Қайднома

Қидирув

Мухлислар ташрифи

Мухлислар ташрифи

  01.03.2017 20:11
  0
  1658
Мухлислар ташрифи

Ҳилол Насимовнинг «Тубанлик» фильмида ажойиб роль ижро этган Мирза Азизов кейинчалик қайсидир кўрсатувда шундай деганди:

«Бир куни автобусда ўрта ёшлардаги аёл мени «таниб» қолиб, роса ҳақоратли сўзлар билан «сийлади». Очиғи, бундан сира ранжимадим, аксинча, хурсанд бўлдим. Сабаби, «Тубанлик»даги ролни шунчалик ишонарли ўйнагандирманки, ўша аёл бу шунчаки, кинолигини унутиб, мендан чинакамига нафратланиб қолган». Ҳа, ростдан ҳам, ажойиб кино ва ажойиб ижро. Бу гапларнинг футболга нима алоқаси бор? Мирза Азизовга ҳурмат сақлаган ҳолда, айтиш керак, олий лигамизда ундан асло қолишмайдиган «актёр»лар етарли. Ҳилол Насимовга яхшигина рақобат тақдим этишга қодир мураббий (ўйинлар «сценарий»сини белгиловчи)лар ҳам топилади. Аммо кино ва футбол мухлислари орасида осмон билан ерчалик фарқ бор. Мисол учун, афсонавий мураббий Шенкли гапларидан иқтибос келтираман: «Баъзилар футболни ҳаёт-мамот масаласи ўрнида кўришаркан. Бундан роса жаҳлим чиқади, ишонинг, футбол мен учун янада муҳимроқ». Сир эмас, юртимизда шундай фикр билан яшайдиган мухлислар жуда кўп. Дейлик, «Сўғдиёна» стадионга мухлис йиғиш бўйича етакчи клубларимиздан бири ҳисобланади. Ҳарқалай, статистик маълумотларда келтирилишича, «Сўғдиёна» аввалги мавсум бу борада фақат «Бухоро» ва «Қизилқум» жамоаларидан ортда қолган, холос. Ваҳоланки, жиззахликлар охирги чемпионатни 10-ўринда якунлашди.

Энди асл муддаога ўтсам, Зарбдор туманидаги ҳолат ҳақида гапирмоқчиман. Афсуски, бизнинг туманда профессионал жамоа йўқ. Лекин ҳаваскорлар ўртасидаги турли норасмий турнирларда стадионимизга олий лига клублари ҳавасини келтирадиган даражада мухлис йиғилади. Чунки бундай мусобақаларда таниш-билишчилик қилинмайди, муҳими, мураббийлар ва футболчилар қандайдир «роль» ижро этишмайди. Энди савол туғилади: нега олий лигамизни шу кичик турнирчалик қизиқарли қилолмаймиз?! Ўзбекистон термаси қайсидир йили ўртоқлик учрашуви учун Албанияга борганди. Ўшанда бу мамлакат аҳолиси 5,5 миллионга тенглиги ва миллий чемпионатида 5та лига борлиги ҳақида ўқигандим. Тўғри, улардан 2таси ҳаваскорлар ва ярим профессионал даражасида  экан. Хуллас, ҳар 1,1 миллион кишига 1та лига тўғри келади, ажойиб-а?

Бизда эса 1та профессионал ва 1та ярим профессионал лига (расман иккиси ҳам профессионал), шунингдек, вилоятлар чемпионатлари бор. Агар Албаниядаги ҳолатга қиёсласак, эҳ-ҳе нечта лигамиз бўлиши керак... Биргина Зарбдор туманида 85 мингдан кўп аҳоли истиқомат қилади. Мана, Хитойда янги қонун кучга кириш арафасида: 10000 киши яшайдиган жойда битта стадион қуриш кўзда тутилмоқда. Қисқаси, оммавий футболни янада ривожлантиришимиз керак. Умуман, биринчи галда, футболимизни «актёр» футболчи ва мураббийлардан тозалашимиз зарур.

Асилбек АБДУРАҲИМОВ, Зарбдор тумани.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz