Қайднома

Қидирув

«Етти ўлчаб, бир кес»

«Етти ўлчаб, бир кес»

  02.03.2017 06:22
  0
  1076
«Етти ўлчаб, бир кес»

Габон терма жамоаси билан АМК турниридаги иштирокидан сўнг Дортмундга қайтиб, ЕЧЛ доирасидаги «Бенфика»га қарши баҳсда омади юришмаган Пьер-Эмерик Обамеянг ёзда жа­-моа­ни тарк этишини маълум қилди. Бундеслига тўпурарининг кутилмаган баёноти кескин муҳокамаларга сабаб бўлди. Якунда мутасаддилар ҳужумчига келажак режаларини бир четга суриб, бор диққат-эътиборни мавсумнинг қолган беллашувларига қаратишни маслаҳат беришди.

Маълумки, дортмундликлар габонлик ҳужумчини 2013 йили 13 млн. евро эвазига ўз сафларига қўшиб олишган. Мазкур давр ичида Обамеянг 166 марта майдонга тушиб, 100дан ортиқ гол урди. Шулардан 20тасини у Томас Тухель қўл остида амалга оширди. Ҳужумчи бош мураббий билан иноқ бўлсада, айрим «хурмача» қилиқлардан холи эмас. Масалан, Италияга уюштирган пинҳона сафари учун ЕЧЛ доирасидаги бир учрашувдан четда қолди. Қолаверса, тунги саёҳатлар, машғулотларга кечикиб келиш каби тартиббузарликлари боис тез-тез жазоланиб туради. Умуман олганда, футболчи ўзи учун сарфланган сармояни тўла оқлай олди.

«Иззатталаб иқтидор соҳибининг бир жамоада узоқ вақт тўп суриши жуда қийин. Чунки у янги чўққилар сари интилади», - кўриниб турибдики, габонлик ҳужумчи топ клубларда ўз омадини синаб кўриш ниятида. Хўш, Обамеянг янги мавсумни қаерда бошлаши мумкин?

«РЕАЛ»

«Қироллик клуби» Обамеянгнинг бош орзуси эканига шубҳа йўқ. Бироқ бу муҳаббат бир томонлама бўлиши ҳам мумкин - яқин орада мадридликларнинг Обамеянгга қизиқишлари хусусида ҳеч қандай хабар тарқалмади. Ҳужумчи учун ягона вариант - Карим Бенземанинг ўрнини эгаллаш. Франциялик футболчини «Сантьяго Бернабеу» анчадан бери ҳуштакбозлик билан қарши олмоқда. Аммо Бенземанинг «Реал»дан кетиши габонлик касбдоши учун кафолат бўлолмайди. Зидан ёки Флорентино Перес 29 ёшли французнинг ўрнини ёшроқ иқтидор соҳиби ҳисобига тўлдиришни исташлари турган гап. Боз устига, мадридликлар анчадан бери Пауло Дибалани синчковлик билан кузатишмоқда.

«МАНЧЕСТЕР СИТИ»

«Шаҳарликлар»нинг амалдаги бош мураббийи Хосеп Гвардиола Обамеянг билан бундеслигадаги қарама-қаршиликлар орқали жуда яхши таниш. Каталониялик мутахассис ҳужумчининг маҳоратига доимо юксак баҳо бериб келган. Пьер-Эмерикни харид қилиш «Сити» учун муаммо эмас, Пепнинг бир оғиз илтимоси кифоя қилади. Таркибда Серхио Агуэро бор, яқинда Габриэль Жезус сафга қўшилди. Мана шу жиҳатлар мутасаддиларни ўйлантириши мумкин: ҳужум чизиғи қўшимча кучга муҳтожми? Бунинг ўрнига ҳимояни кучайтирган маъқул эмасми?

«ЧЕЛСИ»

Обамеянг фаолиятини АПЛда давом эттириши учун энг мақбул вариант. Ёш иқтидор соҳиби Миши Батшуайи ҳамон захирада қолмоқда, Диего Костанинг келажаги эса номаълум. Конте жамоани шакллантириш ғоясини тўхтатганича йўқ. Жумладан, «Селтик» ҳуҳужчиси Мусо Дембеле италиялик мутахассиснинг доимий назоратида. Обамеянг эса маҳорат бобида Мусодан қолишмайди. Айнан у ёзда «Челси»нинг асосий нишони бўлиши мумкин.

«ПСЖ»

Пьер-Эмерик Франциянинг бир қатор клубларида тўп сурган. Қадрдон чемпионатига қайтиш футболчи учун тараққиётми ёки...? Фақат «ПСЖ»га ўтиш унинг учун олдинга силжиш бўлади. Тўғри, Обамеянг Парижда Эдинсон Каванининг жиддий рақобатига дуч келиши аниқ. Уругвайлик форвард қулай вазиятларни кўкка совураётгани туфайли жиддий танқидлар остида. Габонлик ҳужумчининг эса «ПСЖ»га мойиллиги бор.

«АТЛЕТИКО»

Обамеянг «ҳиндулар» сафидан жой олиши учун юлдузларнинг тўғри жойлашуви етарли бўлмайди. Аввало, Симеоненинг ўз лавозимида қолиш-қолмаслиги ёхуд Антуан Гризманнинг Мадридни тарк этиши номаълум. Агар мураббий амалдаги шартномани узайтириб, француз «МЮ»га отланса, Обамеянг олдинги чизиқни кучайтиришда асосий номзодга айланади. Диего аввал ҳам габонлик ҳужумчига оғиз солган, аммо немислар таклифни рад этишганди. «Ла-лига менга ёқади. Агар Мадриднинг бир клубидан жой ололмасам, иккинчисида ўйнашим мумкин», - ҳа, Обамеянг испан клубларига бефарқ эмас.

ХИТОЙ

Фантастик шартномалар ва маҳаллий мухлисларнинг меҳр-муҳаббати кўплаб юлдузларга ўз таъсирини ўтказмоқда. Лекин қаҳрамонимиз ўз бахтини Хитойдан излашга шошилмаяпти. Агар ёзда рад этишнинг умуман иложи бўлмайдиган таклиф тушса, вазият тамомила ўзгариши ҳам ҳеч гапмас. Ҳар ҳолда, хитойлик харидорларнинг ҳозирги шижоатига тан бермай илож йўқ.

«БАВАРИЯ»

«Бавария» ҳамда «Боруссия» Д. ўртасидаги азалий рақобат ортиқча изоҳга муҳтож эмас. Муросасиз рақиблар доимо амал қилиб келган норасмий қоидалар сўнгги пайтларда тез-тез бузилмоқда: жамоа футболчисининг рақиб томонига ўтиши одатий ҳолга айланиб бормоқда. Ёдингизда бўлса, Роберт Левандовски ва Марио Гётце азалий рақиб таркибида тўп суриш умуман мумкин эмаслиги ҳақида қайта-қайта бонг урган эдилар. Амалда эса бунинг акси кузатилди. Кейинчалик Матс Хуммельс собиқ жамоадошлари ортидан йўл олди. Шу тариқа Дортмунд ва Мюнхен грандлари ўртасида самимий ҳамкорлик пайдо бўлди. Балки Пьер-Эмерик мюнхенликлар таклифини рад этиш орқали ўзининг «Альянц Арена»даги фаолиятига замин ҳозирлагандир? Яна ким билади дейсиз...

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz