобий таъсир ўтказади. Амалда ҳам шундай бўлди. Дастлабки 45 дақиқа мобайнида «темирйўлчилар» бир нечта хавфли ҳужумлар уюштиришди, аммо танаффусгача ҳисоб ўзгармади.
ИККИНЧИ БЎЛИМ
Меҳмонлар кутилганидек, иккинчи бўлимни таркибдаги битта ўзгариш ва табиийки, ҳужумкорлик билан бошлашди. «Локомотив» эса асосан ҳимояланиб, имкон туғилиши ҳамоно олдинга ўтди. Аммо гол уриш яна «темирйўлчилар»га насиб қилди. 57-дақиқада шу куни энг яхши футболчилардан бирига айланган Сардор Мирзаевнинг тўп учун курашдаги фаоллиги самара келтириб, бунинг натижасида Марат Бикмаев рақиб дарвозабони билан яккама-якка ҳолатда қолди. Тажрибали ҳужумчи бундай паллаларда қандай ўйнаш кераклигини жуда яхши билади: «Ал-Аҳли» кипери у томонидан йўлланган зарба олдида ожиз қолди - 2:0.
ХУЛОСА
Умуман олганда, шу куни «Локомотив» тезкор ва мазмунли ўйин намойиш этди. Футболчиларда ўзига бўлган ишонч ошган, жамоада биз кўниккан ғолиблик руҳи кўзга ташланмоқда. Саламат Қутибоев, Жалолиддин Машарипов, Шуҳрат Муҳаммадиев ҳамда африкалик легионерлар «Локо» ўйинига аста-секин мослашишмоқда. Шу куни «темирйўлчилар»га рақиблик қилган жамоанинг жиддий эканини инобатга олсак, фаолликни сақлаган ҳолда дастлабки мақсад - гуруҳдан чиқиш вазифасини уддаласа бўлади. Бунинг учун албатта, кейинги ўйинларда ҳам фақат ғалаба ҳақида ўйлаш ва имкон қадар кўпроқ очко тўплаш лозим. Ишонамизки, Мирко Йеличич ва унинг шогирдлари буни шараф билан уддалашади. Ҳозирча эса «Локомотив»ни ОЧЛ-2017даги илк уч очко билан табриклаймиз.
Давоми бор. Ушбу таҳлилий мақола давомини "ИнтерФУТБОЛ" газетасининг 2 март кунги пайшанба сонида мутоала қилишингиз мумкин.
Манба: iff.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20